Буюк андоза
25.11.2017 4071

 

Таскин топишимиз учун ўзимиздан жуфтлар яратган ва ўртамизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин! “Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир”.

 

Ўз аҳлига яхшилик қиладиганларнинг энг афзали бўлмиш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳнинг салоту саломлари бўлсин!

 

У зотнинг аҳли байтлари ва саҳобаларидан Аллоҳ рози бўлсин!

 

Биз мусулмонларнинг бошқа дин ва таълимот вакилларидан фарқли ўлароқ эргашадиган, намуна оладиган андозаларимиз бор.

 

Аллоҳ таоло Қуръони каримда бу ҳақда баён қилиб шундай деган:

لَقَدْ كَانَ لَكُمْ فِي رَسُولِ اللَّهِ أُسْوَةٌ حَسَنَةٌ لِمَنْ كَانَ يَرْجُو اللَّهَ وَالْيَوْمَ الْآخِرَ [الأحزاب : 21]

 

«Сизларнинг орангиздан Аллоҳ ва охират кунидан умид қиладиган кишилар учун Расулуллоҳда гўзал намуналар бор».

 

Мана бу оятда мусулмон киши кимдан ибрат, кимдан намуна олиши очиқ-ойдин айтилмоқда.

 

Уммат қачон Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни барча соҳада ўзига намуна қилиб олса, нажотга эришади.

 

Олдинги зотлар юриши, туриши, яшаши ва ҳатто нафас олишини ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ўхшатишга ҳаракат қилган. Бошига муаммо тушганда, фолбину сеҳргарга югурмасдан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларига мурожаат қилган.

 

Салафи солиҳлар даврида, бир солиҳ одам қизини турмушга берди. Афсуски, куёв бола шариат ҳукмларига бепарво экан. Буни қиз бечора турмушга чиққанидан сўнг билиб қолди. Аммо ховлиқмади, бетгасопарлик қилмади, босиқ ва вазмин бўлди. Янги келинга турли хил зулмлар қилаётган йигитга чиройли тарбия олган қиз сабр билан чиройли муомила қилди. Чунки у отасининг: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч кимга ёмонлик билан жавоб қайтармаганлар. У зот ёмонликни яхшилик билан қарши олар эдилар. Сиз ҳам қизим доим шундай бўлинг!» деб ўргатганини ҳамиша ёдида сақлар ва «Эримга Аллоҳ бир кун тавфиқ берар», деган самимий умид ила унинг зулм ва ёмонликларига яхшилик билан жавоб қайтарар эди. Аллоҳнинг фазли билан бу оилада ўғил фарзанд дунёга келди.

 

Аллоҳ таоло оталик шарафига эришган ўйинқароқ куёвга инсоф бериб, ибодатга мустаҳкам, аёлини эҳтиром қиладиган солиҳ инсонга айланди. У ҳар доим:

ادْفَعْ بِالَّتِي هِيَ أَحْسَنُ فَإِذَا الَّذِي بَيْنَكَ وَبَيْنَهُ عَدَاوَةٌ كَأَنَّهُ وَلِيٌّ حَمِيمٌ  [فصلت : 34]

 

«Сиз (ёмонликни) гўзалроқ (муомала) билан даф этинг! (Шунда) бирдан сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қайноқ (қалин) дўстдек бўлиб қолур» оятини ўқиганда йиғлар ва аёлим ана шу оятга амал қилиб, мени фосиқликдан қутқарди, дер эди.

 

Ана ўша келинчак Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилиб, ҳам оиласини сақлаб қолди ва ҳам эрининг ибодатли бўлишига сабабчи бўлди.

 

Ҳозир муборак ойда – Робиул аввал ойида турибмиз. Бу ойда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини кўпроқ ўқиб ўрганайлик. Ўрганганларимизга амал қилишга жидду жаҳд этайлик.

 

Келинг, шу ўринда ибрат учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оила борасидаги бир икки одобларини эслаб ўтайлик.

 

Ҳабибимизнинг гўзал одобларидан бири, уйларига келганларида мисвок ишлатиб табассум қилиб кирар эдилар.

 

Афсуски, биз табассум билан хонадонга кириш одобини унутиб қўйдик. Аёлларимиз кун бўйи уйларни тозалаб, лазиз таомлар пишириб бизнинг йўлимизга қараб ўтиради. Уларга битта табассум қилсак, кўнглимизни топиш йўлида чеккан барча заҳмату машаққатларини унутади. Биз эса ўша арзимас табассумни ҳам қизғанамиз.

 

Хонадонимизга киришдан олдин мисвок ишлатиш ҳам орамиздан кўтарилган суннатлардан бирига айланиб қолди. Аммо бугун мисвокка ўринбосар бўладиган турли хил хушбўйликлар бор. Уйга кираётганда ўшалардан фойдаланайлик. Оғизнинг хушбўйлиги фаришталарни яқинлаштириши билан бирга аҳлимиз билан орамиздаги муҳаббатни ҳам мустаҳкамлайди.

 

У зотнинг уйдаги амаллари борасида изланиш қилганимда қуйидаги ибораларга дуч келдим:

كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَكْنِسُ دَارَهُ، وَيَرْفُو ثَوْبَهُ، وَيَحْلِبُ شَاتَهُ، وَكَانَ فِي مِهْنَةِ أهْلِهِ

 

«У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам уйларини супурар, кийимларининг йиртилган жойини тикиб, ямаб қўяр, қўй, эчкиларни соғар эдилар ва аҳли аёлларининг хизматида бўлар эдилар».

 

Муҳтарам биродар, инсоннинг мақоми қанчалик баланд бўлмасин, пайғамбарлик мақомининг яқинига ҳам кела олмайди. Пайғамбардек зот шу ишларни қилаяптиларми, демак, ким бўлса ҳам уй ишларида аёлига кўмаклашиши даркор. Зотан, бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари. Бизнинг вазифамиз эса Ҳабибимизнинг:

بَلِّغُوا عَنِّي وَلَوْ أيَةً

 

«Мендан бир оят яъни одоб, суннатни бўлса ҳам бошқаларга етказинг», деган ҳадисларига амал қилиб суннатни етказиш.

 

Аллоҳ таоло барчамизга, барча соҳа вакилларига Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилиб яшашни насиб айласин! 

 

Одилхон қори Юнусхон ўғли

 
 

 

 

Кун ҳадиси

Ўзига алоқаси бўлмаган нарсалар билан шуғулланмаслик кишининг Исломи гўзаллигидан даракдир (Имом Термизий ривояти, ҳасан ҳадис). Изоҳ: Ушбу ҳадиси ша…

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 218885
  • Саййидул-истиғфор дуосини ўрганамиз

    Аллоҳумма анта Роббий ла илаҳа илла анта холақтаний ва ана ъабдука ва ана ъала аҳдика ва ваъдика мастатоъту. Аъузу бика…

    17.12017 98165
  • Аллоҳ лаънатлаган пардоз

    Аллоҳ таоло Ўзи яратган барча жонзотлар ичида инсонни энг гўзал суратда яратганини таъкидлаб, Қуръони каримда шундай ха…

    19.32017 47181
  • ҚУРЪОН тиловати

    Қуръон ўқишдан аввал покланиб олинг. "Уни (Қуръонни) таҳоратли кишилардан ўзгалар ушламаслар" (Воқеа, 79). Қуръон ўқи…

    18.82016 45642
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24750