“Интернетдаги тузоққа тушиб қолманг!”
16.7.2015 5184

 

       “Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг, гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг. Аллоҳга тақво қилинг, албатта Аллоҳ азоби шиддатли зотдир”. (Қуръони каримнинг Моида сураси 2 - оят)

Ҳозирда “глобаллашув” ва “оммавий маданият” деган сўзлар ҳар куни қулоғимзга чалинади. Бу сўзлар инсон ва жамият ҳаёти ривожининг ҳозирги давридаги муҳим хусусиятларини, жумладан, тез суръатлар билан ўзгариб бораётган ўта шиддатли ҳамда мураккаб бир воқеликни ўзида мужассам этади.

Бугунги глобаллашув даврида ахборот тарқатиш юқори ривожланиш нуқтасига етди. Хусусан, Интернет жамият ҳаётини тубдан ўзгартириб юборди. Бугунги кун одами ҳар бир кунини интернетдан бошлаб, у билан тугатадиган бўлиб қолди. Глобал тармоқнинг ривожланиш босқичига эътибор беринг: 1998 йилда дунё бўйича интернетга 100 миллион одам уланган бўлса, 2008 йилда интернетдан фойдаланувчилар сони 580 миллиондан ортиқ абонентни ташкил қилди, ҳозирги кунга келиб уларнинг сони 2 миллиарддан ошиб кетди. Ўзбекистон Республикаси халқаро глобал интернет тармоғига 1996 йилда уланди ва мамлакатда 2008 йилга келиб интернетдан фойдаланувчилар сони 1 миллион 904 минг кишидан ортиқни ташкил этди. Бугунги кунда республикада интернетдан фойдаланувчилар сони 10 миллиондан ортиб кетди. Ҳар ойда глобал тармоқдан фойдаланувчилар миқдори 7 - 10 фоизга ортиб бормоқда.

Айни дам глобал тармоқнинг афзалликлари билан бирга салбий таъсири, ҳавф - хатарларига эътиборингизни қаратмоқчимиз. Муайян кучлар глобал тармоқнинг ахборотларни тез, сифатли узатиш, тарқатиш бўйича имкониятларидан фойдаланиш орқали жамоатчилик фикрини тўғри йўлдан уриш, айниқса ёшларни ўзлари тарғиб этаётган бузғунчи ғоя ва мафкуралар томон йўналтиришга ҳаракат қилишмоқда. Чунки ёшлар интернет аудиториясининг энг фаол аъзолари бўлиб, улар интернетга янгиликларни излаш, дўстлар билан танишиш, мулоқот қилиш, мусиқа ёзиб олиш ва ўзларига керакли маълумотлар олиш учун кирадилар.

Аммо виртуал макондан ёғилаётган ахборот оқими шунчалик кўпки, унинг қайси бири фойдали, тўғри ва қайси бири ғаразли эканлигини ажратиб олишга ҳар бир ёш йигит - қиз ҳам қодир эмас. Айниқса, ҳали онги тўла шаклланиб улгурмаган ёшларнинг дунёқарашига, ғоявий тарбиясига ўта салбий таъсир кўрсатувчи интернет тизими маълумотларининг маълум бир қисми асосан нохолис, шубҳали кўринишда бўлиб, ахлоқий бузуқлик, тажовузкорлик ва зўравонликка ундайди. Хозир интернет орқали тарқатилаётган ва йил сайин тобора кенг, хилма - хил тус олаётган виртуал зўравонликка, шунингдек электрон оммавий ахборот воситаларида тасвирланаётган жангари манзаралар, оммавий маданият ниқоби остидаги ғоялар ёшларнинг маънавиятига таъсир қилмоқда.

Пайғамбаримиз Муҳаммад саллалоҳу алайхи васаллам “Катта гуноҳларнинг каттароғи ҳақида хабар берайми” - дедилар. Айтдиларки “Ёлғон сўз (ёки ёлғон гувоҳлик)”. Бугунги глобаллашув даврида интернет тармоғи ёшлар маънавиятига таҳдид ҳам олиб келишининг сабабларидан бири бугун дунёда интернет ахбороти мутлақо назоратсиз бўлиб, ким қандай ахборот тарқатиб, бировга зарар етказмоқчи бўлса, бундан осон иш бўлмай қолди. Ахборот урушида асосийси дезинформация яъни, ҳақиқатдан йироқ ахборот тарқатиш, ўзларига маъқул бўлган тарғибот - ташвиқот ишларини амалга ошириш билан одамлар онгига таъсир ўтказишдир. Ахборот тарқатишнинг бундай тезлашиши одоб - ахлоқ, халқаро ҳуқуқ меъёрларининг бузилишига ҳам сабаб бўлмоқда. Интернетда уюшган жиноий гуруҳлар ва террорчи ташкилотларнинг сайтлари мавжудки улар орқали нафақат ахборот алмашинуви ёки ёшларнинг турмуш тарзига, урф - одатларимизга мутлақо тўғри келмайдиган ёт, бузғунчи ғоя ва мафкуралар тарғиб қилинмоқда. Интернетнинг ҳар юзинчи саҳифасининг порнографик (шармсизлик, ҳаёсизлик) ҳамда садизм (зўравонлик) тарғиботи мазмунга эга эканлиги вояга етаётган ёш авлоднинг тарбиясига хулқ - одобига зарар етказиши табиий. Бу эса ўз навбатида жамоатчиликни ташвишга солиб, ёшларнинг мафкуравий хавфсизлигини таъминлаш масаласини муҳим устувор вазифа сифатида кун тартибига қўймоқда.

Бугунги кунда мустамлакачиликнинг янги-янги кўринишларини ўйлаб топаётган айрим давлатлар ўз ғаразли мақсадлари йўлида интернет тармоғи ва онгни ювиш воситаларидан кенг кўламда ва моҳирона фойдаланмоқда десак хато бўлмайди. Бунда интернет орқали дезинформация тарқатиш, кишиларни ўз давлатига қарши руҳлантириш, миллатлараро зиддиятлар келтириб чиқаришга уриниш, тарбияни бузувчи материаллар тарқатиш ва бошқа сон - саноқсиз жирканч усуллар орқали муайян давлат фуқароларига қарши ғоявий кураш олиб бориш ҳамда уларни маънавий қул қилиш усудлларига кенг миқёсда мурожаат қилинмоқда. Кўпинча турли халқлар ва элатларнинг ўз мустаҳкам мафкурасига эга бўлмаган, ғоявий иммунитети йўқ қатлами мазкур фитналарнинг қурбони ва қуролига айланиб қоляптилар. Қанча - қанча тинч - осуда давлатларни қирғин - барот майдонига айлантирган “араб баҳори”, Украинадаги давлат тўнтариши, ИШИД террорчи ташкилотининг вужудга келиши фикримизнинг ёрқин далилидир.

Муқаддас китобимиз Қуръони каримнинг Бақара сураси 195-оятида “Ўзингизни ҳалокатга дучор қилманг” дейилган. Бироқ бугунги кунда оммавий ахборот воситалари ва интернет орқали тарқатилаётган, номи жуда ҳам беозор, аслида эса ўзида ҳалокат ва фалокат уруғини ташувчи “оммавий маданият”, “глобаллашув” каби тушунчалар минглаб кишилар онгини чирмовуқдек ўраб олиб, уларни манқуртлаштирмоқда.

“Ўргимчак тўри”даги турли сиёсий фитналарга жалб қилувчи нарсалар, мутаассиблик, террорчилик, тоифачилик, миллатчилик, экстремизмга тарғиб қилувчи адабиёт ва видеоматериаллар, тутуриқсиз қўшиқлар, инсонни жазавага тушириб, беихтиёр турли шайтоний ва шаҳвоний ҳаракатларга солиб ўйнатадиган мусиқалар, ваҳшийликни тарғиб қилувчи видеороликлар, бузуқлик ва беҳаёликни, ҳамжинсбозликни тарқатувчи филмлар ва бошқа тарбияни бузувчи, эркаклик ғурури ва аёллик иффатини емирувчи ахборотлар ёш авлодни онгу шууридан айириб, залолат ва бузуқлик томон етакламоқда. Бугун мазкур маънавий хуружларга қарши биргаликда ва онгли равишда, ғояга қарши ғоя, мафкурага қарши мафкура тарзида курашилмаса, улар миллатимиз келажаги ва маданиятини, асрлардан бери ардоқланиб келинаётган миллий қадрият ва анъаналаримизни емириб бориши айни ҳақиқат. Шундай экан, мазкур маънавий таҳдидларга қарши курашиш ҳар биримизнин бурчимиз.

Муқаддас динимиз Ислом оламлар Раббиси Аллоҳ томонидан инсониятни залолат зулматларидан ҳидоят нурига олиб чиқиш учун юборилган сўнги ва ягона диндир. Бу дин олам аҳлига Аллоҳнинг буюк марҳамати сифатида юборилган жаноб Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом орқали замин аҳлига юборилганда қисқа фурсатлар ичида залолату қабоҳат ботқоғига ботиб ётган халқларни башарият гултожига айлантирган. Жаҳолат гирдобидаги, номсиз - нишонсиз халқлардан дунё тамаддуни ривожига улкан ҳиссасини қўшган олиму фозилларни кашф қилган. Динимиз тинчлик дини, у инсонларни гўзал хулқли бўлишга, ўзганинг ҳаққидан ҳазар қилишга, бировга ҳасад кўзи билан қарамасликка, тириу мавждотга озор бермасликка, қўшничилик ҳақларига риоя қилишга, вақтни беҳуда ўтказмасликка, умрнинг қадрига етишга, барчага эзгулик улашишга, ота - онага яхшилик қилишга, кексани ҳурмат, кичикни иззат қилишга чақиради. Зино, баччавозлик, ўғрилик, қотиллик каби барча иллатлардан қайтаради.

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайхиссаломда келган ҳадиси қудсийда Роббилари Аллоҳ таолодан ривоят қиладилар: “У айтадики, эй бандаларим мен ўзимга зулмни ҳаром қилдим ва сизларни орангизда ҳам уни ҳаром қилдим. Бир бирларингизга зулм қилманглар” (Муслим ривояти). Бинобарин, ёшларимизга миллий қадриятларимиз, урф одатларимиз, Ислом динини тўғри етказсак уларни бугунги кун офатларлар исканжасидан сақлаб қолган бўламиз.

                                                                                       

Алишер Мирзаев
"Шайх Зайниддин" жоме масжиди имом ноиби

Кун ҳадиси

Ўзига алоқаси бўлмаган нарсалар билан шуғулланмаслик кишининг Исломи гўзаллигидан даракдир (Имом Термизий ривояти, ҳасан ҳадис). Изоҳ: Ушбу ҳадиси ша…

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 217228
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24617