Омочдан космик кемагача
12.12.2015 4475

   Замон шитоби тез. Одамзот омочдан тракторгача бўлган масофани, эҳтимол, олти минг йилда босиб ўтгандир. Трактордан космик кемагача бўлган йўлни эса, бор-йўғи олтмиш йилда босиб ўтди. Ҳайратланарли тезлик (Бу ўринда яна шуни қўшимча қилишни истардимки, омочни ўйлаб топган одам ҳам ўз даврининг академиги бўлган).
   Олти-етти йил бурун Мисрда бир олим вақтнинг энг кичик бўлагини кашф қилгани учун Нобель мукофотини олди. Ўйланиб қолдим. Хўш, вақтнинг энг кичик бўлаги топилганда нима ўзгарар экан? Барибир, ўша соат – соат, дақиқа – дақиқа, лаҳза – лаҳза ўз ўрнида қолавермайдими? Суриштириб кўрсам, бу кўп нарсага таъсир кўрсатаркан. Ушбу кашфиёт ҳозирги компьютерларнинг иш бажариш шиддатини ҳам кескин ўзгартириб, кемалар тезлигини бир неча баробар ошириб юбориши исботланибди.
    Шундай шиддатли жараёнда яна бошқа бир нарсани ўйлаб қоласан... Бундан беш минг йил аввал далада омоч тортаётган одамнинг кулгуси билан ҳозирги фазога учаётган одамнинг кулгусида қанча фарқ бор? Йиғисида-чи? Меҳрида ё нафратида-чи? Минг йил аввал бешикка суяниб, чақалоғини эркалаётган аёл билан гўдагини суяётган ҳозирги аёлнинг фарзандига меҳр беришида қанча фарқ бор? Албатта, омоч билан космик кема орасидаги фарқ даражасида эмас. Декарт: “Дунёни ўзгартириш мумкин, лекин инсон табиатини асло ўзгартириб бўлмайди”, деган. Шундай деймиз-у, барибир тезлик, глобаллашув ва хилма-хил ахборот оқимлари одамларга ўз таъсирини ўтказмай қўймас экан.
    Болалигимда бобом билан эшакка мингашиб, қишлоқ-қир ошиб, ошналариникига меҳмонга борар эдик. Дастурхонда ноз-неъматлар бисёр, лекин на ароқ бор, на шароб, аммо гурунглар қизигандан қизиб, узоқ давом этарди. Меҳмонхонада на видео, на DVD, лекин бу давраларнинг чўғи эса тонготаргача сўнмас эди. Ҳар ҳафтада бобом билан қайсидир қишлоққа кимникигадир гурунгга боришга ошиқар эдим. Қизиқ, шунча юриб, бобомнинг бирон марта шошилганини ҳам ёки ошналарининг бетоқат бўлганини ҳам ҳеч эслолмайман. Уларнинг юриш-туришлари ҳам, атрофга қарашлари ҳам, гурунглари ҳам вазмин ва хотиржам эди. Улар ҳам бекорчи одам эмасдилар. Ишлари ҳам бизникидан кам бўлмаган бўлса керак. Ҳозир “Нексия”да ўттиз дақиқада боришим мумкин бўлган жойга бобом билан тўрт-беш соатда борар эдик. Лекин у жуда хотиржам эди. Энди қушдай автомобилдаги ўттиз дақиқалик йўлга ҳам тоқат қилолмаймиз. Шунга ўн беш дақиқада етиб олсак, деймиз. Ўн беш дақиқада етсак ҳам, барибир бетоқат бўлаверамиз. Яна қаергадир шошиламиз. Еламиз. Югурамиз. Натижа эса – бетоқатлик.
   Эътибор қилганмисиз, кўчада дуч келиб қолган яқин танишимизга ҳам: “Яхшимисиз? Уйдагилар тинчми? Болалар омонми?” деган гапларни автоматга ўхшаб айтамиз. Танишимиз ҳам мобил телефонидаги автожавобчидай бир хил жавобни тўтидай такрорлайверади. У билан енгил-елпи сўрашяпмиз-у, аслида унинг ҳол-аҳволи билан қизиқмаймиз. У билан заррача ишимиз йўқдай, миямиздаги магнитофонга йигирма йилми, ўттиз йилми аввал ёзиб қўйилган гапларимизни “қўйиб” кетаверамиз. Очиғини тан олайлик, бундай пайтларда кўпинча тилимиз ҳам, дилимиз ҳам гапирмайди, миямиздаги магнитофон гапиради. Кўчада дуч келган таниш миясидаги магнитофонга ҳам аллақачонлар жавоблар ёзиб қўйилган. Биз ҳол сўрашимиз билан у ҳам магнитофонини “қўйиб” юборади. Ленталар анча эскириб қолган, янгилаб қўйишга эса вақт йўқ. Сохтагарчилик самимиятни ўлдиради. Одамларни бир-биридан совутади, узоқлаштиради.
   Нега шундай? Бунинг сабаби нима? Нима учун муносабатларимиз тобора сохталашиб боряпти? Нега бир-биримизни тинглашга, англашга ё тушунишга тоқатимиз йўқ. Бундай шошма-шошарлик, ҳовлиқмачилик ва бетоқатликнинг боиси не? Менинг назаримда, одамларда ахборот очлиги авжига чиқди. У ғийбатми, олди-қочдими, бўҳтонми, сафсатами, фарқи йўқ, ахборотни эшитсак, олсак, бўлди. Унинг фойда-зарарини ҳам, увол-савобини ҳам тарозига тортиб ўтирмаймиз. Олинган ахборотни таҳлил ҳам қилмаймиз. Бунга вақт йўқ. Чунки яна янгиларини эшитиш керак-да. Уларнинг икки мингтаси кўзимиздан киришга навбат кутаётган бўлса, уч мингтаси қулоғимиздан киришга навбатда турибди. Ахборот очлиги инсонни ахборот қулига айлантиради.
    Бу нарсалар кўпчиликнинг китобдан узоқлашишига сабаб бўляпти. Бу – тафаккурдан узоқлашиш, тафаккурдан узоқлашиш эса одамнинг ўз-ўзидан узоқлашишидир. Ҳозирда ўзини йўқотиб қўяётганлар қанча! Ҳали фикрлашга ўрганиш, қарашларни тарбиялаш учун китобдан кўра яхшироқ воситани одамзот ўйлаб топгани йўқ. Ҳеч нарса унинг ўрнини босолмайди. Бугунги глобаллашув жараёнида хилма-хил ахборотлар бўҳронида тараққиётни инсон қалби ҳимоясига хизмат қилдира билишимиз керак. Бу ҳар кимнинг ўз тафаккури билан боғлиқ.

 

 

Эшқобил Шукур

Кун ҳадиси

Ўзига алоқаси бўлмаган нарсалар билан шуғулланмаслик кишининг Исломи гўзаллигидан даракдир (Имом Термизий ривояти, ҳасан ҳадис). Изоҳ: Ушбу ҳадиси ша…

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 217694
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24655