ҲОЖИ ЗИЙНАТЛАНИШИ КЕРАК БЎЛГАН ОДОБЛАР
8.9.2017 3693



Аслида ибодатлар инсонни тарбиялаш, ёмон хулқларни тарк қилиб яхши сифатлар билан хулқланишини таминлаш учун жорий қилинган. Бу ҳақда Аллоҳ Қуръонда шундай марҳамат қилади:

45] إِنَّ الصَّلَاةَ تَنْهَى عَنِ الْفَحْشَاءِ وَالْمُنْكَرِ [العنكبوت :

 

«Намоз фаҳш ва мункар ишлардан қайтаради».

 

Ҳаж ҳам худди шундай. Инсон гуноҳлардан бататмом поклангач, унинг қалби мусаффолашади ва ундан фақат ва фақат яхшилик ва эзгулик чиқади.

 

Биздан кўпчилик ҳажи мабрур ҳақида сўрашади.

 

Ҳаждан уйига қайтганидан кейин бугунги суҳбатимизда айтиладиган сифатлар қайси ҳожида топилса, ана ўшанинг ҳажи ҳажи мабрур бўлади.

 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳажи мабрурнинг мукофоти ҳақида:

 

الْحَجَّةُ الْمَبْرُورَةُ لَيْسَ لَهَا جَزَاءٌ إِلَّا الْجَنَّةُ

 

«Мабрур яъни беғубор ҳажнинг мукофоти жаннатдан бошқа нарса эмас», деганлар.
Ҳаждан қайтган ҳожиларда топилиши керак бўлган хулқлар

Биринчи:

 

Азиз ҳожилар биринчи навбатта шуни ёддан чиқармангларки, сизлар энди фалончи эмас, балки фалончи ҳожи бўлдингиз. Бу дегани олдинги қилиб юрган баъзи ёмон одатларингни тарк қил, дегани. Чунки энди халқ одоб, ахлоқни сиздан ўрганади. Сизни ўзига намуна ва андоза қилиб олади. Шундай экан, юртимизга қайтгандан кейин ҳар бир ҳожи ушбу масъулиятни ҳис қилиши ва ўзининг гўзал хулқи билан болаларни тарбиялаши керак!

 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам гўзал хулқли эдилар ва умматларини ҳам шунга тарғиб қилар эдилар. Муборак ҳадисларида гўзал хулқ инсонга катта ажрлар олиб келишини баён қилиб шундай дедилар:

 

« إِنَّ الْمُؤْمِنَ لَيُدْرِكُ بِحُسْنِ خُلُقِهِ دَرَجَةَ الصَّائِمِ الْقَائِمِ ».

 

«Мўмин гўзал хулқи билан кундузлари соим-рўзадор, тунлари эса қоим-таҳажжуд ўқувчи кишининг даражасини топади».


Иккинчи:

 

Ҳожи зийнатланиши керак бўлган кейинги одоб бу сўкиниш, лаънат айтиш ва ёлғон гапиришдан йироқда бўлиш. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада бизларга шундай деганлар:

 

عَنْ مُجَاهِدٍ قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : " إِنَّ الْمُؤْمِنَ لا يَكُونُ لَعَّانًا وَلا فَحَّاشًا وَلا كَذَّابًا " .

 

«Мўмин лаънатловчи, уят-фаҳш сўзларни сўзловчи ва ёлғончи бўлмайди».

 

Ўзи, аслида, мусулмон кишига ушбу учта ёмон хислат умуман ярашмайди. Энди у ҳожи бўлса, бу янада эҳтиёт бўлиши керак.
Аллоҳ барчага чиройли муомилада бўлтишга чақириб шундай деган:

 

83} وَقُولُوا لِلنَّاسِ حُسْنًا {البقرة:

 

«Инсонларга фақат чиройли сўзларни айтинглар».

 

Биз намуна олишимиз керак бўлган Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам умуман уят сўзлар, сўкиниш ва ёлғон гапирмаганлар.

 

Учинчи:

 

Охиратни ўйлайдиган бўлиши керак. Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳдан ҳажи мубрурнинг аломатлари ҳақида сўраганда:

 

أن تعود زاهدًا في الدنيا، راغبًا في الآخرة

 

«Ҳаждан дунёга нисбатан зоҳид ва охиратга нисбатан обид бўлиб қайтиши, ҳажининг мабрур бўлганининг белгисидир», деб жавоб берган эканлар.

 

Демак, ҳожи одам дунёпарас, дунёни деб охират амалларини тарк қилиб қўядиган, охират ишларига бепарво бўладиган инсон бўлмаслиги керак.
Чунки ҳожини шайтон охират ишидан чалғитмоқчи бўлганида, у Аллоҳнинг уйини, арафотда турганини, шайтонга тош отганини эслаб унинг васвасасига учмайди.

 

Тўртинчи:

 

Ҳожи зийнатланиши керак бўлган кейинги одоб тақводор бўлишдир. Ҳожи тақводорликда ҳаммага намуна бўлиши керак. Аллоҳ Қуръонда Ҳожилар сўядиган қурбонлик ҳақида гапириб, унинг кетидан улар хулқланиши керак бўлган энг олий сифатни эслатиб ўтади. 

 

37]لَنْ يَنَالَ اللَّهَ لُحُومُهَا وَلا دِمَاؤُهَا وَلَكِنْ يَنَالُهُ التَّقْوَى مِنْكُمْ [الحج:



«Аллоҳга (қурбонлик) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етиб бормас. Лекин у Зотга сизлардан тақво етар».

 

Ушбу оятда буюрилган ишнинг суратига эмас, моҳиятига эътибор қаратиш лозимлигини уқтирмоқда.
Аслида тақво сифати барча мўминларда топилиши керак. Ҳожида эса бу сифат икки ҳисса кўпроқ бўлиши керак.

 

Бешинчи:

 

Ҳожи ийнатланиши керак бўлган бешинчи сифат бу сийлайи раҳмга қаттиқ эътибор беришидир.
Аллоҳ Қуръонда ўзидан йироқ бўлган қавмларни зикр қилиб, улардаги энг ёмон сифатни баён қилишган.
Ҳажга бориб келган мўмин одам Аллоҳга энг яқин бўлиши керак. Бунинг учун эса Аллоҳдан энг йироқ бўлган қавмнинг одатидан йироқда бўлиши ва сийлайи раҳмни чиройли йўлга қўйган бўлиши керак.

 

Олтинчи:

 

Ҳожи қалби ва юзи иймонинг нури ила нурафшон бўлган, ҳамиша бошқаларга яхшилик улашадиган инсон бўлиши керак. Хусусан қўни-қўшниларига меҳрибон, уларнинг ҳолидан хабар оладиган инсон бўлиши керак.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг муборак ҳадисларида охиратга иймон келтирган мўминни васфини баён қилиб шундай деганлар:

 

«مَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ فَلَا يُؤْذِ جَارَهُ

 

«Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, қўшнисига озор бермасин!».

 

Еттинчи:

 

Ҳожининг яна энг муҳим бўлган сифатларидан бири бу меҳмондўслик сифатидир. Меҳмонни яхши кутиб олиш, уларнинг олдига уйидаги бор нарсадан қўйиш, ортиқча такаллуфсиз самимий муомила қилиш ва уларнинг келганидан хкрсанд бўлиш ҳожининг бошқалардан ажралиб турадиган сифати бўлиши керак.

 

Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам келган меҳмонни ҳурмат қилар ва уни иззат икром қилиб жўнатар эдилар.
Меҳмонга ёмон муносабатта бўлишдан қайтариб шундай деган эдилар:

 

وَمَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ فَلْيُكْرِمْ ضَيْفَهُ

 

«Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, меҳмонини икром қилсин!».

 

Саккизинчи:

 

Киришимли бўлиш. Ҳожи одам шундай бўлиши керакки, бошқалар у билан бемалол дўстлашадиган даржада табиати киришимли ва юмшоқ бўлиши керак.

 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларида:

 

عَنْ جَابِرٍ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : " الْمُؤْمِنُ يَأْلَفُ وَيُؤْلَفُ ، وَلا خَيْرَ فِيمَنْ لا يَأْلَفُ وَلا يُؤْلَفُ

 

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин дўст тутинади ва бошқалар ҳам у билан дўст бўлади. Дўст тутинмайдиган ва бошқалар ҳам у билан дўстлашмайдиган инсонда яхшилик йўқ», дедилар».
Агар хулқингиз сабабли кимлардир сиз билан дўстлаша олмаётган бўлса, ёки ўзингиз биров билан шу хулқингиз сабабли дўслаша олмаётган бўлсангиз бу қўрслигингизни ташланг ва ҳақиқиқий мўмин бўлиб инсонлар билан дўстона муносабатда бўлинг.

 

Тўққизнчи:

 

Ҳожи одам ҳамиша бошқаларга манфаат етказиш ғамида юриши керак. Зеро, ҳожи одам Аллоҳнинг уйини, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғулиб ўсган юртларини, дафн қилинган муборак қабрларини, арафотни ва бошқа охиратни эслатадиган жойларни зиёрат қилган. У оддий мусулмондан кўра савоб ишларни қилишда ғайратчан бўлади. Унда ўзига раво кўрган нарсани бошқаларга раво кўриш туйғуси кучли бўлади.

 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисда:

 

إنَّ لِلَّهِ عِبَادًا خَلَقَهُمْ لِحَوَائِجِ النَّاسِ، تُقْضَى حَوَائِجُ النَّاسِ عَلَى أيْدِيهِمْ، أُولَئِكَ آمِنُونَ مِنْ فَزَعِ يَوْمِ الْقِيَامَةِ«.

 

«Аллоҳнинг шундай бандалари бор. Аллоҳ уларни инсонларнинг ҳожатларини чиқариш учун яратди. Инсонларнинг ҳожатлари ўшаларнинг қўлларида чиқарилади. Улар қиёмат кунининг даҳшатидан омонда бўладилар», дедилар».

 

Шунинг учун Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ одамларнинг ҳожатини чиқариш муҳимлигини баён қилиб шундай деганлар:

 

"لأنْ أَقْضِيَ لِمُسْلِمٍ حَاجَةً أَحَبُّ إلَيَّ مِنْ أنْ أُصَلِّيَ أَلْفَ رَكْعَةٍ"

 

«Бир мусулмонинг ҳожатини чиқариб, унга манфаат етказишим мен учун минг ракат нафл намозни ўқишдан кўра яхшироқдир».

 

Ўнинчи:

 

Мункар ишни кўрганда уни қайтарадиган бўлиши керак. Ҳожи бўлиб келган одам ўзини дахилдор ҳис қилиши, жамиятдаги бир хатони кўрганда ундан кўз юмиб кетмасдан, ўша жойнинг ўзида ҳикмат билан бу иллатни даволаши лозим.

 

Зеро, ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг муборак ҳадисларида бу ҳақда шундай деган эдилар:

 

مَنْ رَأَى مِنْكُمْ مُنْكَرًا فَلْيُغَيِّرْهُ بِيَدِهِ، فَإِنْ لَمْ يَسْتَطِعْ فَبِلِسَانِهِ، فَإِنْ لَمْ يَسْتَطِعْ فَبِقَلْبِهِ وَذَلِكَ أَضْعَفُ الإِيْمَانِ».

 

«Кимки ножўя ишни кўрса, қўли билан ўзгартирсин. Агар унга қодир бўлмаса, тили билан ўзгартирсин. Агар унга ҳам қодир бўлмаса, қалби билан ўзгартирсин. Мана шу (учинчиси) иймонларнинг заифидир».

 

Хулоса қилиб айтганда, ҳар бир ҳожи, юртбошимиз таъбирлари билан айтганда, маънавиятли ва одамларга намуна бўладиган комил мусулмон бўлиши керак!

 

Аллоҳ барча мўминларни хусусан ҳожиларимизни юқорида санаб ўтилган гўзал сифатлар билан зийнатласин! Юртимизни тинч юртбошимизни омон қилсин!

 

Одилхон қори Юнусхон ўғли

Кун ҳикмати

Келинига зулм қилаётган қайноналар "Ҳаргиз Аллоҳ золимлар қилаётган амаллардан ғофил, деб ҳисоблама!" (Иброҳим сураси: 42) оятини ёдига келтирсин ва …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 217446
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24633