КИБР ВА ТАВОЗЕЪ БЕЛГИЛАРИ
10.6.2017 5901

Кибр кишининг шакл-шамойилидан билиниб туради. Мутакаббирликни юздаги аломатлардан, назар солишдан, бошни тутишидан, ўтиришдан, овознинг оҳангидан, қадам олишдан, барча ҳаракат ва тинч турган ҳолатлардан билиб олиш мумкин. Масалан:

– Одамлар унинг атрофида ёки ҳузурида тик туришини ёқтириш ҳам кибрнинг белгиларидан.

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу: “Ким дўзах аҳлидан бўлган кишига назар солмоқчи бўлса, ўзи ўтириб олиб олдида одамларни тик тургазиб қўйган одамга қарасин”, деган.

– Доим ортидан одамларни эргаштириб юришни хуш кўриш ҳам кибрнинг аломатларидан саналади.

Абу Дардо розияллоҳу анҳу шундай деган: “Модомики, ортидан одам эргаштириб юрар экан, банда Аллоҳ таолодан узоқлашаверади”.

Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳуни қуллардан ажратиб бўлмасди. Сабаби у кишининг ташқи қиёфаси қуллардан унчалик фарқ қилмасди.

– Дин учун фойдали бўлса-да, бировнинг зиёратига бормаслик ҳам кибрланиш сифатларидан биридир.

Суфён Саврий Рамлага келганида Иброҳим Адҳам унинг олдига одам юбориб, келиб бизга ҳадис айтиб бер, деган. Саврий келиб илтимосни бажарган. Одамлар Иброҳим ибн Адҳамга: “Эй Абу Исҳоқ, шундай ҳам қиласанми?!” дейишганида, “Унинг камтарлигини синаб кўрдим”, деган.

– Бировнинг ёнига ўтиришни хоҳламаслик ҳам кибрнинг кўринишларидандир.

Ибн Ваҳбдан ривоят қилинади: “Абдулазиз ибн Абу Равводнинг ёнига ўтирдим. Унинг сонига соним теккан эди, ўзимни четга олдим. У менинг кийимимдан ушлаб ўзига тортди-да: “Нима учун менга жабборларга қилганингизни қиласизлар?! Ичингизда мендан ёмон одам борлигини билмайман!” деди.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу мохов, пес ва бошқа касалманд одамларни ўз дастурхонига ўтказар эди.

– Уйида хизматини ўзи қилмаслик ҳам кибру ҳавога далолат қилади.

Умар ибн Абдулазизникига кечаси меҳмон келди. У мактуб ёзиб ўтирган эди. Чироғи ўчиб қолай деди. Меҳмон:

– Туриб чироқни тўғрилаб қўяйми? – деди.

– Меҳмонни хизматга қўйиш одамнинг карамидан эмас, – деди Умар ибн Абдулазиз.

– Хизматчига билдирайми? – деди.

– У биринчи марта ухлаб қолиши, – деди-да, ўзи туриб чироққа мой тўлдирди.

– Эй, мўминлар амири, ўзингиз овора бўлдингиз-а?!

– Борганимда Умар эдим, қайтганимда ҳам Умарман. Мендан бирон нарса камайиб қолмади. Одамларнинг яхшиси камтар бўлганидир, – деди Умар ибн Абдулазиз.

– Ўзига тегишли нарсани уйига ўзи олиб бормаслик ҳам кибрга киради. Камтар одамлар бундай қилмайдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бирон нарсаларини ўзлари уйга кўтариб борардилар.

Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу: “Комил эр киши учун ўз аҳли аёлига кўтариб борган нарсаси унинг камолига путур етказмайди” деган.

Имом Бухорий “Ал-адабул муфрад”да кийимфуруш Солиҳдан, у ўз момосидан ривоят қилади: “Али розияллоҳу анҳунинг бир дирҳамга хурмо олиб, дастрўмолига солиб кўтариб кетаётганини кўрдим. Бир одам: “Эй, мўминлар амири, сизнинг ўрнингизга мен кўтарай”, деди. “Йўқ, оила бошлиғи ўзи кўтариши яхшидир”, деди амирул мўминин”.

– Ўзининг молу давлати ва уй жойини гапириб, одамларга мақтаниш.

Демак, ўзини осмонда, бошқа одамларни илм, бойлик, чирой, насабда ўзидан пастда санайдиган, одамлар устидан кулиб камситадиган, айблайдиган кимса мутакаббирдир.

 

Одилхон қори Юнусхон ўғлининг “Камтарлик ва кибр” китобидан

Кун ҳикмати

Келинига зулм қилаётган қайноналар "Ҳаргиз Аллоҳ золимлар қилаётган амаллардан ғофил, деб ҳисоблама!" (Иброҳим сураси: 42) оятини ёдига келтирсин ва …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 217269
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24622