Ифторликда тортилган “мезим”
16.7.2015 4544

 

        Жонажон диёримизда Саодат асридан буён мусулмонлар алоҳида аҳамият билан кутиб оладиган муборак рамазон ойи давом этмоқда. Доруломон юртда тинчлик - хотиржамликда рўза тутиш бахтига мушарраф қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар айтамиз!

Биз кўп қаватли тураржойда истиқомат қиламиз. Рамазон ойининг учинчи куни бўлса керак, эрталабки соат учлар эди. Саҳарлик қилаётгандик. Рўпарадаги уйлардан бирида тўсатдан қий - чув кўтарилди. Бирор кор - ҳол юз берган бўлса керак, деб эътибор қаратмадим. Кечқурун ишдан келсам, вазият ойдинлашди. Келин ухлаб қолган бўлса керак, ўз вақтида қайнота ва қайнонасига саҳарлик тайёрлай олмабди. Шунга қайнона бутун маҳаллани бошига кўтарибди. Тавба, ахир оғиз ёпилишига 20 дақиқа қолган, бу вақт ичида саҳарлик қилишга улгуруш мумкин бўлса, шовқин кўтаришга арзирмикан? Унда қайнонанинг тутаётган рўзаси қаерда қолди. Ахир рўза тутиш дегани саҳарлик ва ифторликда зўр бериб еб - ичиш дегани эмас-ку?

Ишга маршрут таксида келаман. Йўловчиларнинг аксарияти аёллар. Улар ҳамма нарсани билишади. Ҳар куни нафақат уларнинг уйида, маҳалласида, балки шаҳримизда ва дунёда бўлаётган воқеа - ҳодисалардан айнан шу маршрут таксида бохабар бўламан. Бир куни аёллардан бири қуда чақириққа (келиннинг отасиникигами ёки куёвни уйигами, билолмай қолдим) борганини оғиз кўпиртириб мақтай бошлади. Ифторликда оғизларни қаймоқ билан очишибди, ундан кейин европача ва миллий салатлар тортилибди. Сўнг сомсалар (авваллари битта сомса тортилса, энди иккита – ўзбекча ва туркча сомса) берилибди. Қуюқ - суюқ овқатлар орасида норин ва кабоб тановул қилинибди. Ўзбеклар одатига кўра, ошдан кейин фотиҳа ўқилиб, кетишга рухсат берилиши керак эди. Аммо қудалар замонавий экан, ошдан кейин десерт сифатида музқаймоқ тарқатилибди. Энг қизиғи, дастурхонда овқат ҳазм қилувчи “Мезим” борлиги мехмонларнинг дардига дармон бўлибди. Во ажаб, тўйдан кейин “келин салом”га қолган хотин - халажга “Мезим” берилгани қулоққа чалингандек бўлганди. Энди ифторликда ҳам бу дори дастурхон кўркига айланибди - да. Яшавор ўзбек, дегинг келади. Ахир бу манманлик, исрофгарчилик эмасми?!

Рамазон ойи бошланиши билан рўзанинг ҳурмати деб, рўзадорларга ҳурмат кўрсатила бошланади, дастурхон ноз - неъматларга тўлади. Ахир нафсни тийиш ўрнига овқатга ҳаддан зиёд киришиб кетмаяпмизми? Оддий арифметика бўйича мисол келтирамиз. Одатга кўра, эрталаб бир коса, пешинда бир коса, кечқурун бир коса овқат ейилса, рўза бошланиши билан саҳарликда “рўза оғизман, қувват бўлади” деб икки коса овқат еймиз. Кечқурун эса “рўзаман, ҳолдан тойдим” дея яна икки коса овқатини паққос туширамиз. Яъни, бир кунлик еган овқатимиз тўрт коса бўлади. Уч косага ўрганган ошқозонимиз тўрт косани кўтара олармикан? Мана шу нарсаларни ҳар йили Рамазон ойи арафасида аҳолига тушунтиришимиз керакка ўхшайди. Рамазон гуноҳлардан, ёмон хулқлардан покланиш ойидир, нафсни тарбиялаш, сайқаллаш мавсумидир. Рамазон ойини муносиб кутиб олиб, гўзал тарзда ўтказиш учун, ундан унумли фойдаланиб қолиш учун, аввало, унга руҳий жиҳатдан муносиб тайёргарлик кўриш лозим.

Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Умматимга Рамазон ойида ўзга умматларга берилмаган бешта хислат берилди: 1) Рўзадорнинг оғзида пайдо бўладиган нохуш ҳид Аллоҳ таоло наздида мушк - анбар ҳидидан ҳам хушбўйроқдир; 2) Ифтор вақтигача рўзадорларга дарёдаги балиқлар ҳам истиғфор айтиб дуо қилишади; 3) Аллоҳ таоло ҳар куни жаннатини зийнатлайди, сўнгра унга: «Менинг солиҳ бандаларимнинг дунё машаққатларини ортга ташлаб ҳузуринггга келишлари яқиндир», дейди; 4) Бу ойда исёнкор шайтонлар кишанланади, шу сабабдан улар бошқа ойлардаги каби ёмонликлар қила олишмайди; 5) Рамазон ойининг охирги кечаси рўзадорларнинг гуноҳлари мағфират қилинади», дедилар.

Рамазон ойи – Қуръон нозил бўлган ойлигини, ойлар султони эканини, раҳмат, мағфират ва дўзахдан озод бўлиш ойилигини, унда минг ойга тенг кеча борлигини, унда ҳар бир яхши амалнинг ажри бир неча баравар кўпайтириб берилишини асло унутмаслигимиз керак.

Барча мусулмонларга Қуръон, тақво, шафқат, баракот, раҳмат, мағфират, Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш, жаннатга эришиш ва дўзахдан озод бўлиш ойи яна бир бор муборак бўлсин!

                                                                                                                       

Шарофиддин Тўлаганов

Кун ояти

(Эй Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 217267
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24620