"ХОРЛИК ҚАНОТИНИ ПАСТ ТУТ"
2.8.2015 4510

    Кексаларни эъзозлаш халқи­мизнинг қон-қонига, онгу шуурига сингиб, миллий қадриятга айланиб улгурган фазилатдир. Бу одат асрий анъана ва диний қарашлар билан ҳам уйғундир. Жумладан, муқаддас динимизда ҳам кексаларга дини, ирқи, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, эҳтиром кўрсатилиши зарурлиги таъкидланади. Кўпмиллатли мамлакатимизда бундай кўрсатмаларга замонлар оша амал қилиб келинади.
    Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг аҳолишунослик бўйича жамғармаси берган маълумотига кўра, дунё миқёсида кексалар сони ўсиб бормоқда. Чунончи, ёши 60 дан ошганлар 2000 йилда дунё аҳолисининг 8, 2012 йилда эса 11 фоизини ташкил қилган. Аммо бунга ҳеч ким муаммо сифатида қарамаслиги керак. Халқ мақолларида “Қариси бор уйнинг баракаси бор”, “Қари билганни пари билмас” дейилгани бежиз эмас. Ҳадиси шарифларда эса инсон атрофидаги кексалар, заифлар шарофати билан ҳимояда бўлиши, ризқлантирилиши таъкидланган.
    Ислом таълимотига кўра, кексаларни улуғлаш пайғамбарлар суннати ҳисобланади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кексаларни улуғлаш борасида энг гўзал намуналарни кўрсатган эдилар. Жумладан, Анас (розияллоҳу анҳу) ривоят қилишича, Макка фатҳи куни Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (алайҳиссалом)нинг олдиларига ўз оталарини кўтариб олиб келдилар. Шунда Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Кекса одамни (овора қилмай) ўзимиз уйи­га бориб кўрган бўлар эдик”, деб марҳамат қилдилар. Ҳазрат Умар Форуқ эса бир уйнинг олдидан ўтиб кетаётсалар, кекса кўр тиланчилик қилиб турган экан. Оҳиста унинг қўлидан туртиб сўрадилар:
– Қайси аҳли китобдансан?
– Яҳудийман, – деди.
– Тиланчиликка нима мажбур қилди?
– Жизъя, муҳтожлик ва ёшим.
      Умар (розияллоҳу анҳу) унинг қўлидан тутиб, уйларига олиб кетдилар ва баъзи нарсалар бердилар. Сўнг хазинабонни чақириб, унга айтдилар: “Манави инсонга ҳамда шу кабиларга эътибор қил. Худо ҳаққи, буларга инсоф қилмабмиз.
     Ёшлигида (жизъясини) олибмиз-ку, қарилигида хорлаб қўйибмиз", деб, уни ва у кабиларни солиқдан озод қилдилар. Бошқа дин вакилларига мурувват кўрсатиш, кейинги даврларда ҳам давом этган. Зеро, Қуръони карим ва ҳадиси шарифда кексалар ва, айниқса, ота-оналарга мурувват кўрсатиш мавзусига алоҳида эътибор қаратилган.
     «Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга “уфф!..” дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт!»(Исро, 23); «Уларга, меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут ва (дуода) айт: “Эй Раббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!”» (Исро, 24).
    Муфассирлар бу оят шарҳида бундай деганлар: “Қуш меҳр кўрсатиб, полапонини ёнига олмоқчи бўлса, унга қанотини туширар экан. Шу ҳолатни мисол қилиб Қуръонда: “Эй фарзанд, ота-онанг болалигингда сени бағрига олганидек, сен ҳам уларга меҳр кўрсатгин” дейилмоқда.
      Уларга “уфф” демаслик («...уларга уфф!.. дема...»). Зеро, бу лафз ёқмаган ҳолат, ҳид, амал, кўринишга нисбатан қўлланади. Уларга қаттиқ гапирмаслик («...ва уларни жеркима!..»), уларга доим яхши сўзлаш («уларга (доимо) ёқимли сўз айт!..»), доимий равишда уларни дуо қилиш («...ва (дуода) айт: “Эй Раббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!”») лозим. Бу дуоси билан киши биринчидан – ота-онасининг унга қилган яхшилигини қайтараётган бўлади; иккинчидан – улар­нинг берган яхши тарбиялари туфайли ҳидоят топганини эътироф этади; учинчидан – фақат Аллоҳгина уларнинг мукофотларини энг гўзал тарзда бера олишини таъкидлайди.
     Ҳадиси шарифда ҳам кексаларга ғамхўрлик кўрсатишга алоҳида урғу берилади. Имом Бухорий «Ал-адаб ал-муфрад» асарида ушбу мавзуга оид ҳадисларни “Катталарнинг фазли”, “Катталарга ҳурмат кўрсатиш”, “Гап бошини ва савол беришни катталар бошлаши” номли уч бобга ажратади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қилганлар: “Кимнинг сочи Исломда оқарса, қиёмат куни унга нур бўлади”. Имом Моликдан ривоят қилинган ҳадисда бундай дейилади: “Бир куни Иброҳим (алайҳиссалом) сочларидаги оқни кўриб: “Эй Раббим, бу недур?” дедилар. Аллоҳ таоло деди: “Бу виқордир, эй Иброҳим”. У зот (алайҳиссалом): “Виқоримни янада зиёда қилгин”, деб дуо қилдилар. Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ бундай марҳамат қилдилар: “Сизларнинг яхшиларингиз умри узун бўлиб, яхши амаллар қилганингиздир”.
    Муқаддас динимизда кексаларни ­эъзозлаш­нинг бир қатор тамойиллари мавжуд бўлиб, улар жамиятда ёши улуғларга нисбатан соғлом муносабат шаклланишини таъминлайди. Бу тамойилларнинг айримлари умумий бўлса-да, аксариятида айнан ёши катталар назарда тутилади.
1. Инсоннинг мукаррамлиги тамо­йили. Аллоҳ таоло ҳар қайси инсонни мукаррам қилиб яратгани Қуръонда бундай марҳамат қилинади: «Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик»(Исро,70). Ушбу тамойилга асосан инсоннинг дини, жони, ақли, моли, шаъни, насли ҳимоя қилиниши тақозо этилади.
2. Меҳр, раҳм-шафқат, ғамхўрлик кўрсатиш тамойили. Қуръон оятларида бу мавзу ҳам кўп зикр этилган. Раҳмат лафзининг ўзи Қуръонда 320 маротаба келган бўлса, қўшимча равишда ҳар сура бошидаги “Бисмиллаҳ” билан яна 226 марта такрорланган. Ҳадисларда ҳам раҳм-шафқат кўрсатиш муҳимлиги таъкидланади: “Одамларга раҳм кўрсатмаганга Аллоҳ ҳам раҳм қилмайди” (Имом Бухорий).
3. Ёши катталарни улуғлаш, уларнинг фазилатини эътироф этиш. Бежиз Расулуллоҳ (алайҳиссалом) “Кичикларимизга раҳм қилмаган ва катталаримизнинг шарафини билмаган биздан эмас” (Имом Термизий ривояти) деб марҳамат қилмадилар. Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда эса “Мусулмон мўйсафидга эҳтиром кўрсатиш Аллоҳ азза ва жаллани улуғлаш жумласидандир”, дейилади.
4. Оталарнинг фарзандлар мол-мулкига ҳақдорлиги. Бир фарзанд Расулуллоҳ (алайҳиссалом)нинг олдиларига отаси унинг мол-мулкидан бесўроқ фойдаланаётганидан шикоят қилиб келганда, у зот: “Ўзинг ҳам, молинг ҳам отангникидир”, деб танбеҳ бердилар.
5. Диний мажбуриятларнинг кексаларга енгиллаштирилиши. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди»(Бақара, 185). Ислом дини таълимотларига кўра, қодир бўлмаган кексаларга рўза тутиш, ҳаж қилиш, таҳорат, намоз каби ибодатларда енгилликлар белгиланган.
6. Ота-онага яхшилик қилишнинг нафл ибодатларидан афзаллиги. Бунга Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қилинган Журайж қиссаси мисол бўла олади. Бу қиссага кўра, нафл ибодатини устун қўйиб онаси чақириғига жавоб бермаган роҳиб Журайж маломатга қолади.
7. Ота-онага яхшилик қилишни киши ўзи, аёли ва фарзандларига қилишдан афзал билиши. Машҳур ҳадисга кўра, ғорда қамалиб қолган уч кишининг бири янги соққан сутининг олдини кекса ота-онасига фарзандларидан аввал бериш одатини оғир вазиятда ҳам тарк қилмаганини Аллоҳ даргоҳида қабул қилиб, ғорнинг оғзи очилади.
8. Ота-она ва боболарнинг таъминоти фарзанд ва набиралар зиммасида экани. Имом Сарахсий «Мабсут» асарида ота-она, бува ва бувиларнинг таъминоти фарзанд ва набираларга фарз эканини таъкидлайди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қиладилар: “Кишининг еган энг яхши нарсаси ўз касбидандир. Албатта, фарзанди унинг касбидир (тасарруфидадир). Фарзандларингиз касбидан (топганидан) енглар”.
9. Ота-онага яхшилик қилишнинг фазли улуғлиги. Ислом дини ота-онага яхшилик қилиш кишининг жаннатга кириши, гуноҳлари тўкилиши, даражаси ортиши, дуолари мустажоб бўлиши, моли ва жонига барака етиши каби ваъдалар билан тарғиб қилади, гарчи ота-онаси мусулмон бўлмаса ҳам. «...Уларга (гарчи кофир бўлсалар-да,) дунёда яхши муомалада бўлгин...»(Луқмон, 15).
10. Уруш ҳолатида кексаларга дахл қилмаслик. Ислом таълимотига кўра, ҳар қандай шароитда кексалар урушдан озоддирлар. Душман ҳудудидаги кексаларга ҳам тазйиқ ўтказиш мумкин эмас. Буни Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) мусулмон қўшинига қилган машҳур тавсияларида баён қилганлар. Улардан мусулмон бўлмаган кексаларга алоҳида мурувват кўрсатилиб, ҳаттоки, Ироқдаги Ҳира шаҳри фатҳ этилганида, унинг аҳолиси билан тузилган сулҳда “ишлай олмайдиган, офатлардан талафот кўрган, илгари бой бўлиб кейин фақирликка учраган ҳамда диндошларидан садақа олаётган кекса жизъядан озод бўлади ва мусулмонлар байтул молидан нафақа олади”, деб қайд этилган.
      Шуни алоҳида таъкидлаш ўринли, биринчи навбатда оила кексаларнинг парвариши учун масъулдир. Ҳеч бир мурувват уйи оиланинг ўрнини боса олмайди. Зеро, кексаларнинг асосий умри кечган муҳитнинг сақланиши уларнинг қалб хотиржамлиги, ҳаётий тажрибаларининг кейинги авлодга етишига, жамиятда кексалар ва ёшлар муносабатлари тўғри маромда шаклланишига сабаб бўлади. Бинобарин ҳар бир ёш ушбу набавий васиятни ёдда тутсинки, “Қайси бир йигит қарияни ёши катталиги учун ҳурмат қилса, Аллоҳ таоло ҳам бу йигитга ёши улғайганида ҳурмат қилувчи кишини юборишини тақдирига битади” (Имом Термизий ривояти).

 

Иброҳим УСМОНОВ,
тарих фанлари номзоди

www.religions.uz

Кун ҳадиси

Ўзига алоқаси бўлмаган нарсалар билан шуғулланмаслик кишининг Исломи гўзаллигидан даракдир (Имом Термизий ривояти, ҳасан ҳадис). Изоҳ: Ушбу ҳадиси ша…

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 217081
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24602