“Ўргимчак тўри”
16.7.2015 5418

 

          ХХI аср техника тараққиёти асри. Бу асрда инсон қўли билан яратилаётган кашфиётлар инсонларнинг жамиятда яшашини енгиллаштириб, уларнинг ҳаёт мазмунини таъминлаб бермоқда. Интернет тармоғида инсонларнинг виртуал муҳитдаги хатти - ҳаракатлари, уларнинг ўзаро суҳбатларини таъминловчи ижтимоий тармоқлар ҳам шундай кашфиётлар сирасига киради.


“The Roal Pingdom” таҳлилий компанияси маълумотларига кўра бугунги кунда Ер юзида 2,1 миллиард интернетдан фойдаланувчилар бўлиб, шундан 44 фоизи (922,2 миллион) Осиё минтақасига тўғри келмоқда. Бу кўрсаткич Европада 23 фоиз (476,2миллион), Шимолий Америкада 13 фоиз (271,1миллион)га яқин, Африкада 6 фоиз (118,6 миллион), Яқин шарқ минтақасида 3 фоиз (68,6 миллион), Австралияда эса 1 фоиз (21,3 миллион)ни ташкил этади. Шулардан тахминан етти юз миллион аҳоли ижтимоий тармоқдан фойдаланади, бу эса дунё аҳолисининг тахминан 10% ни ташкил этади.


Ҳозирда ривожланган мамлакатлар билан тенгма - тенг бўйлашаётган Ўзбекистонда барча соҳаларда бўлгани каби ахборот технологиялари соҳасида ҳам бир қанча ютуқларга эришилди. Мустақилликнинг илк йилларидан бошлаб таълим тизимига информатика фанинининг жорий этилиши, мамлакатимизнинг барча мактаблари, лицей ва коллежлар, Олий ўқув юртлари, давлат муассасалари, корхона ва ташкилотлар, даволаш масканлари энг замонавий ахборот технологиялар билан таъминланиши, юртимизда фаолият кўрсатаётган бир қатор провайдерларнинг аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини оширилиши юртимизда интернет тармоғидан фойдаланувчилар сонининг ортишига сабаб бўлди. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда тахминан 25 фоиз (7миллион) аҳоли интернет тармоғидан фойдаланади. Бундан кўриниб турибдики интернет тармоғидан фойдаланишда Ўзбекистон етакчи мамлакатлар қаторига киради.


Мамлакатимизда интернет тармоғидан фойдаланувчилар сони кўпайиб бораётгани бизни қувонтиради, албатта. Аммо ҳар бир кашфиётнинг ижобий томонлари билан бир қаторда унинг салбий тарафлари мавжуд. Буни ижтимой тармоқлар мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Ҳозирги кунда ижтимоий тармоқлардан фойдаланувчиларнинг кўпчилигини ёшлар ташкил эташини ҳисобга олсак, “ўргимчак тўри”нинг салбий тарафлари айнан ёшларга таъсир ўтказишини кўришимиз мумкин. Бугун дунё аҳолисини ларзага солаётган, миллатларни гомогенлашувга олиб келадиган, миллий маданиятни йўқ қилаётган глобаллашув жараёни ижтимоий тармоқларда ўз салбий таъсирини шундай ўтказмоқдаки, мафкуравий иммунитети шаклланмаган ҳар қандай мамлакат ёшлари унинг гирдобига тушиб қолмоқда.


Хўш, ижтимоий тармоқларнинг тузилиши қандай ва унинг салбий жиҳатлари нимада? Ижтимоий тармоқларнинг тузилиши, схемаси жуда содда бўлиб, шахсий саҳифалар асосан микроблог, баҳо, фотография, меҳмон, байрамлар, реклама ҳамда қидирув бўлимларидан иборат. Ижтимоий тармоқлардан фойдаланишда асосан ёрқин ранглардан фойдаланилади. Мисол учун ижтимоий тармоқларнинг энг кўзга кўринганларидан бири “Facebook” тармоғини олсак. Бугун “Facebook” ижтимоий тармоғидан фойдаланувчилар сони 1 миллиардни ташкил этади. Бу эса мажозий маънода аҳоли сони бўйича дунёда Хитой ва Ҳиндистондан кейинги учинчи виртуал мамлакат ҳисобланади. Энг даҳшатлиси Араб мамлакатларида содир бўлган қўзғолон ва тўнтаришларнинг ташаббуслари ва бошақаруви айнан “Facebook” ижтимоий тармоғи орқали амалга оширилган.


Ижтимоий тармоқдан фойдаланувчи киши тармоқдаги бошқа иштирокчилар билан виртуал ҳолатда мулоқотга киришгани сабабли, ўзини реал мулоқотдагидан кўра анча эркин ҳис қилади, шахсий саҳифасини ўзини хуш кўрган расмлари билан тўлдиришга, мақтов гапларини ёзишга ҳаракат қилади. Бир сўз билан айтганда у виртуал дунёда ўзини идеал тасаввур этади, бу эса унинг реал жамиятда инсонлар билан мулоқотида кўплаб муаммоларни келтириб чиқаради.


Кунлик белгиланган муддатдан ортиқ интернет ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланган кишиларда психологик қарамлик пайдо бўлади ва охир оқибат инсон онгини тўлалигича қамраб олади. Жамият ўртасида ўтказилган анкета сўровномаларда аксарият (32 фоиз) аҳоли ижтимоий тармоқлар инсоният учун маънавий, психологик, жисмоний, иқтисодий зарар келтиришини эътироф этишган.


Odnoklassniki.ru, mail.ru, znakomstva.ru каби ижтимоий тармоқлар универсал ҳисобланиб фойдаланувчи ундан бошқа сайтларга ўтиши, янгиликлардан хабардор бўлиши, ўйинларни ўйнаши, турли хил рекламаларни ўқиши мумкин. Ижтимоий тармоқдаги реклама сайтлари айниқса ёшларни ўзига тортади, чунки уларнинг кўпчилигини порнографик ахборотлар ташкил этади. Тадқиқотларга кўра ижтимоий тармоқдан фойдаланувчи ёшларнинг 28% порнографик сайтларга тобе бўлиб қолганлар, шунингдек, ижтимоий тармоқлардан фойдаланувчиларнинг ўз саҳифаларидаги расмларнинг 40 фоизини порнографик руҳдаги суратлар ташкил этади. Бу эса ўз навбатида ёшлар тарбиясига таъсир этиб, уларни аҳлоқий бузуқликка олиб келади. Қолаверса компъютер ва мобил алоқа воситаларидан режасиз яъни тартибсиз равишда фойдаланиш инсон соғлиғига ҳам путур етказар экан.


Ҳозирги кунда мобил алоқа воситаларидан нафақат катта ёшдагилар, балки аҳолининг энг ёш қатлами бўлмиш мактаб ўқувчилари, лицей ва коллеж талабалари ҳам фойдаланмоқда. Мобил алоқа воситасининг афзал жиҳатлари унинг кўп функциялилигида, лекин ушбу афзалликлар бугун мактаб, лицей ҳамда коллеж ўқувчиларининг зарарига хизмат қилмоқда.


Давлатимиз раҳбари Ислом Каримовнинг “Юксак маънавият енгилмас куч” асарларидаги “бугунги замонда мафкура полигонлари ядро полигонларидан ҳам кўпроқ кучга эга” деган таърифлари ўз тасдиғини топди. Хақиқатдан ҳам жамиятимизни хавотирга солаётган, миллий, диний урф-одатларни илдизларига болта ураётган ва ёшларни ўз домига тортаётган оммавий маданият тарғиботчилари учун ижтимоий тармоқлар мажозий маънодаги ядровий қурол вазифасини бажаряпти. Интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқлардаги жамоа, шахс, бузғунчи гуруҳларнинг информацион хуружлари, реклама ва эълонлар бунга мисол бўла олади.


Хўш, интернет ва ундаги ижтимоий тармоқларнинг салбий оқибатларини олдини олиш чоралари қандай? Ўқув даргоҳларида ахборот хуружи, ижтимоий тармоқларнинг салбий жиҳатлари мавзуидаги маруза ва семинар тренинглар узлуксиз равишда ташкил этилса, оммавий ахборот воситаларида ижтимоий тармоқларнинг салбий жиҳатлари доимий ёритиб борилса ва энг асосийси ота - оналар фарзандларининг тутаётган мобил алоқа воситаси, ўтказаётган бўш вақтларини доимий назорат қилиб боришса ёшларни “ўргимчак тўри” га ем бўлишликдан сақлаган бўламиз.


Жобир АСҚАРОВ

Кун ҳикмати

Келинига зулм қилаётган қайноналар "Ҳаргиз Аллоҳ золимлар қилаётган амаллардан ғофил, деб ҳисоблама!" (Иброҳим сураси: 42) оятини ёдига келтирсин ва …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 217175
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24613