Юртдошларимиз муборак ҳаж сафарига отландилар
4.9.2015 3861

  Бугун тонг саҳардан ҳаж ибодатини адо этишни ният қилган юртдошларимизнинг дастлабки гуруҳи Тошкент халқаро аэропортидан замонавий «Боинг» авиалайнерларида Саудия Арабистонининг Мадина шаҳри томон парвоз қилдилар.
    Айтиш керакки, мустақилликка эришганимиздан сўнг мамлакатимизда виждон эркинлигини таъминлаш, барча эътиқод вакилларига ўз ибодатларини энг юқори савияда, тартибли бажариш учун ҳамма имкониятлар яратиб берилди. Буни ҳар йили минглаб юртдошларимизнинг ҳаж ва умра амалларини уюшган ҳолда, кўтаринки кайфиятда амалга ошираётганлари мисолида баралла айтиш мумкин. Мустабид тузум даврида собиқ иттифоқ мамлакатларидан бор-йўғи бир неча киши, у ҳам бўлса, диний ташкилотларнинг расмий вакиллари эл кўзига бундай имкониятдан фойдаланган бўлса, истиқлолдан сўнг пок ният билан исломнинг бешинчи фарзи ва муборак суннатини адо этган ҳожиота ҳожионаларимиз сони бир юз эллик минг кишидан ошди.
   «Айрим мамлакатларда мазкур ибодатларни ташкил этиш вазифаси хусусий ширкатлар зиммасига юкланган. Улар ўз имконияти доирасида зиёратларни уюштиришга уриниб кўрадилар. Бизда эса ушбу масалага давлат даражасида эътибор қаратилади. Ҳукумат қарорлари асосида алоҳида чора-тадбирлар белгиланади, давлат ва жамоат ташкилотлари фуқароларимизнинг муборак сафарларини энг юқори савияда ташкил этишга жалб этилади», - дейди Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакили Акмалхон Шокиров.
    Дарҳақиқат, ҳаж ва умра сафарларига тайёргарлик юртимизда мавсумий иш эмас, балки алоҳида режа асосида йил бўйи тайёргарлик кўриладиган муҳим тадбирдир. Ўзбекистонлик зиёратчиларнинг мўътабар манзиллардаги ибодатлари ҳатто Саудия Арабистони ҳукумати томонидан бутун дунё мусулмонлари орасида энг намунали зиёратлар қаторида эътироф этилмоқда.
     Мадина шаҳрида юртдошларимизни аввалдан ҳозирлик кўрган тажрибали ишчи гуруҳи вакиллари кутиб олдилар ва шинам меҳмонхонага жойлаштирдилар. Бу ерда ўзбекистонлик моҳир ошпазлар зиёратчилар кўнглини олиш, ватан тафти келиб турган миллий таомлар билан сийлаш мақсадида эртаю кеч хизматда шай турибдилар.
    «Мана шундай имкониятга эга бўлганим учун Худога беадад шукрлар айтаман», дейди кўз ёшларини яширолмаган Турсуной ая Қурбонова. «Беш нафар фарзандни оқ ювиб, оқ тарадим, элга, халққа қўшдим. Алҳамдулиллоҳ ҳаммалари шу Ватан хизматида камарбаста. Онажон, бу йил ҳаж ибодатига борасиз, дейишса ишонгим келмади. Болаларимдан мингдан-минг розиман. Аввало, шундай имкониятни яратиб берганлари учун муҳтарам Президентимизга, мазкур ишга бош-қош бўлган барча масъулларга раҳмат дейман». Турсуной ая каби самимий тилакларини изҳор этиш илинжида турган кўплаб зиёратчиларимиз муқаддас манзилларда юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, дастурхонларимиз тўкинлигини сўраб, Яратганга дуолар қилмоқдалар.
     Дарҳақиқат, юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик, ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг барча соҳаларидаги изчил тараққиёт сабаб ватандошларимиз ўз эътиқодларини эмин-эркин адо этмоқдалар. Зеро, яқин ўтмишнинг суронли кечмишларига гувоҳ бўлган, бугунги доруломон кунларнинг шукуҳини бошқалардан кўпроқ биладиган нуронийларимиз тили билан айтганда: «Бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор».

 

Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Мадина шаҳридан
«Зиё» студияси мухбири Азиз Жўраев ҳикоя қилди./ www.ziyo.uz 

Кун ҳадиси

Ўзига алоқаси бўлмаган нарсалар билан шуғулланмаслик кишининг Исломи гўзаллигидан даракдир (Имом Термизий ривояти, ҳасан ҳадис). Изоҳ: Ушбу ҳадиси ша…

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 218643
  • Саййидул-истиғфор дуосини ўрганамиз

    Аллоҳумма анта Роббий ла илаҳа илла анта холақтаний ва ана ъабдука ва ана ъала аҳдика ва ваъдика мастатоъту. Аъузу бика…

    17.12017 98120
  • Аллоҳ лаънатлаган пардоз

    Аллоҳ таоло Ўзи яратган барча жонзотлар ичида инсонни энг гўзал суратда яратганини таъкидлаб, Қуръони каримда шундай ха…

    19.32017 47145
  • ҚУРЪОН тиловати

    Қуръон ўқишдан аввал покланиб олинг. "Уни (Қуръонни) таҳоратли кишилардан ўзгалар ушламаслар" (Воқеа, 79). Қуръон ўқи…

    18.82016 45564
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24739