ИСТИҚЛОЛИМИЗ АБАДИЙ БЎЛСИН
21.7.2015 4645

    Аллоҳ таолога беадад шукроналар бўлсинким, диёримизнинг истиқлолга эришуви ва жамиятимизда рўй берган ижобий ўзгаришлар мамлакатимиз мусулмонлари ҳаётида ҳам улкан бурулишларга сабаб бўлди. Халқимиз қалбида ислом динига меҳр-муҳаббат янада ортди. Албатта, буни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Раббингизнинг (Сизга ато этган барча) неъмати ҳақида эса (одамларга) сўзланг!” (Зуҳо сураси, 11-оят), - деб марҳамат қилган.

    Истиқлол шарофати билан ислом дини равнақи учун янги имкониятлар очилди. Республикамизнинг Асосий Қонуни – Бош қомусида виждон эркинлиги кафолатлаб қўйилган. Мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ жамиятимизда даҳрийлик тарғиботи барҳам топди. Барча исломий қадриятлар – масжид ва мадрасаларнинг бинолари, осори атиқалар, тарихий манбалар мусулмонларга қайтариб берилди. Ҳозир диёримизда икки мингдан зиёд масжид расмий фаолият юритмоқда ва мусулмонларнинг эмин-эркин ибодат қилишлари учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган.Бу йил халқимз республикамиз мустқиллигининг йигирма тўрт йиллиги байрамини нишонлайдилар.
    Алҳамдулиллоҳ, ҳар йили юртдошларимиздан минглаб кишилар муборак ҳаж ва умра зиёратини адо этиш бахтига муяссар бўлмоқдалар. Истиқлолдан олдин бу фақат орзу бўлар эди, халос.
Мустақиллик шарофати ила диёримиздан етишиб чиққан уламоларимизнинг ҳаётлари билан яқиндан танишиш, улар қолдирган бебаҳо илмий меросларини ўрганиш имкониятига эга бўлдик. Ислом дини, илм-фан ва жаҳон маданияти равнақига улкан ҳисса қўшган Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбанд, Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Мансур Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Аҳмад Фарғоний каби буюк аждодларимизнинг таваллуд тўйлари кенг нишонланди, табаррук қадамжолари обод қилинди, асарлари минглаб нусхада нашр этилди.
    Истиқлол йилларида диний таълим тизими тубдан ислоҳ қилинди. Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ва ўнга яқин ўрта-махсус ислом билим юрти талабалари динимиз тарихи, Қуръони карим, ҳадис, фиқҳ илмлари билан бир қаторда дунёвий фанлардан ҳам сабоқ олишяпти. Президентимиз Фармони билан 1999 йил Тошкент ислом университетининг ташкил этилиши ҳам муҳим воқеа бўлди.
   Ўзбекистон мусулмонлари идораси дунёнинг ўттиздан ортиқ мамлакатлари билан бевосита алоқалар ўрнатган. Идорамиз вакиллари дунё мусулмонларининг энг нуфузли халқаро анжуманларида иштирок этиб келишмоқда. Шунингдек, ўз навбатида жаҳоннинг турли мамлакатларида яшовчи мусулмонларнинг вакиллари меҳмон бўлиб тез-тез ташриф буюрмоқда. Эзгу ишлар натижасида юртимиз кундан-кунга чирой очмоқда. Ҳар йили асрий обидаларга эга бўлган қадимий шаҳарларда бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари олиб борилаётир. Келажак авлодга боболардан мерос бўлиб қолган бетакрор санъат намуналари – иншоотларни бус-бутун ҳолда етказиш учун саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда.
     Бугун азим Тошкентнинг Эски шаҳар қисмидаги «Ҳазрати Имом» даҳаси обод масканга айланган.Яқинда бу ерда янгидан-янги кенг ва равон кўчалар ,кўприклар қурилиб шаҳарликларни мамнун этиб узоғини яқин қилди. Маълумки, бу макон қадимдан диёримизнинг илму ирфон таратиб келган масканларидан биридир.Бу ерда Қаффол Шоший мақбараси, ўз даврида бир неча юзлаб олиму донишлар етиштириб берган Бароқхон мадрасаси, шарқу Ғарбдан келаётган сайёҳларни ҳайратга солаётган, Ислом оламидаги энг ноёб дурдона – Усмон Мусҳафи ва Қуръони каримнинг турли тилларда чоп этилган бебаҳо нусхалари сақланаётган Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонаси, «Тилла Шайх» жоме масжиди, Тошкент ислом институти жойлашган. Аммо, бу муаззам гўзаллик пастқам уйлар, кинотеатр ва мактаб бинолари соясида қолиб кетганди.
    Ҳукуматимиз томонидан Ҳазрати Имом даҳасини ободонлаштириш, бу ерда ёдгорлик мажмуини барпо этишга киришилгач, зудлик билан катта бунёдкорлик ишлар бошланиб кетди. Қаффол Шоший мақбараси ва Бароқхон мадрасасида кенг кўламда таъмирлаш ишлари олиб борилди.
    “Тилла Шайх” жоме масжиди ва унинг ёнида жойлашган Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонаси биноси қайта тикланди, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг барча қулайликларга эга ва замон талаблари даражасида жиҳозланган янги биноси ҳамда Имом Бухорий номли Тошкент ислом институти ҳам жуда қисқа фурсат ичида икки гумбазли ва қўш минорали янги “Ҳазрати Имом” жоме масжиди,маҳалла маънавий маърифий маркази ҳам қуриб битказилди ва фойдаланиш учун топширилди.Шунингдек жорий йилда пойтахтда очилган янги “Минор” масжиди шахарнинг кўркига кўрк қўшиб турибди.Бундай яратилган шарт шароитлардан кексаларимиз ва меҳмонлар қўлларини дуога очиб юртимизга Аллоҳдан тинчлик осайишталик тиламоқдалар.
    Президентимиз ўз сўзларининг бирида шундай деган эдилар: “...Биз она заминимиз бағридаги ҳар бир моддий ва маънавий мерос намунасини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, қайта тиклаш ва таъмирлаш бўйича қилаётган бу ишларимизни кимгадир намойиш қилиш, кўз-кўз этиш учун эмас, аксинча, келажагимизни ўйлаб, онгимиз ва қалбимиз даъвати билан амалга оширмоқдамиз. Токи эртага бизнинг ўрнимизга келадиган, биз бошлаган олижаноб ишларни муносиб давом эттиришга қодир бўлган ёшларимиз ана шу бебаҳо маънавий бойликдан бахраманд бўлсин, шу асосда ўзининг кимлиги, қандай буюк зотларнинг авлоди эканини англаб етсин”.
    Албатта, мазкур ишларни амалга оширишдан кўзланган асосий мақсад, диний ва миллий қадриятларимизни қайта тиклаш, уларни келажак авлодга асл ҳолида етказишдир. Дарҳақиқат, бундай хайрли ишлар аввало, Аллоҳнинг фазлу инояти туфайли амалга оширилади қолаверса, бу йўлда тер тўкиб хизмат қилиш юксак шарафдир.

Шайх Абдураззоқ ЮНУС,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

Манба: Muslim.uz

Кун ҳадиси

Ўзига алоқаси бўлмаган нарсалар билан шуғулланмаслик кишининг Исломи гўзаллигидан даракдир (Имом Термизий ривояти, ҳасан ҳадис). Изоҳ: Ушбу ҳадиси ша…

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 217262
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24619