Ийдул-Азҳо ёхуд Қурбон ҳайити одоблари
23.9.2015 4551

     Маълумки, замон ва маконнинг шарофати билан солиҳ амаллар ҳам бир-биридан тафовут қилувчи ўзгача шараф ва афзаллик касб этади. Аллоҳ таоло маълум кунларда Ўзига ибодат қилишни, Ўзини зикр этиб улуғлашни бошқа кунлардагидан кўра афзалроқ ва ажрини олийроқ қилиб қўйган. Бундай кунларда бажариладиган солиҳ амалга бошқа кунлардагидан кўра чандон-чандон орттириб ажр берилгусидир. Муқаддас ойлардан бўлган зулҳижжа ойининг аввалги ўн куни ҳамда ташриқ кунлари ана шундай муфаззал қилинган кунлар жумласидандир.
    Ислом умматининг барча вакиллари бу кунларни рўзаю ибодат, зикру тасбеҳлар, такбиру таҳлиллар ва хайру садақалар билан обод қилган ҳолда ўтказадилар. Бу кунларда умр фарзи бўлмиш ҳаж ибодатининг асосий маросимлари бўлиб ўтади.
      Шундай қилиб, зулҳижжанинг ўнинчи кунида бу ойнинг ҳилоли чиқиши билан олам аро бошланган ибодат сайли ўзининг авж палласига кўтарилади. Саноқли кунлардаги ибодатларнинг мукофоти – Қурбон ҳайити кўзларимизни қувонтириб оламга меҳмон бўлади. Моли нисобга етган мўмин-мусулмонлар бундай дориломон кунларга офият ила етказгани ва бошқа барча зоҳирий ва ботиний неъматлари учун Яратганга шукрона сифатида қурбонликлар сўядилар. У кунда Аллоҳ таоло учун қон чиқазишдан ҳам кўра маҳбуброқ бўлган бирон-бир амал бўлмас. Шу жиҳатлардан ҳам Ийдул-Азҳо байрами алоҳида эътиборга моликдир.
    Ийд сўзининг келиб чиқиши арабча “қайтмоқ, қайтармоқ, фойда ёки зарарни олиб келмоқ” маъноларига далолат қилувчи «عاد» (ъаада)феълига бориб тақалади. «Ал-баҳрур-роиқ шарҳу канзид-дақоиқ» китобининг муаллифи шундай дейдилар: «Ийд сўзи билан унинг ўзаги бўлган «қайтиб келиш» сўзи орасида муносабат борлиги сир эмас. У шунинг учун ҳам шундай номландики, у кунда Аллоҳ таолодан бандаларга лутфу-иноят, инъому-эҳсонлар қайтади; Ёки бундай номланишига сабаб, у кун такрор-такрор келади, қайта-қайта нишонланиб, байрам қилинади; Ёхуд у одамларга шодлик олиб келгани учун шундай номланган; Ё эса, худди карвонни яхши ният билан «қофила» яъни «қайтиб келувчи» деб номлаганлари сингари, бу кунга ҳам қайта етишиш насиб бўлишига умид боғлаб, некбинлик юзасидан «ийд» номи берилган».
    Озод, соғлом, оқил ва болиғ бўлган эркак мусулмон кишига ийд намозига ҳозир бўлиш вожибдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ийд намозини мунтазам равишда қоим қилганлар, ҳеч қачон тарк қилмаганлар.
   Ийдул-Азҳо кунида риоя қилиш мустаҳаб саналган ва беҳад ажру савобли бўлган маълум ишлар ва одоблар бор. Қуйида уларнинг айримларига қисқача тўхталиб ўтамиз.

 

1. Ҳайит намозига чиқишдан олдин ғусл қилиш, бисотидаги либосларнинг энг яхшисини кийиш ва ҳушбўйланиш. Негаки, бу шундай улуғ байрам ва шодиёнаки, у кунда мусулмонларнинг ҳайъатида ҳам байрамона кайфият кўриниб туриши керак. Боз устига, ҳайит намозига кетаётган одам албатта издиҳомга рўбарў бўлади. Шу боис ҳам ундан ҳушбўй ҳидлар таралиб туриши мақсадга мувофиқдир. Янги кийими бўлмаса, кийимлари ичидан энг яхшисини танлаб, ювиб-дазмолланган ҳолда кийиши мустаҳабдир. Набий алайҳиссалом ҳар ҳайитда Ямандан келтирилган қизғиш рангли тўнларини кийганлари ривоят қилинган.

 

2. Ийдул-Азҳо куни Ийдул-Фитр кунидан фарқли ўлароқ, ҳайит намозига ҳеч қандай егуликдан тотинмаган ҳолда чиқиб кетиб, намоздан қайтгач, сўйган ёки ўзига ҳадя этилган қурбонликнинг гўштидан ейиш мустаҳабдир. Абдуллоҳ ибн Бурайда отасидан ривоят қиладилар: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Фитр куни нарса емагунча намозга чиқмас эдилар, Азҳо куни эса ҳайит намозини ўқиб бўлмагунча нарса емас эдилар” (Термизий, Ибн Можа ва Ибн Ҳиббон ривоятлари.).
    Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Азҳо куни намоздан олдин таом ейишдан тийилишларининг ҳикмати ҳақида Мулло Али Қорий (р.ҳ.) бундай дейдилар: “Бунинг сабаби ўша кунда биринчи бўлиб ейдиган нарсаси ўз қурбонлигининг гўштидан бўлмоғи учундир. Зеро, Аллоҳ таоло айтади: «Бас, ундан (яъни сўйган қурбонлигингизнинг гўштидан) енглар ва бечора-камбағалларга ҳам едиринглар!» Шу боис ҳам, Аллоҳнинг амрига бўйсуниш юзасидан у куни энг биринчи ейиладиган нарса қурбонлик гўшти бўлади” (“Мирқотул-мафотиҳ”: 3/544).

 

3. Ҳайит намози ўқиладиган жойга мумкин қадар эртароқ бориш, юзида хурсандчилик аломатлари зоҳир бўлиб туриши, мумкин қадар кўпроқ садақа ва хайру эҳсонлар қилмоқ.

 

4. Ҳайит намозига пиёда юриб бориш ҳамда намозгоҳга бир йўлдан борган бўлса, қайтишда у йўлни ўзгартириб, бошқа йўлдан пиёда қайтиш ҳам мустаҳабдир. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилганлар. Бунинг ҳикмати борасида уламолар турли хил фикрларни билдирганлар. Жумладан, шуни айтиш мумкинки, ҳайит намозига пиёда борилса,байрамона кайфият нафақат одамларнинг ичларида, балки ҳаммаёқда яққол намоён бўлади. Байрамнинг табаррук нафаси ҳамда мусулмонларнинг муборак қадамлари ва яхшиликларидан барча кўчалар ва йўллар ҳам баҳраманд бўлади. Оламда баҳорий насимдек ҳушбўй кайфият ҳукмрон бўлади. Буни кўчаларни тўлдириб, юзларида шодон ифода билан уйларига қайтаётган ораста кийинган одамларда, намоз ўқиб бўлиниши билан ҳамма ерда ёйиб ташланган турфа хил егуликлар, нозу неъматлар ва совғаю саломлардан ўз аҳли оиласига олиб бориш учун харид қилаётган оила бошлиқларида, ота, амаки ва акаларининг ёнларида қувончлари бир олам бўлиб, турфа хил ўйинчоқларни ўйнаб келаётган болаларнинг бахтиёр қиёфаларида ҳам кўриш мумкин. Боз устига, ҳайит намозига бир йўлдан бориб, бошқа йўлдан қайтилганда инсон яна ҳам кўпроқ одамларни кўради, анчадан бери кўрмаётган таниш-билишлари билан дийдор кўришади ва уларни шодиёна билан табриклаш фурсатига эга бўлади. Айрим уламоларнинг қайд қилишларича, инсон ҳайит намозига бир йўлдан бориб, бошқа йўлдан қайтса, юрган ҳар бир йўли ҳамда ўша йўлларга қўйилган ҳар бир фаришта ҳам қиёмат кунида унинг фойдасига гувоҳликка ўтар экан.

 

5. Арафа куни бомдод намози ўқилгандан бошлаб, то ташриқ кунларининг охирги куни қуёш ботгунга қадар ҳар фарз намоз кетидан такбири ташриқ айтилади. Бу суннат. Унинг кўриниши мана бундай: “Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, лаа илааҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар, Аллоҳу акбар, ва лиллааҳил-ҳамд”.
Ҳанафий мазҳабида ташриқ кунлари ҳайит кунидан кейинги уч кун ҳисобланади. Демак, такбири ташриқ арафа куни бомдод намозининг фарзидан сўнг айтиш бошланади ва ҳайитнинг тўртинчи куни аср намозида охирги такбири ташриқ айтилади. Шу билан тугайди. Шунда беш кун давомида умумий 23 та намоздан сўнг такбири ташриқ айтилган бўлади. Бу Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммадларнинг қавллари бўлиб, мазҳабимизда шу ихтиёр қилинган. Аммо, Имом Абу Ҳанифараҳматуллоҳи алайҳига кўра такбири ташриқ Арафа куни бомдод намозининг кетидан бошланиб, ҳайитнинг биринчи куни аср намози ўқиб бўлингач охиргиси айтилади. Бу қавлга кўра саккизта намоздан сўнг ташриқ такбирлари айтилади. Аммо, амалда бўлган қавл аввал келтирганимиз имомайннинг сўзларидир.

    Бу кунларнинг ташриқ кунлари дейилишига сабаб шуки, «ташриқ» сўзи араб тилида бирон нарсани офтобга ёйиб, қоқилаш деган маънони англатади. Одамлар бу кунларда келгусига ғамлаб қўйишга мўлжалланган қурбонлик гўштларини бузилиб қолишидан сақлаш учун офтоб нурига ёйиб, қоқилар эдилар. Шунинг учун, бу кунлар ташриқ кунлари деб аталди. Шу боис, бу кунларда айтиладиган такбир ҳам «ташриқ такбири» деб юритилди. Аллоҳ таоло марҳамат қиладики: “Саноқли кунларда Аллоҳни зикр қилингиз!” (Бақара сураси, 203-оят). Муфассирлар бу «саноқли кунларни» ташриқ кунлари дейдилар.
    Ийд куни намозга чиқиб кетилаётганда ҳам ушбу такбирларни айтиш мустаҳаб ҳисобланади. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳига кўра, бу такбирларни товушни ортиқча баланд кўтармасдан ҳар ким ўзича айтиб юриши лозим. Негаки, такбир дуо ва зикр ҳисобидадир. Дуо ва зикр эса мулойимлик билан айтилади. Аммо “Бу такбирлар ҳайит ва ташриқ кунлари кўча-кўйларда, бозорларда ва таниш-билишлар билан учрашганда товушни кўтариб айтилади”, деган қавллар ҳам бор.

    Ийдул-Азҳонинг биринчи куни дохил ташриқ кунларида рўза тутиш ман этилади. Чунки бу кунлар еб-ичиб, чинакам байрам қилинадиган кунлардир. Нубайша ал-Ҳузалий разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб дедилар: “Ташриқ кунлари ейиш-ичиш ва Аллоҳни зикр қилиш кунларидир!” (“Саҳиҳи Муслим”).
    Рўза тутиш ман қилинган бу кунларнинг неча кунлиги борасида ҳам ташриқ кунларининг қайси кундан эътиборан бошланиши ҳақида пайдо бўлган ихтилоф туфайли уламолар томонидан икки хил фикр билдирилди. Аксар уламолар ташриқ кунлари ҳайитдан кейинги уч кун дейдилар. Шунга биноан, рўза тутиш ножоиз бўлган кунлар умумий тўрт кунни ташкил этади.

 

6. Ийдул-Азҳо куни ёр-биродарлар, хешу ақраболар билан кўришганда уларни байрам билан қутлаб, “ҳайитингиз муборак бўлсин!” каби табрик сўзлари алмашиниш ҳамда улар билан қучоқлашиб кўришиш ҳайитнинг одобларига киради.

 

7. Ҳайит кунидан бир кун олдин бозорга тушиб, оила аъзолари учун ҳайит совғалари харид қилиш ва уларни ҳайит намози ўқилгандан сўнг оиланинг катталаридан бошлаб тақдим қилиш, ўша куни ҳайит намози ўқиб келингач, барча оила аъзолари билан аввалдан тузатилган тўкин дастурхон атрофида жам бўлиш, бир-бирига ниҳоятда чиройли муомалада бўлиш, аҳли аёл билан бола-чақаларни боғмиди, хиёбонмиди ёки бирорта ошхона каби дилдан суҳбатлашиб, кўнгил ёзиш мумкин бўлган жойларга олиб бориш ва ҳоказолар нақадар ҳам мақсадга мувофиқдир. Шунингдек, ҳайит кунида қариндош-уруғ ва ёру биродарларни зиёрат қилиш ҳам у куннинг одобларидан ҳисобланади.

 

    Фурсатдан фойдаланиб бутун Ўзбекистон мусулмонларини халқимизнинг улуғ байрами бўлмиш қурбон ҳайити билан чин юракдан муборакбод этамиз. Аллоҳ таоло жонажон юртимизнинг тинчлик-хотиржамлигини бардавом айласин, обод ва озод ватанимизни ёмон кўзлардан, ғаразгўй кучларнинг нопок мақсадларидан Ўз паноҳида асрасин! Бундай шодиёна кунларгаэсон-омонлик ва бағри бутунликда такрор-такрор етишиб юриш бахти барчамизга насиб этсин! Кириб келаётган байрамингиз муборак бўлсин, азизлар!

 

Одилхон қори Юнусхон ўғли

Кун ҳадиси

Ўзига алоқаси бўлмаган нарсалар билан шуғулланмаслик кишининг Исломи гўзаллигидан даракдир (Имом Термизий ривояти, ҳасан ҳадис). Изоҳ: Ушбу ҳадиси ша…

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 217773
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24664