УСТОЗ УЛУҒ ЗОТ
2.10.2015 18850

      Устоз ва муаллимлар ҳурмати ҳақида шу чоққача кўп ва хўп гапириб келинаётган бўлсада, бу мавзу ҳамон ўз аҳамияти ва долзарблигини йўқотмаётган муҳим масалалардан бири бўлиб қолмоқда ва дунё тургунча шундай давом этажак. Зеро, ўқитувчи ва муаллим тоифасининг жамият салоҳияти, келажак авлод тарбияси ва эл-юрт тинчлиги ҳамда ривожидаги ўрни беқиёсдир. Уларсиз миллат келажаги йўқ. Уларнинг беминнат ёрдамларисиз миллий юксалишни тасаввур қилиш қийин.
     Муаллимлар жамият биносининг бинокорлари, онгу тафаккур муҳандислари ва маърифат боғининг боғбонларидир. Устоз ва муаллим ҳаёт бўстонидаги ниҳолнинг бақувват дарахтга айланиши учун беқиёс меҳнат қилади. Шунинг учун ҳам унинг шогирд устидаги ҳаққи бениҳоя катта ва улуғдир. Ахир, устоз шогирдини ўз фарзандидек кўради. Балки, унга фарзандига кўрсатмаган таважжуҳ билан юзланади. Унинг юпун ва совуқ бўлган маънавий оламини ўзининг қалб қўри билан иситади. Зимистон дунёсини илм қуёшининг мўъжизакор зиёси билан мунаввар этади. Сабр ва меҳр билан парваришлайди. Дунёю охиратда улуғлик, манфаат ва нажот келтирадиган йўлга йўллаб қўяди. Бунга қўшимча равишда шогирдининг салоҳияти учун туну кун дуода бўлди. Натижада унинг қўлига ниҳол бўлиб келган ўқувчи ва талаба совуқ урмасдан, зулматларда абгор бўлмасдан униб-ўсади ва вақти келиб бу ниҳол ҳаёт бўстонидаги сербарг ва муҳташам дарахтга айланади. Кейин у ҳам ўз навбатида маънавият боғига ўзининг сарҳил меваларини тақдим қилади.
     Устозу муаллимлар маънавият осмонида мусаффо зиё таратиб турган йўлчи юлдуздирлар, қайсики, улар туфайли одамлар тўғри йўлни топадилар, уларнинг шарофати билан жаҳолат зулматларидан омонлик қирғоғига етишадилар. Бинобарин, устозу муаллимларни рисоладагидек ҳурматламай туриб, ҳақларини муносиб равишда адо қилмай туриб, фарзандларимиздан эл-юрт, жамият, қолаверса, бутун дунё учун фойдаси тегадиган етук шахслар, олиму зиёли, шифокору муҳандис, ходиму тадбиркор каби кишилик жамиятига фойдаси тегадиган керакли ва фидойи инсонларни кутиш мумкин эмас. Бу – бамисоли уруғни ерга қадамасдан туриб ҳосил кутишдек гап.
     Ҳурмат ибодатдан яхши, деган сўз бор. Аллоҳ муқаддас қилган нарсаларнинг ҳурматини жойига қўйиш ибодат, аксинча, Аллоҳ наздида қадрли бўлган нарсаларга беписандлик қилиш, уларнинг ҳурматини оёқости қилиш динимиз мезонида оғир жиноят саналади. Шунинг учун ҳам айтадиларки, инсон гуноҳнинг ўзи билан куфрга тушиб қолмайди, балки, ўша гуноҳни оддий санаш, унга беписандлик ва ҳурматсизлик билан шу аҳволга тушади.
     Аллоҳ ҳурматлаган ва даражасини баланд қилган нарсаларни эъзозлаш ва улуғлаш қалбдаги тақводан далолат эканлиги Қуръони каримда бот-бот таъкидланади. Устоз ва муаллимлар каби илм соҳиблари ҳам айнан Аллоҳ ҳурматларини баланд қилган тоифага мансубдирлар. Ҳаж сурасининг 30-оятида шундай марҳамат қилинади: “(Иш) шудир! Ким Аллоҳнинг ҳурумотларини ҳурмат қилса, билсинки, бу иш Парвардигори наздида ўзи учун яхши бўлган ишдир”. Мазкур суранинг 32-оятида эса: “(Иш) шудир! Ким Аллоҳ билдирган шиорларни ҳурмат қилар экан, бу диллардаги тақво туфайли ҳосил бўлур”, дея марҳамат қилинади. “Аллоҳ билдирган шиорларни” дея маъно берганимиз сўз ояти каримада “шаъоируллоҳ” лафзи билан ишлатилган. Аслида бу сўзни бир лафз билан бошқа тилга ўгириш мумкин эмас. Тафсир китобларида айтилишича, “шаъоируллоҳ” деб Аллоҳ томонидан фазилати ва улуғлиги билдирилган барча нарса тушунилади. Устоз ва муаллимлар эса ўзларидаги илм шарафи туфайли Аллоҳ улуғлаш кераклигини билдирган ва ҳурматлашга чақирган нарсаларнинг энг бошида турадилар. Бунга далолат қилувчи ояти карималар ва ҳадиси шарифлар талайгина. Убода ибн Сомит (разияллоҳу анҳу)дари ривоят қилинган ҳадиси шарифда шундай дейилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қилиб дедилар: “катталаримизни ҳурмат қилмаган, кичикларимизга меҳр кўрсатмаган ва олимларимизнинг ҳаққини билмаган кимса менинг умматимдан эмас” (Имом Аҳмад ривояти).
    “Наводиру-л-усул” китобида ушбу муборак ҳадисга қуйидагича шарҳ берилган: “ёши кекса инсонни ҳурмат қилиш Аллоҳ жорий қилган ҳақдир. Чунки, кекса инсон узоқ муддат давомида ҳаётини ибодатда ўтказди. Кичикка раҳм қилиш Аллоҳнинг ишига мувофиқ иш қилишдир. Чунки, Аллоҳ кичикка раҳм қилиб, ундан бандалик ишларини талаб қилмади. Гуноҳ қилса, жазо тайинламади. Олимнинг ҳаққини билиш эса илмнинг ҳаққини билмоқдир. Зеро, Аллоҳ илм қадрини баланд қилди ва унинг орқасидан илм ато этилган инсонларнинг ҳам қадрини юксак қилиб қўйди. Ва: “Сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган кимсаларни Аллоҳ баланд даражаларга кўтарур”, деди” (Мужодила сураси).
     Мазкур ҳадиси шариф устозу муаллимлар каби Аллоҳ улуғ қилган ҳамда шаръан ҳам, ақлан ҳам эҳтиромга лойиқ бўлган кишиларга ҳурматсизлик қилиш нақадар ёмон иш эканлигига далолат қилади. Ўтган улуғларимиз, солиҳ салафларимиз устоз ва муаллимларнинг ҳаққини яхши билганлар, уларнинг қадри нечоғли баланд эканлигини яхши ҳис этганлар. Ва шунга кўра муомала қилганлар. Чаҳориёрлардан Али разияллоҳу анҳу: "Мен ўзимга бир дона ҳарф ўргатган кишининг қулиман. Истасин, сотиб юборсин, истасин, қул қилиб олсин!", деган эканлар.
     Бурҳонул-Ислом Зарнужий (раҳимаҳуллоҳ): "Дин ишига оид бўлган нарсалардан сенга бир ҳарф ўргатган киши сенинг диндаги отанг бўлади", дейдилар. Улуғ халқимизда эса "устоз отангдан улуғ!" деган ҳикматли сўз бор.
     Имом Мовардий (р.ҳ) ўзининг "адабуд-дийн вад-дунё" номли асарида кўплаб муҳаққиқ олим ва муфассирлар устоз ҳаққини ота ҳаққидан устун эканлиги ҳақидаги қарашни маъқуллаганларини зикр қилади.
    Имом Саффорийний (раҳимаҳуллоҳ) айтади: “муаллимни эҳтиром қилиб, улуғлаш ва унга тавозеъли бўлиш лозим. Уламоларнинг бу борадаги сўзлари жуда ҳам маълум ва машҳурдир. Ҳатто уламолардан бирлари “фаатиҳатул-китааб” номли асарда муаллимнинг ҳаққи отанинг ҳаққидан кучлироқ эканлигини очиқ-ойдин таъкидлаган. Чунки, муаллим абадий ҳаётга эришиш сабабидир. Ота эса фоний ҳаётга эришиш боиси ҳисобланади. Шундай экан киши ўз муаллимига итоат қилиши вожиб бўлиб, унинг раъйига хилоф иш тутиш ҳаромдир”.
     Ҳа, киши учун устозининг фазли отасининг фазлидан устун эканлигида ҳеч қандай муболаға йўқ. Зеро, ота фарзандини юқори оламдан ерга тушишига сабаб бўлган бўлса, устоз унинг ердан юқорига қараб кўтарилишига хизмат қилади. Шу боис ҳам мусулмон халқи қадим-қадимдан устоз ва муаллимларга мисли кўрилмаган ҳурмат кўрсатиб келган. Чунки, фарзандларининг камолотга етиб, дунёю охират саодатига эришишлари учун устознинг ўрни беназир эканлигини яхши англаган.
    Имоми аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан шундай деганлари ривоят қилинади: "устозим Ҳаммоднинг ҳурмати учун унинг уйи томонга оёғимни узатмаганман. Ҳолбуки, унинг уйи билан менинг уйим орасида еттита кўча бор эди. Ҳаммод вафот этгандан сўнг қачон намоз ўқисам ҳар сафар албатта ота-онамга қўшиб, унга ҳам Аллоҳдан мағфират сўраганман. (Нафақат у) Балки, кимдан нимадир ўрганган бўлсам ёки кимдир менга нимадир ўргатган бўлса, албатта ўша кишилар учун ҳам доим Аллоҳдан мағфират сўрайман".
     Имом Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ: "мен дуода аввал Абу Ҳанифанинг ҳаққига дуо қилиб, кейин ота-онамни тилга оламан", дер эди.
     Имом Шофеийнинг шогирди Рабийъ айтади: "Аллоҳга қасамки, Шофеий қараб турган пайтда ҳатто сув ичишга ҳам журъат қилолмасдим".
     Имом Шофеийнинг ўзлари эса шундай хотирлайдилар: "Имом Моликнинг ҳузурида ўтирсам, шарақлаган товуши эшитилмасин деб, китобни ўта эҳтиёткорлик билан варақлардим".
     Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳ шундай ҳикоя қиладилар: "ўттиз йилдан бери бирон-бир кеча ўтмаганки, агар Шофеийнинг ҳаққига дуо қилмай ухлаган бўлсам".
     Шу ўринда устоз ва муаллим деб кимга айтилишини билиб олишимиз фойдадан холи бўлмайди. Устоз ва муаллим деганда фақатгина махсус синф ёки аудитория ичида, ёзув тахтаси олдида туриб дарс берган одам, ёки бутун халққа машҳур бўлган ва ҳамма ҳурмат қиладиган олимгина тушунилмайди. Агар устозингиз шундай мақомда бўлмаса уни эъзозлаб ҳурмат қилишда камчиликка йўл қўйишингиз асло оқланмайди. Балки, бирор соҳада билим берган, бирор китобни ўқишингизда ёрдам берган, қайсидир тилни ўргатишда фойдаси теккан ёхуд ўзининг маслаҳатлари билан илмингиз ошишига ҳисса қўшган ҳарқандай одам сиз учун устоз мақомида бўлади ва зиммангизда динимиз томонидан бериб қўйилган унинг барча ҳақ-ҳуқуқлари қарор топади. Айнан шунга ишора қилиб, Навоий ҳазратлари айтадилар:

 

Ҳақ йўлида ким санга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила
Айламак бўлмас адо анинг ҳақин минг ганж ила

 

    Ўрни келганда шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, устоз деганда фақатгина диний билмларни таълим берган кишиларни эмас, балки, ҳар қандай фойдали илм ўргатувчи шахс назарда тутилишини ҳам унутмаслигимиз лозим. Чунки муқаддас динимиз ‒ Исломда илмлар диний¬дунёвийга ажратилмайди. Балки, фойдали ва фойдасизга тақсимланади.
    Инсоният учун фойдали бўлган ҳар қандай илм Исломда ардоқланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир нечта оятларида инсониятни дунёни обод қилиш учун яратганини баён қилган ва кишиларни борлиқ ҳақида тафаккур қилишга, уни ўрганишга тарғиб қилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ҳадисларида илмга тарғиб қилар эканлар, илмни умумий маънода ишлатганлар. Керак бўлган ўринда диний билмларни номлаб айтганлар. Ўзларининг ҳаётлари мобайнида саҳобаи киромларни, уларнинг иқтидорларига қараб, ўша даврдаги илмнинг турли соҳаларига йўналтирганлар. Шу боис, ҳар бир мусулмон банда дунёда яхши ҳаёт кечириши учун ундаги нарсаларнинг илмини ўзлаштириши, охиратда саодатга эришиши учун унга тааллуқли бўлган билимларни ўрганиши лозим.
     Шу билан бирга, ҳар бир фойдали илм дунёвий ва ухровий манфаатларга эга. Унинг қайси тарафининг устун келиши эса, инсоннинг ўзига, ниятига боғлиқдир.
   Расулулллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб, дедилар: “Илм ўрганинг, илм учун сакинат ва виқорни ҳам ўрганинг. Ва сизларга илм ўргатаётганларга тавозеъ билан ўзингизни паст тутинг!” (Имом Табароний “ал-Авсат”да ривоят қилган).
    Муаллимга кибр қилиш, уни менсимаслик тубан хулқ ҳамда нифоқ аломатларидан ҳисобланади. Имом Табароний “ал-Кабир”да ривоят қилган ҳадиси шарифда бундай дейилади: “уч тоифа инсон борки, уларни фақат мунофиқгина хорлайди: Исломда мўйсафид бўлган қария, илм соҳиби ва одил раҳбар”.
     Устоз ва муаллимга ўзни паст тутиб, хокисор бўлиш нажот эшиги, илм таҳсил қилишнинг асосий омилларидан бири ҳисобланади. Динимиз шунга буюради, шунга ўргатади. Бу устозларнинг шогирдлари устидаги ҳақларидандир. Уламолар айтадиларки, устоз ва муаллимлар фақат лаънати замон ва лаънати макондагина эҳтиром қилинмайдилар. Чунки, Набий алайҳиссалом олимлар ҳурмат қилинмайдиган замонда яшашдан, шундай бир замонга ризқлари қўшилган бўлишидан Аллоҳга сиғинган эканлар. Пайғамбар алайҳиссалом паноҳ сўраган замон эса энг машъум ва малъун замон бўлиши шубҳасиздир. Саҳобалардан Саҳл ибн Саъд ас-Соъидий (разияллоҳу анҳу) ривоят қилишига кўра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳга илтижо қилиб: “Эй Аллоҳ, алим (билимдон)га эргашилмайдиган, ҳалим (оқил)дан эса ҳаё қилинмайдиган бир замон устимга келиб қолмасин!”, дея олим ва муаллимлар ҳурмат қилинмайдиган замонда ҳаёт кечиришдан паноҳ сўрар эдилар (Имом Аҳмад ривояти).
     Имом Нававий айтадилар: “Ўқувчи муаллимига итоаткор ва ройиш бўлиши, унинг сўзига қулоқ солиб, ўз ишларида у билан маслаҳатлашиб туриши ва оқил бемор самимий ва моҳир табиб сўзини қабул қилганидек у ҳам ўз муаллимининг сўзини қабул қилмоғи лозим. Шунингдек, муаллимига эҳтиром кўзи билан боқиши, унинг ўз ишида комил иқтидор ва малака соҳиби эканлиги ва бошқа устозлардан устунлигига ишониши лозим. Ана шунда ундан манфаат олиши осон бўлади”.
    Олимларимиз айтадиларки, талаба ўз устозининг камоли аҳлият ва иқтидор соҳиби эканлигига, ўз ишининг моҳир мутахассиси эканлигига эътиқод қилиб, ишониши керак. У ҳақда фақат яхши фикрда бўлиши лозим. Агарчи, устозидан диёнатга очиқ-ойдин терс келадиган хаттиҳаракатни кўриб қолса ҳам уни фақат яхшиликка йўйиб, яхши гумонда бўлиши керак. Акс ҳолда унинг баракасидан маҳрум бўлади.
    Имом Нававий "ал-мажмуъ"да ёзишича, қадимда ўтган улуғларимиздан бирлари ҳар сафар муаллимининг ҳузурига кетаётганда етим-есирларга садақа ва хайр-эҳсон қилар экан. Сунг, қўлларини дуога очиб: "Илоҳо, муаллимимнинг айбини мендан яширгин! Ва унинг баракасидан мени маҳрум қилмагин!", дея илтижо қилар экан.
    Манбаларда муаллимларга нисбатан риоя қилиш лозим бўлган одоблар саналганда айрим диққатни тортадиган жойларига дуч келамиз: "ўқувчи агар муаллимини бир тўда инсонлар ичида учратиб қолса, жамоага салом бергач, муаллимига алоҳида салом бериб, мулозамат қилиши керак".
      Бу айтилганлар муаллимга кўрсатиладиган одоб ва ҳурматлар уммонидан айрим томчилар холос. Ўйлаймизки, муаллимларга қай даражада эҳтиром билан мумалада бўлиш лозимлигини билиш учун шу нарсаларнинг ўзи кифоя қилади. Мухтасар қилиб айтадиган бўлсак, толиби илм устозининг розилигини топишга интилиши ва уни норози қиладиган, хафа қиладиган, кўнглини оғритадиган ишлардан сақланмоғи лозим.






 

Алишер Султонхўжаев

 

Кун ҳикмати

Келинига зулм қилаётган қайноналар "Ҳаргиз Аллоҳ золимлар қилаётган амаллардан ғофил, деб ҳисоблама!" (Иброҳим сураси: 42) оятини ёдига келтирсин ва …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 217259
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24619