ЮРТИНИ СЕВИШ - СУННАТ
14.1.2017 4119

   Аллома ибн Шиҳоб раҳматуллоҳи алайҳ қуйидаги ажойиб воқеани ривоят қилганлар: 
"قَدِمَ أُصَيْلُ الْغِفَارِيُّ قَبْلَ أنْ يُضْرَبَ الْحِجَابُ عَلَى أزْوَاجِ النَّبِيِّ صَلَّى الله عليه وسلم فَدَخَلَ عَلَى عَائِشَةَ، رضي الله عنها، فَقَالَتْ لَهُ: "يَا أُصَيْلُ، كَيْفَ عَهَدْتَّ مَكَّةَ؟ قَالَ عَهِدتُّهَا قَدْ أَخْصَبَ جَنَابُهَا وَابْيَضَّتْ بَطْحَاؤُهَا. قَالَتْ: أَقِمْ حَتَّى يَأْتِيَكَ رَسُولُ الله صَلَّى الله عليه وسلم، فَلَمْ يَلْبَثْ أَنْ دَخَلَ عَلَيْهِ النَّبِيُّ صَلَّى الله عليه وسلم فَقَالَ: "يَا أُصَيْلُ، كَيْفَ عَهِدْتَّ مَكَّةَ؟" قَالَ: عَهِدْتُّهَا وَالله قَدْ أَخْصَبَ جَنَابُهَا، وابْيَضَّتْ بَطْحَاؤُهَا وَأَعْذَقَ إِذْخِرُهَا، وَأَسْلَبَ ثُمَامُهَا وَأَمْشَرَ سَلَمُهَا، فَقَالَ: "حَسْبُكَ يَا أُصَيْلُ، لَا تُحْزِنَّا"

   Усайл Ғифорий Ҳижоб ояти нозил бўлмасидан олдин Оиша онамизнинг олдиларига кирди. Оиша онамиз: "Эй Усайл Маккани қай ҳолатда кўрдинг", дедилар. Усайл: "Чекка жойлари яшнаб, Макка водийси эса қуриб қолган", деди. Шунда Оиша онамиз: "Расулуллоҳ келгунларича, кетмай тур", дедилар. Кўп ўтмай, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб қолдилар ва: “Эй Усайл Маккани қай ҳолатда кўрдинг", дедилар. Усайл: "Чекка жойлари яшнаб, Макка водийси қуриган. Хушбўй қамишлари кесилган. Сумома гуллари юлинган. Мевалари тарқалиб кетган", деган эди. Шунда Расуллуллоҳ: "Етар Эй Усайл. Бизни хафа қилма", дедилар.

   Демак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ўзларининг туғилган шаҳарларидаги танқис шароитни эшитиб сиқилдилар, эзилдилар. Бу ҳолат ўзи туғилиб ўсган маконни севадиган кишилардагина учрайди. Шундай экан, ватанимизни севиш ҳам бир суннат амал экан.

   Мана, қаранг, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадан ҳижрат қилишга мажбур бўлганда, Маккага қараб нидо қиляптилар:
قَالَ عَبْدُ اللهِ بْنِ عَدِيِّ بْنِ حَمْرَاءَ: رَأَيْتُ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم وَاقِفًا عَلَى الْحَزْوَرَةِ فَقَالَ: وَاللهِ إِنَّكِ لَخَيْرُ أَرْضِ اللهِ وَأَحَبُّ أَرْضِ اللهِ إِلَى اللهِ، وَلَوْلاَ أَنِّي أُخْرِجْتُ مِنْكِ مَا خَرَجْتُ.

  Абдуллоҳ ибн Адий ибн ҳамро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳазварада туриб олиб:

   «Аллоҳга қасамки, албатта, сен Аллоҳнинг энг яхши ерисан ва Аллоҳнинг Ўзига энг маҳбуб ерисан. Агар мен сендан чиқарилмаганимда чиқмасдим», деганларини эшитдим».

   Бошқа ривоятда эса:
عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ لِمَكَّةَ: مَا أَطْيَبَكِ مِنْ بَلَدٍ وَأَحَبَّكِ إِلَيَّ، وَلَوْلاَ أَنَّ قَوْمِي أَخْرَجُونِي مِنْكِ مَا سَكَنْتُ غَيْرَكِ. رَوَاهُمَا التِّرْمِذِيُّ.

   Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

   «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккага:

«Сен мен учун қандоқ ҳам хушҳол ва маҳбуб юртсан. Агар қавмим мени сендан чиқармаганларида, сендан бошқа ерни маскан тутмас эдим», дедилар».

   Демак, ким ватанни севса бир суннатга амал қилаётган бўлади. Ушбу суннатга амал қилиш орқали қиёматда улкан ажрларга эга бўлади.

   Баъзилар қаерда яшаш сен учун қулай бўлса, ўша жой сенинг юртинг бўлади, дейди. Бу нотўғри айтилган гап. Уни одатда соғлом шуъурдан маҳрум бўлган одам айтиши мумкин. Ҳақиқий инсон шароити зўр, барча имкониятларга эга бўлган диёрда яшаса-да, ўзининг туғилиб ўсган она ватанини соғинади, болалиги ўсган дамларни қумсайди. Халқимиз бежизга: «Ўзга юртга шох бўлгандан, ўз юртингда гадо бўл», демаган.

   Буюк ватандошимиз Муҳаммад Бобур раҳматуллоҳи алайҳ ҳам гарчи бир давлатда подшоҳ бўлиб ўтган бўлса-да, бутун умр ўз она юртини қумсаб яшадилар.

   Кўкча қабристонида дафн қилинган Алихонтўра Соғуний раҳматуллоҳи алайҳ Ватан инсон учун Аллоҳ томонидан берилган улкан неъмат эканлигини таъкидлаб, шундай деган эдилар:

«Ҳар бир кимсага маълумдирки, ҳаёт оламида инсоннинг энг севган, қадрли, қимматли тўрт нарсаси бордур. Бу тўрт нарсага эга бўлмаган кишилар инсонлик шарафидан маҳрум бўлурлар. Улар: ОЗОДЛИК ва ЭРКИНЛИК, меҳнат билан топилган молга ўзи ЭГАЛИК қилмоғи, туғилиб-ўсган она-Ватани ҳамда асрлар бўйи асраб-авайлаб келаётган муқаддас дини».

   Аллоҳ барчаларимизга юртни севиб, унга фидоий бўлишни насиб айласин!

 

Одилхон қори Юнусхон ўғли

 

Кун ҳикмати

Келинига зулм қилаётган қайноналар "Ҳаргиз Аллоҳ золимлар қилаётган амаллардан ғофил, деб ҳисоблама!" (Иброҳим сураси: 42) оятини ёдига келтирсин ва …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 217248
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24617