Тамакининг зарари ҳақида рақамлар ва фактлар
9.11.2017 7708

Набий салоллоҳу алайҳи васаллам даврларида ҳам, саҳоба ва тобеъинлар даврида ҳам тамаки ва нос деган нарсалар бўлмаган. Тўғрироғи, ўша даврда тамаки ҳали ер юзи бўйлаб тарқалмаган, фақат Америка ҳиндулари ва шу каби қабилалар истеъмол қилар эди. Тамаки маҳсулотининг бутун дунё бўйлаб тарқалишига Христофор Колумбнинг Америка қитъасига қилган сафари сабаб бўлган.

 

Асри саодат даврида тамаки маҳсулоти бўлмагани боис ҳам Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда тамаки ҳамда носнинг ҳаромлиги ҳақида бирор нарса дейилмаган. Аммо Қуръон ва ҳадисларда бу иккисининг ҳаромлигига далолат қилувчи кўплаб оятлар, ҳужжат-далиллар бор. Ким билсин, ҳали келажакда биз тузилиши ва номини билмайдиган аллақандай роҳат бериш воситалари чиқиб кетар. Агар улар кишини маст қилса, бўшаштириб, бош оғриғи ва кайф бериш хусусиятига эга бўлса, хамр ҳукмида ҳисобланиб, ўз-ўзидан харом бўлиб борверади.

 

Ҳужжат ва далиллар

Энди тамакининг ҳаромлигига далолат қилувчи ҳужжатларни келтириб ўтамиз.

Аллоҳ таоло айтади: “(Эй, Муҳаммад), Сиздан ўзлари учун нималар ҳалол қилинганини сўрайдилар. Айтинг: “Сизлар учун (барча) покиза нарсалар ҳалол қилинди”. (Моида сураси,4.)

 

Аъроф сурасида Набий салоллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарлик сифатлари келитирила туриб, шундай дейилади:

“У (пайғамбар) уларни яхшиликка буюради, ёмонликдан қайтаради ва пок нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади”. (Аъроф сураси, 157.)

 

Ушбу икки оятда Аллоҳ таоло бандаларига фвқат ва фақат пок нарсаларни ҳалол қилишни, гиёҳванд моддалар, тамаки, нос ва шунга ўхшаш ўзи нопок,ақл ва қалбга, баданга зарарли бўлган нарсаларни ҳаром қилишини таъкидламоқда.

 

Аллоҳ таоло буюради: “Ўзингизни ўз қўлингиз билан ҳалокатга ташламанг”. (Бақара сураси, 195.)

 

Тамаки ўзини ҳалок қилишнинг бир кўринишидир. Фақат бунинг асорати бирдан эмас, балки аста-секин, йиллар ўтиб кўринади. Бошқа оятда шундай дейилади: “ (Ҳалол ва покиза нарсалардан) енглар, ичинглар, фақат исроф қилманглар!” (Аъроф сураси, 31.)

 

Тамаки нопок ва зарарли бўлиши билан бирга, унда тайгина исрофгарчиликлар бор. Мисол учун, ҳар куни ўртача бир қути тамаки чекиш бир ярим соат вақтни олади. Бу ҳисоб бир йилда 23 кунни, 16 йилда эаса тўлиқ бир йилни ташкил этади. Бу умрни, вақтни исроф қилишдир! Шу сабаб ҳам Данияда тамаки чекилган вақт учун иш ҳаққи тўланмайди!

 

Ўртача нархдаги сигарет чекувчи бир йилда 150-200 минг сўм, ҳатто ундан хам кўп пулни сарфлайди. Бу пулни беҳуда сарфлаш, исроф қилишдир.

 

Тамаки ўраш учун қоғозларнинг энг сифатлиси ишлатилади. Агар бу қоғозлар китоб босишга сарф қилинса, анча-мунча китоблар нашрдан чиққан бўлар эди. Мисол учун, бир кашанданинг умр бўйи чеккан тамакиси қоғозига 300 минг бетлик китоб босиш мумкин.

 

Умму Салама розийаллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Набий салоллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир маст қилувчи ва бўшаштирувчи нарсадан қайтарганлар”. (Абу Довуд ва Байҳақий ривояти)

 

Тамаки таркибидаги никотин моддаси кишининг бошини айлантиради, унга кайф беради ва бу модда ўрганишни, хумор тутишни келтириб чиқаради.

 

Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу Набий салоллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “(Исломда) ўзига ҳам, ўзгага ҳам зарар етказиш йўқ!” (Ибн Можа, Дориқутний, Байҳақий “Сунанул кубро”да ривоят қилган).

 

Кашандалик ҳам ўзига, ҳам ўзгага зарар етказишдир. Тамаки тутуни таркибида 4000гаяқин зарарли моддалар бўлиб, буларнинг ҳаммаси инсон саломатлигига катта зиён келтиради. Буни янада яққолроқ тушуниш учун рақамларга мурожаат қиламиз. Кашандаларнинг болалари бир йилда тахминан, 80-90 қути тамаки чеккандек заҳарланади.

 

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Маълум бўлишича, тамаки чекилган хонада бир ярим соат турган чекмайдиган кишнинг қонида никотин миқдори етти баробар ортади.

 

Бир марта тамаки тутуни пуфлаш атрофни 70 миллиграмм кукун, 25 миллиграмм карбооксидбилан заҳарлайди.

 

Тамаки ва саломатлик

Ўтказилган тадқиқотлар шуни кўрсатадики, тамаки таркибида 4000 дан ортиқ киши саломатлигига ўта ҳавфли бўлган заҳарли модда ва бирикмалар бор экан.

 

Ҳозирда тамаки келтириб чиқарадиган касалликлар натижасида жаҳонда ҳар йили 5 млн.дан ортиқ одам вафот этмоқда. Бошқачароқ қилиб айтганда, ҳар саккиз сонияда тамаки чекишдан бир одам вафот этади.

 

40-50 ёшдаги кишилар орасидаги ўлим чекмайдиганларга нисбатан кашандалар орасида уч марта кўп бўлар экан. Доимий чекувчилар кўп яшамайди, уларнинг ярми ўрта ёшда, қолган ярми эса кекса ёшга етмай туриб нобуд бўлади.

 

Тамаки давоси йўқ бўлган 14та касалликнинг келиб чиқишига сабаб  бўлади. Жумладан, ўпка ва бронхларда пайдо бўладиган касалликларнинг 92 фоизини, оёқ томирлари деворининг қалинлашиб, торайиб, қон ўтмай қолиши натижасида содир бўладиган оёқ панжалари қорасон касаллигининг 95 фоизини, ошқозон ости бези ракининг 72 фоизини, қовуқ ракининг 70 фоизини келтириб чиқаради. Бундан ташқари, тамаки чекирш юорак инфаркти, мияга қон қуйилиши, ўпка сили касалликларининг келиб чиқишига ҳам сабаб бўлади.

 

Тамакининг нафас олиш аъзоларига келтирадиган зарарлари

 

Тамаки тутуни нафас йўлларида кўп йиллар давомида ўтаверганидан бурун, ҳалқум, хиқилдоқ, трахея, бронх ва бронхиолалар шиллиқ пардаларида яллиғланишлар вужудга келади. Аниқланишича, бир дона тамаки охиригача чекилганида 5 литр тутун ҳосил бўлар экан. Унинг бир сантиметрида 6000 дона қора қурум, 6000 дона қора мой томчиси бўлар экан. Буларни 5 литрга кўпайтирса, миллаиард-миллиард қора қурум ва қора мой томчилари мавжуд экани маълум бўлади.

 

Кашанда бир дона тамакини ўртача ҳисобда 15 марта тортиб, тутунини ўпкасига ютади. Агар у бир кунда 20 дона тамаки чекса, у ҳолда бир йилда 109 500 марта ўпкасига тутун ютиб, нафас олишни таъминлайдиган асосий аъзони заҳарлайди!

 

Тамакининг оёқ ҳаракатига келтирадиган зарарлар  

Йигирма дона тамаки чекилганда ярим литр ис гази ютилади, у қон томирларининг девори орасига қон қуйилиши сабабли унинг ҳужайраси ҳалок бўлади. Бундай ҳолат асосан оёқ томирларида кучлироқ кечади. Натижада, у торайиб, оёқ мушакларини қон билан таъминланишини ёмонлаштиради. Бу нарса, аввал панжаларда, сўнгра унинг юқори қисмларида қон айланишининг батамом тўхташига олиб келади. Тананинг бу жойларида қорасон (чириш) бошланади. Бундай кишиларнинг оёқлари бўғинма-бўғин юқорига қараб кесиб борилади.

 

Тамаки ва юрак касалликлари

 

Тамаки чекиш юрак- қон тоирлари каслликларининг асосий сабабчиси саналади. Кашандаларнинг ўлимининг 79 фоизи айнан юрак-қон томир касалликларидандир. Тамаки чекиш атеросклероз касаллигини вужудга келтиради.

 

Тамаки чекувчининг юраги чекмайдиган одамникига нисбатан       15 марта зўриқиб ишлашга мажбур бўлади.

 

Маълумотларга қараганда, юрак инфаркт миокарди касаллигига учраган 10 кишининг 9 таси тамаки чекувчи бўлган.

 

Тамаки ва рак касаллиги

 

Тамаки тутуни таркибидаги заҳарли моддалар таъсирида ўпкадаги ҳимоячи ҳужайралар ҳалок бўлиши сабабли тамаки таркибидаги канцероген – саратон касаллигини қўзғатувчи модда, радиоактив полоний, висмут ва қўрғошин каби моддалар ўпкада йиғилиб қолади ва саратоннинг пайдо бўлишига сабаб бўлади.

Олимлар ҳақиқатдан ҳам тамаки тутунидан саратон пайдо бўлишини исботлаганлар. Аниқроқ қилиб айтганда, чекувчилар чекмайдиганларга қараганда 20 марта кўпроқ ўпка раки билан касалланадилар.

 

Бу касалликлар бирдан эмас, кашанда тамаки чека бошлаганидан 10-15 йил ўтиб, пайдо бўла бошлайди. Киши бадани тамаки тутуни таркибидаги кўплаб заҳарли моддалар билан курашавериб, охири чарчайди ва бунда чекувчининг ёши 40 ларга бориб қолган бўлади.

 

Тамаки чекиш ўпка ракига сабаб бўлиши билан бирга, лаб ва оғиз саратонини ҳам келтириб чиқаради.

 

 

Одилхон қори Юнусхон ўғли

 
 


                                                

 

Кун ҳикмати

Келинига зулм қилаётган қайноналар "Ҳаргиз Аллоҳ золимлар қилаётган амаллардан ғофил, деб ҳисоблама!" (Иброҳим сураси: 42) оятини ёдига келтирсин ва …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 217563
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24642