Мусибат етганда истиржоъ айтиш фазилати
1.4.2017 9767

   Мусибатга учраган банда дарҳол Аллоҳни эслаши, бу дунё ўткинчи ва мавриди келиб ҳамма бандалар Аллоҳ ҳузурига қайтишларини ёдга олиши маҳбуб амаллардан саналади. Бу истиржоъ айтиш дейилади. Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда мусибат етганда истиржоъ айтиш фазилатли экани баён этилган. Қуйида бу борада келган ривоятлар билан танишамиз.
Умму Салама разияллоҳу анҳо Расулуллоҳ (с.а.в.)дан ривоят қилинади: “Бир куни Абу Салама Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳузурларидан келиб, “Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай гап эшитдимки, ундан хурсанд бўлдим”, деди. У: “Мусулмонлардан бирининг бошига мусибат тушганида истиржоъ айтса, кейин “аллоҳуммаъжурний фий мусийбатий вахлуфлий хойром-минҳаа”, деса, унга шундай қилинади”, деди”. Умму Салама айтади: “Мен ўша калималарни ёдлаб олдим. Абу Салама вафот этганида истиржоъ айтдим – “Аллоҳуммаъжурний фий мусийбатий вахлуфлий хойром минҳаа”, дедим. Кейин ўзимга келиб, “мен учун Абу Саламадан яхшироқ ким ҳам (эр) бўларди?!” дедим. Иддам тугаганида Расулуллоҳ (с.а.в.) киришга изн сўрадилар. Мен тери ошлаб ўтирган эдим.

 

   Қўлимдаги бўёқни ювиб, у зотга рухсат бердим ва у зот учун ичига хурмо пўстлоғи тиқилган тери ёстиқни қўйдим. (Расулуллоҳ) унга ўтириб менга уйланмоқчи эканларини айтдилар. У зот сўзларини тугатганларидан кейин мен: “Эй Расулуллоҳ, сизга рағбатим бўлмаслиги мумкин эмас. Аммо мен қаттиқ рашкчи аёлман. Сиз менда бирон айбни кўриб, у сабабидан Аллоҳ мени азоблашидан қўрқаман. Қолаверса, мен кекса аёлман, фарзандларим ҳам бор”, деганимда, у зот: “Сен айтган рашкка келсак, Аллоҳ уни сендан кетказади. Ёшинг масаласига тўхталадиган бўлсак, худди сеники каби менинг ёшим ҳам бир жойга бориб қолган. Фарзандларингга келсак, улар менинг ҳам фарзандларим (бўлади)”, дедилар. Мен Расулуллоҳ (с.а.в.)га розилик бердим”. Расулуллоҳ (с.а.в.) уни никоҳлаб олдилар. Умму Салама айтади: “Аллоҳ менга Абу Саламадан яхшироғини – Расулуллоҳ (с.а.в.)ни берди” (Аҳмад ишончли ровийлардан ривоят қилган).

 

Ривоятга кўра, истиржо қуйидаги лафзлар орқали ифодаланади: “Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъун. Аллоҳуммаъжурний фий мусибатий вахлуф лий хойром-минҳаа”. Ушбу дуонинг таржимаси: “Биз барчамиз Аллоҳникимиз ва У Зот ҳузурига қайтиб борамиз. Эй Аллоҳим, мени мусибат сабабли мукофотла ва менга йўқотганимдан кўра яхшироғини бер”.
Ушбу ривоятда мусибатга учраган банда сабр қилиб, истиржоъ айтса, Аллоҳ уни мукофотлаб, йўқотган нарсасидан кўра яхшироғини ато қилиши айтилмоқда. Хоҳ катта, хоҳ кичик мусибат бўлсин, доим истиржоъ айтилса, катта ажр-савобларга қозонилади ва қўлдан кетган неъматдан кўра афзалига эришилади.

 

   Абу Мусо Ашъарий (р.а.)дан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай деганлар:“Бирон банданинг фарзанди вафот этса, Аллоҳ фаришталарига: “Бандамнинг фарзанди жонини олдингизми?” дейди. Улар: “Ҳа”, деб жавоб беришади. Шунда Аллоҳ: “Сизлар унинг қалби мевасини олдингизми?” дейди. Улар: “Ҳа”, дейишади. Аллоҳ: “Бандам нима деди?” деб сўрайди. Улар: “У Сенга ҳамд ва истиржоъ айтди”, деб жавоб беришади. Шунда Аллоҳ: “Ўша бандам учун жаннатда бир уй қуринглар ва уни “ҳамд уйи”, деб номланглар”, дейди” (Термизий, Ибн Ҳиббон ва Байҳақий ривояти. Ривоят санади ҳасан).
Фарзандидан жудо бўлиб, жигарбандини ўз қўли билан тупроққа қўйиш осон эмас. Бунга сабр қилиш учун бандада кучли имон бўлиши керак. Ушбу ривоятга кўра, кимнинг фарзанди вафот этганида у истиржоъ айтиб, чиройли сабр қилса, Аллоҳга ҳар қандай ҳолатда ҳамду-санолар айтса, ўша бандага жаннатда бир уй қурилади ва у “ҳамд уйи” (мақтов уйи), деб номланади. Мусибат чоғида ҳам Аллоҳдан нолимай, У Зотга мақтов айтишни унутмаган солиҳ бандалар учун мана шундай мукофот берилади.

 

   Абу Ҳурайра (р.а.) Расулуллоҳ (с.а.в.)дан ривоят қилади: “Агар биронтангиз оёқ кийимининг ипи узилса ҳам истиржоъ айтсин. Сабаб у ҳам мусибатлардан (бири)дир” (Байҳақий ва Баззор ривояти).
Демак, мўмин банда катта-кичик мусибатларга сабр қилиши керак. Ҳаёт шамчироғи бўлган ота-онаси вафот этганда ҳам, умрининг давомчиси фарзандидан айрилганда ҳам, ҳатто энг кичик мусибатга йўлиққанда – ҳаттоки, пояфзалининг ипи узилганда ҳам, истиржоъ айтиб, бу неъматларнинг ҳаммаси Аллоҳ тарафидан берилгани ва яна Аллоҳ даргоҳига қайтарилганини қалбан ҳис қилиб, сабр-тоқатли бўлиши талаб этилади. Шунда у кўплаб ажр-мукофотларга эришиб, гуноҳкор бўлишдан сақланади.

 

   Икримадан ривоят қилинишича, Набий (с.а.в.) чироқлари ўчиб қолганида истиржоъ айтдилар. Шунда: “Эй Расулуллоҳ, шу ҳам мусибатми?” деб сўралди. У зот: “Ҳа, мўминга азият берадиган ҳар қандай нарса унинг учун мусибатдир ва у бунинг эвазига ажр олади”, дедилар (Абд ибн Ҳумайд ва Ибн Абу Дунё ривояти).
Ривоят қилинишича, Умар ибн Хаттоб (р.а.) пояфзалининг ипи узилганида “иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъувн”, деди. Шунда унга: “Сизга нима бўлди?” дейишди. У: “Пояфзалим ипи узилди ва мен бундан хафа бўлдим. Сени хафа қиладиган ҳар қандай нарса сен учун мусибатдир”, деди (Байҳақий, Ибн Мунзир, Абд ибн Ҳумайд ва Ибн Саъд ривояти).
Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ шундай деган: “Агар сен жамоат намозини ўтказиб юборсанг, истиржоъ айт. Зеро, у мусибатдир” (Абд ибн Ҳумайд ривояти).

 

   Савод ибн Довуддан ривоят қилинишича, Саид ибн Мусайяб келганида жамоат намози ўқиб бўлинган эди. Шунда у истиржоъ айтди. Унинг овози масжид ташқарисигача эшитилди (Абд ибн Ҳумайд ривояти).
Фотима бинти Ҳусайн отасидан ривоят қилади: “Расулуллоҳ (с.а.в.): “Ким бир мусибатга учраса, ўша мусибатни эслаб, янгидан истиржоъ айтса, (мусибатга учраганига) анча вақт бўлган бўлса ҳам, Аллоҳ унги ўша мусибатга учраган кундаги (истиржо айтганлик) ажрини ёзади”, деганлар” (Ибн Можа, Аҳмад, Табароний ва Абу Яъло ривояти. Ривоят санади заиф).
Фараз қилайлик, бир банда бошига мусибат тушганида истиржоъ айтишни унутди. Йиллар ўтиб, мусибатнинг аламлари унутилганидан кейин ногаҳон банда ёдига ўша мусибат келса ва истиржоъ айтса, Аллоҳ шуни худди мусибатга йўлиққан кунда айтгандек ёзиб қўяди. Демак, мусибатга йўлиққанда айтиладиган истиржоъ учун савоб берилади.

 

   Ҳадисдан хулоса қилиш мумкинки, иложи бўлса, истиржоъни мусибатга учраган илк дақиқаларда айтиш керак. Аммо ким ўша вақтда унутса, кейинчалик айтиб қўйса ҳам зарари йўқ. Муҳими айтиш керак. Бунда вақтнинг аҳамияти йўқ. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, истиржоъ айтишнинг эрта-кечи йўқ. Бошқа ривоятларда “узоқ муддат” шарҳ қилиниб, “ким (мусибатга учраганидан) қирқ йил ўтиб истиржоъ айтса...” дейилган.
Яна бир муҳим нарсани эслатиб ўтиш ўринли. Тилда истиржоъ айтиш билан бир қаторда қалб ҳам сокин бўлиб, Аллоҳнинг қадарига рози бўлиши керак. Зеро, ким тили билан истиржоъ айтиб туриб, қилаётган иши сўзига тескари бўлса, бундай истиржоънинг фойдаси йўқ.

 

   Ибн Аббос (р.а.) Набий (с.а.в.)дан ривоят қилади: “Ўлимнинг қўрқинчи бўлади. Агар сизлардан биронтангизга биродарингиз вафот этгани (ҳақида хабар) келса, у: “Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъувн, ва иннаа илаа роббинаа ламунқолибувн. Аллоҳумактубҳу фил-муҳсинийн, важъал китаабаҳув фий ъиллиййийн, вахлуф ъақибаҳув фил-аахирийн. Аллоҳумма лаа таҳримнаа ажроҳув ва лаа тафтиннаа баъдаҳ”, деб айтсин” (Табароний ва Абу Нуайм ривояти).
Дуонинг маъноси: “Албатта биз Аллоҳникимиз ва У Зотнинг ҳузурига қайтамиз, албатта биз Парвардигоримиз даргоҳига қайтиб борамиз. Аллоҳим, уни яхшилар қаторида ёзгин, китобини иллиййинда қилгин, унинг ортида қолганларга яхши ўринбосар бергин! Аллоҳим, бизни унинг ажридан бенасиб қилма ва ундан кейин бизни фитнага дучор этма!”
Бизда жаноза намозидан кейин истиржоъ айтиш одат тусига кирган. Бу яхши албатта. Аммо шу билан бирга ҳадисда айтилган қўшимча дуолар ҳам ўқилса, мақсадга мувофиқ бўлади.

 

         Одилхон қори Юнусхон ўғли

Кун ҳадиси

Ўзига алоқаси бўлмаган нарсалар билан шуғулланмаслик кишининг Исломи гўзаллигидан даракдир (Имом Термизий ривояти, ҳасан ҳадис). Изоҳ: Ушбу ҳадиси ша…

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 219234
  • Саййидул-истиғфор дуосини ўрганамиз

    Аллоҳумма анта Роббий ла илаҳа илла анта холақтаний ва ана ъабдука ва ана ъала аҳдика ва ваъдика мастатоъту. Аъузу бика…

    17.12017 98232
  • Аллоҳ лаънатлаган пардоз

    Аллоҳ таоло Ўзи яратган барча жонзотлар ичида инсонни энг гўзал суратда яратганини таъкидлаб, Қуръони каримда шундай ха…

    19.32017 47239
  • ҚУРЪОН тиловати

    Қуръон ўқишдан аввал покланиб олинг. "Уни (Қуръонни) таҳоратли кишилардан ўзгалар ушламаслар" (Воқеа, 79). Қуръон ўқи…

    18.82016 45808
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24775