МУЗДАЛИФАДА ТУНАШ – ИБОДАТ
Шу йил 23 сентябрь, зулҳижжа ойининг тўққизинчи куни Қуёш ботгандан кейин зиёратчиларимиз Арафот водийсидан Муздалифа ҳудудига кўча бошлашди. Бу ерга келиб ҳожиларимиз бир азон ва икки такбир билан шом ва ҳуфтон намозларини адо этишди.
Муздалифада тунаш ибодатга тенгдир. Шунинг учун ҳожиларимиз ушбу шарофатли кечада бедор бўлиб, Аллоҳга бўлган қурбатларини янада гўзаллаштирдилар.
Қуръони каримда “Аллоҳни Машъарул ҳаромда зикр қилинг”, деб таъкидланган. “Машъарул ҳаром”дан мурод эса Муздалифадир. Муздалифани бу ном билан аталиши эса унинг Ҳарам ҳудудига яқин бўлгани учундир. Муздалифа “яқинлашиш” маъносини билдиради, яъни ҳожилар Байтуллоҳга яқинлашадилар.
Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) Муздалифада шом билан ҳуфтонни ўқиганларидан кейин, тонггача ёнбошлаб, дуои зикрлар қилганлар. Шу боис, зиёратчиларимиз бундай сокин кечани тоату ибодат билан ўтказдилар. Шунингдек, у ерда майда тош борлиги учун шайтонга тош отиш учун тош йиғиб олишади.
Ҳожиларимиз Муздалифа минтақасида тонггача тасбеҳ ва таҳлил билан банд бўлиб, сўнг Мино водийсига қайтдилар.
Макка шаҳри, Муздалифа /www.muslim.uz/