Ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш йўлида
18.11.2015 3650

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг таклифига биноан Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Муҳаммад Навоз Шариф 17 ноябрь куни расмий ташриф билан мамлакатимизга келди.

Кўксарой қароргоҳида Покистон Ислом Республикаси Бош вазирини расмий кутиб олиш маросими бўлди. Олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. Ислом Каримов ва Навоз Шариф шоҳсупага кўтарилдилар. Икки мамлакат давлат мадҳиялари янгради. Ўзбекистон Президенти ва Покистон Бош вазири фахрий қоровул сафи олдидан ўтдилар.

Ислом Каримов ва Навоз Шариф учрашувида асосий эътибор мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари, минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш масалаларига қаратилди.

– Ўзбекистон Покистонга нафақат яқин қўшни мамлакат, балки улкан сиёсий-иқтисодий, ҳарбий-техникавий ва инсоний салоҳияти, қулай геосиёсий ўрни ва вазмин ташқи сиёсати туфайли минтақада, муҳим халқаро масалаларни ҳал этишда етакчи роль ўйнаётган давлат сифатида қарайди. Ушбу расмий ташрифингизни узоқ муддатли Ўзбекистон – Покистон муносабатларида муҳим янги босқич, мамлакатларимиз икки томонлама, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ўзаро ишонч ва очиқлик руҳидаги олий даражадаги музокараларни давом эттиришга, кўп қиррали ва манфаатли ўзаро ҳамкорлигимизни янада ривожлантиришга тайёр эканининг ёрқин ифодаси деб биламиз, – деди Президентимиз.

– Ўзбекистондек буюк мамлакатга яна бир бор ташриф буюрганимдан ғоят мамнунман. Муҳтарам Президент, Сизнинг оқилона ва узоқни кўзлаган сиёсатингиз самарасида Ўзбекистонда тинчлик ва барқарорлик таъминланмоқда, барча соҳалар изчил тараққий этмоқда. Халқаро иқтисодиётдаги мураккабликларга қарамай, Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг ўсиши кейинги йилларда 8 фоиздан зиёд бўлиб келаётгани бунинг тасдиғидир. Олий даражадаги мулоқотларнинг мунтазамлиги самарасида мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларни, хавфсизлик борасидаги ҳамкорлигимизни янада мустаҳкамлаш, энергетика соҳасидаги алоқаларимизни кенгайтиришнинг янги имкониятлари пайдо бўлмоқда, – деди Покистон Бош вазири.

Ўзбекистон Республикаси ва Покистон Ислом Республикаси ўртасидаги дипломатик муносабатлар 1992 йил 10 майда ўрнатилган. Турли даражадаги сиёсий мулоқотлар мунтазамлик касб этган. Бу ҳамкорликни изчил ривожлантириш, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар бўйича ёндашувларни мувофиқлаштириб бориш имконини бермоқда.

Ўзбекистоннинг улкан иқтисодий салоҳияти, геостратегик ўрни, ривожланган инфратузилмаси Покистон учун муҳим аҳамиятга эга. Покистон минтақавий хавфсизликни таъминлашдаги ўрни, денгиз портларига чиқиш имконияти, йирик бозори билан Ўзбекистон учун истиқболлидир.

Икки мамлакат халқаро майдонда бир-бирини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Шу йил июль ойида Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Уфа шаҳрида бўлиб ўтган саммитида Покистонни ШҲТга қабул қилиш жараёнини бошлаш бўйича қарор имзоланди. Бу мамлакатларимизнинг ўзаро ва кўп томонлама ҳамкорлигини ривожлантиришда яна бир муҳим омил бўлади.

Ўзбекистон ва Покистон Афғонистоннинг яқин қўшнилари сифатида бу мамлакатда тинчлик ўрнатилиши ва барқарорлик таъминланишидан манфаатдор. Бу мамлакатларимиз ўртасида тўғридан-тўғри транспорт тармоқларини барпо этиш, савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш учун имконият яратади.

Ислом Каримов ва Навоз Шариф ўзаро ҳамкорлик ривожига бевосита дахлдор бўлган мазкур масалага алоҳида эътибор қаратдилар. Афғонистон муаммосини фақат бир йўл – БМТ шафелигида тинч сиёсий музокаралар ўтказиш ва ўзаро курашаётган томонларни муросага келтириш орқалигина ҳал этиш мумкинлиги ҳақида якдил фикр билдирилди. Минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш, терроризм, экстремизм, наркотрафик каби таҳдидларга қарши курашиш борасидаги ҳамкорликка доир масалалар муҳокама қилинди.

Музокарада савдо-иқтисодий, сармоявий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Мамлакатларимиз ўртасида турли соҳаларга оид 42 ҳужжат имзоланган. Савдо-иқтисодий ҳамкорлик, ўзаро инвестицияларни рағбатлантириш ва капитал қўйилмаларни ҳимоя қилиш, даромадларнинг икки томонлама солиққа тортилишига йўл қўймаслик ҳамда даромад солиқларини тўлашдан бош тортишни бартараф қилишга оид битимлар савдо-иқтисодий алоқалар ривожига хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Покистонга пахта толаси, кўнчилик хомашёси, транспорт ва туризм хизматлари экспорт қилади. Покистон мамлакатимизга дори воситалари, кимё ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб беради, транспорт хизмати кўрсатади.

Мамлакатимизда Покистон капитали иштирокида 57 корхона ташкил этилган. Улар савдо, тўқимачилик, кўнчилик, озиқ-овқат, қоғоз ишлаб чиқариш, транспорт ва туризм соҳаларида фаолият юритмоқда. Яқинда Тошкентда бўлиб ўтган Халқаро инвестициявий форумда покистонлик ишбилармонлар фаол қатнашди.

Музокарада ўзаро товар айланмаси Ўзбекистон билан Покистоннинг иқтисодий салоҳияти ва кенг имкониятлари даражасида эмаслиги таъкидланди. Фойдаланилмаётган ресурсларни ишга солиш, савдо айланмаси ҳажмини ошириш ва диверсификациялаш масалалари муҳокама қилинди. Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Покистон ҳукуматлараро комиссияси ишини фаоллаштириш, унинг мажлисларини мунтазам ўтказишга келишиб олинди.

Томонлар Ўзбекистон билан Покистон ўртасидаги ҳамкорлик ривожи нафақат мамлакатларимизнинг узоқ истиқболли манфаатларига хизмат қилиши, балки бутун минтақада хавфсизликни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, коммуникация ва гуманитар алоқаларни ривожлантиришга ижобий таъсир этишини алоҳида таъкидладилар.

Ўзбекистон ва Покистон тарихи бир-бирига боғлиқ, аждодларимиз илмий-ижодий мероси халқларимизнинг умумий мулкига айланган. Бундай яқинлик маданий-гуманитар алоқалар ривожига мустаҳкам асос бўлмоқда. 1991 йилдан буён фаолият юритаётган “Ўзбекистон – Покистон” дўстлик жамияти томонидан кўплаб илмий-маданий тадбирлар ўтказиб келинмоқда. Икки мамлакат вакиллари Ўзбекистон ва Покистонда ўтказиладиган турли концертлар, фестиваль ва кўргазмалар, спорт мусобақаларида фаол иштирок этиб келмоқда. Хусусан, покистонлик санъаткорлар Самарқандда ўтадиган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалида мунтазам қатнашиб келади.

Покистонда Абу Али ибн Сино, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва ижодий фаолиятига бағишлаб илмий-амалий конференциялар ўтказилган. Кўплаб ўзбек олимлари, шоир ва ёзувчиларининг асарлари урду тилига таржима қилинган. 2009 йилда Тошкент давлат шарқшунослик институтида урду тили ва адабиёти кабинети ташкил этилган. Институт мутахассислари томонидан “Урдуча-ўзбекча луғат” ҳамда “Ўзбек ва урду тилларидаги умумий сўзлар луғати” чоп этилган.

Мамлакатларимиз сайёҳлик соҳасида ҳам улкан имкониятларга эга. Покистонда Ўзбекистондаги тарихий обидалар, муқаддас қадамжоларни кўришни хоҳловчилар кўп.

Музокаралар якунида Ислом Каримов ва Навоз Шариф Ўзбекистон Республикаси билан Покистон Ислом Республикаси ўртасидаги Қўшма декларацияни имзоладилар. Шунингдек, ўзаро савдо муносабатларини ривожлантириш, солиқ соҳасида қўшимча имтиёзлар яратиш, ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга доир қатор ҳужжатлар имзоланди.

Ўзбекистон Президенти ва Покистон Бош вазири оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда очиқ ва амалий руҳда ўтган музокараларда ўзаро алоқаларни ривожлантиришнинг муҳим масалалари, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик муаммолар юзасидан фикр алмашилганини таъкидладилар. Ушбу ташриф ва унда эришилган келишувлар мамлакатларимиз ўртасидаги узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик ривожида янги саҳифа очиши, унга қўшимча суръат бағишлаши қайд этилди.

Покистон Ислом Республикасининг Бош вазири Муҳаммад Навоз Шарифнинг мамлакатимизга расмий ташрифи давом этмоқда.

 

 

www.uza.uz  

 

 

 

 

Кун ҳадиси

Ўзига алоқаси бўлмаган нарсалар билан шуғулланмаслик кишининг Исломи гўзаллигидан даракдир (Имом Термизий ривояти, ҳасан ҳадис). Изоҳ: Ушбу ҳадиси ша…

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 218968
  • Саййидул-истиғфор дуосини ўрганамиз

    Аллоҳумма анта Роббий ла илаҳа илла анта холақтаний ва ана ъабдука ва ана ъала аҳдика ва ваъдика мастатоъту. Аъузу бика…

    17.12017 98177
  • Аллоҳ лаънатлаган пардоз

    Аллоҳ таоло Ўзи яратган барча жонзотлар ичида инсонни энг гўзал суратда яратганини таъкидлаб, Қуръони каримда шундай ха…

    19.32017 47197
  • ҚУРЪОН тиловати

    Қуръон ўқишдан аввал покланиб олинг. "Уни (Қуръонни) таҳоратли кишилардан ўзгалар ушламаслар" (Воқеа, 79). Қуръон ўқи…

    18.82016 45674
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24758