Дуо қилишни биласизми?
Инсоннинг саодатли ҳаётида дуонинг, яъни Аллоҳдан истакларини сўрашнинг ўрни бағоят катта бўлиб, банда учун бу бемисл имкониятдир. Шу боис ҳар бир мўмин банда бундай қулай имкониятдан фойдаланишни ҳам билиши зарур.
Аллоҳ таоло “Ғофир” сурасида марҳамат қилиб, “Менга дуо қилинглар. Дуоларингизни ижобат қиламан”, деди. Бақара сурасида Яратган: “Агар бандам Мен ҳақимда Сиздан сўраса, эй Муҳаммад алайҳисалом, мен унга яқиндирман. Дуо қилгувчининг дуосини қабул қиламан”, деди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз ҳадисларида дуо ҳақида гапириб, “Дуо ибодатларнинг мағзидир”, дедилар. Демак, икки дунё саодатидан умидвор ҳар бир инсон дуонинг кучини билгани ҳолда Аллоҳга дуони канда қилмай, Ўзидан сўраши лозим.
Шу ўринда яна бир жиҳатни айтиш жоиз, дуо ижобат бўлиши учун унинг одоблари ва қоидаларини билиш талаб этилади. Булар қуйидагилар:
- Ейиш-ичишда ҳаромдан узоқ бўлиш ва ҳалол луқмага одатланиш. Инсон маъсиятга мойил бўлса ҳам дуо ижобат бўлмайди. Агар шундай ҳолатда ҳам маъсиятли банданинг дуоси ижобат бўлса, англаш керакки, бу Аллоҳнинг унга берган фазли ва имконидир.
- Аллоҳга ихлос билан дуо қилиш.Ихлос дуо одоблари ичидаги энг улуғ тушунчаларидан бири бўлиб, у имоннинг гавҳари ўлароқ, дуо ижобат бўлишида муҳим. Ихлоссиз қилинган дуонинг самараси бўлмайди.
- Таҳоратли бўлиш. Дуо қилган инсоннинг покиза ҳолатда бўлиши сўралган истаклар ижобатида катта аҳамиятга эга.
- Қиблага юзланиб дуо қилиш. Аллоҳга ибодат қилишда қараладиган томонга юзланиб, дуо қилиш ҳам саодатли амаллар сирасидандир. Бу дуолар ижобатида катта ўрин тутади.
- Аллоҳга ҳамду сано айтиб дуо қилиш.
- Пайғамбар алайҳисаломга салом ва саловат айтиш.
- Икки қўлни кўкрак баробар ёзиб кўтарган ҳолда дуо қилиш.
- Одоб билан, хушуъ-хузуъ, сакинат билан Аллоҳ таолодан қўрққан ҳолатда дуо қилиш.Чунки у бутун оламларнинг Робби, барча маҳлуқлар Яратувчиси, ҳар бир бандасини ризқлантирирувчи Зот олдида дуо қилади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда Унга тазарру қилган ҳолатда дуо қилишни буюрди.
- Унинг улуғ исмларини тилга олган ҳолда дуо қилиш.Аллоҳтаоло Ўз каломида “Аллоҳнинг гўзал исмлари бор. Бас, Унга гўзал исмлар билан дуо қилинглар”, деди.
- Ўз гуноҳларини эътироф қилиб, тавба-тазарру қилган ҳолда дуо қилиш.
- Қатъият, рағбат ва жидду жаҳд билан Аллоҳдан сўраб, дуо қилиш.
- Қалбни дуога ҳозирлаб, илтижо билан Аллоҳдан сўраш.
- Дуони қайта-қайта, такрор-такрор сўраш.
- Дуо қилганда шошмаслик. Яъни “Аллоҳдан сўрагандим, дуоим қабул бўлмади”, демаслик. Бухорий ва Муслим ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳисалом айтдиларки, “Сизларнинг бирортангиз дуо қилсангиз, бу дуо, албатта ижобат бўлади. Агар шошилмасангиз”.
- Дуолар қабул бўладиган улуғ вақтларни кутиб, ўша чоғда дуо қилиш.
- Бу шундай ҳолатларни ғанимат билиб дуо қилишликки, сажда вақти, ёмғир ёғаётган пайтларда ўзини камтар тутган ҳолда Аллоҳдан сўраш.
Билиш лозимки, дуоларнинг ижобат бўладиган вақтлари ва ҳолатлар мавжуд. Айнан шундай вақтларда қилинган дуоларнинг ижобат бўлиши айтилади. Бу қайси вақтлар ҳамда ҳолатлар?
-Қадр кечасида қилинган дуо;
-Арафа кунида қилинган дуо;
-Рамазон ойларида қилинган дуо;
-Жума куни кечаси қилинган дуо;
-Жума куни қилинган дуо;
-Кечанинг ўртасида қилинган дуо.
Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда айтилади, “Эй, Расулуллоҳ! Дуоларнинг қайси бири қабул бўлувчироғидир?”, деб сўралди. У Зот “Кечаси туриб, дуо қилишлик ва фарз намозлари кетидан қилинган дуолардир”, деб жавоб бердилар.
Алишер Мирзаев
Шайх Зайниддин жоме масжиди имом ноиби