Динбузарлар даъвосига мўминларнинг жавоби
16.9.2016 6052

     Бугунги ҳаёт гўзал, тинч, осойишта, лекин бу ёруғ оламни зулматга, одамлар ҳаётини ҳалокатга рўпара қилувчилар афсуски, қанча-қанча бегуноҳларни йўлдан адаштирмоқда, хонавайрон этмоқда, қонини тўкмоқда. Бугунги кунда ИШИД каби террорчи гуруҳлар инсониятга, айниқса ислом уммати тинчлигига одам ўлдириш, бегуноҳ инсонларнинг қонини тўкиш, ўзгалар молини тунаш каби фасод ишлар билан таҳдид солмоқда. Уларнинг фаолияти Қуръони карим ва ҳадиси шариф кўрсатмаларига мутлақо зиддир. Аллоҳ таоло бу ҳақида қуйидагича огоҳлантиради: “Кимда-ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир. Яна унга Аллоҳ ғазаб қилгай, лаънатлагай ва унга улкан азобни тайёрлаб қўйгай” (Нисо, 93).
     Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо саллоллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Кимки умматимга қарши чиқса-ю, уларнинг яхшисини ҳам, ёмонини ҳам уриб ўлдирса, уларнинг мўъминлигидан парво қилмаса, (мусулмонлик ва тинчлик-омонлик) аҳдини қилган кимсанинг аҳдига вафо қилмаса, бас, у мендан эмас ва мен ҳам ундан эмасман!” (Муслим, 3/1848; Насоий, 2/3579-3580; Ибн Можа, 2/3948; Аҳмад, 2/7931; Байҳақий, 8/16388; 10/20864; Ибн Ҳиббон, 10/4580; Ибн Абу Шайба, 7/37243; Абдурраззоқ, 11/20707).
     Инсонларга ўлим тилаш, улар жонига қасд қилишни ислом дини қаттиқ қоралайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Кимки бирон жонзот ўлдирмаган ва у ерда бузғунчилик қилиб юрмаган одамни ўлдирса демак, гуё барча одамларни, ўлдирибди, кимки унга ҳаёт ато этса (яъни ўлдиришдан бош тортса) демак, гуё барча одамларга ҳаёт берибди” (Моида 32) дейди.
      Ушбу оят ва ҳадиси шарифдан кўриниб турибдики, ноҳақ одам ўлдирган инсоннинг жазоси жаҳаннам, Аллоҳнинг лаънати ва азобидир. Энди “ислом шиорилари”ни даъво қилаётган бузғунчиларнинг инсонлар ҳаётига бу қадар бепарво қараётгани, чумолига ачингандек ачинмаслиги айни ояти каримада хабар берилган ваъидларга айни муносибдир.
       Динни ниқоб қилиб олган динбузарларнинг катта даъволаридан бири давлат рахбарига итоат этмай “халифалик” ўрнатишдир. Мусулмон киши Қуръони Карим Нисо сурасининг 59-ояти ҳукмига кўра ишбоши ва раҳбарларга бўйсуниши зарур. “Аҳли сунна вал жамоа” ақидасида бу нарса аниқ белгилаб қўйилган. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам хабар бердилар: “Кимки ўз амиридан бирор нохушлик кўрса, бас, сабр қилсин! Чунки, кимки султон буйруғидан бир қарич ташқари чиқса, жоҳилият ўлимида вафот этибди” (Бухорий, 9/7053-7054, 7143; Муслим, 3/1849). Мазкур ҳадиси шарифда амир ва султонга итоат этиш шартлиги таъкидланган.
      Видолашув ҳажларида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Раббингизга ибодат қилинглар, беш вақт намозингизни ўқинглар, рамазон ойигизнинг рўзасини тутинглар, молларингизнинг закотини адо қилинглар ва ишингиз эгаларига итоат этинглар, (шундай қилиб) раббингизнинг жаннатига киринглар!” (Ҳоким, 1/19). Ушбу ҳадис Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ шартига кўра саҳиҳдир.
     Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимки умматимга қарши чиқса-ю, уларнинг яхшисини ҳам, ёмонини ҳам уриб ўлдирса, уларнинг мўъминлигидан парво қилмаса, (мусулмонлик ва тинчлик-омонлик) аҳдини қилган кимсанинг аҳдига вафо қилмаса, бас, у мендан эмас ва мен ҳам ундан эмасман!”. Имом ан-Нававий раҳматуллоҳи алайҳ “Шарҳи Саҳиҳи Муслим” асарида мазкур ҳадисдаги “уларнинг мўъминлигидан парво қилмаса” жумласини “ғазаблангани боис, ўзининг нафс-ҳавоси сабабли бир мўъминни ўлдириб юбораверади, қилган ишини ўйлаб кўрмайди, унинг гуноҳи-уволидан қўрқмайди”, деб изоҳлаган. Яна Имом ан-Нававий (р.ҳ.) уларнинг бу ишлари оқибатини бундай тушунтирган: – “Яъни, уларнинг бу иши борасида ҳеч қандай ҳужжат йўқ, фойда берадиган узр ҳам йўқ!”
     Яна бузғунчи тоифаларнинг асоссиз даъволаридан бири – ўз ўзини ўлдириб, “шаҳидлик” даражасига етишдир. Лекин, мусулмон киши урушни орзу қилмасдан, тинчик тарафдори бўлиши зарур. Мусо ибн Уқбадан ривоят қилинади: Абдуллоҳ ибн Абу Авфонинг Умар ибн Абдулазизга йўллаган мактубини унинг котиби Солим ўқиб берди. Мактубда: “Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Душман билан тўқнашишни орзу қилманглар, Аллоҳдан офият тиланглар!”, дедилар”, деб ёзилган экан ("Саҳиҳи Имом Бухорий": 7237).
     Кишининг ўзини-ўзи ўлдириши, “ўз жонига қасд қилиш”, деб баҳоланади. Шариат нуқтаи назаридан бу иш қаттиқ қораланади. – Аллоҳ таоло огоҳлантиради: “...ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!..” (Бақара, 195).
       Ҳадиси шарифда: “Қиёмат куни биринчи савол ноҳақ тўкилган қон тўғрисида бўлур” дейилган (Имом Бухорий ривояти). Абу Ҳурайрадан разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким тоғдан ташлаб ўзини ўлдирса, у жаҳаннам ўтида мана шундай ҳолатда абадий азобланади. Ким заҳар ичиб, ўзига суиқасд қилса, жаҳаннам ўтида қўлидаги заҳарни ичган ҳолда абадий азобланади. Ким ўзини темир билан ўлдирса, жаҳаннам ўтида темирини қорнига урган ҳолда абадий азобланади” (Имом Бухорий ривояти).
     Имом Қуртубий Қуръони карим “Нисо” сурасидаги: “Бир-бирларингизни ўлдирмангиз!” ояти ҳақида фикр билдириб, унда инсонлар бир-бирини ўлдиришдан қайтарилган бўлса, бу шахснинг ўз жонига қасд қилишини ҳам ўз ичига олади”, дейди.
       Юқоридагилардан шундай хулоса қилишимиз мумкин: ўлимни танлаш, ўзини ўзи ўлдириш, бегуноҳ инсонларга қарши қурол кўтариш, мусулмонларини қонини тўкиш, бузғунчи-боғий, каллакесарларга қўшилиш ва шу йўлда ўлиш шаҳидлик эмас, балки оғир жиноят, жаҳаннам йўлидир. Ислом дини турли баҳоналар билан инсонларни ҳалокатга чорлаётган динбузарлардан эҳтиёт бўлишга чақиради.
       Ҳаёт мазмуни саодатдан иборат. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов таъкидлаганларидек: “Аллоҳ инсонни бахтли бўлиш учун яратган”.

 

Саидҳанбалова Робия

Хадичаи Кубро аёл қизлар билим юрти 3-курс талабаси

Кун ҳадиси

Ўзига алоқаси бўлмаган нарсалар билан шуғулланмаслик кишининг Исломи гўзаллигидан даракдир (Имом Термизий ривояти, ҳасан ҳадис). Изоҳ: Ушбу ҳадиси ша…

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 217168
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24612