Фарзанднинг ахлоқий тарбияси
19.7.2015 6099

       Ахлоқий тарбиянинг аввалида фарзандга одоб ўргатиш туради. Ота-она фарзандга хулқий одоб беришида ёшлигидан унга ростгўйлик, омонатдорлик, ҳақиқатгўйлик, катталарга ҳурмат, кичикларга иззат, меҳмонни улуғлаш, қўшнига яхшилик қилиш, ўзгаларга яхши муносабатда бўлиш каби сифатларни ўргатишга масъулдир. Бундан ташқари фарзандининг тилини ҳақоратдан, сўкишдан, хунук сўзларни ишлатишдан сақлаш лозим. Буюк инсоний фазилатлар, яъни, саховат, етимпарварлик, камбағалларга мурувват ҳиси ила тарбия қилиши матлубдир.
      Бугунги кундаги фарзанд тарбияси билан шуғулланувчиларнинг фаолиятини ўрганувчи мутахассислар фикрига қараганда, кун давомида ота-оналар фарзандига жуда кам вақт ажратишаркан. Ота-оналар 24 соатдан бор-йўғи 1.5 соатни болаларига сарфлаётган экан. Қолгани турмуш ва рўзғор юмушлари. Ўша 1.5 соатни ким қандай сарфламоқда?
     Ҳар бир ота-она фарзанди учун елиб-югуриб ҳаракат қилади. Унинг моддий эҳтиёжларини қондиришга зўр беради. Аммо болаларнинг руҳий-маънавий тарбиясига эътибор жуда камайиб кетди, назаримизда. Биргина ростгўйлик хислатини олайлик. Ёлғондан ҳазар қилиш, доим рост гапириш ҳақида болаларга насиҳат қилиш ўрнига баъзи одамлар болаларни ёшлигидан ёлғонга одатлантираётганига ҳам гувоҳ бўлиб турибмиз. Айрим оталар эшик тақиллаб қолса: “Фалончи мени сўраса, уйда йўқлар, деб айтгин!” деб тайинлаб турса, бола нимани ўрганади?! Бундай ёлғонлар ҳаётимизда оддий ҳолга айланиб кетган десак, муболаға бўлмас. Куни келиб болаларнинг ёлғонларидан бошимизга ташвишлар тушса, уларга буни ёшлигидан ўзимиз ўргатганимизни ҳам унутмаслигимиз керак.
      Болаларни кичиклигидан омонат ва унинг риоясига, хиёнат ва унинг зарарларидан сақланишга ҳам ўргатиб бориш лозим. Бу борада саҳобаи киромлар ва валий зотларнинг ҳаётларидан ибратли воқеалардан сўзлаб, фарзандларга бир умрга татигулик маънавий озуқаларни сингдириб бориш мақсадга мувофиқдир. Абдуллоҳ ибн Динор айтади: “Бир куни ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу билан Макка ташқарисига чиқдик. Шунда бизнинг олдимизга тоғдан бир чўпон тушиб келди. Ҳазрат Умар унга: “Эй чўпон! Бу қўйлардан бирини бизга сот”, дедилар. Шунда у: “Мен қулман, бу қўйлар менинг қўлимда омонатдир”, деди. Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу унга: “Хожангга уни бўри еди”, деб айт”, деди. Чўпон эса: “Хожамга шундай дерман, аммо Аллоҳга нима дейман?” деди. Умар розияллоҳу анҳу йиғлаб юбордилар. Эртаси куни ўша қулни хожасидан сотиб олиб, озод қилдилар ва унга: “Ана шу ҳалоллигинг ва шу сўзларинг сени бу дунёда қулликдан озод қилди. Умид қиламанки, у сени охиратда ҳам дўзахдан озод қилади”, дедилар”.
      Ҳар бир даврда ҳар бир жамиятда ўғрилик, хиёнат, фирибгарлик ва алдамчиликка қарши қонун ва фармонлар чиқарилади. Аммо қонунларнинг ўзи унинг ижросини таъминлашга ҳар доим ҳам қодирми?! Агар одамларда Аллоҳдан қўрқиш, руҳий тарбия, хулқий етуклик бўлмаса, бу жуда мушкул иш. Бунинг учун болаларни ёшлигидан ана шундай сифатлар ила ўстириш керак. Ўтмишда бир ўғрининг қўлини кесишга ҳукм чиқарилди. Ҳукмни ижро қиладиган вақт бўлганида ҳалиги ўғри қозига баланд овоз билан: “Менинг қўлимни кесишдан олдин онамнинг тилини кесинглар. Чунки ҳаётимда биринчи марта қўшнимизникидан товуқ тухумини ўғирлаганимда, мени уришмади, жойига қайтаришимни талаб қилмади, балки хурсанд бўлиб: “Менинг ўғлим ҳам одам бўлиб, бирон нарса топиб келадиган бўлибди”, деди. Агар ўшанда онам жазо берганида, ҳеч қачон ўғри бўлмасдим”, деди.
        Болалигимизда ота-оналар катта ёшдаги болалари уйга бирор нарса кўтариб келишса, “Буни қаердан олдинг, бировнинг ҳақини олиб келмадингми?” деган савол беришарди. Бу нарса ўғриликнинг олдини олишда катта тарбиявий аҳамиятга эга эди. Ҳозир ҳам шу ҳолат бор, аммо бир оз бепарволик ҳам йўқ эмас.
      Тилни асраш энг муҳим хулқлардан биридир. Айниқса, ёш болалар олдида тилга эътиборли бўлиш лозим. Ота-онасининг оғзидан чиққан ҳар бир сўз бола учун аҳамиятлидир. Баъзи ота-оналар болалар олдида бўлар-бўлмас гапларни гапиришади. Бу билан боланинг тарбияси бузилиши, эртага ўзига лаънат келтириши мумкинлигини ўйлаб ҳам кўрмайди.
         Ота-оналар фарзандга биринчи мураббий экан, бу борада унга қуйидаги нарсалар лозим бўлади:
– болалар олдида ёмон гапларни гапиришдан эҳтиёт бўлиш;
– суҳбатлашишда болага гўзал муҳит яратиш, яъни номаъқул суҳбатдошлардан узоқлаштириш;
– мулоҳаза билан чиройли сўзларни сўзлашга ўргатиш;
– тилнинг ёмонлиги туфайли инсон бошига келадиган балолар, оқибатлар ҳақида тушунтириб бориш. Бунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадисларидаги насиҳатлардан, аждодларимиз қолдирган буюк мерослардаги ибратли ҳикояларни сўзлар бериш катта самара беради;
– телевизор, компьютер, айниқса, интернетдан ўзининг ёшига мос бўлмаган кўрсатув ва эшиттиришлардан сақлаш.
     Бугунги кунда баъзан кичик ёшдаги болаларнинг ҳам оғизларидан хунук сўзлар эшитилиб қолади. Айтаётган сўзининг маъносини мутлақо тушунмайди. Улар буни қаердан ўрганади? Балки оилавий муҳит ё кўча-кўйда атрофдагилардан ё синфдошу дўстларидан. Нима бўлганда ҳам бу кишини ранжитади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадиси шарифларида: “Оғизларингизни покиза сақланглар, чунки у Қуръон йўлидир”, деб марҳамат қилганлар. айниқса, болаларни ёшлигидан ширинсуханликка, суҳбатдош танлашга, мулоқот одобига жиддий ўргатиб бориш лозим.

Хайрулла Турматов

Кун ҳадиси

Ўзига алоқаси бўлмаган нарсалар билан шуғулланмаслик кишининг Исломи гўзаллигидан даракдир (Имом Термизий ривояти, ҳасан ҳадис). Изоҳ: Ушбу ҳадиси ша…

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 217265
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24620