Титраётган қалб
Инсон зилзила, вулқон, тошқинлар-у уларнинг даҳшатини кўп кўрган. Аммо одам боласининг олдида рўй беражак яна бир зилзила борки, унинг қўрқинчи, ваҳшати аввалгилардан минг чандон қаттиқдир. Ана ўшанда инсон ўзига таниш бўлмаган, идрокига сиғмаган, сабр-тоқати кўтаролмаган манзарага дуч келади ва эсанкираган кўйи: “Ерга нима бўлди ўзи” деб қолади (Залзала сураси, 3-оят).
Бу қиёмат кунидир. У кунда метиндек мустаҳкам ер ҳам қаттиқ ларзага тушади, ичидаги хазинаю дафиналарни, инсон жасадларини чиқариб ташлайди. Мункайиб, мунғаяди, ҳатто суянса бўладиган суянч қидиради, титрайди.
Сўнгра инсон учун зилзиладан-да оғирроқ ҳолат юз беради: ер ўз хабарини сўзлашга тушади .
Хўш, у нималарнинг хабарини айтади? Унинг хабари устида ҳар бир эркак ва аёл нима иш қилганига шоҳидлик беришидир . Кейин ўша кунда одамлар уларга қилиб ўтган амаллари кўрсатилиши учун тўда-тўда бўлиб чиқиб келадилар! Бас, ким зарра мисқолича яхшилик қилса, ўшани кўради. Ким зарра мисқолича ёмонлик қилса, уни ҳам кўради .
Энг оғири мана шу. Шунинг учун Залзала сураси нозил бўлганида, Абу Бакр Сиддиқ йиғлаб юборганлар, Абу Саид Худрий: “Мен ўлиб, онам боласиз қолсайди!” деб надомат чекканлар. Инсоннинг баъзида шундай хунук амаллари бўладики, ҳатто кейинчалик уни ўзи эслашни хоҳламайди. Энди ўша ишлар ҳаммани измига бўйсундирган, қудрати улуғ зот Аллоҳ ҳузурида, оломон олдида кўрсатилса, нима бўлади? Барча ишларнинг хабари очилганидан кейин, жуда нозик тарози ишга тушади, зарра мисқолича яхшилигу ёмонликни қолдирмай тортади. Ҳа, у кунда зарралар устида иш боради.
Бу хабарга ишонган одам бир майда яхшиликни ҳам қолдирмайди, арзимас ёмонликни ҳам беэътибор санамайди. Балки унинг қалби ўша нозик тарозининг палласи каби титраб туради. Унинг ўхшаши зарра мисқолича яхши ва ёмон амаллар қаршисида ҳам титраб турадиган имонли қалбдан топилади.
Суннатуллоҳ