Экстремизм – маданий обидалар заволи
2.4.2016 4454

    Инсоният тарихига назар солинса, шу кунга қадар одамлар табиий офатлар (зилзила, сув тошқинлари, қурғоқчилик, турли касалликлар)ни бартараф этиш билан шуғулланиб келган бўлса, эндиликда инсонларнинг ўзлари табиат ва жамият инқирозига сабаб бўлмоқдалар. Бугун инсон ўз оёғига ўзи болта уриш билан шуғулланаётгандай гўё. Роҳатни насия қилиб, азобни сотиб олмоқдалар. Кўзлари бор, лекин чинакам кўрга ўхшайдилар. Аллоҳ таоло берган ақл неъматидан ҳеч ҳам фойдаланмайдилар. Уларнинг таърифини Аллоҳ таоло Аъроф сурасининг 179-оятида шундай баён этади: “ ... Уларда қалблар бор,(лекин) улар билан англмайдилар. Уларда кўзлар бор, (лекин) улар билан кўрмайдилар. Уларда қулоқлар бор, (лекин) улар билан эшитмайдилар. Ана ўшалар ҳайвонлар кабидирлар. Балки улар ( янада) адашганроқдирлар. Айнан ўшалар ғофиллардир”
     Бу таъриф бузғунчилик ва қўпорувчилик ҳаракатлари ила инсониятнинг келажагию тарихига путур етказаётганларнинг таърифидир. Террорчиларнинг кўр-кўрона ҳатти-ҳаракатлари оқибатида инсоният ўзининг тарихий ва маънавий бойлигидан маҳрум бўлмоқда.
      Тарихий обидалар халқларга ўз ўтмишларини тиклаш, тасаввур қилиш имконини беради. Улардан турли хил тарихий буюмлар, манбаларни олиш, ўғирлаш, яксон қилиш, худди тарихнинг маълум бир даврини ўчириб ташлагандек гап. Мусулмон мамлакатларида истиқомат қилувчи аҳоли террорчиларнинг бу ишлари муқаддас ислом динига мос келмаслигини англаб етган. Бироқ, номусулмон халқлар эса, бу каби ишларни кўриб, “ислом дини бузиш, вайронагарчилик келтириш, бегуноҳ одамларни ўлдириш экан-да”, деган фикрга келиши аниқ.
     Тарихий обидаларни йўқ қилиш халқнинг ўтмишидан жудо қилишни англатади. Урушлар туфайли шаҳарлар, тарихий обидалар вайрон бўлаётганидан асло кўз юмиб бўлмайди. “Ироқ ва Шом Ислом Давлати”, кейинроқ эса “Ислом давлати” деб аталган террор ташкилоти Мосулни ўз пойтахти деб эълон қилганидан бери у ердаги бебаҳо маданий мерос жиддий ҳавф остида қолди. Жангарилар Мосулдаги марказий кутубхонани портлатиб юбориши ва ўт қўйганларидан сўнг жаҳондаги энг қадимий деб айтилаётган кутубхона ҳовлисида китоб ва қўлёзмаларни ёқиб, гулхан ясашди. Умумий ҳисобда маданият, фалсафа ва тарихга оид 10 минг том китоб йўқ қилинди. Улар орасида юзлаб манускриптлар бор эди. Жанггарилар Мосул музейидаги дурдоналар – минглаб йиллар давомида кўзни қувонтириб турган бебаҳо санъат асарларини бир неча дақиқа ичида ер билан яксон қилди. Террорчилар булдозерлар ёрдамида Юнус пайғамбарнинг қабри ва масжидини ҳам бузиб ташлашди.
     Сурия ва Ироқ халқининг аждодлари ўз авлодларига қолдирган буюк мерос одам қиёфасидаги махлуқлар томонидан йўқ қилинмоқда. Вазият шу тарзда давом этаверса, бу икки давлат аҳолисининг келажак авлодга мерос қилиб қолдиришга фақат вайроналари қолади.
     Ироқ шимолидаги Ирбил шаҳрининг қадимий қалъасини сақлаб қолиш учун зарур бўлган жамғарма Исломий Давлат жангариларига қарши кураш учун ишлатилмоқда. Исломий Давлат аллақачон Суриядаги тарихий обидалар, хусусан 2000 йил аввал барпо этилган Палмирадаги Рим аркини йўқ қилди. Шу ўринда бундан 14 йил аввал Афғонистоннинг Бомиён вилоятида Толибонлар томонидан қадимий улкан Будда ҳайкалларининг вайрон этилганини ҳам эслатиб ўтиш керак. Тоғ бағрига эрамизнинг III-VII асрларида ўйиб ишланган ҳайкаллар портловчи моддалар ёрдамида портлатилди.Малидаги вазият ҳам кишини ташвишлантиради. Жанггарилар ўтган йили Тимбукту шаҳридаги ноёб архивга ўт қўйди. Бу ердаги қадимий омборхона ва янги Тадқиқот Марказида жаҳон мероси саналмиш – яъни XII-XIII асрларда яратилган биология, астрономия, тарих, математика, мусиқа ва бошқа фанларга оид юз мингдан ортиқ қўлёзмалар, манускриптлар сақланарди. Террорчилар шаҳарнинг маданий қадриятларини,жумладан қадимий Жингуеребер масжиди ва сўфийларнинг қадамжолари ҳамда мақбараларини таҳқирлашди, бузиб ташлашди.
     Маданият ўзини янгилай олмайди. Йўқ қилинса, қайта тикланмайди. Ироқ, Сурия, Афғонистон, Малидаги қадимий санъат асарлари энди йўқ ва ҳеч қачон қайтмайди. Бу жиноятни сиёсий ва диний жиҳатдан ҳам асло оқлаб бўлмайди. Бегуноҳ одамларнинг қонини тўкаётган ва шу тариқа муқаддас динимизга доғ тушираётган “Аш-Шабаб”, “Боко ҳарам” каби террор ташкилотларининг кирдикорларига ҳам асло кўз юмиб бўлмайди.
      Ҳa, террор деган офат дуёнинг кўплаб мамлакатларига соя соляпти. Тинч аҳолини қурбон қилаётган, мингйиллик тарихий обидалар, осори атиқаларни киприк қоқмай вайрон қилаётган террорчиларнинг “жиҳод”чилик ҳаракати нималарга олиб келаётганини кўриб турибмиз. Ахир, Сурияда 6 миллион боланинг оч-яланғоч экани, минглаб ўғил-қизларнинг қурбон бўлаётгани, аёллар, қиз-жувонлар, ҳатто вояга етмаган қизалоқлар арзимаган пулга қул қилиб, сотиб юборилаётгани наинки ислом, инсонийликнинг қайси мезонларга тўғри келади?!
     Халқимиз доимо дуога қўл очар экан, биринчи навбатда юртимизга тинчлик, хонадонларимизга файзу барака тилаб, яхши ният қиладилар. Чунки бир кун жанжал чиққан жойдан қирқ кун барака кетиши ҳақидаги ҳикмат бекорга айтилмаган. Шунинг учун ҳам азиз Ватанимизни кўз қорачиғидек асраш, унинг тинчлиги ва барқарорлигини ҳимоя қилиш, салоҳиятини янада юксалтириш бу озод ўлкада яшаётган ҳар бир инсоннинг муқаддас бурчидир.
     Мухтасар қилиб айтганда, юрт тақдирига дахлдорлик ҳисси билан яшаб, ён-атрофимизда бўлаётган ҳодисалардан огоҳ бўлиб, тинчлик ва барқарорликнинг қадрига етиш, дунёнинг турли мамлакатларида давом этаётган нотинчликлар хусусида, уларнинг асл сабаблари ва келтириб чиқараётган аянчли оқибатларини тушунтириб бориш бугуннинг долзарб вазифаларидан. Ўз навбатида, мамлакатимизда рўй бераётган ривожланиш ва тараққиёт юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва хотиржамликнинг эвазига бўлаётганини, тинчлик эса ўз-ўзидан, осонликча таъминланиб қолмаётганини унутмаслигимиз лозим.

 

Мирзаева Зарнигор 

Хадичаи Кубро билим юрти 4 талабаси 

Кун ҳикмати

Келинига зулм қилаётган қайноналар "Ҳаргиз Аллоҳ золимлар қилаётган амаллардан ғофил, деб ҳисоблама!" (Иброҳим сураси: 42) оятини ёдига келтирсин ва …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 217234
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24617