Ҳадисларни тўғри тушуниш учун зарур омиллар
6.2.2016 4592

    Марказий Осиё дунёга кўплаб алломаларни етиштириб чиқарган минтақадир. Ундан барча илм соҳаларида, шунингдек, диний билимлар бўйича кўплаб уламолар чиққан. Улар илмий-маърифий фаолиятлари билан ўз даврларида жаҳолат, илмсизлик, адолатсизлик ва фитналарга қарши мунтазам курашиб келганлар.
    Мусулмон халқлари ҳаётида Пайғамбар (алайҳиссалом) ҳадислари муҳим ўрин тутади. Ислом дини Арабистон ярим оролидан ташқарига чиқиши билан ҳадислар халқ орасида кенг тарқалди ва мақол, ҳикматли сўз ўрнида ҳам доимий муомалага кириб кетди. Аммо саҳиҳ ҳадислар билан бир қаторда сохта ҳадислар ҳам пайдо бўлдики, бу бир томондан ислом дини соф таълимотининг бузилишига олиб келган бўлса, иккинчи томондан ҳадисларнинг халқ орасида нақадар юқори мавқега эга бўлганини кўрсатди. Турли гуруҳ ва шахслар ўз манфаатларига хизмат қилувчи ғояларни ҳадислар орқали бошқаларга етказишга уринишларига сабаб мусулмон аҳоли орасида ҳадис ўзга оддий сўздан кўра кўпроқ тингланар ва қабул қилинар эди.
    IX асрга келиб Имом Бухорий, Муслим, Термизий каби муҳаддислар томонидан ишончли, саҳиҳ ҳадисларнинг тўқима ва заифларидан ажратиб берилиши ислом ниқоби остида турли бузғунчи ғоялар тарқалишига кескин зарба берди. Аммо дин номидан ғаразли мақсадларини амалга оширишга интилувчи кучлар бу билан ўз фаолиятларини тўхтатмадилар. Энди улар мақсадга эришишда «саҳиҳ ҳадислар»ни ўзларига қурол қилиб олишга киришдилар. Бунинг учун ҳадис матнини бузиш ёки янгиларини тўқиш эмас, балки мавжудларини ўз манфаатларига мос тарзда талқин этиш ва шунингдек, айрим уларнинг фикрига зид бўлган ҳадисларни заиф ва ишончсизга чиқариш йўлига ўтдилар. Бу каби салбий ҳолатлар ҳам ҳадис илми олимлари эътиборидан четда қолмади. Бунинг олдини олиш учун улар ҳадисларни тўғри тушуниш ва талқин этиш шартларини асослаб бердилар.
    Ҳадисларни тўғри тушуниш ва талқин этиш учун зарур бўлган асосий шартлардан бири сифатида араб тилини яхши билиш саналади. Зеро инсон гапирганда тилнинг барча имкониятлардан фойдаланишга ҳаракат қилади. Мақол, ҳикматли сўз, фразеологик ибораларни ишлатмай туриб мақсадни таъсирли ифодалаб бўлмайди. Ҳадисларни ўрганиш натижасида Пайғамбар (алайҳиссалом) ҳам гапирганда араб тилининг имкониятлардан нақадар кенг фойдаланганликлари маълум бўлади.
    Бир тилдан бошқасига сўзма-сўз таржима қилганда айтувчининг мақсадини тўғри ифодалаб бўлмайдиган ибораларни ажрата олиш учун киши ўша тилдаги мазкур ибораларнинг этимологияси, ишлатилиш ўринлари ва маъноларини билиши талаб этилади. Хусусан, ҳадисларни тўғри англаш учун муҳаддис араб тили грамматикаси, яъни «сарф», «наҳв» илмларини ва у билан бевосита боғлиқ бўлган «балоғат», «фасоҳат» илмларини ҳам ўзлаштирган бўлиши лозим. Пайғамбар (алайҳиссалом) Қурайш қабиласидан эканликларини ҳам назардан четда қолдириб бўлмайди. Бу лаҳжанинг бошқа араб қабилалариникидан фарқли жиҳатлари бор эди.
    Арабистон ярим оролидаги марказий шаҳарлардан бири бўлган Маккага хос Қурайш лаҳжаси анча мукаммал ва «фасиҳ» (адабий) ҳисобланган. Бу эса ҳадис матнининг шаклланишида ўз таъсирини ўтказмаслиги мумкин эмасди. Шунингдек, «балоғат» ва «фасоҳат»ли Қуръон оятлари ҳам Пайғамбар (алайҳиссалом)га илҳомланиш манбаи бўлган. Чунки ҳадислар ислом динининг Қуръондан кейинги иккинчи асосий манбаси бўлиб қолиши ҳам бежиз эмас эди. Шундан келиб чиққан ҳолда, кам сўзли, аммо сермаъно ҳадисларни, улардан олинадиган хулоса, панд-насиҳат ва ибратлардан иборат ҳадисларни тўлиқ тушуниш ва ўзлаштириш учун араб тили, унинг балоғат ва фасоҳатини мукаммал ўрганиш лозим бўлади.
    Ҳадисларни Қуръон оятларига мувофиқ ўрганиш ҳадисларни тўғри тушуниш учун керак бўлган яна бир омилдир. Қуръон ислом динининг бирламчи муқаддас манбаси ва унда бу диннинг асосий таълимот ва қоидалари берилган. Ҳадислар ҳам мантиқан Қуръони карим таълимотига зид бўлиши мумкин эмас. Ҳадислар Қуръони каримнинг шарҳи, тафсилоти бўлгани учун ҳам уларни Қуръон таълимоти билан қиёслаб ўрганиш лозим бўлади.
    Ҳадислар орасида баъзан Қуръон таълимотига мос келмайдиганлари ҳам учраб қолади. Бу эса уларнинг тўқилган ва сохта эканини кўрсатади. Баъзан эса ишончли ҳадислар орасида ҳам кўринишидан Қуръон таълимотига гўё зид ҳадислар ҳам чиқиши мумкин. Бу ҳолатда ҳадиснинг шарҳини ўрганиб чиқиш лозим бўлади. Масалан: Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда айтилишича, Абу Умома Боҳилий (р.а.) омочга қараб туриб деганлар: "Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг: "Мана шу нарса қайси бир қавмнинг уйига кирса, албатта, Аллоҳ таоло ўша уйга хорликни киритади", деганларини эшитдим". Зоҳиран бу ҳадисда деҳқончилик ишларидан қайтариш, унга тарғиб қилмаслик маъноси бордек кўринади. Аммо ислом таълимотига кўра, хусусан ҳадисларда деҳқончиликка, боғдорчиликка, умри охирига етган киши ҳам бир дона бўлса-да, дарахт экиб кетишига, келажак авлод учун ризқ-рўз қолдиришга тарғиб этилади. Буни қуйидаги ҳадисларда кўриш мумкин.
      Имом Бухорий, Имом Муслим ва бошқа муҳаддислар ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Пайғамбар (алайҳиссалом): "Қайси бир мусулмон бирор экин экса ёки мевали дарахт ўтқазса-ю, улардан қушлар, одамлар ёки ҳайвонлар еса, бу унинг учун садақа ҳукмида бўлади", деганлар.
     Имом Аҳмад "Муснад" асарида Анас ибн Моликдан ривоят қилган ҳадисда айтилади: «Сизлардан бирортангизнинг қўлида бир дона хурмо кўчати бўлган ҳолда қиёмат қоим бўлиб қолса ҳам уни экиб қўйсин».
      Ислом тарихига назар ташласак, Пайғамбар алайҳис-салом бирор кишини деҳқончиликдан, омоч ишлатишдан қайтармаганлар. Мадина аҳли доимо боғдорчилик ва деҳқончилик билан шуғулланган. Ҳадис ва фиқҳга оид китобларда ҳам деҳқончилик, зироатчилик ҳақида алоҳида боблар ажратилган, қўриқ ерларни ўзлаштирганга савоб ва имтиёзлар ҳақида сўз боради.
      Юқоридаги ҳадислардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, ислом дини инсонларни деҳқончиликдан қайтармаган ва "омоч кирган уйга хорлик киради" маъносидаги ҳадиснинг шарҳини ишончли манбалардан олиш лозим бўлади. Имом Бухорий бу ҳадисни «Зироат асбоблари билан овора бўлиб қолиш ёки унга ҳаддан ташқари берилиш оқибатларидан огоҳлантириш» бобида келтирган экан. Бобнинг номидан ҳам кўриниб турибдики, бу ҳадис орқали омочга ёпишиб олиб, бошқа нарсалар, хусусан душман бостириб келганда Ватан ҳимоясига чиқмай баҳона қилган кишига нисбатан айтилган бўлиб, унда душмандан енгилиб, хорликка маҳкум бўлишдан огоҳлантирилган. Шунингдек, илм олиш каби бошқа зарурий ишлар турганида деҳқончиликни баҳона қилиш ноўрин экани назарда тутилган. Яна бошқа бир ҳадисда бу сўз кенгроқ шарҳланади: "Расулуллоҳ (с.а.в): "Бу нарсани, унга ўзгалар муҳтож бўлиб турган пайтда, қайси қавм (қизғаниб даласидан) уйига олиб кириб қўйса, албатта ўша қавмнинг уйига хорлик киради", деб марҳамат қилганлар".
    Ҳадисларнинг сабаб ва мақсадларини чуқур тушуниб етиш уларни тўғри талқин этиш учун зарурий омиллардан ҳисобланади. Баъзи ҳадиси шарифларнинг айтилиш сабаби ва ўзига хос кўзланган мақсадлари бор. Айримларида маълум бир шахсга, замонга, маконга, шарт-шароитга оид бўлган муаммолар айтиб ўтилган бўлади. Шу каби сабабларга кўра ҳадисларни тўғри тушуниш учун етарли илм, қунт, сабот, шаръий ҳукмларни тушуна олиш, ислом дини таълимотларини яхши ўзлаштирган бўлиш зарур. Бу эса ҳадиси шарифларда келган кўрсатмаларнинг умумий, хусусий, вақтинча, доимий, жузъий ва куллий (мутлақ) эканини яхши англаб олиш ва идрок қилишга ёрдам беради.
    Баъзан "одамлар ҳозирги кунда иссиқ сувда таҳорат қилмоқдалар, ҳолбуки Пайғамбаримиз совуқ сувда таҳорат олганлар", деб қишда ҳам совуқ сувда таҳорат қилиб, касал орттириб олиш ҳолатларини кузатиш мумкин. Аммо бу ҳам ҳадиснинг сиртини ушлаб, унинг моҳиятини тушунмасликнинг бир кўринишидир.
     Имом Бухорий, Имом Насоий, Имом Шофиъийлар Оиша онамиздан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ: "Мисвок оғизни тозаловчи ва Раббни рози қилувчидир", – деганлар. Очиқ-ойдин кўриниб турибдики, ҳадисдан асосий мақсад оғизни тоза тутишга қизиқтиришдир. "Мисвок" деганда кўпроқ «Арок» деб аталувчи дарахтдан олинган ёғоч тушунилади. Агар ҳадиснинг лафзига асосланадиган бўлсак, дунёдаги барча мусулмонларга Арок дарахти ёғочидан мисвок етказиб бериб туриш керак бўлади. Баъзи кишилар шундай тушунадилар ҳам. Ҳанафий мазҳабига кўра оғизни тозалаши мумкин бўлган латта ёки панжа каби ҳар қандай нарса билан мисвок қилиш мумкин. Демак, бу ҳадиснинг моҳиятига кўра, замон ўтиши билан пайдо бўлган янги тиш тозалаш воситаларини ишлатиш ҳам айни муддаодир.
    Хулоса қилиб айтиш мумкинки, ҳадис илмига оид мазкур жиҳатларни мукаммал билмай туриб ҳадислардан ўзбошимчалик билан хулоса қилиш, ниманидир ҳалол ёки ҳаромга чиқариш, кимнидир кофир ёки гуноҳкорга чиқариш тўғри бўлмайди. Зеро, қоидага кўра, ҳадисдан дин илмларини яхши билган мужтаҳид ҳукм чиқариши мақбул иш ҳисобланади. Ҳадиснинг бу жиҳатларини билиш ҳадисларни осон ва тўғри тушунишга ёрдам беради.

 

 

Т.ф.н., доц. Дурбек Раҳимжонов
ТИИ ўқитувчиси

 

www.muslim.uz 

 

Кун ҳикмати

Келинига зулм қилаётган қайноналар "Ҳаргиз Аллоҳ золимлар қилаётган амаллардан ғофил, деб ҳисоблама!" (Иброҳим сураси: 42) оятини ёдига келтирсин ва …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 217292
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24623