Пайғамбар алайҳиссалом буздирган масжид
4.6.2018 3376

Ушбу масжидни Мадинада яшовчи мунофиқлар тўдаси барпо этган эди. Уларнинг бу масжидни қуришдан мақсади мусулмонлар орасига нифоқ солишдан иборат эди. Қуръони Каримда ўша масжид Масжид ул-Зирор, деб аталган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу масжидни фитна учоғига айланиб улгурмасиданоқ буздириб ташлашни амр қилган эдилар.

Гап шундаки, Мадинада истиқомат қиладиган мунофиқлар Исломга зарар етказишнинг турли йўлларини қидириб, ўзлари тез-тез жамланиб турадиган бир марказга эҳтиёж сездилар, шунингдек, уларнинг ғаразли фаолиятидан ҳеч ким шубҳаланмаслиги керак эди. Мадиналик мунофиқларга масжид кўринишидаги ана шундай марказни қуриш ғоясини Византияга қочиб кетган Абу Омир ар-Роҳиб берган эди. Уни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам “фосиқ”, деб атаган эдилар.

Хуллас, ҳижрий 9 йил (милодий 630) мунофиқлар Қубо масжидидан унчалик узоқ бўлмаган жойда ўзларининг ўша масжидини қурдилар. Шундан кейин улар Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васалламнинг олдига келиб Мадинанинг марказий масжидига намозга қатнашга қийналаётган қариялар ва беморларга қулайлик бўлсин учун бир масжид қурганини айтиб, уни очиб беришларини илтимос қиладилар. Ўша вақтда Аллоҳ таолонинг Расули Табук жангига тайёрланаётгани боис жуда ҳам банд эдилар. Шунинг учун у зот масжидни урушдан қайтганларидан сўнг бориб кўришлари мумкинлигини айтдилар. Бироқ Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Табук жангидан қайтаётиб, Мадинага яқинлашганларида Тавба сурасининг қуйидаги оятлари нозил бўлди:

وَالَّذِينَ اتَّخَذُواْ مَسْجِداً ضِرَاراً وَكُفْراً وَتَفْرِيقاً بَيْنَ الْمُؤْمِنِينَ وَإِرْصَاداً لِّمَنْ حَارَبَ اللّهَ وَرَسُولَهُ مِن قَبْلُ وَلَيَحْلِفَنَّ إِنْ أَرَدْنَا إِلاَّ الْحُسْنَى وَاللّهُ يَشْهَدُ إِنَّهُمْ لَكَاذِبُونَ

107. Зиён, куфр, мўминлар орасига тафриқа солиш ва бундан олдин Аллоҳга ва Унинг Расулига уруш очган кимсани кутиш жойи бўлиши учун масжид қурганлар, албатта, биз яхшиликдан бошқа нарсани ирода қилганимиз йўқ, деб қасам ичарлар. Аллоҳ шоҳидлик берадики, улар, албатта, ёлғончилардир. (Мазкур мунофиқлар қурган масжиддан ҳеч қандай фойда йўқ эди. Чунки улар ўз масжидларини Муҳаммад (с.а.в.) биринчи бўлиб тиклаган Қубо масжиди ёнида қурган эдилар. Шунинг учун бу масжид Масжид ул Зирор–зиён масжиди, деб номланди. Бу масжиднинг куфр учун қурилди дейилишига сабаб мунофиқлар уни ўзларига марказ қилиб, куфр ишларини ривож топтириш мақсадида эдилар. Ояти карима маълум шахслар, маълум масжид сабабли тушган бўлса ҳам, унинг маъноси умумийдир. Мунофиқ ва кофирлар барча жойларда ва барча замонларда Исломга зиён етказиш учун, куфрни ривожлантириш учун, мўмин-мусулмонлар орасига тафриқа солиш учун, Аллоҳ ва Унинг Расулига уруш очганларга кузатиш жойи бўлиш учун кўплаб Масжидул Зирорлар қурганлар. Бу ҳолат динсиз давлатлардаги масжид ва диний муассасалар мисолида жуда ҳам равшан намоён бўлган.)

لاَ تَقُمْ فِيهِ أَبَداً لَّمَسْجِدٌ أُسِّسَ عَلَى التَّقْوَى مِنْ أَوَّلِ يَوْمٍ أَحَقُّ أَن تَقُومَ فِيهِ فِيهِ رِجَالٌ يُحِبُّونَ أَن يَتَطَهَّرُواْ وَاللّهُ يُحِبُّ الْمُطَّهِّرِينَ

108. Сен у (масжид)да ҳеч қачон турма! Албатта, биринчи кундан тақво асосида қурилган масжидда турмоқлигинг ҳақдир. Унда покланишни севадиган кишилар бор. Аллоҳ эса покланувчиларни севадир.

أَفَمَنْ أَسَّسَ بُنْيَانَهُ عَلَى تَقْوَى مِنَ اللّهِ وَرِضْوَانٍ خَيْرٌ أَم مَّنْ أَسَّسَ بُنْيَانَهُ عَلَىَ شَفَا جُرُفٍ هَارٍ فَانْهَارَ بِهِ فِي نَارِ جَهَنَّمَ وَاللّهُ لاَ يَهْدِي الْقَوْمَ الظَّالِمِينَ

109. Биносини Аллоҳга бўлган тақво ва Унинг розилиги асосида қурган кимса яхшими ёки биносини емирилаётган жар ёқасини асос қилиб қуриб у билан бирга жаҳаннам ўтига қулаган кимса яхшими? ВаАллоҳ золим қавмларни ҳидоя тқилмас.

لاَ يَزَالُ بُنْيَانُهُمُ الَّذِي بَنَوْاْ رِيبَةً فِي قُلُوبِهِمْ إِلاَّ أَن تَقَطَّعَ قُلُوبُهُمْ وَاللّهُ عَلِيمٌ حَكِيمٌ

110. Барпо қилган бинолари қалбларида шак-шубҳа ҳолида бардавом қолади. Магар қалблари қиймаланиб кетсагина шак-шубҳа қолмас. Аллоҳ билгувчи ва ҳикматли зотдир.

Бу вақтда мунофиқлар Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васалламнинг Табук ғазотидан қайтиб ўзларининг масжидини очиб беришларини кутаётган эдилар. Мадинага қайтган Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васаллам ушбу масжиднинг қурилишидан кўзланган мақсаддан хабардор бўлганларидан сўнг бир неча саҳобаларга уни бузиб ташлашни буюрдилар. Расули акрамнинг амрига мувофиқ саҳобалар масжидни буткул вайрон қилиб ёқиб юбордилар.

Шундай қилиб, мунофиқларнинг Исломга зарар етказишни ният қилиб қурган масжид қиёфасида қурдирган маркази бузилди ва уларнинг режаси барбод бўлди. Бу Ислом тарихида мусулмонларнинг масжидни биринчи марта бузиши эди. Бу иш шундан далолат берадики, Исломга ва мусулмонларнинг ҳамжиҳатлигига зарар етказиш ниятида қилинган ҳар қандай фаолият жавобсиз қолмайди.

 

Р.S. Ушбу масжид тарихи билан батафсил танишишни истаган диндошларимизга Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг “Тафсири ҳилол”идаги Тавба сурасининг юқоридаги ояти карималари шарҳини ўқишни тавсия қиламиз.

 

Робия ЖЎРАҚУЛОВА тайёрлади

Кун ҳикмати

Келинига зулм қилаётган қайноналар "Ҳаргиз Аллоҳ золимлар қилаётган амаллардан ғофил, деб ҳисоблама!" (Иброҳим сураси: 42) оятини ёдига келтирсин ва …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 218969
  • Саййидул-истиғфор дуосини ўрганамиз

    Аллоҳумма анта Роббий ла илаҳа илла анта холақтаний ва ана ъабдука ва ана ъала аҳдика ва ваъдика мастатоъту. Аъузу бика…

    17.12017 98178
  • Аллоҳ лаънатлаган пардоз

    Аллоҳ таоло Ўзи яратган барча жонзотлар ичида инсонни энг гўзал суратда яратганини таъкидлаб, Қуръони каримда шундай ха…

    19.32017 47197
  • ҚУРЪОН тиловати

    Қуръон ўқишдан аввал покланиб олинг. "Уни (Қуръонни) таҳоратли кишилардан ўзгалар ушламаслар" (Воқеа, 79). Қуръон ўқи…

    18.82016 45676
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24758