13 қандай сон?
Маълумотларга кўра, ўн учни ёқтирмаслик бирданига пайдо бўлмаган. Ўрта асрларда инглизлар уни “нонвой дюжинаси” деб аташган. Сабаби ўша вақтда харидор ҳаққидан уриб қолган савдогарлар қаттиқ жазога тортилар, ҳатто қўли чопиларди. Бундан қўрққан нонвойлар харидорларни каттароқ миқдорда савдо қилишга рағбатлантириш мақсадида, бир дюжина маҳсулот олган мижозга битта қўшиб, ўн учга етказиб беришарди.
Ўн тўққизинчи асргача 13 сони билан алоқадор қўрқув фақат битта соҳада бўлган: европаликлар дастурхон атрофида ўн уч киши бўлиб ўтиришдан сақланишган. Агар шундай бўлиб қолса, улардан бири кейинги йил давомида вафот этади, деб ҳисоблашган. Бу иримнинг юзага келишига эса Исо масиҳ ўз умрининг охирги оқшомида ўн икки нафар ҳаворийси билан бир дастурхон атрофида овқатлангани, эртасига Исонинг хочга михланиши ҳақидаги тўқима ривоятларни сабаб қилиб олишган. Кўпчилик Ғарб мамлакатларида, масалан, Францияда бунинг учун махсус агентлик ҳам ишлаган: муайян миқдордаги пул эвазига ўн уч кишилик даврага “ўн тўртинчи меҳмон”ни етказиб беришган.
Ўн тўққизинчи асрга келиб эса кишилар, қайси соҳада бўлмасин, ўн учдан қўрқа бошлашган. Аслида насронийликнинг ўзи ўн учга ҳамиша бахтли сон дея қараган, чунки у Исо ва ҳаворийларини рамзий акс эттирган, асло уларнинг сўнгги оқшомда бирга овқатланганларини эмас. Ҳозирда ҳам черков бу сондан қўрқишни гуноҳ дея таъкидлайди, лекин одамлар ҳақиқатдан кўра хурофотга кўпроқ мойил бўлишлари сабаб бу ирим “болалаб” кетган...
Қанчалар ғалати бўлмасин, Ғарбда бу иримга бугун ҳам кўпчилик қаттиқ ишонади. Шу сабабли айрим кўп қаватли биноларда 13-қават йўқ: ё 12 дан кейин 14-қават келади, ё 12 А ва 12 Б қаватлар бўлади, баъзиларида 13-қават шунчаки “+1” дея белгиланади. Бу ҳолат уй рақамларига, театрлардаги ўриндиқлар қаторларига, кема каюталарига, самолётдаги қаторларга ҳам тегишли. “Формула-1” автопойгаларида ҳам 12-рақамли машинадан кейин 14-рақамлиси келади.
“Апполон-13” фазо кемасининг ҳалокатини ҳам кўпчилик унинг тартиб рақамига алоқадор, деб билади. У 1970 йил 11 апрелда, шарқий ёзги вақтга кўра 14:13да парвоз мажмуасидан учирилганди. Кема Ой орбитасига айнан 13 апрел куни чиқиши керак эди... Бироқ Шарқда: Хитой, Ҳиндистон, Индонезия, Япония, Корея, Саудия Арабистони, шунингдек, Италияда ўн учдан умуман қўрқишмайди. Майя ҳиндуларида эса 13 муқаддас ва хосиятли сон. Гонконгда омад келтиришига ишониб, телефон рақамлари ва бошқа ҳолатларда шу сонни олишга интилишади.
Бу маълумотларни келтиришдан мақсад, 13 сонидан қўрқадиганларни қоралаб, хосиятли деб биладиганларни ёқлаш эмас, асло. Буларнинг ҳаммаси иримдан, тасодифдан бошқа нарса эмаслигини, инсоннинг бошига келадиган ишлар, айримлар ишонганидек, буюмлар ёки сонларга боғлиқ бўлмаслигини яна бир бор таъкидлашни истадик.
Абдувоҳид Ўрозов тайёрлади