“Оқ ва қора”
11.1.2016 6280

      “Баъзан узоқлашмоқ керак, яқинлашмоқ учун. Эсламоқ керак, эсланмоқ учун. Йиғламоқ керакдир, очилмоқ учун. Сукут яхшидир, тингламоқ учун.”

Шамс Табризий

 


          Биз билганимиз ранглар иккига бўлинади – иссиқ ва совуқ. Оламнинг тарозиси ҳам иккиликка асослангандек гўё – яхшилик ва ёмонлик. Билганимиз оламлар ҳам иккита – фоний ва боқий. Фоний ҳаётдаги ҳаёт тарзимиз боқий ҳаётдаги икки манзилдан бирига йўлланма беради – ё жаҳаннам ёки жаннат! Одам боласи ана шу иккиликлар, оқ ва қора ўртасида доимий курашда. Унга танлаш ҳуқуқи берилди. Истаганини танлайди ва ўз танловига ўзи жавоб беради. Бу ҳақиқатни англаш учун унга тафаккур берилди. 

     Бугунги кундаги жамийки маънавий инқирозлар сабаби айрим одам болаларининг азалий тошу тарозида адашиб тафаккур йўлини эмас маънавий маҳдудлик йўлини танлаганидадир?! Бу биринчи савол. Бугун айримларнинг манқуртликка маҳкум этилиши ўша азалий тафаккур тарозисининг йўқотиб қўйилишидан бўлса ажаб эмас. Чунки бугуннинг одами учун “Охирги марта қайси китобни мутола қилдингиз?” деган саволдан кўра, шоубизнес юлдузларининг қайси рангни ёқтириши борасидаги савол қизиқроқдек гўё.
     Вознесенский ёзади; “Одамзодни ҳамиша қийнаб келган мангу саволларнинг унутилиши уни инсонийликдан маҳрум этади деб ўйлайман. Тош, ўсимликлар, ҳайвонларнигина саволи йўқ. Одамзодни, улардан фарқли ўлароқ ҳаёт ва ўлим мазмуни, умр-тирикчилик жумбоқларидан келиб чиқадиган саволлар қийнайди, тинчлик бермайди..... Фалсафанинг, айнан саволлар фалсафасининг унут бўлиши, уларнинг йиртма календарь савияси даражасида сийқаси чиққан тарзда баён этилиши маънавий меровлик, калтафаҳмлигу бачканаликнинг сабабчисига айланмоқда”.
     Мангу саволларнинг унут бўлишидан манфаатдор бўлганлар бугун саволнида жавобнида ўзлари беришмоқда. Натижада нима бўлаяпти? Натижада ҳар қандай ёвузликни эзгулик, эзгуликни эса ёвузлик деб аташ русум бўлмоқда. Бугун оммалашаётган ва давоси топилмаётган террор муаммоси фикримизга мисол бўла олади. Чунки, дунёда икки тоифа бор, бири террорни иносниятга қаратилган ёвузлик сифатида баҳолаб унга қарши курашади. Иккинчи тоифадагилар, террорни ўзларига касб қилиб олганлар, уларга кўра, уларнинг бу ҳаракатлари эзгу мақсад ва ғоя учун хизмат қилади. Албатта, таёқнинг иккита учи, танганинг икки томони бўлади. Дунё ҳам шунга ўхшайди. Бир томонда эзуглик бир томонда ёвузлик, улар ўртасидаги жанг қиёматгача давом этади. Буни тан оламиз аммо, террор муаммосининг моҳиятни англашга ҳаракат қилар эканмиз қарама-қарши томонлар ўратсидаги зиддиятларни келтириб чиқарувчиларни кўриб лол қоламиз ва беихтиёр Герастратнинг хўрози ҳақидаги ҳикоя эсимизга тушади. 

 

ГЕРОСТРАТ СИНДРОМИ ЁХУД ТЕРРОРИЗМ ҲАҚИДА

 

      Кўпчиликка аёнки Герастрат дунёнинг етти мўжизаси ҳисобланмиш Артемида ибодатхонасини ёқиб юборган. Кимлардир унинг бу ишини тарихда ном қолдириш учун қилинган дейди. Агар шундай бўлса у ниятига етди. Акс ҳолда уни ҳозир эсламаган бўлардик. Айтишларича Геростратнинг хўрозлар жанги учун тайёрланган хўрози бўларди. Эгаси учун бу хўроз жуда қадрли бўлиб, уни еру кўкка ишонмасди. Бу хўроз барча жангларда енгиб чиқиб Геростратнинг обрўсига обрў шуҳратига шуҳрат қўшишда давом этарди. Воқеа бундай бўлади. Кунларнинг бирида одатдагидек хўрозлар жанги бормоқда. Ҳар доимгидек Геростратнинг хўрози енгмоқда. Рақиб хўрознинг эгаси кутилмаганда Геростратнинг олдига келди ва хўрозим енгилаяпти агар рухсат берсанг кел, мен хўрозимга ғалаба дуосини ўргатай деди. Герострат худога ишонмасди. Шунинг учун майли ўргатавер деди. Шу тариқа унинг рақиби танафуслар билан уч бора дуо ўргатди ва унинг хўрози ғалаба қозонди. Ҳамма ҳайрон, худога ишонмайдиган Герострат худога ишонадиган бўлди. Чунки унинг ақли бу мағлубият олдида ожиз қолганди. Кейинчлик эса Геростратнинг олдига бир киши келиб, “Сени алдашди чунки хўрозлар жанги пайти рақибинг хўрозига ғалаба дуосини ўқимади, балки, уч сафар худди хўрозига ўхшаш хўрозларни найранг билан майдонга туширди. Сенинг хўрозинг эса навбат билан чиқарилган 4 та хўроз билан олишди ва натижада енгилди”. Бу гапларни эшитган Геростартнинг ғазаби қайнади, кўзига бутун олам қоронғу кўриниб кетди. Уни алдашганди. У фақат бир гапни такрорларди “Наҳотки худони ҳам алдаш мумкин бўлса”. Бир мунча муддат диний анъаналар ва қадриятлар кўзига яхши кўринган бўлса энди бу қадриятлар билан боғлиқ жамиийки нарсаларга нисбатан нафрат ҳиссини туйди. Ҳатто дунёнинг етти мўжизаси сифатида эътироф этилаётган Артемида ибодатхонаси ҳам ёлғончи ва олчоқ кимсаларнинг макони бўлиб кўринди. Шунинг учун у Артемида ибодатхонасига ўт қўйди. Албатта биз келтирган бу ҳикоя билан Геростратни оқламоқчи эмасмиз устига устак бу хўроз воқеаси бўлиб ўтанглигига ҳам тўла кафолат бера олмаймиз. Фақат эътиборингизни ҳикоядаги асосий жиҳатга қаратмоқчимиз холос. Герострат ҳам қайсидир маънода ўз даврининг террорчиси эди. Ўша пайтлар ҳам, бугун ҳам инсоният бу каби бузғунчиларга қарши курашиб келади. Бу кураш аксар ҳолларда бир томонлама амалга оширилади. Яъни, мавжуд муаммони бартараф этиш курашнинг асосий қисми, аммо муаммонинг келиб чиқиш сабаблари, “Геростратлар”ни юзага чиқарадиган омиллар билан деярли ишимиз йўқ. Терорчими демак устидан ҳукм ўқилади ё осилади ёки отилади. Агар у топилмаса жилла қурса телеканаллар орқали ота онаси чиқиб боласини оқ қилгани ҳақида маълум қилади. Кўзимиз фақат Геростратларни кўрар экан биз бу муаммони енга олмаймиз балки фақат унинг сояларига қарши курашамиз холос.

 

БИЗ КИММИЗ?

 

     Бу саволни беришдан мақсад, ёшларимизни Геростратларга айланмаслиги ва уларнинг онг шуурини “Герострат синдроми” эгаллаб олиб Ҳасан Саббоҳдан буён бугунги кунгача давом этиб келаётган сохта жаннат ваъдасига алданмаслигидир. 

     Биз киммиз? Ҳа, биз ўша бутун ислом олами эътироф этган Бухорийлар, Нақшбандийлар авлодимиз. Шундай экан, аллақандай Абу Бакр Бағдодий каби саҳройиларга эргашиб, уларнинг қўлидаги Геростратларга айланмаслигимиз учун ҳам бу саволни такрор ва такрор ўзимизга бериб туришимиз керак.
      Албатта бутун инсониятнинг устидан ўз ҳукмини ўқиётган гуруҳлар саҳналаштираётган ўйиннинг бир пардаси айнан шу террор билан изоҳланади. Ўз юртига ўзи жиҳод эълон қилиб, ўз диндошларини қираётганлар феноменини биз юқорида “Герострат синдроми” ибораси билан изоҳладик. Тўғри Герострат аламига чидай олмасдан ёки тарихда ном қолдиришнинг энг осон йўли сифатида ибодатхонага ўт қўйган. Бугун шаҳидлик белбоғини кияётган худкушларга эса жаннат ваъда қилинмоқда. Чунки бу анъана минг йиллар авал Ҳасан Саббоҳдан мерос. Айнан Яқин Шарқда ўта изчиллик билан уюшган терорчилик гуруҳларининг асосчиларидан бири ҳам Ҳасан Саббоҳ бўлади.


ҲАСАН САББОҲ ҲАҚИДА...


     Ҳасан Саббоҳ XII аср бошларида яшаган бўлиб, туркий сулолардан бўлган салжуқийлар даврига тўғри келдаи. У туғилган Рай шаҳри исмоилийларнинг асосий марказларидан ҳисобланиб, Ҳасан ҳам исмоилийлардан эди. Ёшлигидан илм талабида бўлган Ҳасан Саббоҳ дин илми борасида анча мувафақиятларга эришди. Унинг асосий ютуқларидан бири бу салжуқий султон Маликшоҳнинг амалдорларидан бири сифатида кўтарилиши эди. Ёш султон барча ишда вазири Низомулмулкнинг маслаҳатларига таянарди. Низомулмулк тарихда машҳур давлат арбоби ва “Сиёсатнома” асарининг муалифи сифатида ном қолдирган. Ҳасан Саббоҳнинг унга нисбатан ҳасаду адовати кучлилиги боис султон ва Низомулмулк орасини бузишга ҳаракат қиларди. Аммо, бу ҳаракатлари зое кетиб, у саройдан қувилади. Шундан кейинги бутун умрини Низомулмулкдан ўч олиш мақсади билан яшади. У ўз одамлари билан бирор бир қишлоқни талар, бугунги тил билан айтганда террор уюштириб, одамларни ўлдириб, болаларини етим қолдирарди. Кейинчалик эса у болаларни ўзининг машҳур Аламут қалъасига олиб келиб ўз мақсади йўлида тарбияларди. Бу болаларга ота онанингизни Низомулмулк ўлдирди, қишлоқларингизни ҳам у вайрон қилди дея уларни қасос руҳида вояга етказарди. Бу болалар ўз даврининг энг мукаммал ёлланма қотиллари бўлиб етишар ва фидоий номини олишарди. Фидоийлар тарихий манбааларда ассасинлар ҳам деб аталади. Қачонки улардан бирига бирор бир қотиллик ёки жиноий вазифа юкланишидан олдин уни гиёҳванд модда билан бехуш қилар, сўнгра беҳиштсимон бир жойга олиб бориб, бир муддат айшу ишрат ва маишатда ўтказгандан кейин қайтариб аввалги жойига олиб келарди. Ҳасан Саббоҳ бу фидоий билан суҳбат ўтказиб, кўрганлари жаннат эканлиги, унинг каромати туфайли бир муддат бўлсада жаннатни кўришга муяссар бўлганлигини уқтирарди. Энди топширилган вазифани бажарда жаннатга равона бўл деб уни кузатарди. Хожасининг олдидан чиққан фидоий эса жаннатга тушиш васвасаси ва йиллар давомида ўт олиб келаётган қасос ўти билан жон фидо қилиб бўлсада мудҳиш жиноятларни содир этарди. Маълумотларга қараганди Ҳасан Саббоҳ тайёрлаган бу фидоийлар, яъни ассасинлар дин ва давлат арбобларидан 48 кишини ўлдирганлар. Аббосий халифалардан Ал-Мусаршид, Ар-Рашид Хожа Низомулмулк ва ўғиллари Аҳмад ҳамда Фахрулмулклар шулар жумласидандир. Кейинчалик Аламут қалъаси мўғил саркардаси Хўлагу томонидан забт этилиб, уларнинг террорчилик ва сиёсий фаолиятига барҳам берилган.

 

ИСЛОМ ХОИНЛАРИ


     Хоинлик нима дегани? Ватанга, миллатга, ота – онага ва яқинларига хиёнат қилиш ва уларнинг юзига оёқ қўйиш. Бироқ, яна шундай хиёнат борки у туфайли башарият асрлар оша қирғинбарот урушлар гирдобида қолмоқда. Бу муқаддас динга ва эътиқодга қилинган хиёнатдир.
     Ислом барча мусулмонлар учун муқаддас дин ҳисобланади. Аммо, ислом ниқобида мусулмонларни қонини тўкаётган бир тоифа борки уларнинг Ислом динига бўлган бу хоинлигини қандай тушуниш мумкин? Бугун дунёни ташвишга солган Ироқ ва Шом ислом давлати ана шундай хоин тоифалардандир. Биз эса мусулмон дунёсининг тинчлиги ва унинг қадриятларини оёқ ости қилаётган бу ёвуз ташкилотнинг асл қиёфасини ва мақсадларини мантиқан очиқлашга жазм қилдик.
      ИШИД нинг асл илдизлари қаерда? Нега у қисқа муддат ичида шунчалик кучайиб бормоқда? Унинг диний, сиёсий-ғоявий ақидалари нимадан иборат? ИШИД каби ёвуз тоифаларнинг сифатлари Ҳазрати Али ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳунинг сўзларида баён қилинган.
    "Қачон қора байроқларни кўрсангиз, жойларингиздан қўзғалманглар. Қўлларингизни қимирлатманг, оёқларингизни ҳам. Сўнгра бир қавм пайдо бўлур. Улар заифдирлар (Бу ердаги "заифлик" дин маърифатида заиф, аҳлоқда заиф, аҳлоққа амал қилишда заиф, деган маъноларни ўз ичига олади), эътиборга сазовор эмаслар. Уларнинг қалблари темирнинг зангига ўхшайди. Улар давлат соҳибларидир (яъни давлат тузишга иштиёқмандлар). Аҳдга вафо қилмаслар, келишувга ҳам вафо қилмаслар. Ҳаққа чақирурлар, лекин ўзлари ҳақ аҳлидан эмаслар (Ислом динининг кўрсатмаларига чақириб, ўзлари унга амал қилмайдилар). Исмлари кунядир(Абу Бакр, Абу Муҳаммад, Абу Мусанна кабилар). Нисбатлари қишлоқларгадир (Бағдодий, Зарқовий, Тунисий, Яманий, Канадийлар каби). Сочлари аёлларнинг сочига ўхшаб осилиб туради. Улар охири бориб ўзаро ихтилоф қиладилар, сўнгра Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳақни кимга хоҳласа, ўшанга беради" 

Нуъайм Ибн Ҳаммод «Ал-Мотеъ ал-фитан” (“Катта фитналар») 1 жилд 210 саҳифа

 

      Франциялик сиёсатшунос Фредерик Анселнинг фикрича, “Ироқ ва Шом ислом давлати” ва “Ал-Қоида” ўз ғоясига кўра бир-биридан фарқ қилади. Масалан, ИШИД теократик бўлса-да, ҳудудий давлат тузишга ҳаракат қилади. “Ал-Қоида” вазиятдан келиб чиқиб, турли ҳудудларда иш олиб боради. Шу нуқтаи назардан қараганда, ИШИД кўпроқ толибонларга ўхшаб кетади”. Айнан мана шу хусусияти билан ИШИД мусулмон олами учун энг хавфли террор уюшмаси ҳисобланади. Шу ўринда савол туғилади, улар таянадиган ақидавий таянч ғоялар нималардан иборат?
       ИШИД мусулмон Шарқини ҳеч бир истисносиз ёппасига куфр аҳлига чиқармоқда. Уларнинг бу ақидалари ҳам хаворижларнинг Азориқа фирқасининг ақидаси билан бир хилдир. Азориқа фирқаси ҳам ўз даврида ўзлари яшаётган жойдан бошқа жойларни куфр диёри ва у ерда истиқомат қилувчиларни куфр аҳли деб даъво қилганлар. Ҳатто, бошқа мусулмонлар билан қуда-анда бўлишни, мерос олишни ва улар сўйган жонлиқларнинг гўштини ейишни ҳаром деб ҳисоблаганлар. Ўзларидан бошқа мусулмонларнинг қони ва молини ҳалол санашган. Бугунги кундаги ИШИДнинг фаолияти ҳам Азориқа фирқасининг ёвуз ғоялари билан бир хил. Ҳатто, ИШИД аъзоларидан бўлган Абу Туроб ал Муқаддасийнинг “Аллоҳнинг иродаси ила шайхимиз Ал Бағдодий раҳнамолигида Маккани оламиз, Каъбани бузиб, уни тавоф этувчиларни ўлдирамиз” каби сўзлари нафақат мусулмонларни балки бошқа динларга эътиқод қилувчиларни ҳам ларзага солади.
     Ироқдаги вазият ўзгармас экан, Яқин Шарқдаги мувозанат тамоман бузилиши мумкин. Чунки, Ироқ ва Шом Ислом Давлатининг “зафарли” юришлари қўшни мамлакатлардаги радикал қарашдаги гурухларни тўлқинлантириб юбориши табиий. Бу ИШИД ҳаркатлари Атлантика океанидан Ҳинд океанигача бўлган минтақаларни қамраб олишини англатади. Яъни, Шимолий Африканинг деярли барча мамлакатлари, ғарбда - Нигерия ва Камерун, шарқда - Чад, Судан, Эфиопия ва Сомали Ироқ ва Шом Ислом Давлатининг таъсирига тушиб қолиш эҳтимоли кучли. Мабодо террорчиларнинг бу режаси амалга ошгудек бўлса, қанчадан-қанча қурол-яроғ, инфратузилмалар, катта миқдордаги пул радикалларнинг қўлларига ўтади ва мусулмон дунёси учун бундан ортиқ фожеа бўлмаса керак.
      ИШИД каби гуруҳларни Суриядаги Башар Асад режимига қарши курашда қўллаб қувватлаган кучларнинг ўзи ҳам ҳозирги вазият олдида лол. Албатта кечагина ташкил қилинган бир жангари гуруҳ бошқариб бўлмас даражада нафақат Асад режимига балки бутун мусулмон оламига хавф солиши ИШИДни қўллаган мусулмон ва Ғарб давлатларининг тушларига ҳам кирмаган бўлса керак. Яна савол ортидан савол келаверади. Нега бундай бўлди? Мусулмон оламида халифалик даъвосидаги ташкилотларнинг тузилиши ва уларга эргашувчи инсонларнинг онгига бу каби ёвузликни сингдириш қандай кечди?
       Учинчи кучлар томонидан Яқин Шарқда беқарор вазиятни юзга келтириш ҳар доим ҳам жуда осон бўлган. Бу эса асосан қуйидаги омилларда кўринади. Биринчидан: Мусулмон Шарқидаги ислом динига эътиқод қилувчи халқларнинг турли мазҳаб ва йўналишларга мансублиги. Иккинчидан: Аҳолининг асосий қатламини ёшлар эканлиги. Учинчидан: Мусулмон Шарқида юзага келган “араб баҳори” дан олдин бу ҳудудларда ахборот хуружлари натижасида юзага келган медиа инқилоблар ҳисобланади.

      Ушбу уч омил бир бирига жуда боғлиқ. Жамият ахборот хуружларидан ҳимоя қилинмас экан, қони қайноқ бўлган Шарқ ёшларининг онгида диний мафкуравий таъсирлар ёрадамида инқилоб тўлқинларни пайдо қилиш ҳеч гап эмас. Бу тўлқинлар натижасида оммавий зиддиятларга бой тўқнашувлар келиб чиқар экан, учинчи кучларнинг манфаатларига хизмат қилувчи, халқнинг онг шуурини ва ҳиссиётларини бошқариш кучига эга бўлган экстримиситик кайфиятдаги диний радикал ташкилотларга замин яратилади.
       Дарвоқе ўтган асримизнинг хотимасида юртбошимиз И. А. Каримов бутун инсониятни, “Мафкура полигонлари ядро полигонлариданда даҳшатли кучга эга” деб огоҳлантирганди. Бугунги ИШИД муаммоси ҳам айнан президентимиз назарда тутган мафкура полигонлари сабабидандир. Яратганга шукрлар бўлсинки Ўзбекистон мустақил бўлгандан сўнг юртбошимизнинг ташабусси билан ёшларга оид оқилона давлат сиёсати ишлаб чиқилди. Бу сиёсат замирида ёшларимизни ёвуз ниятли ғоявий мафкуравий кучларга бериб қўймаслик стратегияси ётиши бизнинг ютуғимиздир. Аммо, бугунги глобаллашув жараёнларида ахборот оқимини назорат қилиш имконсиз. Шу туфайли бугунги кунда ИШИД каби террорчилик уюшмаларини ортида турган ғоявий кучлар айнан ахборот хуружларидан фойдланмоқдалар. Бу борада ИШИД ахборот олиш ва тарқатиш борсидаги энг муҳим восита бўлган интернет тармоғига суянсоқда. Шундай экан интернет тармоғи орқали дунёнинг чекка бир нуқтасидан туриб Ўзбекистонлик ёшларга қармоқ ташлаб ўтирганлардан огоҳ бўлиш бурчимиздир.
       Шунинг учун балки, биз бугун глобал ахборот воситаси ҳисобланган интернет тармоғи бўйича стратегик фильтр дастурини ишлаб чиқишимиз керак бўлади. Биргина мисол бугун интерент тармоғида хавфсизлик ташкилотлари томонидан мукаммал ишлаб чиқилган ўзбек тилида фаолият юритадиган сайтлар бўлиб, Улар террорчи ғояларни тарғиб ва ташвиқ қилмоқда. Бундай сайтлар ўрганар экансиз, беихтиёр даҳшатга тушасиз. Уларнинг мақсади инсон, хусусан ёшлар онгига психологик таъсир кўрсатиб, ёшларни ўз ота онасига ва Ватанига қарши қурол кўтаришга қодир манқуртлар тайёрлашдан ўзга нарса эмас. Фикримизнинг исботи сифатида мисол келтирамиз. Бу каби сайтлардан бирида “Онанинг ўғилга мактуби” номли саҳифа эълон қилинди. Бу мактубда она ўз ўғлини жиҳодга чорлаётганининг гувоҳи бўламиз. Она ўз жигарбандини бегуноҳ инсонлар қонини тўкишга ундамоқда. Қайси она бундай қила олади, ҳеч бир она бундай қила олмайди, айниқса ўзбек онаси. Аммо, сайтни ортида турганлар “она” мотиви воситасида ёшларнинг онгига жуда кучли таъсир кўрсатишни, шу йўл орқали манқуртлар сафини кенгайтиришни мақсад қилганлар.
        Муаммонинг шакли-шамоили, олиб келиши мумкин бўлган оқибатлари бир қадар тафаккур қилган одам учун тушунарли. Нима қилиш керак? Вабо сингари тез тарқалаётган бу иллатнинг давоси нима? Бир соғлом жамият сифатида бу касалликнинг танамизга кириб келмаслиги учун қандай чораларни қўллашимиз лозим? Бу саволлар бугун жамиятнинг ҳар бир аъзоси бош қотириши керак бўлган катта саволлар. Бу муаммога юзаки қараш мумкин эмас. Агар шундай қилинса, юзаки қаралса, оқибати аянчли бўлган кечирилмас хато бўлади.
       Бугун биз учун бошқалар курашмайди. Мени тинчлигимни кимдир сақлаб бериши керак деган қалоқ қарашлар ортда қолди. Бу вабога қарши бирикиб, бирлашиб, бир мушт, битта тугун бўлиб кураш олиб боришимиз керак. Ҳар ким ўзи, оиласи, фарзандлари, яқинларининг бу гирдобга тушиб қолмаслиги учун ҳаракат қилиши керак.
      Агар биз яқинларимизнинг, фарзандларимизнинг дунёвий ва диний тарбиясига эътиборсиз бўлар эканмиз, бунга бошқалар эътибор қилишади ва истаганларидек тарбия қилишади. Бўш қолдирилган басиратимиз косасини истаган нарсалари билан тўлдиришади. Агар биз ўз ҳаёт йўлимизни, тарзимизни танламас эканмиз, бошқалар танлаб берган ҳаёт тарзини яшашга мажбур бўламиз. Чунки имкониятлар бой берилган бўлади.
        Шуларнинг ҳаммасини англаган ҳолда қилинган эътиборсизлик эса – ҳиёнат билан тенгдир!

 

 

Абдукарим МИРЗАЕВ

2015 йилнинг "Энг фаол маънавият тарғиботчиси" совриндори

Кун ҳикмати

Келинига зулм қилаётган қайноналар "Ҳаргиз Аллоҳ золимлар қилаётган амаллардан ғофил, деб ҳисоблама!" (Иброҳим сураси: 42) оятини ёдига келтирсин ва …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 218801
  • Саййидул-истиғфор дуосини ўрганамиз

    Аллоҳумма анта Роббий ла илаҳа илла анта холақтаний ва ана ъабдука ва ана ъала аҳдика ва ваъдика мастатоъту. Аъузу бика…

    17.12017 98147
  • Аллоҳ лаънатлаган пардоз

    Аллоҳ таоло Ўзи яратган барча жонзотлар ичида инсонни энг гўзал суратда яратганини таъкидлаб, Қуръони каримда шундай ха…

    19.32017 47170
  • ҚУРЪОН тиловати

    Қуръон ўқишдан аввал покланиб олинг. "Уни (Қуръонни) таҳоратли кишилардан ўзгалар ушламаслар" (Воқеа, 79). Қуръон ўқи…

    18.82016 45623
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24744