Кўп ейишнинг 9 сабаби
9.12.2015 5298

1. Беш сезгининг таъсири.

 

    Тасаввур қилайлик. Дунёдаги энг лазиз таомлар, ўзимиз севиб истеъмол қиладиган егуликлар билан тўла дастурхон атрофидамиз. Қорин тўқ бўлса ҳам оғзимизда сўлак пайдо бўлади. Ошқозондаги очлик рефлекси ишлаб кетади. Гарчи бироз олдин овқатланган бўлсак-да, ошқозонда яна жой борлиги ҳақида ўйлаймиз.
    Кимда шундай ҳолат пайдо бўлса, демак унинг психологик тарбияга эҳтиёжи бор. Бундай пайтларда ички овозларга қулоқ солишимиз, ейиш ёки емасликнинг фойда ва зарарларини ўйлаб, табиий ички иштаҳа билан нафс истакларининг фарқини билишимиз лозим. Ўйлаб кўрайлик: ростдан ҳам шуни емасак бўлмайдими?!

 

2. Рекламалар.

 

    Рекламадан асосий мақсад маҳсулотни харидор қилишдир. Ҳолбуки, унинг таъсирида хорғин пайтлари ҳам, тушкун кайфиятда шоколад ёки турли ичимликларга қўл узатамиз. Чунки уларнинг яхши кайфият ва қувват беришини рекламаларда таъкидлашади. Аслида ҳам шундайми йўқми, бунга эътибор бериб ўтирмаймиз ва организмга зулм қилишда давом этамиз.

 

3. Мукофотлаш воситаси.

 

    Болалигимизда бирон яхши иш учун байрам кунлари мукофот тарзида ширинлигу мевалар берилган бўлса, бу одатнинг улғайганимизда ҳам биз билан қолиш эҳтимоли бор. Кейин-кейин нимадир қилсак, ўзимизни-ўзимиз, масалан, егулик билан мукофотлаймиз. Бундай янглиш тарбия, яъни рағбат сўнггида ҳар хил жисмоний (семизлик, қандли диабет каби) касалликлар юзага келади. Шу боис фарзандларимизни бундай “мукофот”ларга ўргатмаслик лозим. Бунинг ўрнига китоб бериш ёки бирон хушманзара жойга сайрга олиб чиқиш мақсадга мувофиқдир.

 

4. Стресс ҳолати.

 

     Айрим одамлар ташвишли кунларда ёки муаммолар ортидан юзага келган стресс ҳолатини тарқатиш мақсадида ҳам егулик ейди. Шоколад, кекс, музқаймоқ, торт каби ширинликларни истеъмол қилганда қандайдир ҳузурланиш, ич-ичдан роҳатланишни ҳис қиламиз. Чунки бу егуликлар эндорфин – бахт гармонини қўзғайди.
     Вазни оғирлар стрессларини ширинлик ейиш билан ўтказиб юборишга одатланишган. Ҳолбуки, бу егулик аввалига ҳаловат бергандай бўлса-да, секин-аста қандли диабет, ҳолсизлик, бош айланиш каби нохушликларни келтириб чиқаради. Натижада яна шу ширинликларга эҳтиёж сезилади. Шу боис стресснинг бошқа давосини топиш, балки ҳаётга бошқача кўз, кенгроқ назар билан қараш, яшаш тарзимизни ўзгартириш кўпроқ фойда беради. Ширинликлар эса бундай пайтда “алдамчи нажоткор” бўлади, холос.

 

5. Ўта хорғинлик.

 

     Кўп ейишнинг сабабларидан бири хорғинликдир. Тунги алламаҳалда егулик еганлар бекорга энергия тиклашга ҳаракат қилади. Ҳаддан ташқари кўп ишлаганлар, тунда ишловчилар хорғинлиги боис ортиқча ейишади. Чунки бу қондаги шакарни вақтинча кўтариб, хорғинликни бироз бартараф этади. Аслида вақтида дам олиш хорғинликни кетказишнинг энг яхши воситасидир. Қоринни тўлдириб олиш эса ишларни уйқусираб, чала ва хато бажаришга олиб келади.

 

6. Ёлғизлик ҳисси.

 

     Баъзан инсон ўзини ёлғиз ҳис қилганида ҳам еб-ичишга тутинади. Ўринли-ўринсиз овқатланиб, семириб кетади ва хасталаниб қолади. Бу ҳол уни одамлардан янада узоқлаштиради.

 

7. Одатланиш.

 

      Семиз кишиларнинг аксарияти овқатланишни одатга айлантирган бўлади. Улар одатига кўра эҳтиёжидан кўпроқ ейди. Телевизор қаршисида, йўлда кетаётиб, ҳатто ётиш олдидан оғир ҳазм бўладиган овқатларни истеъмол қилишнинг нотўғри эканини билса-да, тарки одат амри маҳолдир. Натижа эса ўзингизга маълум.

 

8. Вақт етишмаслиги.

 

     Бу тезкор замонда хатоларимиздан яна бири – овқатланишга жуда кам вақт ажратишимиздир. Кўп ҳолларда овқатни чайнаб-чайнамай ютаверамиз. Ишимиз кўплигини ўйлаб, вақтдан ютишга уринамиз. Ҳолбуки, овқатни сокин ҳолда, Яратганнинг берганига шукрона айтиб, шошилмасдан ейиш лозим.

 

9. Дорилар.

 

    Психологик хасталикларни даволашда қўлланиладиган невролиптик дориларнинг фойдали жиҳатлари кўп, аммо вазн йўқотиш каби салбий томонлари ҳам бор. Бундай ҳолларда илк 10 ҳафтада 4 килограммгача озиш мумкин. Қандли диабет, қон босими касалликларини даволашда ишлатиладиган дори-дармонлар эса иштаҳани очиб, кўп овқат ейишга ундайди. Бундай ҳолларда одам ўзини тийиши, кўп ейиш билан дарди аримаслигини ёдда тутиши лозим.

 

Сафо Сайгили

Кун ҳадиси

Ўзига алоқаси бўлмаган нарсалар билан шуғулланмаслик кишининг Исломи гўзаллигидан даракдир (Имом Термизий ривояти, ҳасан ҳадис). Изоҳ: Ушбу ҳадиси ша…

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 217702
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24656