Қовуннинг шифобахш хосиятлари
9.9.2015 8235

   Биз қовунни, ажойиб ширин мазаси ва тенги йўқ парҳезкор хусусиятлари учуни хуш кўрамиз. Унинг атрофга таралиб турган хушбўй ҳидли мағзида ҳазми енгил қанд, крахмал, оқсил, ҳар хил витаминлар, бириктирувчи моддалар, пектин, органик кислоталар, турли минерал тузлар мавжуд. Айниқса, унинг мевасида темир ва калий тузлари бор, шунинг учун ҳам қовун мевасини камқонликда, юрак қон томир касалликларини даволашда, жигар ва буйраклар касаллаикларини, шунингдек,подагра ва ревматизмни даволашда фойдаланилади.
    Қовун кремннийга бой. Олимлар инсон ҳаёти ва саломатлиги, организмдаги физиологик жараёнлар меъёрида кечиши бевосита кремний моддаси билан боғлиқ деб ҳисоблашади. У инсон организми қаттиқ тўқималари, териси ва сочининг ҳолатига таъсир кўрсатади. Кремний мия пўстлоғига, асаб тизимига, ичак деворларига, ошқозон-ҳазм йўлларига ва барча ички аъзолар тизимига таъсир кўрсатади.
   Қовунда бошқа полиз маҳсулотларидан фарқли ўлароқ С витамини кўпроқ мавжуд. Ундаги бириктирувчи тўқима моддаси ичаклар микрофлорасига ижобий таъсир кўрсатиб, организмдан холестерин моддасини чиқариб юборишга сабаб бўлади, овқат ҳазм қилишни яхшилайди.
   Қовун ёшартирувчи эффектга эга. Шарқда: “Қовун сочни бақувват қилиб, ялтиратади, кўзни ўткир қилади, лабларни таранг қилиб, инсонга куч қувват беради”, дейишади. Қовуннинг қоқиси ҳамма севиб тановул қиладиган деликатес.
  Одатда қовунни янги узиб олингани тановул қилинади, Бундан ташқари ундан мураббо, джем, мармелад, повидло, компот ва турли ширинликлар тайёрланади. Қовун полиз экини, иссиқсевар, ёруғсевар ўсимлик, қурғоқчиликка ва тупроқ шўрланишига чидамли. Жаҳондаги энг яхши қовунлар Ўзбекистонда етиштирилади. Халқ селекциясида унинг 150 дан ортиқ нави мавжуд. Ўзбекистонда экиладиган қовун навлари тўрт бота­ник турга мансуб: ҳандалак, амири, кассаба ва зард. Ҳандалак турига деярли барча эртапишар қовун навлари — Кўкча, Ҳандалак, Сариқҳандалак, Замчаваб, киради. Ами­ри турига барча ёзда пишадиган қовун навлари — Давлатбой, Тошлоқи, Даҳбеди, кассаба турига Бўрикалла, Гурвак, зард турига қишки қовун навла­ри (Умрбоқий, Қўйбош, Гулоби) ва бошқалар киради. Қовун янгилигида ейилади, қоқи солинади. Шинни, мурабболар қилинади. Тиббиётда бод, беланги, сил, камқонлик, зиқнафас, жигар ва буйрак касалликларини даволашда тавсия этилади. Теридаги сепкил, доғ ва бошдаги қазғоқни йўқотишда фойда қилади. Халқ табобатида подагра (никриз) га даво, пешоб ҳайдовчи, қабзиятдан холи қилувчи, асабни тинчлантирувчи омил сифатида қўлланилади. Ўзбекистонда қовуннинг 36 дан ортиқ нави районлаштирилиб, давлат реестрига киритилган (2004). Энг кўп экиладиган навлари: Оқуруғ, Асати, Бўрикалла, Кўктинна, Кўкча, Чўгари, Қизилуруғ, маҳаллий сариқ ҳандалак, Оби новвот, Шакарпалак ва бошқалар 

    Қовун қанд моддаси (13%), С, РР витаминларига, каротинга, фолий кислотасига, шунингдек, темир ва бириктирувчи моддаларга бой. Шу сабабли унинг шифобахш хусусиятилари қабзиятда, атеросклерозда, бавосилда, юрак қон томир, буйраклар ва қон касалликларида фойда беради.
    Қовуннинг шифобахш хусусиятларидан инсон организми асаб системасини мустаҳкамлаш учун кенг фойдаланилади.Қовуннинг мағзида серотин моддасини ишлаб чиқаришга хос бўлган “қувонч гормони” бор. Агар бирон нарсадан хафа бўлган бўлсангиз, икки карж қовун еб олинг – кайфиятингиз яхшиланади. Унда шунингдек, қон ҳосил қилиш учун ферментлар мавжуд, бу эса операциядан кейинги ёки ошқозон яраси хуружидан кейинги заифлашган организм тикланишига ёрдам беради. У пешоб ҳайдаш хусусиятига ҳам эга. Қовунда қанд моддаси кўп бўлганидан, қандли диабети ва жигар оғриғи бор кишилар унга ружу қўйишлари тўғри бўлмайди.


Қовуннинг тўйимлилиги


    Қовуннинг тўйимлилик қуввати (калорияси) бор-йўғи 100 грамига 35 кКал, шу сабабдан уни истеъмол қилишни барчага, жумладан тўлаликка мойил кишиларга ҳам тавсия этилади. Лекин у иштаҳани қўзғатади. Шунингдек, қовун қоқи истеъмолига ҳам ружуъ қўйиб бўлмайди, унинг 100 грамида 341 кКал бор. Уни меъёридан ортиқ истеъмол қилиш бадан ёғ босиб, семириб кетишига сабаб бўлади.
   Қовуннинг кимёвий таркиби асосан унинг навига боғлиқ. Унинг мағзида 16-20 % қанд, каротин, В9, С, Р витаминлари, А провитамини, катта миқдорда фолий кислоталари ва темир моддаси, пектин моддалари, турли ёғлар ва минерал тузлар мавжудлиги унинг шифобахшлигига сабаб бўлган омиллардандир.
   Мағзида ҳам, уруғида ҳам истеъмол қилиш учун тўлиқ яроқли бўлган 30 % гача ёғ моддалари мавжуд. Бундан ташқари қовун овқат ҳазм қилиш жараёнига ижобий таъсир кўрсатади, ундаги фолий кислотаси қон ҳосил қилишда иштирок этади. Қовун атеросклерозда, камқонликда, юрак, қон томир касалликларида жуда фойдалидир.
  Қовунни истеъмол қилиш қадимдан касалликларни даволашда кенг тавсия этиб келинган. Уни сил, ошқозон касалликлари, турли руҳий хасталикларда, ревматизм, подагра, шамоллаш ва йўталга қарши касалликларни даволашда, шунингдек гижжани ҳайдаб туширишда тавсия этилган. Қовун уруғи сутдаги дамланмасини халқ табобати билимдонлари пешоб тутилиб қолишида, қовуқда тош пайдо бўлишида, қовун шарбатини эса, қабзият ва бавосилда тавсия этишган. Қовун уруғининг сувда ивитилгани фаол пешоб ҳайдовчи, енгил ич сурувчи восита бўлиб, буйрак, жигар ва қовуқ учун жуда фойдалидир.
    Қовун чанқоқни босиб, асаб тизимини тинчлантиради. Унинг шифобахш хусусиятлари таркибида В9 ва С витаминлари, темир моддаси ва калий тузига бойлиги билан боғлиқ. Шу сабабдан ҳам мутахассис-диетологлар беморларда камқонлик, юрак, қон томир касалликларида, атеросклерозда, буйрак ва жигар касалликларини даволашда қовун истеъмол қилишни буюришади.
   Қовуннинг шифобахш хусусиятлари унинг етилиб, яхши пишганлиги билан боғлиқ. Масалан, етилиб пишмаган қовун – сапчани ейиш ошқозон яраси ёки гастрит касали бор кишиларга тавсия этилмайди. Оч қоринга ҳам қовун тановул қилиш тавсия этилмайди. Уни хатарсиз тановул қилишнинг тартиби овқат тановул қилиш орасида бўлиши яхшидир, бунда у бошқа тановул қилинган озиқ-овқат маҳсулотлари билан аралашиши яхшироқдир.
    Бугунги кунда диетологлар қовун истеъмол қилишни овқат ҳазм қилишни яхшилаш мақсадида тавсия этишади. Бундан ташқари у ажойиб гижжа ҳайдовчи воситадир. Бу албатта болалар учун фойдали.
    Шамоллаш ва турли иллатларни даволашда қовуннинг фойдаси Шарқда табиблар қадимдан қовундан шифобахш восита – дори сифатида фойдаланишган. Буюк бобокалонимиз Абу Али ибн Сино ўзига мурожаат қилган юрак, қон томир касалликлари билан оғриган беморларни қовун уруғи ва пўсти билан даволаган. Шунингдек, у буйракларда пайдо бўлган тошларни чиқариб юбора оладиган хусусиятларга эга эканлигини таъкидлаган.
    Европада кейинги йилларда организмни қовуннинг шарбати ёрдамида тозалаш кенг тус олди. Ҳар хил ортиқча ёқимсиз моддалар ва хилтлардан организмни тозалаш учун 20 кун давомида наҳорга, киши таъбига қараб, қовун шарбатига хоҳлаган мевасини қўшиб истеъмол қилинади. Огоҳлантириш: бу даволаш услубини албатта мутахассис шифокор маслаҳати билан қўлланилади.
   Қовуннинг аёллар соғлиғи учун фойдаси катта Қовунда мавжуд бўлганфолий кислотаси аёллар учунгина муҳим ва зарур бўлган модда бўлиб, унингсиз фарзандга соғлом она бўлиш меъёрида бўлолмайди. Аёллар, айниқса ҳомиладор аёллар овқатланиш рационларига қовунни қўшишлари зарур ва фойдалидир. Айтганча, қовунда мавжуд бўлган кремний суяк, соч ва терининг соғлом бўлиш мувозанатини таъминлайди. С витаминиусти-устига давом этган шамоллашдан заифлашган кишилар организмида иммунитетни мустаҳкамлайди.
   Ортиқча семиришнинг олдини олади Унинг паст калориялилигиортиқча вазндан қутилишда ёрдам беради. Лекин қанд касаллиги бор кишилар қовун таркибида қанд моддаси кўп бўлганлигидан, уни эҳтиёт бўлиб истеъмол қилишлари зарур.
    Асабларни мустаҳкамлайди Қовун мағзида серотонин деб аталувчи – “қувонч гормони” бўлган модда ишлаб чиқаришга сабаб бўладиган моддалар бор. Маъюс бўлиб қолган киши икки карж қовун еб олса, кайфияти яхшиланади.
   Организмни мустаҳкамлаб, иммунитетни кўтаради Халқ табобати рецептларида майдалаб, қовун уруғи янчиб истеъмол қилинса, организм мустаҳкамланиб, иммунитет кучаяди.

Маслаҳатимиз:


1. Қовун истеъмол қилгач, унинг кетидан совуқ сув, сут, қатиқ ва кефир ичманг.

2. Оч қоринга, наҳорга қовун еманг!

3. Ҳомиладор ва эмизикли аёллар қовун истеъмол қилишда огоҳ бўлишлари тавсия этилади, чунки қовуннинг кўп истеъмол қилиниши бола ичак йўлларида муаммо келтириб чиқариши мумкин.

       Қовун шунингдек бош оғриғини қолдиради, организмни тозалайди, инсоннинг умумий ҳолатини яхшилайди, иштаҳани очади, кайфиятни кўтаради. Шунингдек, яхши пишган, нитратлардан холи қовунни истеъмол қилиш фойдали ва мақсадга мувофиқ бўлади. Бундай қовун организм учун фақат фойда келтиради. Албатта, ҳар бир нарсада меъёр бўлиши керак. 


Жалолиддин Нуриддинов тайёрлади.

Кун ҳикмати

Келинига зулм қилаётган қайноналар "Ҳаргиз Аллоҳ золимлар қилаётган амаллардан ғофил, деб ҳисоблама!" (Иброҳим сураси: 42) оятини ёдига келтирсин ва …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 217228
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24617