Саҳобаларнинг фазилати ва ҳақлари
30.3.2017 6951



   Саҳобаларнинг фазли ва ҳақлари ҳақида гапиришдан олдин саҳоба ким эканлигини ўрганиб олишимиз керак.

  “Саҳобий” сўзи араб тилида “суҳбатдош”, “сафдош”, “тарафдор”, “ҳамроҳ” каби маъноларни англатади. Муҳаддислар истилоҳида саҳобий бу, “Расулуллоҳни кўриб, имон келтирган ва мусулмонлик ҳолида вафот этган кишидир”. Шунингдек, ҳали балоғатга етмаган бўлса-да, гапга тушуниб унга жавоб бера оладиган ёш бола ҳам саҳобий ҳисобланган. Масалан, Расулуллоҳни ўспиринлик чоғида кўрган Али ибн Абу Толибнинг ўғиллари Ҳасан ва Ҳусайн, Маҳмуд ибн Рабиъ кабилар ҳам саҳобийлар қаторида зикр этилади.

   Саҳобаларнинг бошқа инсонларга нисбатан фазли, энг аввало, Аллоҳ таоло уларни маҳбуб Пайғамбари ва охирги дини равнақи учун танлаб олишидир. Бу хусусда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:

  “Улар Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари, бу умматнинг афзалроғи, қалблари покроғи, илмлари чуқурроғи ҳамда такаллуфлари камроғидир. Аллоҳ таоло уларни Ўзининг Набийси учун юлдош, динини қоим қилиш учун танлади. Уларнинг фазлини билинглар ва уларнинг изига эргашинглар, имконингиз қадар уларнинг ахлоқи билан хулқланинг. Чунки улар тўғри ҳидоят узрадирлар”. (Розин ривояти)

   Аҳли сунна вал-жамоа эътиқодига биноан саҳобийларнинг энг улуғи Абу Бакр Сиддиқдир, улардан кейинги ўринларда Умар ибн Хаттоб, Усмон ибн Аффон ва Али ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳум)лар ҳисобланади.

   Хулафои рошидинлардан сўнг “ашараи мубашшара” (жаннат билан башорат берилган ўн киши)дан ҳисобланувчи Абдурраҳмон ибн Авф, Саъд ибн Абу Ваққос, Зубайр ибн Аввом, Талҳа ибн Убайдуллоҳ, Абу Убайда ибн Жарроҳ, Саъд ибн Зайдлар, кейин Бадр жанги қатнашчилари, сўнг Уҳуд жанги қатнашчилари, сўнг Ҳудайбиййя байъати иштирокчиларининг мартабалари юқори экани манбаларда таъкидланган.

Аёл саҳобиялар орасида энг улуғлари Хадича бинт Хувайлид ва Оиша бинт Абу Бакр (розияллоҳу анҳумо)лар ҳисобланади.

   Аёл саҳобиялар ичида Оиша (р.а.) энг илмлиси, деб эътироф этилган. Айни дамда, энг кўп ҳадис ривоят қилган аёл ҳам айнан Оиша (р.а.) ҳисобланадилар.
Барча саҳобийлар Қуръони карим ва Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг эътирофларига кўра, “одил” (“адолатли”, “ростгўй”) кишилар ҳисобланади. Бу борада ҳеч ким хусусан, муҳаддислар, фақиҳлар ва усулул фиқҳ олимлари ва бошқалар ихтилофга бормаганлар. Шунинг учун уларнинг адолати ҳақида баҳс юритилмайди.

Саҳобийларнинг фазли борасида Қуръони каримнинг бир неча сураларида оятлар келган. Жумладан:

  «Фатҳ» сураси 29-оят: «Муҳаммад Аллоҳнинг расулидир. У билан бирга бўлган (мўмин)лар кофирларга қаҳрли, ўз ораларида (мўминларга нисбатан) эса раҳм-шафқатлидирлар. Уларни (мудом) рукуъ ва сажда қилаётган ҳолларида кўрарсиз...».

  «Ҳашр» сураси 8-9 оятлари: «(У ўлжалар яна) ўз диёрларидан ва мол-мулкларидан ҳайдаб чиқарилган камбағал муҳожирларникидир, зеро, улар Аллоҳдан фазл ва ризолик истайдилар ҳамда Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига ёрдам берадилар. Айнан ўшалар (имонларида) содиқдирлар. Улардан (муҳожирлардан) илгари (Мадинадек) диёрда яшаган ва имонни сақлаганлар (ансорлар) эса ўзлари (ёнлари)га ҳижрат қилиб келган кишиларни суйгайлар ва дилларида уларга берилган нарса (ўлжалар) сабабли ҳасад сезмаслар ҳамда ўзларида эҳтиёж бўла туриб, (эҳсон қилишда бошқа муҳтожларни) ихтиёр қилурлар. Кимки ўз нафси бахиллигидан сақлана олса, бас, ана ўшалар (охиратда) нажот топувчидирлар».

  «Анфол» сураси 74-оят: «Имон келтирган, ҳижрат қилган ва Аллоҳ йўлида (ёвга қарши) курашганлар ҳамда (муҳожирларга) жой бериб ёрдам қилганлар, айнан ўшалар ҳақиқий мўминдирлар. Улар учун мағфират ва фаровон ризқ бордир».

  «Фатҳ» сураси 18-оят: «(Эй Муҳаммад!) Дарҳақиқат, Аллоҳ мўминлардан – улар дарахт остида Сизга байъат (қасамёд) қилаётган вақтларида – рози бўлди. Бас, У уларнинг дилларидаги нарса (садоқат)ни билиб, уларга хотиржамлик туширди ва уларни (Хайбар жангидаги) яқин ғалаба билан мукофотлади».

  «Тавба» сураси 100-оят: «Муҳожирлар ва ансорларнинг дастлабки пешқадамлари ҳамда улар ортидан эзгулик билан борганлардан Аллоҳ рози бўлди, улар ҳам Ундан рози бўлдилар» каби оятларни мисол сифатида келтириш мумкин.

Ҳадисларда ҳам саҳобийларнинг фазли ҳақида кўплаб ривоятлар келган.

Масалан: Имом Бухорий Абдуллоҳ (р.а.)дан ривоят қилган ҳадисда, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Одамларнинг (умматимнинг) энг яхшиси менга замондош бўлгани, сўнг улардан кейингилари», деганлар. Бошқа ривоятда «Менинг энг яхши умматим менга замондош умматимдир», деганлар. Мазкур ҳадисларнинг барчаси саҳобийларга қарата айтилган.

   Жумладан, Имом Бухорий Барро ибн Озиб (р.а.)дан ривоят қилган ҳадисда, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўзларига ҳадя қилинган нафис ипакдан қилинган энг яхши кийимни назарда тутиб: «Саъд ибн Муознинг жаннатдаги рўмолчаси бундан яхшироқдир» деганлар. Яна бир ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Ҳар бир умматнинг ишончли кишиси бор, бизнинг ишончли кишимиз эса, эй умматим, Абу Убайда ибн Жарроҳдир», деганлар. Бошқа саҳобийлар ҳақида ҳам шунга ўхшаш ҳадислар мавжуд.

   Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Асҳобларимни сўкманглар! Агар сизлардан бирингиз Уҳуд тоғича тилла садақа қилса ҳам, улардан бирларининг бир муд ё ярим муд садақасига тенглашолмайди» (Муттафақун алайҳ).

   Имом Муслимнинг бир ривоятида: «Асҳобларимдан биронтасини ҳам сўкманглар! Агар сизлардан бирингиз Уҳуд тоғича тилла садақа қилса ҳам, улардан бирларининг бир муд ё ярим муд садақасига етолмайди».

   Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким асҳобларимни сўкса, унга Аллоҳнинг, фаришталарнинг ва барча одамларнинг лаънати бўлсин» (Табароний ва бошқалар ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 2340).

   Тарихда содир бўлган баъзи ишларни саҳобалар тамонидан бўлган бўлса ҳам уларнинг исмлари зикр қилинмаган сабаби келажакда инсонлар томонидан уларни лаънатлаш, фазлини тушурувчилар топилмаслиги учун. Эътибор берсангиз шундай воқеъалар зикр қилинганда ҳеч бир саҳобанинг исми маълум қилинмаган. Кимгадир маълум бўлган тақдирда ҳам уларни камситиш, ҳақоратлаш, Расулуллоҳ замонлари шундай иш қилишликда айбламаслик керак. Бундай воқеъаларнинг жорий бўлиши шаръий ҳукмларни инсонларга баён қилиш учун бўлган. Ахир Пайғамбар с.а.в ҳам яхши ҳам ёмон ишларда ўрнак бўлмайдилар-ку, шу сабаб бундай ишлар саҳобалар томонидан содир бўлган бўлса ҳам уларнинг шаънини туширмайди.

   Увайм ибн Соида розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ таборака ва таоло мени танлади ва менга асҳоблар танлади. Мен учун улар ичидан вазирлар, ёрдамчилар ва қуда-андалар чиқарди. Кимда-ким уларни сўкса, унга Аллоҳнинг, фаришталарнинг ва барча одамларнинг лаънати бўлсин, қиёмат куни ундан на нафл, на фарз амаллари қабул қилинади» (Ҳоким «Мустадрак»да (3/632) келтирган ва иснодини саҳиҳ санаган, Заҳабий ҳам бунга қўшилган).

   Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким Менинг бир дўстимга душманлик қилса, Мен унга уруш эълон қиламан» (Имом Бухорий ривояти).

   Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади, у киши айтдилар: «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларини сўкманглар! Қасамки, уларнинг бир соат (пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга) турганликлари сизлардан бирингизнинг бир умрлик амалидан яхшироқдир» (Саҳиҳ сунан Ибн Можа: 133).

   Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши айтдилар: «Аллоҳ таоло бандаларнинг қалбларига назар солиб, улар ичида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қалбларини энг яхши қалб, деб топди ва у зотни Ўзи учун танлаб, Ўзининг рисолати билан юборди. Сўнгра Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қалбларидан сўнг бандаларнинг қалбларига назар солиб, у зотнинг асҳобларининг қалбларини энг яхши қалблар деб топди ва уларни Ўзининг пайғамбарига Унинг дини учун жанг қиладиган вазирлар (ёрдамчилар) қилди. Бас, мусулмонлар нимани яхши, деб кўрсалар, у Аллоҳ наздида ҳам яхшидир. Нимани ёмон деб кўрсалар, у Аллоҳ наздида ҳам ёмондир» (Аҳмад «Муснад»да (3600) ривоят қилган, шайх Шокир тахрижида иснодини саҳиҳ санаган).

   Имом Абу Ҳанифа «ал-Фиқҳ ал-акбар» асарида қуйидагиларни айтганлар: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг барча саҳобийлари яхши сўз билан эсга олинади». Имом Таҳовий (ваф. 321/933 й.) «ал-Ақида ат-таҳовийя» асарида эса: «Расулуллоҳнинг барча саҳобийларини дўст тутамиз. Дўст тутишда ҳаддан ошиб шахспарастликка ўтиб кетмаймиз. Улардан ҳеч кимни душман тутмаймиз. Уларни ёмон кўрувчиларни ёмон кўрамиз. Уларга фақат яхши сифатларни нисбат берамиз. Уларга муҳаббат боғлашлик – бу дин, имон, эҳсон белгисидир. Уларни ёмон кўришлик – бу куфр, нифоқ ва туғён аломатидир... Саҳобийлар ва тобеийлар фиқҳ ва ривоят аҳли бўлиб, улуғ мартабали зотлардир. Уларни фақат яхшилик билан ёд этиш лозим. Кимки уларга ёмонлик нисбатини берса, у ўта адашганлардандир», дейилган.

                          Д. Махмудова

Хадичаи Кубро аёл–қизлар ўрта махсус ислом билим юрти мударрисаси

Кун ҳикмати

Келинига зулм қилаётган қайноналар "Ҳаргиз Аллоҳ золимлар қилаётган амаллардан ғофил, деб ҳисоблама!" (Иброҳим сураси: 42) оятини ёдига келтирсин ва …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 219239
  • Саййидул-истиғфор дуосини ўрганамиз

    Аллоҳумма анта Роббий ла илаҳа илла анта холақтаний ва ана ъабдука ва ана ъала аҳдика ва ваъдика мастатоъту. Аъузу бика…

    17.12017 98233
  • Аллоҳ лаънатлаган пардоз

    Аллоҳ таоло Ўзи яратган барча жонзотлар ичида инсонни энг гўзал суратда яратганини таъкидлаб, Қуръони каримда шундай ха…

    19.32017 47242
  • ҚУРЪОН тиловати

    Қуръон ўқишдан аввал покланиб олинг. "Уни (Қуръонни) таҳоратли кишилардан ўзгалар ушламаслар" (Воқеа, 79). Қуръон ўқи…

    18.82016 45809
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24776