ПИР ҚАЛЛОБ....МИ?
16.7.2015 4898

 

       Ёшлигимизда телевизорда Мирзо Улуғбекка бағишланган бадиий фильм кўп қўйиларди. Унда бир лавҳа бор эди. Муридлардан бири айтган “пирим қаллоб” иборасини унинг тўтиси “пи-и-рр-имм қаллоб” деб такрорлайди. Ўз вақтида мана шу ибора анча машҳур бўлиб кетган эди. Бу фильмни (тўғрироғи тўтининг гапини) эслашимизга, бундан бир неча йил аввал гувоҳ бўлганимиз бир воқеа сабаб бўлди.

Ўшанда юртдошларимиздан бири ўз атрофидагиларга “пирга қўл берганини, энди намоз ўқимаса ҳам, рўза тутмаса хам бўлаверишини, пирининг намози, рўзаси муридларига ҳам ўтавериши” хақида сафсата сотарди. Ёши менга нисбатан анча катта бўлгани боис, шунингдек билмай туриб гапириб юбориб, хато қилиб қўйишдан хавотирга тушиб, индамадим. Аммо мана шу суҳбат анча вақт ҳаловатимни йўқотди. Дин, жумладан тасаввуфга оид китобларни варақлаб чиқишга тўғри келди. Бирор бир китобда пирга мана шундай – муридлари учун намоз ўқиш, рўза тутиш каби ваколат берилгани учрамади. Содда халқимиз қаллоб пирларнинг макрига учраб қолмаяптимикан, деган андиша билан “бундан уларни огоҳлантириш керак”, деган ниятда қўлга қалам олдим.

Тўғри, тасаввуф ҳақида устозларимиз, диний уламоларимиз кўп ва хўп ёзишган. Шундай бўлса - да нима учун тўғри хулоса чиқарилмаяпти ва саводсиз “пирлар” бошқаларнинг бошини айлантиришда давом этмоқда? деган савол туғилади. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Айдарбек Тулеповнинг ёзишича (“Қишлоқ ҳаёти” газетаси 2015 йил 21 апрель) тасаввуф руҳий - маънавий покланишга даъват этувчи ғоялар силсиласи сифатида пайдо бўлиб, унинг намояндалари узоқ асрлардан бери инсониятнинг маънавий тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Кўплаб олиму уламо, фозилу фузало, давлат ва жамоат арбоблари ўзларини тасаввуф оламига дахлдор санаган, унинг покликка даъват қилувчи ғояларини халқ турмуш тарзига татбиқ этиш йўлида саъй - ҳаракат қилишган.

Аммо сўнгги вақтларда айрим кимсалар тариқатни мансаб, мол - дунё ортириш, муридбозликка айлантириб олдилар. Олим ва уламоларнинг сўзларига қараганда, бу шахслар тасаввуф таълимотининг ғояларидан анча узоқлашиб кетишган. Шайхлик мақоми мол-дунё тўплаш манбаи бўлиб қолаётганидан ҳам асло кўз юмиб бўлмайди. Муридлар томонидан пирларни кўкларга кўтариб улуғланиши, уларнинг тавоф қилиниши динимизда ҳам, тариқатда ҳам йўқ.

Тасаввуф тарихида юқори даражаларга кўтарилган улуғ шайхларнинг ҳаммаси шариат илмларининг устозлари бўлиб, тариқатга ўтмоқчи бўлганларни аввал шарьий илмларни эгаллашга даъват қилганлари маълум. Шу ўринда Аҳмад Яссавийнинг Ғафур Ғулом номидаги Нашриёт - матбаа бирлашмаси томонидан 1992 йилда нашр қилинган “Девони ҳикмат”ига мурожаат қиламиз. Китобнинг “Фақрнома” бўлимида шундай ёзилади:” Биздин сўнгра андоғ машойихлар пайдо бўлғайким, иблис алайҳил-лаъна алардин сабақ олғай ва ҳамма халқ аларға муҳиб бўлғай ва муридларини бошқара олмағайлар. Ул шайхларким, муридларидин тамаъ қилғай ва жонини куфру залолатдин айирмагай ва аҳли бидьатни яхши кўргай ва аҳли суннатни ёмон кўргай ва илми шариат бирлан амал қилмағай ва номаҳрамларга кўз солғайлар ва ёмонлиғ пеша қилиб, Аллоҳ таъолонинг раҳматидин умид тутқай ва машойихлар ишини хор кўргай, муридлари рад бўлғай, ўзлари муртад бўлғай ва яна хорлиқ - зорлиқ бирла муридларининг эшигида юругайлар. Ул ҳолда муридларидин ниёз олғайлар. Агар муридлари назру ниёз бермаса, урушқайлар”.

Ҳозирги кунда учраб тураётган муридларнинг ўз пирларини ҳаддан зиёд улуғлаётганига нима дейиш мумкин? Уларнинг пирдан бошқаларнинг сўзига кирмаслигига, муқаддас китобларга амал қилмай, уламоларнинг сўзларини тан олмай беписанд қарашларига қандай баҳо бериш керак? Бу такаббурлик эмасми? Қани бу ерда Аҳмад Яссавийнинг камтарлик хақидаги “туфроқ бўлгил” деган насиҳатлари?

“Фақрнома”да ёзилади: “Шайх Зуннун Мисрий раҳматуллоҳи алайҳ андоғ айтибдурларким, мурид қирқ йил хизмат қилмағунча, шайхлик ва фақирлик ва дарвеш ўрни анга таъйин бўлмас ва хирқа киймоғи онга раво эрмас. Ҳазрати Султон Хожа Аҳмад Яссавий андоғ айтибдурларким, ҳар ким пирлик ва шайҳлиқ даъвосин қилур бўлса, қирқ йил то пирнинг хизматида юрмагунча, шайх ўрни анга раво эрмас. Агар мурид олса, рад турур. Ҳар ким дарвишлиик даъвосин қилса, аввал Ҳақ амрина буйин сунуб, шариат амри бирла бўлғай. Ва ботил ишлардин ва бидъат ишлардин парҳез қилғай, кеча қиём бўлмағунча, кундуз хизмат қилмағунча, шайхлиқ даъвосин қилса, ботил турур. Агар тавба қилмай дунёдин борса, Ҳақ таъоло тамуғда турлук азобга гирифтор қилғай”.

Яна савол туғилади: “Ҳозир ўзларини пир деб атаётганлар қайси пирнинг хизматини қирқ йил қилибди?” Умуман улар “тариқатга шариатсиз кирганларнинг шайтон келиб имонини олар эмиш” дея насиҳат қилган Аҳмад Яссавийнинг, шунингдек, Саййид Амир Кулол, Саййид Умар, Саййид Барака, Хўжа Абдухолиқ Ғиждувоний, Хожа Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Убайдуллох Аҳрор каби буюк авлиёларнинг таълимотидан хабардормикан?

Бугунги кунда пирлик даъво қилаётган (тўғрироғи, одамлар кўнглига қутқу солаётган, мурид овлаш, давлату савлат илинжида тўрт томон изғиётган кимсалар) ва уларга қўл бераётган муридларга Аҳмад Яссавийнинг қуйидаги сўзларини яна бир бор эслатиб ўтиш керакка ўхшайди: “Шайх улдурким, ниёз олса, мустақиҳларға, ғариб, бечораға бергайлар. Агар олиб ўзи еса, мурдор эт емишдек бўлғай. Агар тўн қилиб кийса, ул тўн тўзғугунча Ҳақ таъоло намоз, рўзасини қабул қилмағай ва агар олған ниёзидин нон олиб еса, Ҳақ таъоло они дўзахда турлук азобга гирфтор қилғай. Ва агар андоғ шайхга ҳар киши эътиқод қилса, кофир бўлғай. Андоғ шайхлар малъун турур. Анинг фитнаси Дажжолдин бадтар, шариатда, тариқатда, хақиқатда, маърифатда муртад турур. Эй толиб, агар Ҳақни талаб қилиб, тобай десанг, ондоғ пирга қўл бергилки, шариатда орифи биллоҳ (Аллоҳни таниган киши) бўлса, тариқатда воқифи асрор бўлса, ҳақиқатда комилу мукаммал бўлса, маърифатда дарёи уммон бўлса, ондоғ пирга қўл бергилки, саодат бўлғай. Агар мурид шариат илмини билмаса, шариат илмини онга ўргатгай. Агар тариқатда ҳоли воқеъа пайдо бўлса, тариқат илми бирлан йўлға солғай ва ҳақиқат сиридан муридга йўл кўрсатгай. Маърифатда жазабан Ҳақ пайдо қилғай”.

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, Ислом илм динидир. “Хитойда бўлса хам илм изла” дейилади Ҳадиси шарифда. Тариқатдаман дегувчи айримларнинг илм ўрганишдан ўзларини олиб қочаётганлари аянчли ва ачинарлидир. Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва саллом)нинг “Аллоҳ таоло сизларнинг ташқи кўринишларингиз ва мол - мулкларингизга эмас, балки амалларигизга қарайди” деган ҳадисларига амал қилмай тариқат йўлига кирдим деб кийим - бошларини, юриш - туришларини ўзгартираётганларни хам асло оқлаб бўлмайди. Бир нарсани - тасаввуф ҳалоллик, меҳнатсеварлик, адолат ва ростгўйлик каби умуминсоний қадриятиларни ўзида мужассам этганини асло унутмаслик керак.

 

Шарофиддин Тўлаганов

Кун ҳадиси

Ўзига алоқаси бўлмаган нарсалар билан шуғулланмаслик кишининг Исломи гўзаллигидан даракдир (Имом Термизий ривояти, ҳасан ҳадис). Изоҳ: Ушбу ҳадиси ша…

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 217254
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24618