“ОНА ЮРТИМИЗ БАХТУ ИҚБОЛИ ВА БУЮК КЕЛАЖАГИ ЙЎЛИДА ХИЗМАТ ҚИЛИШ — ЭНГ ОЛИЙ САОДАТДИР” КИТОБИНИНГ ТАҚДИМОТИ
16.9.2015 6200

Шу йил 15 cентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг “Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш — энг олий саодатдир” номли китобининг тақдимот маросими бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходимлари, имом-хатиблар иштирок этишди. Тақдимот маросимини диний идора раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур кириш сўзи билан очди. Анжуманда сўзга чиққан диний идора раиси ўринбосари Абдураззоқ Юнусов, диний идора матбуот котиби Жалолиддин Нуриддинов, Дин ишлари бўйича қўмита вакили Миродил Ҳайдаров мазкур китобнинг нашр этилиши мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий ҳаётида беқиёс аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлашди.

Китобда давлатимиз раҳбарининг сайловолди жараёнларидаги йигирмадан зиёд учрашув ва анжуманларда билдирган муҳим аҳамиятга молик фикр-мулоҳазалари ўрин олган. Китоб “Бизнинг мақсадимиз – эркин ва фаровон, демократик ҳаёт қуриш”, “Мустақиллик – тоғдек таянчимиз, қудратли заминимиздир”, “Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик? Эртага қандай марраларни эгаллашимиз керак?”, “Сайлов – демократиянинг олий шаклидир”, “Тарих – бамисоли кўзгу”, “Ўзбек модели” – ўзини оқлаган, ёруғ истиқболимизни белгилаб берган тараққиёт йўли”, “Қишлоқ тараққий топса, юртимиз обод, ҳаётимиз янада фаровон бўлади”, “Ободлик кўнгилдан бошланади”, “Замонавий раҳбар доимо олдинга интилиб яшаши керак”, “Кексалар – хонадонимизнинг файзу фариштаси”, “Аёл бахти – жамият бахти”, “Фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта бахтли бўлишлари шарт”, “Халқимизга тинчлик ва омонлик керак” каби 13 бўлимни ўз ичига олади.

“Мустақиллик бизга, халқимизга нима берди?” деган саволга Юртбошимиз: “Айнан мустақиллик иқтисодий ҳаётимизда собиқ Марказдан туриб режалаштирилган эскича маъмурий-буйруқбозлик тизимидан, бирёқлама ривожланган ночор иқтисодиётдан воз кечиб, эркин бозор иқтисодиётига ўтиш, мамлакатимизни янгилаш ва модернизация қилиш, хусусий мулкни ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилган қатъий ислоҳотларни амалга ошириш учун мустаҳкам замин яратиб берди”, дея жавоб беради. Халқимиз озод ва обод юрт бағрида эмин-эркин яшаётганидан фахрланиши, мағрурланиши ва албатта, шукр қилмоғи лозим бўлади.

Китобда юртимизнинг ҳозирги вақтда дунё миқёсида тан олинаётган ютуқлари ҳам тилга олинади:

“Швейцарияда Жаҳон иқтисодий форуми – иқтисодиёти энг тез ривожланаётган мамлакатлар рейтингида 2014-2017 йилгача бўлган даврда йиллик ўсиш даражаси энг юқори бўлган давлатлар орасида Ўзбекистон 5-ўринда қайд этилди”;

“Бирлашган Миллатлар Ташкилоти кўмагида АҚШнинг Колумбия университети социологлари томонидан ўтказилган ижтимоий сўров ва тадқиқотлар натижасида “Бутунжаҳон бахт индекси”нинг янги рейтингига кўра мамлакатимиз 158 та давлатлар орасида 44 поғонани, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо мамлакатлар ичида биринчи ўринни банд этди”;

“Буюк Британиянинг нуфузли “Экономист” журналининг эътироф этишича, Ватанимиз пойтахти – азим Тошкент шаҳри ободлиги ва яшаш учун қулайлиги жиҳатидан дунё рейтингида 140 та шаҳар орасида 58-ўринни эгаллади”;

“АҚШнинг “The Huffington Post” нашри томонидан Самарқанд шаҳри “Дунёнинг албатта бориб кўриш керак бўлган 50 та шаҳри” рўйхатига киритилгани ва бундай эътирофга эришишда ҳам МДҲ мамлакатлари ўртасида Ўзбекистон ягона экани эътиборга сазовордир”.

Бугун мамлакатимизда биргина “2014 йилда ҳаммаси бўлиб 540 дан зиёд объект, шу жумладан, 380 та мактаб, 160 дан ортиқ касб-ҳунар коллежи ва академик лицей тубдан янгиланди, болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 18 та намунавий спорт объекти ва 73 та спорт зали барпо этилди, 2009-2014 йилларда 136 та янги мусиқа ва санъат мактаби қурилди, 142 та шундай мактаб капитал реконструкция қилинди”.

Асрлар давомида Эски шаҳар қисмидаги уйлар, тор, эгри-бугри кўчалар ҳозирги замон талабларига тўла жавоб бермас эди. Президентимиз ғояси асосида Эски шаҳарни қайта қуришнинг бош режаси ишлаб чиқилди. Унга мувофиқ, мазкур ҳудудни замонавий шаҳарга айлантириш бўйича кенг кўламли бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. 2013 йили Хадра майдонида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. 2014 йили Олмазор ва Шайхонтоҳур туманларида янги йўллар қурилди. Жорий йилнинг май ойида Себзор ва Абдулла Қодирий кўчалари кесишган чорраҳада янги замонавий кўприк очилди. Нурафшон кўчасининг қурилиши аҳоли учун катта қулайлик яратиш билан бирга, Эски шаҳарни замонавий масканга айлантириш борасидаги ишларга кенг йўл очди. Бугунги кунда Нурафшон кўчаси бўйида кўп қаватли уй-жойлар бунёд этилмоқда...

Юртбошимизнинг бу китоби узоқ ва яқин тарихимизнинг ҳали биз тўла англаб етмаган кўплаб қирраларини кашф этишда, мамлакатимиз ва халқимиз келажаги, унинг равнақини белгилаб беришда, айниқса, ёшларимизни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.

 

www.muslim.uz 

Кун ҳадиси

Ўзига алоқаси бўлмаган нарсалар билан шуғулланмаслик кишининг Исломи гўзаллигидан даракдир (Имом Термизий ривояти, ҳасан ҳадис). Изоҳ: Ушбу ҳадиси ша…

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 217149
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24610