Одамлар ва одамгарчилик
17.12.2015 4947

Одамгарчилик, кишиларнинг бир-бирларига беминнат меҳр-оқибат кўрсатиши халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган. Аждодларимиз ҳеч качон бировга кўз-кўз қилиш учун яхшилик килишмаган.

 

“Ўткунчилардан бири”


    Улуғ адибимиз Абдулла Қодирийнинг "Ўткан кунлар" романини яқинда қайтадан ўқиётиб, бир жумлага келганимда, беихтиёр сергакландим. Нега илгари шу жойига диққат қилмаган эканман. Эсингизда борми, Отабек Тошкентдан уйланиб, Марғилонга борган чоғида, сохта хатга ишонган қайнотаси уни уйига киритмай, эшик олдидан қувиб юборади.
    У Қутидорнинг эшиги ёнида турган пайтда отини кўчада ечиқ қолдирган эди. Мажҳул кайфиятда қайтиб отга минаётганида от юрмайди. Шундагина "...боя юриб кетган отини ўткунчилардан бири боғлаб кетганини эслади".
    Бир қараганда оддий ҳолат: Нотаниш бир кимса ўтиб кетаётиб, эгаси ечиқ қолдирган отнинг қочиб кетмаслиги учун уни толга боғлаб кетган. Ўша одам эҳтимол Отабекни ҳам, Қутидорни ҳам танимагандир. Отабек унга раҳмат айтмаган, ўз навбатида ўша нотаниш одам бу иши учун ҳеч қандай миннатдорчилик кутмаган. Шуниси аниқки, у - ўз юртдошимиз, миллатдошимиз.

 

Эшик ортидаги бўш челак


    Қадимда деҳқонлар полизнинг атрофини четан девор билан ўрасалар-да, бир четини атайин бузиб қўйишган: ўтган-қайтган кириб шу полиз ҳосилидан баҳраманд бўлсин учун. Ёхуд, уйда эркак киши бўлмаганда, аёллар сув келтириш учун ташқари чиқишмаган, балки бўш идишларни дарвоза олдига чиқариб қўйишган. Йўловчилар бу ҳолатни дарров тушуниб идишни сувга тўлатиб кетишган.
    Қизиғ-а, йўловчилар ўзлари танимаган, билмаган хонадон бекаси учун яхшилик килиб кетишади. Уй бекаси ҳам идиши сувга тўла турганини кўриб, бу ишни ким қилганини билмаса-да, унинг ҳақига дуо қилади. Мана сизга одамгарчиликнинг энг содда ва ёрқин ифодаси.

 

"Ўнг қўлинг килган ишни чап қўлинг сезмасин"


    Нега мисолларни нуқул тарихдан қидиряпмиз? Ҳозир бу фазилатлар камёб бўлиб боряптими? Йўқ. Оққан ариқ оқмай қолмайди. бу қадриятларимизни эъзозлаб, эл-юртнинг дуосини олиб келаётган юртдошларимиз кўп.
    Бир тадбиркорни биламан. Ишнинг кўзини биладиган одам. Хайр-саховатни ўзига пеша килгани учунми, иши тобора ривож топиб боряпти. Яқинда шу киши ўзи ўкиган мактабни капитал таъмирдан чиқариб берди. Маҳалласидаги шифохонага ҳар йили катта миқдорда ёрдам кўрсатади. Ҳар йили Наврўз, ҳайит байрамлари арафасида катта тўй бериб, тумандаги йигирма-йигирма бешта кам таъминланган оилаларниг боласини суннат қилдиради. Боқувчисини йўқотган, ногирон ва кексалар ҳамиша унинг эътиборида.
      Мен унинг эзгу ишлари ҳақида жуда кўп маротаба мақола ёзмоқчи бўлиб борганман. Ҳар гал мени йўлдан қайтаради:
- Ҳожати йўк, қилаётган ишларимни қўз-кўз қилишни ёқтирмайман. Мен бу ишларни бировларга мақтаниш, риё учун эмас, виждон амри билан қиляпман. Илтимос, мен ҳақимда асло ёза кўрманг!

 

Гўшт суяксиз бўлмайди.


      Афсуски, орамизда, бировга оқибат кўрсатишни истамайдиган, қилдек ишини филдек бўрттиришга интиладиган сохта "ҳиммат" эгалари ҳам йўқ эмас. Оддий мисол: мискин қўшнисини иккита нон билан йўқлашга ярамайдиган айрим бойларимизнинг тўй-тантаналари қандай ўтиши ортиқча таърифу тасвифга муҳтож эмас. Садақа бериш учун чўнтак ковлашга оғринадиган бундай кишилар тўю маъракаларида этаклаб пул сочишларини яхши биламиз. Қозон-қозон ош дамлаб, дунёнинг етти иқлимидан келтирилган ноз-неъматлар билан дастурхон безатиши ҳам маълум.
     Фалон минг долларга "хизмат" қиладиган машҳур ҳофизларимизнинг ўн-ўн бештасини қаторлаштириб қўшиқ айттиришлари ҳам бор гап. Булар нимадан далолат? Албатта, кибр-ҳаво, ҳою ҳавасдан! Бундай дабдабаю асъасасани ҳамма кўради, эл оғзида дув-дув гап бўлади. Ночор қўшнининг уйига бир коса ош чиқарганингни ким билиб ўтирибди?
     Афсуски, идрок ва тафаккурини ана шундай такаббурона саволлар эгаллаган кимсаларга одамгарчилик ва меҳр-окибатдан баҳс юритиш бефойда. Бунақа пайтда кексаларимиз "ўзи инсоф берсин-да" деб қўя қолишади. Нимаям дердик, элимизнинг бахтига ўз аъмолини фақат эзгуликка, беғараз олижанобликка бахшида этган кишиларимиз омон бўлишсин.

 

Иқбол ҲУМОЮН

Кун ҳикмати

Келинига зулм қилаётган қайноналар "Ҳаргиз Аллоҳ золимлар қилаётган амаллардан ғофил, деб ҳисоблама!" (Иброҳим сураси: 42) оятини ёдига келтирсин ва …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 218713
  • Саййидул-истиғфор дуосини ўрганамиз

    Аллоҳумма анта Роббий ла илаҳа илла анта холақтаний ва ана ъабдука ва ана ъала аҳдика ва ваъдика мастатоъту. Аъузу бика…

    17.12017 98126
  • Аллоҳ лаънатлаган пардоз

    Аллоҳ таоло Ўзи яратган барча жонзотлар ичида инсонни энг гўзал суратда яратганини таъкидлаб, Қуръони каримда шундай ха…

    19.32017 47154
  • ҚУРЪОН тиловати

    Қуръон ўқишдан аввал покланиб олинг. "Уни (Қуръонни) таҳоратли кишилардан ўзгалар ушламаслар" (Воқеа, 79). Қуръон ўқи…

    18.82016 45586
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24740