Исломда фарзанд саломатлиги
25.1.2016 6393

   Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсинки, жонажон юртимизни ободлиги, халқимиз тинчлиги ва фаровонлиги йўлида олиб борилаётган олийжаноб ва савобли ишлар йил сайин ортиб бормоқда. Жорий 2016 йилнинг мамлакатимизда “Соғлом она ва бола йили” деб эълон қилиниши ҳам ана шу хайрли ишларнинг бир кўринишидир.

   Барчамизга яхши маълумки, динимиз Ислом инсон соғлигига жиддий аҳамият қаратади. Бундан 14 аср муқаддам динимиз сиҳат-саломатликни сақлашнинг барча кўринишларини мукаммал баён этган ва бу борада керакли тавсия ва кўрсатмалар берган. Унда тозалик ва озодаликка юксак эътибор берилиши, фитрий суннатлар бўлмиш тирноқларни олиш, кераксиз туклардан баданни тозалаб туриш, хатна қилдириш каби нарсаларга буюрилиши, соғликка зарар берадиган ишлардан қайтариб: لا ضرر ولا ضرار “Исломда ўзига ва бировга зарар бериш йўқ!” каби сўзларнинг буюк шиорга айланиши, бинобарин, соғликка зарар етказадиган ҳар қандай нарсанинг ҳаром қилиниши ва бошқа кўплаб соғлиқни сақлаш борасида беқиёс аҳамиятга эга бўлган ҳадису оятлар сўзимизнинг ёрқин далилидир.

   Фарзандининг ҳам жисман, ҳам ақлан соғлом бўлиб вояга етиши ҳарқандай ота-онанинг кўзини қувнатиб, кўнглига чексиз сурур бағишлаши табиийдир. Лекин, бу нарса унинг тарбияси ва парваришидан масъул бўлган шахслар устига бироз машаққат, эътибор ва давомли меҳнат юклайди. Зеро, бу доимий равишда фарзанд соғлигидан хабардор бўлиш, уни касалга чалинишдан, шикастланишдан муҳофаза қилиш, бордию хасталаниб қолса, дарҳол керакли чора-тадбирларни кўриш каби ишларни тақозо қилади.

   Маълумки, муқаддас динимиз Ислом кишиларнинг соғлик-саломатликларига жиддий аҳамият қаратган. Соғлиққа зарарли бўлган ҳарқандай нарсани таъқиқлаган. Турли хил маст қилувчи ичимликлар, наркотик моддалар каби инсон онги ва жисмига катта хатар туғдирувчи нарсаларнинг динимизда қатъий ҳаромлиги ҳам фикримизнинг ёрқин далилидир.

   Дарҳақиқат, ҳар бир ота-она ўз фарзандини соғлом ва баркамол, заковатли, бахтли бўлишини Аллоҳдан тилайди ва шу йўлда узлуксиз ҳаракат қилади. Жондан азиз фарзандни вояга етказиш, унинг ҳаётда муносиб ўрин эгаллашига эришиш барча ота-оналарнинг энг улуғ ва энг муқаддас орзуси экани ҳаммамизга яхши аёндир.

   Динимизнинг бола соғлиғига бўлган эътибори энг бошидан бошланади. Бола туғилишидан олдин бошланади. Динимизда маст қилувчи ичкиликлар, ақлга зарар берувчи турли-туман наркотик моддалар истеъмол қилишнинг ҳаром қилиниши бунинг яққол исботидир. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади:

 

وَلَا تَقْرَبُوا الفَوَاحِشَ مَا ظَهَرَ مِنْهَا وَمَا بَطَنَ

 

Яъни: “фаҳш-бузуқ ишларга яқинлашмангиз, уларнинг ошкорасига ҳам махфийсига ҳам!”(Анъом сураси: 151-оят).

   Бўлажак ота-онадан бирининг наркотик моддалар истеъмол қилишнинг она қорнидаги болага зарари илмий жиҳатдан исботини топган ҳақиқатдир. Бу нарса ҳомиланинг нуқсонли бўлиб қолишига, боланинг ақлий заиф бўлиб туғилиши ва ҳоказоларга олиб келади.

   Энди, қачонки, ҳомила соғлом ҳолда камолига етиб, бола дунёга келгач, динимиз яна ота-онага муайян кўрсатма ва йўл-йўриқлар бериш орқали, боланинг соғлиғига ғамхўрлик қилади. Жумладан Бақара сурасининг 233 оятида бундай дейилади:

 

 “وَالْوَالِدَاتُ يُرْضِعْنَ أَوْلَادَهُنَّ حَوْلَيْنِ كَامِلَيْنِ لِمَنْ أَرَادَ أَنْ يُتِمَّ الرَّضَاعَةَ

 

яъни: “Оналар болаларини тўла икки йил эмизадилар. (Бу муддат) эмизишни камолига етказишни истовчилар учундир”.

   Она сутининг бола соғлиги учун энг муҳим, энг афзал ва энг мукаммал ҳамда беқиёс озуқа эканлиги замонавий илм томонидан ҳам исботланган нарсадир. Она сути боланинг соғлом ҳолда вояга етиши учун зарур бўлган барча фойдали ва керакли модда ва витаминларни ўз ичига олади.

   Шундай экан ота-оналар фарзандларини ҳар-хил сунъий озуқалардан кўра табиий, она сути билан катта қилишга эътибор қаратишса нур устига нур бўларди.

   Шунингдек, ота-оналар фарзандларини вақтида айрим хавфли касалликларга қарши эмланишига ҳам эътибор қаратишлари мақсадга мувофиқдир. Ҳатто баъзи уламолар бу нарсаларни ота-она зиммасида вожиб, агар тарк қилса, гуноҳкор бўлади ҳам дейишади.

   Шу билан бир қаторда фарзандларимизни ёшликларидан бошлаб, соғлиқ учун фойдали бўлган ишларга одатлантириш, масалан, эрталаб ва кечқурун тишларни тозалашга, тирноқларни вақтида олишга, вақтида чўмилиш, овқатдан олин қўлни ювиш ва ҳоказолар каби ишларга ўргатиб боришлари ҳам мақсадга мувофиқдир.

   Оилаларнинг ўзаро аҳиллиги, ота-она, эр-хотин ўртасидаги соғлом муҳит, шубҳасиз,  соғлом бола тарбиясида муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, қиз болаларни тарбиялаш, уларнинг замонавий билим ҳамда касб-ҳунарларни эгаллашига ёрдам беришимиз, турмуш, оила масъулиятини ҳис қилиш, ёшига етмасдан уларни эрта турмушга бериш, турли тўй-ҳашам, урф-одат ва маросимларимизни ихчам ҳамда тартибли ўтказиш ҳам шубҳасиз азиз фарзандларимиз баркамол инсон бўлиб етишишларида нақадар аҳамиятли эканини эсдан чиқармаслик керак.

   Фарзандларнинг келажакда гўзал аҳлоқли ва  чиройли тарбияли бўлишида ота-она фарзанди ҳаққига қиладиган хайрли дуоларнинг ўрни ҳам беқиёсдир. Чунки дуо ибодат мақомида. Аллоҳ таоло ҳар бир ишда Ўзидан ёрдам сўрашимизни яхши кўради. Бундан ташқари, ота-онанинг фарзанди ҳаққига қилган дуоси мустажобдир.

   Тарбия ҳақида Имом Ғаззолий (р.ҳ.) бундай деганлар: “Бола ота-она қўлида бир омонатдир. Қалби турли нақш ва расмлардан пок, нима нақш солинса, қабул қилади, нимага мойил қилинса, мойил бўлаверади. Агар яхшиликка ундалса ва ўргатилса, яхшилик узра ўсиб-улғаяди. Натижада дунё ва охиратда саодатли бўлади. Ота-онаси ҳамда унга одоб ва таълим берганларнинг барчаси савобига шерик бўлишади. Агар ёмонликка ундалса ёхуд ҳайвон каби бўш қўйилса, ёмонликка учрайди, ҳалокатга юз тутади ва унинг тарбиясидан масъул киши зиммасига гуноҳкорлик тушади”.

   Динимиз саломатликни муҳофаза қилишга чорлаши билан бир қаторда кучли ва соғлом бўлишга ҳам тарғиб этади. Бу хусусда Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай марҳамат қилганлар:

 

" اَلْمُؤْمِنُ الْقَوِيُّ خَيْرٌ وَ أَحَبُّ إِليَ اللهِ مِنَ الْمُؤْمِنِ الضَّعِيفِ

 

яъни: “Бақувват мўмин киши яхши ва у Аллоҳ таоло наздида заиф мўминдан севимлироқдир”. (Имом Муслим ривояти).

   Фарзандларни ёшликларидан чиниқтириш, соғлиққа фойдали машғулотларга ўргатиш юқоридаги ҳадиси шариф далолати билан динимиз тарғиб қилган ишлар сирасига киради.

   Албатта фарзандининг жсимонан соғлом бўлиб вояга етиши ҳар бир ота-онана қалбига сурур ва хурсандчилик олиб келади. Бунинг аксича, носоғлом, ногирон фарзанд ота-она учун бир умрлик ғам-андуҳ манбаи бўлади. Тарбиянинг ҳам бу ўринда аҳамияти каттадир. Фарзанд жисмонан соғлом бўлгани билан тарбияси носоғ бўлса, бу ҳам ота-она қалбини тиғлайдиган, бир умр ҳаловат бермайдиган мусибатли ҳолатдир. Қолаверса, яхши тарбия берилмаган, маънавияти паст фарзандлар улғайса жамиятга ҳам улардан катта зарар етади. 

   Шу боис, киши ўғил-қизини кичик ёшдан тарбиялаб, одоб бермоғи керак. Бола маълум ёшга етгач, унга баъзи нарсаларни қабул қилдириш қийин кечади. Бунда оила раиси оила аъзоларининг баъзи айбларини кечириши керак бўлади. Заиф ва кичиклар айб қилишлари мумкин. Шунинг учун уларни қўрқитишдан кўра кечириш яхшироқдир.

   Сўзлашув тарбияси ҳам бола камолотида муҳим ўрин тутади. Одатда,  ўғил-қизлар бир ярим-икки ёшдан гапира бошлашади. Уларга кичиклигидан сўзларни тўғри талаффуз қилишни, фасоҳатли гапиришни, катталарга мурожаат қилиш одобларини ўргатиш, сўкиниш ва беҳаё сўзларни ишлатишнинг ёмонлигини тушунтириш лозим.

   Меҳнат тарбияси бериш учун болага ҳалол касб билан кун кўриш ҳақида насиҳатлар қилинади, турли касб-ҳунарлар ўргатилади, меҳнатга муҳаббат уйғотиш учун болалигидан унга турли майда юмушлар буюриб турилади. Агар бунга ўзи қодир бўлмаса, бирор ус тозга берилади.

   Бола қалбига ёшлигиданноқ имон, эътиқод уруғларини сепиш лозим.     Чунки имони, диёнати, виждони бўлмаган бола жоҳил, нодон, ёвуз, жамият ва эл манфаатларини назар-писанд қилмайдиган худбин кимса бўлиб ўсади. Давлатимиз ва миллатимиз учун бундай кимсалар эмас, балки қалби тоза, уйғоқ, илмли ва мўмин инсонлар зарурдир. Болани шу йўсинда тарбиялаш ҳамманинг вазифаси бўлиши керак.

 

Одилхон қори Юнусхон ўғли

 

Кун ҳикмати

Келинига зулм қилаётган қайноналар "Ҳаргиз Аллоҳ золимлар қилаётган амаллардан ғофил, деб ҳисоблама!" (Иброҳим сураси: 42) оятини ёдига келтирсин ва …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 217547
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24638