БУЗУҚ ЭЪТИҚОДНИ ДАФ ҚИЛГАН ЗОТ
11.11.2017 3353

Буюк ватандошимиз Абул Муъин Насафий раҳматуллоҳи алайҳнинг тўлиқ исми Абул Муъин Маймун  ибн Муҳаммад ибн Муътамид Насафий Макҳулийдир.

 

Таваллуд топган санаси 1046 йил. 1114 йилда, яъни бундан 903 йилбурун 70 ёшида вафот этган.

 

У зотнинг ҳаёти ва илмий фаолиятида бизнинг давримизгача яшаб ўтган насллар, биз – бугунги авлодлар ва келажак авлодларга ибрат бўладиган кўпдан-кўп фазилатлар мавжуд. Ана шундай хислатларнинг шу онда ёдимизга келиб қолганларини айтиб ўтсак, фойдадан холи бўлмас:

 

 Биринчи ибрат                                              

 

Мана орадан 9 аср ўтди. Биз у табаррук зотнинг номини камоли эҳтиром ила тилга оляпмиз. Китобларини таржима қиляпмиз – меросидан фойдаланяпмиз.

 

У яшаган замонда бойлар, зодагонлар, мансабдорлар, казо-казолар ҳам бўлган. Ана ўшалар халқнинг ҳурмати ва эҳтиромига сазовор бўлиб, давраларнинг тўрида кариллаб ўтирган чоқда Насафий раҳматуллоҳи алайҳга ўхшаган камсуқум олимлар фақиргина бўлиб бир чеккада ўтиргандир.Лекин ўша обрўли инсонларни бугун ким эсга оляпти, эртага ким эслайди уларни...

 

Демак, одамнинг ихлоси унинг номини абадийлаштиради. Кишининг молу давлати, обрў-эътибори ёки мансаби уни тарих зарварақларида қолдира олмайди.

 

Шунинг учун бўлса керак, илгариги олимлар китоб ёзиб уни оқар сувга ташлаб, «Аллоҳим, бу китоб холис Сен учун бўлса ва қиёматга қадар инсонларга фойда келтирса, буни оқизма ва сиёҳларини кетказма, агар аксинча бўлса сув оқизиб кетсин», деб дуо қилган. Ҳозирги кунда толиби илмлар севиб, қўлма-қўл қилиб ўқийдиган «Ажуррумийя» китобини ёзганда муаллиф худди шундай қилган экан. Унинг китобини сув оқизиб кетмагач, уни одамларга берган ва улар кўпайтириб фойдаланиб юрган. Ана шу – ихлоснинг мукаммаллигининг белгисидир.

 

Насафий “зоҳид”, “улуғ имом”, “ҳанафий фақиҳи”, “ҳақ қиличи”, “аҳли сунна вал жамоа раиси” каби унвонлар билан ҳам шарафланган.

 

Исмига Насафий нисбасининг қўшилиб айтилишининг сабаби у зот ҳозирги Қарши шаҳридан бир фарсах (5-6 км.) узоқликда жойлашган Ибсан қишлоғида туғилган. Дастлабки таълимни она шаҳри Насафда эгаллаб, сўнгра илм-фаннинг йирик марказларидан ҳисобланган Самарқандга кейин эса Бухорога кўчиб ўтган.

 

Бу зот илм мақсадида Дамашққа ҳам сафар қилган ва илм олиш билан бирга дарс ҳам берган.

 

Иккинчи ибрат

 

У зот Самарқандда таълим олиб юрган кезларда сиёсий вазият чигаллашиб, илм олиш қийинлашиб қолган вақтда ҳам илмни ташлаб кетмаган экан.

 

Баъзи ёшларимизга “ўқи, илм ол”, десангиз қишда “совуқ”, ёзда “иссиқ”, деб баҳона қилади. Ҳолбуки, бугун юртимизда ёшлар, наинки ёшлар, катталар учун ҳам илм олишга ҳамма шароит муҳайё қилинган. Фақат нафсини эркалатиб, унинг раъйига юрмасдан илм олиш керак, холос.Китобхонлик кунлари, китобхонлик соатлари, китоб ярмаркалари ташкил қилинаётганидан мақсад ҳам халқимизнинг, ёшларимизнинг илмини зиёда қилиш, юртимиздан яна бухорийлар, насафий етишиб чиқишини таъмин этишва дунёга маърифат тарқатишдан иборатдир.

 

Абул Муъин Насафий раҳматуллоҳи алайҳ толиби илмлик даврида, егуликка ҳеч вақо қолмаганда ҳам асосий ғамлари устозларидан илм олиш бўлган экан.

 

Учинчи ибрат

 

У зот дастлабки билимни отаси Муҳаммад Макҳулдан олган. Падари бузруквори бор эътиборини ўғлига қаратиб унга ўзи таълим бериб кейинчалик, Насафдаги машҳур олимлардан таҳсил олдирди. Самарқанд, Бухорога жўнатиб у ердаги олимлардан ҳам илм олишини таъминлади. Биз ушбу фидойи отанинг фарзанд тарбиясидаги ушбу фазилатидан ибрат олиб ўз фарзандларимизга таълим-тарбия беришда шундай ғайрат-шижоатли бўлмоғимиз даркор.

 

Тўртинчи ибрат

 

Абул Муъин Насафий раҳматуллоҳи алайҳнинг отаси Муҳаммад Макҳулнинг бир одати шу эдики, у киши ўғлини болалигиданоқ мустақил фикрлаш ва ўз фикрини эркин билдириш руҳида тарбиялар эдилар. Шунинг учун Насафий кичик ёшдаги болалигидаёқ катталарни ҳам ҳайратга соладиган ўткир фикрларни билдирар ва чигал масалаларни қийналмасдан ечар эдилар.

 

Бешинчи ибрат

 

Абул Муъин Насафий керакли илмни олиб бўлгач, китоб ёзишга киришди. У зот ақида, фиқҳ, ҳадис илмида китоблар таълиф қилган. Лекин бизга фақат ақида илмида ёзган китоблари етиб келган. «Ат-Тамҳид ли қавоъи-т-тавҳид», «Баҳру-л-калом», «Табсиратул адилла» шулар сирасидандир.

 

У зот Алоуддин Мансур, Иброҳим Саффор Бухорий, Нуриддин Собуний ва бошқа кўплаб етук шогирдлар тарбиялаб етиштирди.

 

Насафий ҳазратлари ўз даврида адашган фирқа ва тоифаларга раддия бериш билан Исломга, мусулмон умматига мислсиз хизмат кўрсатган эди. Табақот китобларида у зотни таърифлаб қуйидагилар ёзилган.

 

«Ҳижрий учинчи асрнинг охири ва тўртинчи асрнинг бошларида шариатни четга қўйиб, ақлни асосий мезон қилиб олган мўътазила тоифаси пайдо бўлди. Улар эътиқодий масалаларда жумҳур уламоларнинг фикрига қарши чиқди ва жаннатда Аллоҳни кўриш, қабр азобининг ҳақлиги каби аҳли сунна эътиқодини инкор қилди. Ҳатто Аллоҳнинг каломи Қуръонни ҳам махлуқ деб, одамлар орасида бидъат эътиқодни ёйди. Ақлга суяниб, саҳиҳ ҳадисларни инкор қилиб, Қуръон оятларни ботил таъвиллар билан тафсир қилишди. Уларнинг бу бузуқ эътиқоди авом халқ орасида тарқалди. Ана шундай таҳликали паллада Ислом олами уларнинг ақлий далилларига раддия берадиган, мусулмонларни ботил эътиқодга эргашиб кетишдан тўхтатадиган, нақлий ва ақлий илмларда моҳир ва кучли олимга муҳтож эди. Аллоҳнинг иродаси билан бу шараф Имом Мотуридийдан кейин Абул Муъин Насафийга насиб этди. Қиёматга қадар дунёга келадиган барча мусулмонлар у кишининг ҳаққига дуо қилиб ўтишлари лозим. Зеро, Насафий мўътазилаларга ҳам ақлий, ҳам нақлий раддия бериб, бу ботил эътиқодни Мовароуннаҳр диёри ва бошқа ислом ўлкаларида ёйилиб кетишининг олдини олдилар”.

 

Баъзи манбаларда у кишининг мусулмонларга хизмати қуйидагича таърифланган:

 

«Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам боқий дунёга кўчганларидан кейин мусулмонлар бўлиниб тафриқага кетишига оз қолганди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу бу бўлинишнинг олдини олди. Мўътазилалар «Қуръонни махлуқ» деб мусулмонларнинг орасини бўлиб ташлашга уринганда Аҳмад ибн Ҳанбал мусулмонларнинг эътиқодини ҳимоя қилди. 4-5 асрда Мовароуннаҳрда мўътазиланинг бузуқ эътиқоди кенг ёйилиш эҳтимоли бўлиб турганда Абул Муъин Насафий чиқиб ўзининг кучли билими билан бузуқ эътиқодни бу диёр аҳлидан даф қилди».

 

Шу жиҳатдан, бу муҳтарам зотни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларида айтган тоифага киритиш мумкин.

 

Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

 

إِنَّ اللَّهَ يَبْعَثُ لِهَذِهِ الْأُمَّةِ عَلَى رَأْسِ كُلِّ مِائَةِ سَنَةٍ مَنْ يُجَدِّدُ لَهَا دِينَهَا

 

«Ҳар юз йилнинг бошида Аллоҳ таоло бу уммат учун динни янгилайдиган (яъни бидъату хурофотлар ёйилишидан тозалайдиган) кишини жўнатади», деган эдилар.

 

Бундан 903 йил бурун яшаб ижод қилган улуғ бобокалонимиз Абул Муъин Насафийнинг шарафли умр йўлиохиратни ўйлаб яшаган инсон бу дунёдан кўз юмгач ҳам яхшилик билан тилга олинишига яққол мисолдир.

 

 

Одилхон қори ЮНУСХОН ўғли

Кун ҳадиси

Ўзига алоқаси бўлмаган нарсалар билан шуғулланмаслик кишининг Исломи гўзаллигидан даракдир (Имом Термизий ривояти, ҳасан ҳадис). Изоҳ: Ушбу ҳадиси ша…

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 217564
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24642