ИККИНЧИ ДАВРА УЧИНЧИ БОСҚИЧ МАШҒУЛОТЛАРИ БОШЛАНДИ
2015 йилнинг 18 октябрь куни Имом Бухорий халқаро марказида диний ходимларнинг 2-давра 3-босқич ўқувларининг бошланишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан 70 нафар масжид имом-хатиблари иштирок этишди.
Мазкур тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов,Марказ директори Ш.Зиёдов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими мудири М.Қаюмов, Дин ишлари бўйича қўмита масъул ходими М.Қодиров ва Малака ошириш ўқувлари бўлими бошлиғи Т.Эвадуллаев қатнашиб, тингловчиларни янги ўқув машғулотларининг бошланиши муносабати билан қутлаб, Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан ташкил этилган Имом Бухорий халқаро маркази, унинг мақсад ва вазифалари ҳақида батафсил маълумотлар беришди.
Биринчи ўқув машғулотни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари “Имом Бухорийнинг ҳаёти ва ижодий фаолияти”, “Имом-хатибларнинг маънавий-маърифий соҳадаги долзарб вазифалари” мавзуларида олиб борди.
Муфтий ҳазратлари ўз навбатида имом-хатибларга ўзаро фикр ва тажриба алмашиш, касбий маҳоратларини ошириш зарурлигини, ҳозирги тинч ва осойишта ҳаёт қадрига етишга чақириш, юртимизда бораётган моддий ваа маънавий тарққиёт жараёнини кенг халқ оммасига етказишда диний ходимлар ўрнининг муҳимлигини алоҳида таъкидлади. Диний экстремистик гуруҳлар, айниқса, ИШИД фитнасидан доимо огоҳ бўлиш, жойларда ўтказилаётган тарғибот ва тушунтириш ишлари, маърифий тадбирларда бу манфур оқимларнинг бузғунчи ғояларини очиб беришда фаол бўлишга чақирди.
Марказда тингловчиларнинг самарали таҳсил олишлари, ётоқхонада мазмунли ҳордиқ чиқаришлари учун барча шароитлар яратилган. Ўқув хоналари ва ётоқхона электр манбаи, иссиқ сув ва бошқа қулайликлар билан талаб даражасида таъминланган.
Марказ ошхонасида тингловчилар учун уч маҳал иссиқ овқат, ётоқхона буфетида енгил тамадди қилишлари учун зарур шароитлар ташкил этилган.
Тингловчилар дастлабки машғулотларни кўтаринки кайфиятда бошладилар ва мавжуд шарт-шароитлар учун ўз миннатдорчиликларини изҳор қилишди.