КАТТА ИШОНЧ – ЮКСАК МАСЪУЛИЯТ
17.10.2015 4797

   2015 йил 31 август куни Тошкентдаги “Шаҳидлар хотираси” хиёбонида Президентимиз уламолар, нуронийлар ва кенг жамоатчилик вакиллари билан суҳбатда мамлакатимиздаги тинчлик-осойишталикнинг қадрига етишни Ироқ ва Сурия ҳудудларида бўлаётган нотинч­ликлар мисолида теран анг­лаш ҳамда бу борада имом-хатибларнинг вазифалари тўғрисида алоҳида тўхталдилар.
     Давлатимиз раҳбарининг дин пешволарига бўлган ишончлари, тавсиялари ҳар бир уламо ва имом-хатибни янада жадал меҳнат қилишга ундайди. Шу муносабат билан дунёдаги мураккаб вазият ва юқоридаги масалалар юзасидан қуйидаги фикр-мулоҳазаларни билдиришни лозим деб топдим.
   “Бугунги кунда дунёнинг турли минтақа ва ҳудудларида авж олаётган қарама-қаршиликлар, қонли тўқнашувлар, мусулмон дунёсидаги турли мазҳаб ва оқимлар ўртасида кучайиб бораётган низо ва зиддиятлар, бегуноҳ одамларнинг қурбон бўлаётгани барчамизни ташвиш ва хавотирга солмасдан қўймайди. Бундай ҳолатларнинг келиб чиқиш сабабларини, уларнинг фожиали оқибатларини чуқур тушуниб, анг­лаб олиш, кенг жамоатчилигимизга, айниқса, ёшларга етказиш бугунги куннинг долзарб вазифаларидандир. Диний қадриятларнинг, эзгулик ва инсониятнинг душмани бўлган ёт ғояларнинг асл моҳиятини очиб бериш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, мана шундай тинч, мусаффо осмон остида бунёдкорлик меҳнати билан банд бўлиб, шукрона келтириб яшаётган олижаноб халқимизнинг тинч ва фаровон ҳаётини ҳар қандай бало-қазолардан асраш — энг асосий вазифаларимиздан бўлиши керак”.

Ислом КАРИМОВ

ТАКФИРЧИМИ ЁКИ ТЕРРОРЧИ?


     Юртбошимиз Ироқ ва Сурия ҳудуд­ларидаги ўзини “Ислом давлати” деб атаган бир тўда жангарилар Ислом динига мутлақо зид бўлган қинғирлик­лари билан дунёга танилганини алоҳида қайд этдилар. Таъкидлаш керакки, ҳозирги кунда бузғунчи кучлар оммавий қатл­лар, вайронкорликлар каби қабиҳ ишларини кундан-кунга кучайтираётгани ҳар бир кишини ташвишга солмоқда.
    Сўнгги маълумотларга кўра, жангарилар Ироқнинг Мосул шаҳридаги Юнус (алайҳиссалом) қабри ва унинг ёнидаги масжидни портлатиб, шундай табаррук жой ва ибодатгоҳни ер билан яксон қилган. Улар қабр­ни бульдозер билан текислаб юборишган. Ўтган йили Дониёл пайғамбар ёдгорлик мақбарасини ҳам бузиб ташлашган эди.
    Энг даҳшатлиси, ёвуз кучлар Рамазон ойида ҳам хунрезлик­ларни давом эттириб, барча мусулмонлар нафратини қўзғашди. Террорчилар томонидан Аллоҳнинг уйи – масжид­ларга ҳужум қилинди, вайронага айлантирилди. Масалан, жорий йилнинг 26 июнь, жума куни Қувайтдаги “Имом Содиқ” жоме масжидига террорчилик ҳаракати уюштирилди. Оқибатда 27 киши ҳаётдан кўз юмди, 227 киши жароҳатланди. Кейинчалик эса Ислом дини пайдо бўлган ҳудуд – Сау­дия Арабистонида жума куни иккита масжидга ҳужум уюштирилди ва бир неча ўнлаб кишилар қурбон бўлди.
     Мазкур жирканч жиноятларни дунё аҳлининг нафратига дучор бўлган ИШИД террорчи ташкилоти ўз бўйнига олгани оммавий ахборот воситаларида бот-бот айтилмоқда.
     Аҳли Сунна уламолари масжидларда содир этилган бундай ваҳшийликларни қаттиқ қоралаб, ўз фикрларини билдирмоқда.

– Масжидларга бўлаётган ҳужумлар Исломга зид ва динимизни ёмонотлиқ қилишга қаратилган, – деб ёзди “Facebook” ижтимоий тармоғида Ториқ Сувайдан.

– Бегуноҳ одамларни ўлдиришда масжиднинг танланиши ҳамда Рамазон каби муқаддас ойда содир этилиши бу жиноят­чиларнинг имонсиз эканини яққол кўрсатмоқда, – деб таъкидлади таниқли уламо Холид Мазкур.

     Бу каби қабиҳ қилмишлари билан ИШИДчилар яна бир бор ўзларининг ҳақиқий башараларини намоён қилдилар. Ваҳоланки, Ислом динида масжид ва мозорларни вайрон қилиш эмас, обод қилишга буюрилган. Бунинг аксини қилганлар эса ашаддий золим эканлиги Қуръони каримда таъкидланган: “Аллоҳнинг масжидларида Унинг номи зикр этилишига қаршилик қиладиган ва уларни хароб қилишга уринадиганлардан ким ҳам золимроқдир?! Ахир, бу (каби) кимсалар учун у ерларга (Каъба ёки Байтул-Мақдисга) фақат қўрққан ҳолларидагина киришлари мумкин эди. Улар учун бу дунёда шармисорлик, охиратда эса, буюк азоб (бордир)” (Бақара, 114).
    Ислом дини сира ҳам зулм­ни оқламайди. Ҳатто жониворларга ҳам раҳм-шафқат қи­лишга чорлайди. Ўзини ислом давлати номи билан атаб, қилаётган ишлари илоҳий таълимотга умуман зид бўлган бу ташкилотни Ислом билан қандай боғлаш мумкин?!
    ИШИДчи газандаларнинг касофати сабаб мусулмон бўлмаганлар орасида “Исломофобия” – Ислом динидан қўрқиш кайфияти кенг тарқалди. Юртбошимиз “Шаҳид­лар хотираси” хиёбонидаги суҳбат­ларида Ислом дини ниқоби остида амалга оширилаётган бундай ваҳшийликларнинг таг замирида кишиларни муборак Ислом динидан бездириш турганини чуқур анг­лаш лозимлигини уқтирдилар.
Чунки уларнинг қил­миш­лари натижасида бутун мусулмон олами учун муқаддас саналган тушунчалар бугун қўрқув ёки наф­рат билан тилга олинмоқда, худди ёвузлик, террор сўзлари билан маънодошдек қабул қилинмоқда.
    Шу ўринда бир мулоҳаза: ИШИДчи газандалар, хабарларда таърифланаётганидек, кучли, енгиб бўлмас эмас. Ахборот манбалари кўпайган ва тарқалиш тезкорлиги ошган бугунги кунда бу террорчи тўда асосан ахборот хуружига урғу бериб, ўз кучини бўрттириб кўрсатишга уринмоқда. Ҳолбуки, ҳозирча улар учинчи қўл ёки кўринмас кучлар ноғорасига ўйнаётганлари учун ҳам жон сақлаб турибди, эртага манфаатлар тўқнашса ёки вазият талаб қилса, парда ортидаги қўллар дарҳол ИШИДчи “қўғир­чоқлар”нинг танобини тортади, бир зумда йўқ қилиб ташлайди!
    Бутун дунё афкор оммасининг наф­ратига учраган ушбу қўпорувчи ташкилот барча қилмишлари учун бандаси олдида ҳам, Яратганнинг ҳузурида ҳам жавоб бериши муқаррар!
  Аллоҳ таоло Қуръони каримда бу каби жиноят­чи­ларни вақтинча ўз ҳол­ларига ташлаб қўйиши­ни ва гуноҳ-маъсият­лари роса кўпай­ганидан ке­йин ўзлари хаёл қил­маган томон­дан бало юбориб, жазоларини қаттиқ беражагини бундай баён қил­ган: “Улар­га муҳ­лат бериб тур­гани­мизни яхшилик деб ўйла­масинлар! Муҳ­латни уларга гуноҳ ва жиноятлари кўпайиши учун берамиз. Уларга, албатта, хор қилувчи жазо (азоб) бордир” (Оли-Имрон, 178).
     Бинобарин, уларни худди шундай кун кутаётир. Эзгулик ёвузлик устидан, албатта, ғалаба қилажак!

 

ИМОМ-ХАТИБЛАРГА ТАВСИЯЛАР

 


     Соғлом эътиқодни оёқ­ости қилаётган ва муборак динимизни ўз манфаати йўлида ниқоб қилиб олаётган кимсаларнинг борлиги барчамизни хавотирга солиши керак. Айниқса, имом-хатиблар бундай нокасларнинг жирканч қилмишларини фош этиб, уларга қарши тинимсиз курашишлари даркор.
    Маълумки, ақидапараст ва бузғунчи ғоялар халқ руҳиятини ичидан емиради. Жамият ҳамжиҳатлигини бузади, халқни жар ёқасига олиб боради. Диний тушунчалардан усталик билан фойдаланиб, кишиларга унинг асл моҳиятини бузиб кўрсатади. Шунингдек, одамларнинг ишонувчанлигидан фойдаланиб, омма орасида норозилик кайфиятини пайдо қилади. Ёшларни эса алдов йўли билан ўзининг қуролига айлантириб, жувонмарг қилади.
    Ақидапарастлар фикрича, ислом маърифатини ёйишнинг йўли фақат зўравонликдир. Бунда қўпорувчилар инсонлар қалбига ваҳима солиш орқали ўз қора ниятларига етишни мақсад қилади. Ваҳоланки, Аллоҳ ­таоло: “(Эй Муҳаммад,) Раббингизнинг йўли (дини)га ҳикмат ва чиройли насиҳат билан даъват қилинг! Улар билан энг гўзал услубда мунозара қилинг!.." (Наҳл, 125) деб амр этган.
    Бугунги кунда қуйидаги долзарб вазифаларни адо этиш имом-хатибларнинг дин пешвоси сифатидаги шарафли бурчи, деб биламан: Биринчи, имомлар бутун вужуди билан масъулиятни ҳис этиб, ИШИД каби бузғунчиларга қарши курашиши ва мусулмонларни тўғри йўлга бошлаши зарур. Бугунги кунда имом-хатиб бепарво бўлиши мутлақо мумкин эмас. Гарчи юртимиз уруш ўчоқларидан йироқ бўлса-да, бу хатарнинг олди олинмаса, унинг тафти етиб келиши мумкин. Шунинг учун имомлар тинчликнинг қадри нечоғли улкан эканини ҳаётий мисоллар билан халққа етказиши зарур.

Иккинчи, ҳозирда Ироқ ва Суриядаги нотинчликлар оқибатида миллионлаб болалар оч-наҳор қолгани, бир бурда нон учун илҳақ бўлаётганини айтиш керак. Фараз қилайлик, ёш бола “Отажон, нон беринг”, деб зорланса, киши қандай ноқулай кўйга тушади? Бизнинг фарзандларимиз подшоҳ каби эъзозда бўлаётганини ёдда тутайлик. Имом-хатиблар фаровонлик қадрини халқимизга мана шу каби таъсирли мисоллар билан тушунтиришлари даркор.
Учинчи, имомларимиз жамоатчилик орасида тинчлик неъмати ҳақида фақат одатий сўзларни такрорлайвермасдан, баъзи давлатларда юз бераётган нотинчликлар, у ерларда минглаб бегуноҳ кишилар ва болалар қурбон бўлаётганини айтсинлар. Жумладан, Ироқ ва Сурия ҳудудидан ҳаж сафарига отланганларни ИШИД террорчи ташкилоти портлатиб юбориш билан таъқиб қилаётган бир пайтда, юртимиздан муборак сафарга борган беш мингдан зиёд ҳожиларимиз эмин-эркин­лик ва хотиржамликда улуғ амалларни адо этаётганларини халқимизга етказиш зарур.
Тўртинчи, имом-хатиб меҳроб ва минбар эгаси эканини инобатга олсак, жума мавъизасида дунёнинг турли минтақаларида, хусусан, араб мамлакатларида бўлаётган ғалаёнлар ва турли фитналарнинг ортида қандай ғаразли кучлар турганини, қонли тўқнашувлар қайси юртда бўлмасин, Ислом таълимотига бутунлай зид эканини мўмин-мусулмонларга етказиши даркор. Айниқса, бегуноҳ одамнинг қонини тўкиш ҳаромлиги, мусулмонни кофирга чиқариш оғир гуноҳлиги ва ислом диёрларидан ҳижрат қилиш жоиз эмаслигини имом-хатиблар ёшларга ҳужжат-далиллар ва жонли мисоллар билан англатишлари лозим. Нобакорлар Ислом динини ниқоб қилиб, динимизга мутлақо зид ишлар қилаётганини ояту ҳадислар билан тушунтириш керак. Жумладан, Қуръони карим оятида аниқ баён қилинган: "Уларга: “Ер юзида фасод (бузғунчилик) қилманг!” дейилса, улар: “Албатта, биз чин ислоҳчилармиз”, дейдилар. Огоҳ бўлингки, айнан уларнинг ўзлари бузғунчилардир, лекин (буни ўзлари) сезмайдилар" (Бақара, 11–12).
Бешинчи, 2015 йил 31 август куни “Шаҳидлар хотираси” хиё­бонида муҳтарам Президентимиз уламолар билан суҳбатда бундай тўс-тўполонларнинг сабабларини, фожиали оқибатларини чуқур англашда ҳамда ёт ғояларнинг асл моҳиятини очиб беришда, жаҳолатга қарши маърифат билан курашишда уламолар ва имомларнинг янада жонбозлик кўрсатишини алоҳида қайд этдилар.
     Зеро, Ислом дини ҳам киши­ларни тинчликни асраш ва барқарорликни таъминлаш йўлида имон, инсоф, адолат, ҳамжиҳатлик ва бирдамлик билан ҳаракат қилишга, фитна ва ўзаро адоватга барҳам беришга чақиради.

 

 

Айдарбек ТУЛЕПОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

 

www.muslim.uz 

Кун ҳадиси

Ўзига алоқаси бўлмаган нарсалар билан шуғулланмаслик кишининг Исломи гўзаллигидан даракдир (Имом Термизий ривояти, ҳасан ҳадис). Изоҳ: Ушбу ҳадиси ша…

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 218714
  • Саййидул-истиғфор дуосини ўрганамиз

    Аллоҳумма анта Роббий ла илаҳа илла анта холақтаний ва ана ъабдука ва ана ъала аҳдика ва ваъдика мастатоъту. Аъузу бика…

    17.12017 98128
  • Аллоҳ лаънатлаган пардоз

    Аллоҳ таоло Ўзи яратган барча жонзотлар ичида инсонни энг гўзал суратда яратганини таъкидлаб, Қуръони каримда шундай ха…

    19.32017 47154
  • ҚУРЪОН тиловати

    Қуръон ўқишдан аввал покланиб олинг. "Уни (Қуръонни) таҳоратли кишилардан ўзгалар ушламаслар" (Воқеа, 79). Қуръон ўқи…

    18.82016 45588
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24740