Неъматлар илдизи
17.4.2016 4275

   Кишининг салоҳияти ва яхшилиги албатта, ўзидан кейинги авлодларида ризқ, барака, илм, қобилият ва ҳоказолар кўринишида акс этади. Солиҳлик ва тақво бамисоли мевали дарахт. Уни бугун экасиз, тагини суғорасиз, лекин у йиллар ўтиб ва йиллар давомида ширин мевалар беради. Каҳф сурасида келтирилган Мусо алайҳиссалом билан Хизр алайҳиссалом қиссасида ҳам бу ҳақиқатга ишоралар бор. Мусо алайҳиссалом билан Хизр алайҳиссалом юриб-юриб бир шаҳарга етиб келишганда, шаҳар аҳли уларни меҳмон қилмайди, бошпана ҳам бермайди. Улар нима қиларини билмай, ҳайронага учраб турганларида қулаб тушай деб турган бир деворни кўриб қолишади. Бу шаҳардаги иккита етим болага тегишли харобага айланган бир уйнинг девори эди. Хизр алайҳиссалом қўллари билан ҳалиги деворга бир ишора қилган эдилар девор қулаб тушди. Яна бир ишора билан уни янгидан тиклаб қўйдилар. Бу ғаройиб ва ажабтовур синоатдан ажабланган Мусо алайҳиссалом то Хизрнинг ўзи қилган ишларига изоҳ бермагунча савол бермаслик ҳақидаги ваъдаларини унутиб, яна саволга тутдилар. "Ахир булар бизни меҳмон қилишдан бош тортишди. Сиз бўлсангиз уларнинг деворини янги қилиб бердингиз. Энди, бу ишингиз учун улардан ҳақ олмайсизми?", дея Хизрнинг ишидан ҳайратларини яшира олмайдилар. Шунда Хизр алайҳиссалом: “шу билан сен ва менинг ўртамиз ажраладиган бўлди. Энди сени сабр қилишга тоқатинг етмаган нарсаларнинг таъвилидан хабардор қилурман” (Каҳф сураси: 78-оят), дедилар ва Мусо алайҳиссалом билан бирга юрганларида содир қилганлари зоҳирдан тушунарсиз ва нотўғри бўлиб кўринувчи ишларнинг моҳиятини тушунтириб бердилар. Сўнги воқеа бўлмиш девор воқеасига келганда: “энди девор эса шу шаҳардаги икки етим боланики бўлиб, унинг остида улур учун бир хазина бор эди. Уларнинг оталари эса солиҳ киши эди. Бас, Парвардигоринг улар вояга етиб, Парвардигоринг томонидан (уларга) раҳмат-марҳамат ўлароқ мазкур хазиналарини чиқариб олишларини ирода қилди” (Каҳф сураси:82-оят), дедилар. Яъни, агар харобага айланиб қулаб тушай деб турган девор қайта тиклаб қўйилмаганда мазкур хароба унинг меросхўрлари бўлмиш болалар улғаймасдан илгари қулаб тушган ва остидаги хазина ҳам бегоналар қўлига ўтиб кетган бўларди. Аммо, Аллоҳ таоло Ўзининг раҳмати ўлароқ етимлар то катта бўлиб, ўз мол-мулкларини тасарруф қила оладиган даражага етгунларига қадар бу ҳодиса содир бўлишининг олдини олиб қўйди. Ва Хизр алайҳиссалом қўли ила деворни тиклаб қўйди. Муфассир олимларнинг айтишларича, мазкур етимлар ояти каримада тилга олинган ўша солиҳ оталари туфайли ҳаётда ҳалокат ва хорликка йўлиқишдан нажот топдилар. Ўзларининг солиҳликлари ҳақида эса ҳеч нарса дейилмаган. Саид ибн Жубайр Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “бу иккиси оталарининг яхшилиги ва солиҳлиги туфайли нажот топдилар. Ўзларининг солиҳ эканликлари айтилмади”. Яъни, инсон ўзи солиҳ одам бўлмаса ҳам аждодидаги қайсидир яхши инсон туфайли дунё ҳаётида яхшиликлардан бонасиб бўлиши мумкин экан. Ояти каримада зикр қилинган етим болалар билан уларнинг қутқарилишига сабабчи бўлган оталарининг орасида етти авлод бор эди. Мазкур солиҳ киши етимларнинг биринчи оталари эмас, балки, еттинчи оталари эди. У жуда ҳам ҳалоллик билан яшаган инсон бўлиб, касби тўқувчилик эди. Шундан хулоса қилиб уламоларимиз айтадиларки, кишининг салоҳияти ўзидан кейинги авлод ва зурриётларига тарқалади. Ибн Касир мазкур ояти кариманинг тафсирида шундай дейди: “Уларнинг оталари эса солиҳ киши эди”. Бу шунга далолат қиладики, солиҳ кишининг зурриёти (дунёда) муҳофаза қилинади ва унинг тоату ибодатларининг баракоти зурриётларини дунёю охиратда қамраб олади. Ва унинг кўзлари қувнаб, хурсанд бўлиши учун уларга шафоатчи қилинади ҳамда жаннатда даражотларининг юксалишига сабаб бўлади” (“Ибн Касир тафсири”).

   Шундай экан, фарзанд зурриётларимиз яхши ҳаёт кечиришларини истасак, энг аввало нафсимизни ислоҳ қилиб, хулқимизни тузатишимиз, ҳалоллик ва ростгўйликни ўзимизга шиор қилиб олишимиз даркордир. Зеро, ҳалоллик ва эзгуликнинг келажак наслдан оқилу фозил, олиму обид инсонлар чиқишида муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз. Тарихдаги буюкларимизнинг барчалари ўзидан-ўзи буюклик шоҳсупасига чиқиб қолмаганлар, балки, уларнинг буюклиги ортида ниҳоятда ҳалол, ниҳоятда виждонли оталар, солиҳа, обида ва ўктам оналарнинг меҳнат-машаққатлари мавжуддир. Имом Абу Ҳанифанинг оталари Собит бировнинг уйидаги дарахтдан кўчага тўкилган олмалардан биттасини еб қўйиб, қанчалар афсус надомат чекканлари ва олма эгасини топиб, унинг розилигини олиш учун унинг ҳарқандай талабини бажо қилишга, ҳатто унинг боғида текинга мардикор бўлиб ишлаб беришга ҳам рози бўлганликлари ривоятлардан машҳурдир. Ёки буюк ватандошимиз имом Бухорий ҳазратларининг оталари Исмоилнинг “молимда шубҳа аралашган бир дирҳам борлигини билмайман!”, деган сўзларини эсга олайлик. Агар биргина шу сўз устида тафаккур юритсак, Имом Бухорий тимсолида дунёни титратган бу буюклик қаердан келганлигини англашимиз мумкин. Ҳа, азизлар ҳалолликда гап катта экан. Агар ҳалол яшасак, ажабмаски, келажак авлодларимиздан буюк ота-боболаримизга муносиб бўлган буюк фарзандлар етишиб чиқсалар. Зеро, эзгуликнинг меваси боқийдир.

 

Одилхон қори Юнусхон ўғли

Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани бош имоми
Шайх Зайниддин жомеъ масжиди имом-хатиби

Кун ҳикмати

Келинига зулм қилаётган қайноналар "Ҳаргиз Аллоҳ золимлар қилаётган амаллардан ғофил, деб ҳисоблама!" (Иброҳим сураси: 42) оятини ёдига келтирсин ва …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 218883
  • Саййидул-истиғфор дуосини ўрганамиз

    Аллоҳумма анта Роббий ла илаҳа илла анта холақтаний ва ана ъабдука ва ана ъала аҳдика ва ваъдика мастатоъту. Аъузу бика…

    17.12017 98164
  • Аллоҳ лаънатлаган пардоз

    Аллоҳ таоло Ўзи яратган барча жонзотлар ичида инсонни энг гўзал суратда яратганини таъкидлаб, Қуръони каримда шундай ха…

    19.32017 47181
  • ҚУРЪОН тиловати

    Қуръон ўқишдан аввал покланиб олинг. "Уни (Қуръонни) таҳоратли кишилардан ўзгалар ушламаслар" (Воқеа, 79). Қуръон ўқи…

    18.82016 45640
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24750