Оқни қора дейиш гуноҳ
16.7.2015 4640

 

        2015 йил 19 май куни Ozodlik радиосида соғлом фикрли кишининг ғашини келтирадиган ва хайрли ишлар ғаразли талқин этилган асоссиз хабар эълон қилинди. Ундаги гаплар аслият ва воқеликка бутунлай мос келмаслиги шундоқ сезилиб турибди. Мазкур хабардаги маълумотларга ўзимизнинг холис муносабатимизни баён қиламиз.

Хабарда “Фарғона вилояти масжидларидаги деворий лавҳалар ва электрон ускуналар ўчириб қўйилмоқда”, деган уйдирма гаплар орқали мўмин - мусулмонлар орасида фитна уруғини сочишга уринилган. Бу иддаоси билан муаллиф асл воқеликни бузиб талқин этиб, фуқароларимиз орасида хато фикр пайдо қилишга ҳаракат қилгани яққол сезилиб турибди. Аслида эса Фарғона вилоятидаги масжидлар ҳолати ва ундаги шароитлар намозхонларни жуда мамнун этмоқда.

Мўмин - мусулмон киши шундай фитналардан ҳар доим огоҳ бўлиши даркор. Аллоҳ таоло Муҳаммад (алайҳиссалом)ни бузғунчиларнинг турли фитналаридан бундай огоҳлантиради: “Огоҳ бўлингки, айнан уларнинг ўзлари бузғунчилардир, лекин (буни ўзлари) сезмайдилар” (Бақара, 12).

Зеро, Ер юзида бузғунчилик қилиб юриш, кишилар ўртасида фитна - фасод уруғларини сочиш инсониятга қарши қаратилган жиноятлардир.

Ғаламис кимсалар оммавий ахборот воситалари орқали ҳамиша кишилар ўртасига нифоқ солиб, жамиятнинг тинч ҳаётини пароканда қилишга интилади. Фитна эса одамларни қатл қилишдан ҳам ёмон жиноятдир.

Юртимиздаги тинчлик-осойишталикни кўролмайдиган ҳасадгўй кимсалар халқимиз орасида норозилик кайфиятини уйғотиш мақсадида, турли уйдирмаларни фитна чиқариш илинжида оммавий ахборот воситалари орқали тарқатишга уринишади. Уларнинг бу иддаолари асоссиз, таги пуч гаплар экани ҳаммага аён. Чунки бугун юртимиздаги икки мингдан зиёд масжидда яратилган шароитлар, замонавий қулайликлар кишиларни қувонтиради. Бундай жомелар йирик мусулмон мамлакатларида ҳам йўқлигини барча эътироф этмоқда.

Демак, шундай бунёдкорлик ишларини кўра-била туриб, кўрмасликка олиш, аксинча, ғирт ёлғон, туҳмат ва бўҳтон гапларни тарқатиш айни бузғунчиликдир. Оқни қора дейиш, ёлғон гувоҳлик бериш динимизда қаттиқ қораланади. Ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ёлғон гувоҳлик берувчининг икки оёғи қўзғалмай туриб, Аллоҳ унга дўзахни вожиб қилади”, деганлар (Ибн Можа, Ҳоким ривояти).

Оммавий ахборот воситалари орқали асоссиз, ёлғон хабарларни беришдан олдин муаллифлар ўзлари обдон ўйлаб кўришса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Чунки инсонлар орасида иккиланишларни келтириб чиқариб, низо чиқишига сабабчи бўлиш оғир гуноҳдир. Қуръони каримда: “... Фитна қотилликдан ҳам ашаддийроқдир...”, деб очиқ айтилгандир.

Дарҳақиқат, мўмин киши доимо огоҳ яшаб, турли иғволарга учмаса ва теран ақл билан атрофга назар ташласа, бузғунчилар фитналарининг олдини олган бўлади, иншоаллоҳ.

 

Убайдулла Абдуллаев,
Фарғона вилояти Марғилон шаҳридаги “Хонақоҳ” жоме масжиди имом - хатиби

Кун ояти

(Эй Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 217101
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24608