Мунофиқнинг кўз ёши
18.11.2017 4613

Ҳазрат Али разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бир ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Мунофиқ (ҳар) икки кўзига эгалик қилади ва улар орқали хоҳлаган пайти йиғлайверади", дея марҳамат қиладилар (Дайламий ривояти).

 

Ушбу ҳадиси шариф ғоят муҳим тарбиявий аҳамиятга эга бўлган панд-насиҳатларни ўз ичига олган бўлиб, кишини сергакликка ундайди, ўз табиати ва хатти-ҳаракатларига нисбатан тафтиш ва ислоҳ назари билан боқишга чорлайди.

 

Шунингдек, ҳадиси шариф инсонни моддий ёки маънавий манфаат илинжида турли-туман айёрликлар, қувли-шумли қилиқлар содир этишдан, одамларни ўз сўзига ишонтириш ёхуд суҳбатдошига таъсир ўтказиш мақсадида дарров кўзига ёш олиб, сохтакорлик қилишдан қайтаради. Зеро, бу мунофиқлар ва икки юзламачиларнинг сифатидир. Мўмин киши бундай тулки табиат, хоҳлаган пайти йиғлай оладиган, истаган пайтда ўз “ниқобини” ўзгартириб, ўзгача инсонга айланиб оладиган кишилардан эмас. У аввало ўзини ҳурмат қилади. Ўз қадрини билади. Қандайдир дунё матоҳларини деб ўз ғурурини оёқ ости қилган ҳолда одамларнинг раҳмини келтириш ва сўзига ишонтириш учун шайтон йиғи қилишдан ор қилади. Бундай тубан хислатлардан ўзини юқори тутади. У соддадил ва самимийдир, маккорлик ва фирибгарликни билмайди. Олийдир, пасткашликдан ҳазар қилади. У ўзининг ана шундай соф табиати туфайли эҳтимол баъзида алданиб қолар, уни чув тушириб кетарлар, аммо бу унинг муаммоси эмас, балки, унга шундай муомала қилиб, фириб берганларнинг ва шу тариқа инсонийлик номига доғ туширган икки юзламачиларнинг муаммосидир. Зотан, ҳадиси шарифларда “Мўмин соддадил ва олийжаноб бўлади, фожир эса маккор ва пасткаш бўлади” (Абу Довуд ривояти), дея чин мўмин олийжаноблиги туфайли ҳамма нарсанинг тагига етиб, одамларни фош қилиб юришдан, майдалашишдан ўзини тийиши, ўзгалар ҳақида яхши гумонда бўлиши ва шу боис, кўпинча, алданиб қолиши хабар берилади. Фожир эса маккор ва фирибгар бўлади, одамлар оарсида турли найранг ва бузғунчиликлар қилиб юради. Бунга сабаб унинг пасткашлигидир. Зеро, олийжаноб бўлганда ўзини бундай тубанликлар ботқоғига ботирмаган бўларди.  

 

Ибн Адий “Комил”да Жобир разияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, Набий алайҳиссалом: “Мунофиқнинг аломати нима эканлигини биласизларми?”, дедилар. Биз: “Аллоҳ ва Расули билгувчироқдир”, дедик. Шунда у зот: “(Мунофиқ) икки кўзининг бири билан йиғлайдиган одамдир”, дедилар. Ушбу ҳадисдаги “у икки кўзининг бири билан йиғлайдиган кишидир” деган сўз бир қарашда бироз мавҳум ва тушунарсиздек туюлади. Аммо бу ерда бироз мажоз ва муболаға ишлатилган бўлиб, у мунофиқ табиат ва иккиюзламачи кишиларнинг йиғлашга нечоғли уста эканликлари, бу борада ўз кўзлари устидан том маънода назоратни қўлга олганликларига ишора қилади. Одатда, инсон йиғласа, икки кўзидан ёш келади. Уларнинг бири қолиб, иккинчиси йиғлайдиган ҳолат учрамайди. Аммо, табиатида айёрлик ва нифоқ бўлган кимсалар, “керак” пайтда кўзидан ёш келтиришнинг шу қадар машқини олганларки, бу ҳолатни тўлиқ ифода этиш учун Пайғамбаримиз юқоридаги сўзни қўллаганлар. Бу ҳолатни Ул зот “(Мунофиқ) икки кўзининг бири билан йиғлайдиган одамдир”, дея тасвирлайдилар. Гўёки, мунофиқ истаган кўзига буйруқ берса, ёшланаверади. Шу ўринда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг балоғату фасоҳатлари, ташқи оламдаги муайян ҳолатни инсоннинг ички олами ва онгига ўзидек етказиб беришдаги иқтидорлари инсонни лол қолдиради. Дарҳақиқат, найрангбоз, фирибгар кишилар исталган пайтда ўз қиёфаларини ўзгартириб, кўзларидан ёш келтиришга, халқ тили билан айтганда “артистлик” қилишга моҳир бўладилар. Улар бамисоли, кўзларига буйруқ бериб, истаган вақтларида ёш келтира оладилар. Шунинг учун ҳам Абдуллоҳ ибн Муборак (р.ҳ.) “Зуҳд китоби”да “фожирнинг кўз ёши ҳозирдир” деган иборани келтирадилар.

 

Шу ўринда айтиш керакки, ҳадиси шариф Аллоҳ қўрқувидан кўзи ёшланадиган, ибратли ва таъсирли нарсани эшитганда йиғлайдиган қалби юмшоқ инсонларга тегишли эмас. Бундай вақтларда киши ҳарчанд уринмасин, йиғидан ўзини тиёлмайди. Бу аслида ижобий ва мақтовли ҳолатдир. Чунки, бу кишининг қалби қотиб кетмаганлигидан, ҳассослигидан дарак беради. Бироқ шундай бўлса-да ҳақиқий мўмин киши бундай ҳолатларни имкон қадар яширишга, билдирмасликка ҳарис бўлади-ки, ихлосига зарар етиб қолмасин, риё ва ужуб каби маънавий хасталиклар сиртмоғига тушиб қолмасин. Айнан шу боис ҳам ўтмишдаги азиз авлиёларимиз, улуғларимиз, уламою фузалоларимиз юқоридаги ўринли ва мақтовли сабаблар туфайли кўзларига ёш келганда ҳам уни пана қилишга, яширишга ҳаракат қилганлар. Ҳатто уларнинг баъзилари шундай вазиятларда ўзларини шамоллаганга солиб олганлар. Негаки, улар риёдан қаттиқ қўрқар ва ихлосга зарра қадар ҳам зарар етиб қолишидан эҳтиёт бўлардилар. Имом Байҳақий “Шуабул иймон”да келтиришича, бир куни Суфён Саврий (раҳматуллоҳи алайҳи) йиғладилар. Сўнг, “Эшитишимча, банданинг мунофиқлиги комил бўлса, икки кўзига молик бўлар экан”, дедилар. Ва шу сўзни айтгач, яна йиғлаб юбордилар. Ушбу воқеада жуда ибратли ҳолат мужассам бўлган. Суфён Саврий тобеинларнинг энг улуғларидан бири эдилар. Бу киши илмда ҳам, амалда ҳам пешқадамлардан эдилар. Шу билан бирга тавозелари, хокисорликлари, ихлосни лозим тутишлари ва риёдан ниҳоят даражада эҳтиёткорликлари ҳам маълум, машҳур эди. Шунинг учун ҳам беихтиёр йиғлаб юборганларида, ўз нафсларини тарбиялаш, риё ва ужубга тушиб қолишнинг олдини олиш мақсадида, ўзгалар олдида ўзларига танбеҳ бердилар. Мунофиқлар ҳақида айтилган юқоридаги ҳадиси шарифни келтирдилар. Шундан сўнг, бу ҳадиси шариф мазмунидан ўзлари ҳам азбаройи қўрқиб кетганларидан, яна йиғлаб юбордилар.

 

Одилхон қори Юнусхон ўғли

Кун ҳадиси

Ўзига алоқаси бўлмаган нарсалар билан шуғулланмаслик кишининг Исломи гўзаллигидан даракдир (Имом Термизий ривояти, ҳасан ҳадис). Изоҳ: Ушбу ҳадиси ша…

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 218885
  • Саййидул-истиғфор дуосини ўрганамиз

    Аллоҳумма анта Роббий ла илаҳа илла анта холақтаний ва ана ъабдука ва ана ъала аҳдика ва ваъдика мастатоъту. Аъузу бика…

    17.12017 98165
  • Аллоҳ лаънатлаган пардоз

    Аллоҳ таоло Ўзи яратган барча жонзотлар ичида инсонни энг гўзал суратда яратганини таъкидлаб, Қуръони каримда шундай ха…

    19.32017 47181
  • ҚУРЪОН тиловати

    Қуръон ўқишдан аввал покланиб олинг. "Уни (Қуръонни) таҳоратли кишилардан ўзгалар ушламаслар" (Воқеа, 79). Қуръон ўқи…

    18.82016 45641
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24750