“Умра- 2016” баҳор мавсуми зиёратчилари дастлабки гуруҳлари Тошкентга қайтдилар
15 февраль куни баҳор мавсумида умра сафарига борган дастлабки 225 нафар зиёратчилар Ватанга қайтдилар. Зиёратчиларни Тошкент шаҳар аэропортида Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, тегишли вазирликлар ва идоралар ходимлари ҳамда зиёратчиларнинг яқинлари кутиб олдилар.
Муборак сафардан қайтган умрачиларимиздан пойтахтлик 3-гуруҳи зиёратчиси Мавлюда Нурмуҳаммедова (1941) шундай дейди: “... Уюшқоқлик билан ташкил этилган бу муборак зиёрат, ўйлайманки, барча умрачиларда унутилмас таассурот қолдирди. Жойларда яратилган шароитлар юқори даражада бўлгани учун ибодатдан, зиёратдан ва дуолардан чалғимадик, ўйламадик ҳам. Барча нарса хизматимизда. Маккада меҳмонхона олдида махсус автобус, уч маҳал иссиқ миллий овқатлар, доимо қайнаб турган чойлар, тиббий пункт ва бошқаси. Буларнинг бари биз зиёратчиларнинг қулай шароитдарда юриш учун яратилгандир. Бундай иззат, ҳурмат, эътиборларни кўриб, юртимизнинг янада обод бўлиши, ривожланишини дуолар қилдик, ҳаммаси учун Юртбошимиз, ҳукуматимиз ва барча мутасаддиларга миннатдорчилик билдирамиз...”.
Билдирилган фикрга қўшимча қилиб Тошкент шаҳар 1-гуруҳи умрачиси Дилшод Юсупов (1943) ҳам: “умрачи ва ҳожиларга катта эътибор бераётган Юртбошимиз, ҳукуматимиз, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва бошқа вазирлик ва идоралар барчаларининг номларига Яратгандан паноҳ, юртимизга эса тинчлик, халқимиз фаровонлигини тилаймиз, оилаларимизга бахту-саодат, омонлик сўраймиз. Мадинада, Маккада турган меҳмонхоналаримизда Ўзбекистон каналини кўриб ўтириб, Ватанни қанчалик яхши кўришимизни яна бир бор ҳис этдик.
Олисларда бўлсакда муқаддас қадамжолар зиёрати, улуғ ибодатларни амалга ошириб фақат тинчлик ва фаровонлик тилаб дуолар қилдик. Бизга кўрсатилган хизмат, эътибор учун барчага раҳмат деймиз”, деб дуолар қилдилар.
Зиёратдан саломат қайтган фуқароларимизнинг кайфиятлари кўтаринки ёши улуғ умрачиларимизга яратиб берилаётган шароитлар учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда ҳукуматимиз номига ўз миннатдорчиликларини билдириб, Ватанимиз равнақини тилаб дуолар қилмоқдалар.