Қарғишдан сақланинг....
Маҳалламиз ҳудудида болалар боғчаси бор. Ҳар куни эрталаб аёл- қизлар, келинлар жажжигина ўғил-қизларини боғчага масжидимиз олдидан олиб ўтадилар. Болалардан баъзи бирлари йиғлаб, боғчага бормайман, деб ҳарҳаша қилади, йиғлайди.
Яқинда бир ёш келин кичкинагина ўғилчасини қўлидан етаклаб, “Тез- тез юр” деб тортқилаб кетаётган эди. Бола “Оёғим оғрияпти”, деб йиғлай бошлади. Шунда онасини жаҳли чиқиб «Оёғинг сингур тез-тез юр», деб қарғай бошлади. Орадан бир дақиқа ҳам ўтмасдан нарироқдаги ариққа боласи йиқилиб тушди ва чинқираб йиғлай бошлади. Она боласини бағрига босиб овутишга ҳаракат қиларди, аммо уринишлари бесамар кетди. Бола овунмагандан кейин шифокорга олиб боришга мажбур бўлди. Ташхисни қаранг: болани оёғи икки жойидан cинган. Она йиғлади, афсус қилди. Энди фойдаси йўқ.
Боласини «Оёғинг синсин» деб қарғаган она икки кўзи ёш билан ҳайрон турарди.
Расуллуллоҳ саллоллоҳи алайҳи васаллам қарғишдан қайтариб, “Ўзингизнинг ҳаққингизга, болаларингиз ҳаққига, молингиз ҳаққига, хизматкорларингиз ҳаққига дуоибад қилманг. Аллоҳ таоло сўралган нарсалар вақтига мувофиқ бўлиб қолса, дуоибадингиз қабул бўлиб қолади”, дедилар. (Муслим ривояти)
Қолаверса, халқимизда "Яхши гапга ҳам, ёмон гапга ҳам фаришта Омийн дейди”, деган ҳикматли гап бор. Қарғишдан, дуои баддан эҳтиёт бўлайлик.
Дилшод Умуртоев,
Яҳё қори жоме масжиди имом-хатиби