Гиёҳвандлик: ота-она сабабчи бўлмасин!
3.2.2018 3099

Бугун, нафақат, ота-она, балки жамики миллатлар ва давлатлар олдида ўта долзарб бўлиб турган муаммо бу – инсониятнинг келажаги бўлган айрим ёшларнинг гиёҳвандлик йўлига кириб кетишидир.

Қадамидан ўт чақнаши лозим бўлган, тоғни урса талқон қилиши даркор бўлган ёшлар нима учун гиёҳвандлик йўлига кириб кетаяпти деган саволни олдимизга қўйиб, гиёҳвандликка олиб борувчи сабабларни топишимиз ва ана ўшаларни бартараф этмоғимиз керак.

Аввало, бир ҳақиқатни айтайин, кейин унинг шарҳини ҳам айтаман:

نَفْسُكَ إنْ لَمْ تُشْغِلْهَا بِالْحَقِّ شَغَلَتْكَ بِالْبَاطِلِ

Нафсингнинг шундай хусусияти борки, агар уни ҳақ билан, маърифат билан банд қилиб қўйилмаса, у инсоннинг ўзини ботил нарсалар, разолат ва жирканч нарсаларга ўралаштириб қўяди.

Муҳтарам ота-оналар, мутасаддилар ана шу сўзни ишхоналари, уйлари ва кўзлари кўп тушадиган жойларга илиб қўйиб, унга амал қилсалар нафсининг жунунваш талабларига зарба берган бўлардилар.

14-18 ёшга тўлган фарзандлари бор ота-оналарнинг боласи тарбиясига беэтибор қараши, боқибеғамлги кишини ҳайратга солади. 

Нима учун ана шу ота-оналар болаларини бой бераётганини тушунмаяпти?..

14-18 ёш ўтар даври. Бу даврда бола билан кўпроқ бирга бўлиб, улар илму маърифат билан банд қилиб қўйилмаса, уларни қўлдан бой бериб қўйиши мумкинлигини наҳот тасаввур қилиб кўришмаса.

Ёшларни гиёҳвандлик йўлига кириб кетишига асосан қуйидиги омиллар сабаб бўлади.

Аввало, шунга эътироф этиш лозимки, боласининг бангига айланиб қолишига айрим ота-оналарнинг ўзлари сабабчи бўлади.

Бугун боламга ҳамма нарсани топиб берсам, оғзидан чиққанини муҳайё қилсам, энг яхши ота-она бўламан деган тушунчани ҳозирданоқ ўзгартиришимиз керак.

Гиёҳванд бўлган ёшларнинг ҳаёти билан қизиқиб кўрсангиз, уларнинг аксари ўзига тўқ, шароитлари зўр, бадавлат оиладан бўлиб чиқади.

Ана ўша бадавлат оила ейиш-ичишини зўр қилсам боламни яхши тарбиялаяпман, деб ўйлайди. Аммо улар бу билан боланинг фақат моддий таъминотини қилаётганини билмайди. Тарбия масаласига ҳам ана шу моддиятни олдинги ўринга қўйиб ёндашгани боис тарбия масаласи кейинги ўринда қолгани боис ўзидан-ўзи оқсаб қолади. Аммо  улар бунинг тескарисини қилса, боласига катта фойда етказишини билиб олсинлар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларида ота-она боласига берадиган энг катта нарсаси тарбия эканини баён қилиб шундай деган эдилар:

مَا نَحَلَ وَالِدٌ وَلَدًا مِنْ نَحْلٍ أَفْضَلَ مِنْ أَدَبٍ حَسَنٍ

«Ота боласига гўзал одобдан кўра афзал ҳадя бермайди»,

Иккинчидан, айнан шу ёшдаги боланинг бўш вақти бўлмаслиги керак. Уни мудом назорат қилиб илм илму маърифат билан банд қилиб қўймоқ керак.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадислари бор.

عنِ ابْنِ مَسْعُودٍ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "لا تَزُولُ قَدَمَا عَبْدٍ يَوْمَ الْقِيَامَةِ حَتَّى يُسْأَلَ عَنْ أَرْبَعٍ: عَنْ عُمْرِهِ فِيمَا أَفْنَاهُ وَ عَنْ جَسَدِهِ فِيمَا أَبْلاهُ وَ عَنْ عِلْمِهِ مَاذَا عَمِلَ فِيهِ وَ عَنْ مَالِهِ مِنْ أَيْنَ اكْتَسَبَهُ وَفِيمَا أَنْفَقَهُ"

Яъни: «Қиёмат куни банда тўрт нарсадан сўралади ва ўшанинг ҳисобини бермагунча жойидан жилмайди:

умрини қандай ўтказгани;

жасадини нимага ишлатгани;

билганига қай даражада амал қилгани;

молини қандай топгани ва нимага сарфлагани».

Ана шу ҳадис бугунги ёшларни гиёҳванд йўлига нима сабабдан кириб кетаётганини очиб берувчи энг асосий омилни баён қилган.

Бу – бўш вақтни ёшларимиз қандай ўтказаётганига эътибор беришдир.

Бугун болаларимиз неча соатини бўш ўтказаётганини ота-оналар билмайди.

Гиёҳванд бўлган боладан нега бу йўлга кириб қолганини сўрасангиз, уларнинг аксари: «Ота-онам иш билан банд бўлиб менга вақт ажратмаган», дейди.

Ота-оналар болалари билан ўтириб китобхонлик давраларини ташкил қилиши, диний китоблар ўқиб гуноҳ-савоб ўргатиши деган нарсалар халқимиздан кўтарилиб бораяпти.

Россиядаги гиёҳвандликнинг статистикаси билан қизиб кўрганимда шундай маълумотларга кўзим тушган эди.

«Ёшларни гиёҳванд қилаётган асосий омил 4 та:

бойлик;

фойдали иш билан банд бўлмаслик;

бетарбия дўстлар орттириш;

телевидиния ва интернетдаги ахлоқсизликни тарғиб этувчи кўрсатув, реклама ва фильмлар».

Фарзандларининг ҳаммасини илм аҳлларидан қилиб етиштирган бир номдор профессордан:

«Сиз тўртта болангизни қандай қилиб фан номзоди ва профессор қилгансиз?” деб сўраганимда ҳурматли олимимиз: “Мен болаларимни бўш қолишига имкон яратиб бермаганман. Бўш вақти топилиши билан китоб ўқишни вазифа қилганман. Китоб ўқишдан чарчаса деҳқончилик учун олган еримизда ишлатганман”, деб жавоб берган эди.

Биз ҳам ана шу йўлни тутиб, болаларимизга яхши таълим-тарбия берсак, китоб ўқишга муҳаббатли қилсак, бўш вақти бўлганда жисмоний меҳнат қилишга ўргатсак, уларнинг кайфкашлик, гиёвандлик, ичкиликбозлик деган нарсалар ҳеч қачон хаёлига ҳам келмайди. Миллатимиз ичида бу иллатга ружу қўйган кимсалар бўлмайди, жамият покланади. Юртимиз яна ўтмишдагидек, олиму уламолар маконига, маърифат масканига айланади.

 

Одилхон қори ЮНУСХОН ўғли

Кун ҳикмати

Келинига зулм қилаётган қайноналар "Ҳаргиз Аллоҳ золимлар қилаётган амаллардан ғофил, деб ҳисоблама!" (Иброҳим сураси: 42) оятини ёдига келтирсин ва …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 217603
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24646