Беҳуда гапларнинг зарари
27.9.2015 4179

      Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир одам вафот этди. Бошқа бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эшитарли қилиб: “Жаннат муборак бўлсин!” деб юборди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қаердан биласан? Балки у мо ло яъни – бекорчи гапларни гапиргандир ёки хасислик қилгандир”, дедилар” (Термизий ривоят қилган).
    “Мо ло яъни”ни қисқа қилиб “дунё ва охират учун керак бўлмаган нарса” деб изоҳлаш мумкин. Олимлар мо ло яънига таъриф беришда баъзи нозик жиҳатларни баён этганлар. Ибн Ражабнинг айтишича, мо ло яъни амалларимиз ва гап-сўзимизда бўлиши мумкин. Инсон мо ло яънидан ҳаром, макруҳ, шубҳали ва ортиқча мубоҳ амаллар ва гап-сўзлардан тийилиш орқали узоқда бўлади. Ортиқча мубоҳ – фойдаси йўқ нарса.
    Али Қори масалага чуқурроқ ёндашади. Унинг фикрича, инсонга амал, сўз, назар ва фикр сифатида фойдаси бўлмаган ҳар қандай нарса мо ло яънидир. Бу нафақат амал ва гап-сўзларимиз, балки назар солаётган, фикр юритаётган, хаёл сураётган нарсаларимизда ҳам зарарли ва фойдасиз хатти-ҳаракатлардан узоқлашиш деганидир. Шу нуқтаи назардан, ортиқча сўз, амал ва фикр мо ло яънига киради.
   Ғаззолий бу атамани бошқачароқ тушунтиради: “Мо ло яъни – инсон сукут қилганида ўзи ва молига зарар етказмайдиган сўздир. Айтайлик, бир одам саёҳати ҳақида сўзлаб берди. Саёҳати давомида кўрган тоғ ва дарёлари, бошидан ўтказганлари, ёқтирган таом ва ичимликлари, кийим-кечаклари, учратган одамлари ва уларнинг аҳволи ҳақида гапириб бермасдан сукут қилганида на гуноҳ қиларди ва на зарар кўрарди. Агар у кимса гапида давом этса, истар-истамас муболаға, қўшимча ва хулосалар қилиб, ўзини мақташи, кўрганларидан ғурурланиши, ҳаволаниши, у ёки бунинг ғийбатини қилиши, Аллоҳнинг яратганларидан баъзиларини ерга уриб гапириб қўйиши мумкин. Ҳолбуки у, мана шу вақтда жудаям қимматли умрини бекор сарфлади. Зикр, тафаккур каби фойдали ишлар турганида беҳуда ва ҳатто зарарга тўла сўзбозлик билан фойдани зарарга алиштирди. Инсон зоти тилидан ҳам ҳисоб беради”.
    Ислом дини инсоннинг ҳар бир амали, гапи ва ҳатто фикру хаёлига ҳам юқори даражада масъулият билан муносабатда бўлишга ундайди. Қалби, тили, кўзи, умуман барча аъзолари унга қарши гувоҳлик берадиган қиёмат кунига муносиб тайёргарлик кўришни қатъий тавсия қилади. Иродали бўлишга чақиради. Инсонни ирода кучи билан амаллари, гап-сўзлари ва фикрларини назорат қилишга ундайди. Ўзини тўла назорат қила олган кишилардан иборат жамият бу дунёда ҳам фаровон ва хотиржам яшайди.

 

Шоакмал Акбарзода тайёрлади

Кун ояти

(Эй Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 217765
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24663