ДИНИЙ ЭКСТРЕМИЗМ, ТЕРРОРИЗМ, МИССИОНЕРЛИК ВА БУЗҒУНЧИ ОҚИМЛАРНИНГ СОХТА ВА АСОССИЗ ҒОЯЛАРИГА ҚАРШИ КУРАШДА ИМОМ-ХАТИБЛАРНИНГ ВАЗИФАЛАРИ
9.9.2015 4882

   Инсоният янги минг йилликка қадам қўяр экан, унинг хоҳиш - истаклари, мақсад ва маслаклари ҳам ундаги тафаккур тарзи каби янгича тарзда тараққий этиб, ҳудудлар, чегараларни “глобаллашув” деб аталмиш ниқоб ортидан кесиб ўтди. XX асрда йирик сиёсий кучларнинг дунёга ҳукмронлик қилиш, ер юзида ўз таъсир доираларини ошириб бориш сиёсати бугун бу борадаги услуб ва воситаларнинг янгича такомиллашуви сабаб ғоявий таъсир ўтказишга қаратилган ахборот, мафкура хуружи кўринишида қайтадан намоён бўляпти. 
    Юртбошимиз Ислом Каримов:“Мафкуравий полигонлар бугунги кунда ядро полигонларидан ҳам қудратлироқдир”, дея инсон онгини эгаллаш учун кечаётган кураш хавфини баён этганлар.
    Жаҳонда геосиёсий назорат ўрнатиш турли “рангли инқилоблар” шаклида, Интернет тармоғи, хорижий теле ва радио каналлари ва босма нашриётларида йўналтирилган “ахборот уруши” олиб бориш, мамлакат ичида миллий- сепаратистик, диний-экстремистик ёки радикал сиёсий ғоялар билан онги заҳарланган кимсаларнинг қўпорувчилик фаолиятини йўлга қўйиш, “демократия экспорти” ёки “гуманитар интервенция” каби жозибали шиорлар остида, аслида эса мамлакатларнинг ички ишларига очиқдан-очиқ аралашиш каби усуллар олиб борилмоқда. Бунинг тасдиғини 2000 йилларда Сербия, Грузия, Украина, Қирғизистон, Ироқ, Афғонистон, Покистонда, 2010 йилларда Тунис, Миср, Ливия, Сурия каби мамлакатларда рўй берган ва ҳозирги кунда кузатилаётган ижтимоий-сиёсий жараёнлар мисолида кўриш мумкин. Эътиборли жиҳати, келтириб чиқарилаётган низолар, фитна-фасодларнинг аксарият манбаи дин омилидир. Дин жамиятда барча шароит ва ҳар қандай ҳолатда ҳам кишиларга тасалли берувчи, кишиларни ўз эътиқоди доирасида бирлаштириб, уларнинг ҳаётини бошқариб турувчи вазифасини бажариши бизга маълум. Айни мана шундай энг нозик ва муқаддас туйғулар номидан инсониятни ўз йўлидан чалғитиш, эътиқод асосига йўғрилган бузуқ ва асоссиз (ақидапараст оқимларнинг даъво қилаётган “ҳақиқий ислом арконлари” ҳеч қандай илмий ва шаръий асос ва далилларга эга эмаслиги, балки ислом дини таълимотига бутунлай зид эканлигини дунё уламолари исботлаб бўлди) ақидаларни инсонлар онгига “жойлаштириш” бу энг катта хавф-хатардир. Албатта, динлараро ҳамда бир дин доирасидаги йўналишлар ичида келишмовчиликлар, низоларни чиқариш мамлакатларни сиёсий парокандалик, иқтисодий қарамликка олиб борувчи махсус дастур ва “ценарий” асосида йирик сиёсий кучларнинг янгича ҳукмронлик стратегияларига айланиб бораётганлигини воқеъликнинг ўзи тўла намоён этмоқда.
    Мутахассисларнинг фикрига кўра, “кўринмас қўл”нинг исломий давлат қуриш амалий стратегиясини белгилашга диний-экстремистик мафкурада уч хил назарий-концептуал ёндашув мавжуд:

Биринчи ёндашув: “Мусулмон биродарлари” ташкилотининг биринчи раҳбари Ҳасан ал-Баннонинг ғояларига асосланиб, унга кўра сиёсий ҳокимиятни эгаллаш уч босқичда бўлади:маърифий ва хайрия ишлари босқичи; ташкилотни мустаҳкамлаш ва гуруҳ аъзоларини чиниқтириш; сиёсий ҳокимиятни қатъий ҳаракатлар билан қонуний ҳукуматдан тортиб олиш;

Иккинчи ёндашув: С.Қутб томонидан илгари сурилган бўлиб, у бутун жамиятни “жоҳилият”да айблаб, уни қайта “тарбиялаш”га ва ундан ёрдам олишга ишонмас эди. Шунинг учун С.Қутб исломий давлат қуриш учун курашни икки босқичга: заифлик ва жиҳодга бўлган. “Заифлик” даври гўёки “ҳақиқий мусулмонлар”нинг эътиқод софлигини асраш мақсадида жоҳилият жамиятидан “ҳижрат” қилиш билан боғлиқ бўлса, жиҳод босқичи кичик “ҳақиқий мусулмон жамоаси”нинг куфр жамият билан ғалабагача қуролли кураш олиб бориши ҳисобланади;

Учинчи ёндашув: кофирликда жамиятни эмас, балки ундаги дунёвий ҳокимиятни айблашга асосланган. Сиёсий ҳокимиятни эгаллаш жамиятни босқичма-босқич “исломлаштириш”, кенг тармоқланган яширин бўлинмалар ташкил этиш, давлат идоралари ва қуролли кучларга кириб бориш ва вазият қулай бўлган вақтда давлат тўнтаришини амалга оширишни назарда тутади.

     XXI аср бошидан Яқин Шарқ ва Шимолий Африка мамлакатларида рўй берган ижтимоий-сиёсий беқарорликлар оқибатида мазкур ҳудудлардаги мамлакатлар 225 миллиард АҚШ доллари зарар кўрган.
    “Инсон ҳуқуқлари бўйича Сурия обсерваторияси” номли нодавлат ташкилоти маълумотларига кўра, 2014 йил кузига қадар Суриядаги қуролли тўқнашувлар оқибатида 250 минг одам ҳалок бўлган. Уруш оқибатида беш миллионга яқин сурияликлар ўз уйини ташлаб кетишга мажбур бўлган. Сурия иқтисодиёти 143 млрд. АҚШ доллари миқдорида зарар кўрган. Террорчилар фаолият кўрсатаётган Сомалида 2010–2012 йилларнинг ўзида ижтимоий беқарорлик оқибатида юзага келган чуқур иқтисодий инқироз ва озиқ-овқат танқислиги оқибатида 258 минг киши вафот этган, уларнинг ярмини беш ёшгача бўлган болалар ташкил этади.
    БМТ маълумотларига кўра, 2013 йили Ироқда террорчилик ҳаракатлари оқибатида 8,8 мингдан зиёд одам ҳалок бўлган. 2014 йилдан шу кунгача ИШИД жангарилари неча минглаб бегуноҳ аҳолининг қонини тўкаётганлигини деярли ҳар куни ОАВдан эшитиб, кўриб бораяпмиз.
   Шукрки, экстремистик тўдаларнинг юқорида келтириб ўтилган “такфир”, “жиҳод”, “шаҳидлик”, “ҳижрат” каби олға сураётган даъволарининг нечоғлиқ ўз мақсадлари йўлидаги “ҳақиқат томон” қўйилган тузоқ эканлиги, бу тушунчаларнинг асл моҳияти, тарихи ҳақидаги аниқ билимларни етказиб бераётган адабиётлар, қўлланмалар сони ортмоқда. Халқ пешвоси, маърифат маёғи саналувчи имом-хатибларимиздан энди ана шу билимларни пухта ўзлаштириб кенг жамоатчиликка батафсил етказиш, уларни бу каби фитна-фасод, бузғунчилик мафкурасига йўғрилган таълимотлардан саломат сақлай олишдек улкан масъулият талаб этилади.
   2012 йилнинг 31 август куни Тошкентдаги “Шаҳидлар хотираси” хиёбонида Президентимиз уламолар, нуроний отахонлар ва жамоатчилик вакиллари билан бўлиб ўтган учрашув чоғида мамлакатимиздаги осойишталикни қўшни давлатлар ва араб мамлакатларида содир бўлаётган нотинчликлар мисолида теран англаш ҳамда бу борада уламолар, имом-хатибларнинг вазифалари тўғрисида алоҳида тўхталиб ўтдилар. Давлатимиз раҳбарининг: “Имом-хатибларнинг ён-атрофимизда бўлаётган ўзгаришларни чуқур англаб, халқимизга теран тушунтириб бериш борасидаги долзарб вазифаларини жуда юқори баҳолайман ” деган гаплари бизни ниҳоятда тўлқинлантирди ва янада жадалроқ, самаралироқ меҳнат қилишга рағбат уйғотди. Шундай экан, ушбу масала юзасидан қуйидаги фикр-мулоҳазаларни билдириш ва имом-хатибларга зарурий тавсиялар беришни лозим деб топдик:
    Имом-хатиб дунёда юз бераётган жараёнларни доимо кузатиб бориши, атрофидаги воқеъликка нисбатан ўз фикри, дунёқарашига эга бўлиши, ижтимоий-сиёсий вазиятни тўғри таҳлил қила олиши лозим.
    Ислом дини номидан ҳаракат қилаётган вайронкор кучлар томонидан олға сурилаётган “жиҳод”, “шаҳидлик”, “ҳижрат” каби тушунчаларнинг асл моҳияти, тарихини аниқ ва равон услубда халққа етказиш. Кишиларнинг бу борадаги билимларини шакллантириш натижасида ғоявий бўшлиқни тўлдириш. Юртимизда амалга оширилаётган ҳар бир соҳадаги ислоҳотлар, ўзгаришларнинг барчаси-инсон манфаатлари, кишиларнинг фаровон турмуш тарзи йўлида амалга оширилаётганлигини тўғри англаши ва халққа етказа олиши лозим.
    Одамлар қалбида бугунги тинч ва осуда дамларимизга шукроналик ҳиссини теварак-атрофдаги вайронагарчиликлар, дин номидан содир этилаётган ваҳшиёна ҳатти-ҳаракатлар мисолида ҳис эттириш. Ҳар биримиз жондан азиз фарзандларимизни, ўз оиламизни асраганимиз каби динимизни, юртимизни турли бузғунчи кучлар адоватидан асрашимиз лозимлигини тушунтира олиш даркор.
    Жамиятда ўзаро бирдамлик, жипсликни таъминлашда жонбозлик кўрсатиш. Юртимиз мусулмонларини муқаддас динимизнинг мусаффо ақидаси байроғи остида бирлаштириб, эзгулик ва бунёдкорлик ишларида ҳаммаслак бўлиб ҳаракат қилишлик лозим. Тарғибот тадбирларини жамоат бирлашмалари, таълим муассасалари, фуқароларнинг ўз-ўзини бошқариш идоралари ва бошқа жойларда олиб борилганда янги ахборот технологияларидан самарали фойдаланиш алоҳида аҳамиятга эга эканлигини унутмаслик лозим. Руҳшунос олимлар тадқиқотларига кўра, инсон ахборотни кўриш орқали 25%, эшитиш орқали 12%, бир вақтнинг ўзида ҳам кўриб, ҳам эшитиш орқали эса 65% ўзлаштиради. Бунинг устига, мавзуга оид слайдлар, филмлар намойиш этилганда аудитория “кўзи билан кўриб, қулоғи билан эшитиб тургани” учун маърузачи етказаётган маълумотлар ҳақиқат эканлигига ишончи янада ортади.
    Бугунги ўта мураккаб ва таҳликали даврда имом-хатиблар зиммасида улкан ва залворли вазифалар турганини доимо ёдда тутишимиз лозим. Ушбу воқеъликлар бизни четлаб ўтади, деб ҳисоблаш ўзимиз ўтирган шохга болта уриш билан баробар. Қадимдан илдизлари мустаҳкам, дунё ҳавас қилгулик бой тамаддунимиз, бебаҳо қадриятларимиз ила жаҳонда ўз сўзимиз, ўз ўрнимизга эга халқ бўлиб келганмиз, иншааллоҳ, келажакда ҳам шу мавқеимизни сақлаб қоламиз. Бунинг учун барчамиз ўз бурчимизни сидқидилдан адо этсак бас. Аллоҳ таоло “Сизлардан яхшиликка даъват этадиган, амри маъруф ва наҳйи мункар ишларини олиб борадиган (бир) уммат бўлсин! Айнан улар (охиратда) нажот топувчилардир. Ҳужжатлар келгандан кейин ҳам бўлиниб, ўзаро ихтилофга берилган кимсаларга ўхшамангиз! Ана ўшаларга улкан азоб бордир” (Оли Имрон, 104-105), дея марҳамат қилади.
    Илоҳим, барчамизни динимизнинг, қолаверса, инсониятнинг асл фитрати бўлмиш эзгулик, меҳр-мурувватга, яхши амалларда ўзаро ҳамжиҳатлик ва ҳамкорликка чорлаш саодатини насиб этсин.



Раҳимберди Раҳмонов,

“Хўжа Аламбардор” жоме масжиди имом-хатиби

Кун ояти

(Эй Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 218705
  • Саййидул-истиғфор дуосини ўрганамиз

    Аллоҳумма анта Роббий ла илаҳа илла анта холақтаний ва ана ъабдука ва ана ъала аҳдика ва ваъдика мастатоъту. Аъузу бика…

    17.12017 98126
  • Аллоҳ лаънатлаган пардоз

    Аллоҳ таоло Ўзи яратган барча жонзотлар ичида инсонни энг гўзал суратда яратганини таъкидлаб, Қуръони каримда шундай ха…

    19.32017 47151
  • ҚУРЪОН тиловати

    Қуръон ўқишдан аввал покланиб олинг. "Уни (Қуръонни) таҳоратли кишилардан ўзгалар ушламаслар" (Воқеа, 79). Қуръон ўқи…

    18.82016 45578
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24740