“МАВЛИДИ ШАРИФ” ТАНЛОВИ ҒОЛИБЛАРИ ЭЪЛОН ҚИЛИНДИ
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг muslim.uz интернет порталида Рабиъул-аввал – икки олам сарвари Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) таваллуд топган ой муносабати билан “Мавлиди шариф”га бағишланган мақолалар танлови эълон қилинган эди. Бир ой давомида танловга жуда кўп мақолалар келиб тушди ва порталда эълон қилиб борилди. Мақолалар портал мухлислари ва кенг жамоатчилик томонидан катта қизиқиш билан ўқилди.
2016 йилнинг 20 январь куни диний идора мажлислар залида ушбу танлов ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбар ходимлари, диний идора тизимидаги билим юртларининг устоз ва мураббийлари, талабалар ҳамда портал мухлислари қатнашишди.
Маросимда дастлаб, 3-ўрин ғолиблари эълон қилинди. Ғолибларга мукофотни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими мудири в.б. Акбар Дўсматов топширди. 3-ўрин ғолиблари:
1. Тошкент ислом институти талабаси Аҳроржон Абдукаримов.
2. Тошкент ислом институти толибаси Юнусхўжа Орифахон.
3. Muslim.uz портали мухлиси Ғиёсиддин Муҳаммад Юсуф мақтов ёрлиғи ва термопот уй-рўзғор буюми билан тақдирланди.
Сўнг, 2-ўрин ғолиблари эълон қилиниб, уларга мукофотни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Абдураззоқ домла Юнусов топширди. 2-ўрин ғолиблари:
1. Тошкент вилоятидаги “Мулла Абдуғаффор ҳожи” жоме масжиди имом-хатиби Икром Каримов.
2. Хадичаи Кубро аёл қизлар ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси Саидакбарова Нилуфар мақтов ёрлиғи ва электр печь билан тақдирланди.
Танловнинг энг ҳаяжонли дамлари ҳам етиб келди. Йиғилганлар биринчи ўрин соҳиби ким эканини интизорлик билан кутишди. Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг muslim.uz порталида эълон қилинган “Мавлиди шариф” танловининг мутлоқ ғолибаси, Тошкент ислом институти толибаси Нурмуҳаммедова Васила деб топилди ва у чангюткич жиҳози ва мақтов ёрлиғини Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратларидан қабул қилиб олди.
Тадбир якунида танловнинг барча ғолиб ва иштирокчиларга самимий тилаклар билдирилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
ахборот хизмати