“Биз киммиз? Кимнинг авлодларимиз?”
17.8.2015 5724

    Инсоният доимо борлиқни ўрганишга, уни тадқиқ этишга, тафаккур оламига мавҳум бўлган барча сирларни билишга, жумбоқларни ечишга, бир сўз билан айтганда илм-фан уммонидан ҳақиқатларни ошкор этишга уриниб келган. Ўз навбатида бундай оламшумул ва буюк ҳодисаларга сабаб бўлган шахслар неча асарлар ўтса-да, ҳурмат ва эътибор билан тилга олинади.
   Ғарбда Сократ, Плутон, Аристотель, Гиппократ, Леонардо Да Винчи, Исаак Ньютон, Галилео Галилей, Алфред Нобел, Гёте, Алберд Эйнштейн, Шарқда Аҳмад Фарғоний, Мусо Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али Ибн Сино, Имом Бухорий, Жалолиддин Румий, Маҳмуд Замаҳшарий, Фирдавсий, Улуғбек, Навоий ва бошқа кўплаб алломалар дунё-илм фани ривожига мислсиз хисса қўшганлар.
   Айтиш жоизки, азал-азалдан дунё тамаддуни шарқ ва ғарбнинг турли соҳалардаги ўзаро алоқалари, ҳамкорлиги таъсирида ривожланиб келган. Бир минтақада порлаган қуёш шуъласи иккинчи минтақага таъсир этмай қолмаган. Тараққиётнинг гоҳ у, гоҳ бу томонга ўтишнинг сабаби ҳам шунда!
    Кўҳна Шарқ азалдан ўз жозибаси, маданияти ва маърифати билан бутун жаҳонни лол қилиб келган, дунёвий тараққиёт ва янгиланишларга омил бўлган. Шарқнинг битмас-туганмас маънавий ва илмий хазинасидан таралган ёғду ўз даврида Ғарб цивилизациясининг юксалишига, у ерда “Уйғониш” даврлари вужудга келишига туртки бўлган. Европа алломаларидан бири “Нур Шарқдадир” , дея лутф қилгани бежиз эмас.
    Ўзбекистон замини эса нафақат Шарқ, балки умумжаҳон тамаддунининг бешикларидан бири. Ушбу қадим ва табаррук заминдан буюк алломалар, фозиллар, олимлар етишиб чиққан. Улар математика, геометрия, астрономия, физика, география, фалсафа, тарих ва бошқа кўплаб фанларни улкан кашфиётлари билан бойитдилар, илмий ва адабий асарлари билан жаҳон маънавияти ва маърифати уммонига янги уммон бўлиб қўшилдилар. Келинг фикримизни аниқ далиллар асосида изоҳласак. Ал-Фарғонийнинг асосий астрономик асари «Самовий ҳаракатлар ва умумий илми нужум китоби» XII асрда Оврўпо университетларида астрономиядан асосий дарслик вазифасини ўтаган. Шунингдек, Аҳмад Фарғонийнинг “Астрономия асослари ҳақида”ги китоби 12 асрда лотин тилига таржима қилинади ва Европада кенг ўрганилади. Буюк аждодимизнинг Ернинг ўлчами ва шарсимон экани ҳақидаги илмий хулосалари Хиристофор Колумб, Фернан Магеллан ва бошқа кўплаб сайёҳатчи-олимларнинг географик кашфиётларига туртки берди.
   Муҳаммад Мусо ал-Хоразмийнинг илмий кашфиётларини ҳам ифтихор билан тилга олиш жоиз. Муҳаммад ал-Хоразмий алгебра фанининг асосчиси. У арифметикага оид рисоласида ўнлик саноқ системасига “0” рақамини таклиф этиб, фанда катта бурилиш ясади. Бугунги кунда Хоразмийнинг илмий мероси жамият тараққиётининг энг муҳим омилларидан бирига айланди, яъни рақамли ахборотни қайта ишлаш айнан шунга асосланади.
    Абу Наср Фаробийнинг ҳам дунё илм фани ривожи йўлидаги хизматини алоҳида эътироф этиш жоиз. Манбаларга қараганда, Фаробий 70 ортиқ тилни ўзлаштирган, 160 ортиқ асар ёзган. Таъкидлаш лозимки, буюк аждодимиз ўрта асрларда мукаммал ҳисобланган илмлар таснифини яратди ва бу билан ўрта асрлар илм фанининг кескин ривожланишига сабаб бўлди. Кейинчалик эса Фаробийнинг ушбу таснифи барча олимлар учун қўланма вазифасини ўтади.
    Абу Райҳон Беруний. Буюк қомусий олимнинг астраномия, математика, физика, география, геодезия, минералогия, картогарфия, доришунослик, фалсафа, тарих, адабиёт ва кўплаб соҳаларига оид 160 га яқин асарлари дунё илм-фани хазинасини бойитди. Ўз илмий хулосалари асосида биринчи бўлиб, Ернинг шарсимон глобусини ясади. Айниқса, буюк географик кашфиётлардан анча илгари Тинч ва Атлантика океани ортида қуруқлик мавжудлиги, яъни ҳозирги Америка қитъаси ҳақидаги фаразлари олимнинг салоҳияти нақадар баланд бўлганидан далолат беради.
    Эътиборли жиҳати, Абу Райҳон Беруний Ернинг катталигини ўлчашда янги усул қўллаб, бир градус меридиан ёйнинг узунлигигини ҳисоблаб чиқарган ва Ер курраси радиусининг узунлиги (6315, 886 километр эканлиги)ни аниқлаган. Беруний қайд этган ҳисоб китоб ҳозирги вақтда юқори технологиялар асосида аниқланган рақамлардан жуда кам фарқ қилиши билан муҳим аҳамиятга эга.
   Абу Али Ибн Сино. Олимнинг табобат оламидаги илмий мероси ҳанузгача олимлар томонидан юксак эътироф этилмоқда. Боиси, аллома анатомия, психология, терапия, хирургия, диагностика, гигиена, фармакология, паталогия каби тиббиётнинг турли йўналишларига янги кашфиётлар киритиб, янги босқичга кўтарди. Айниқса, ўсимлик, ҳайвон ва маъданлардан олинадиган қарийб 800 дан ортиқ дори-дармон таърифи ва даво хусусиятлари баён қилинган асари олимлар томонидан мукаммал мажмуа сифатида баҳоланади. Ибн Сино симоб, унинг бирикмаларини дори қилиб ишлатишни биринчи бўлиб тавсия этади. Шуниси аҳамиятлики, Ибн Синонинг асарларида ҳатто соч ва тирноқларнинг касалликлари ва даволаш усуллари ҳам эътибордан четда қолмайди.
    Таъкидлаш лозимки, буюк бобомизнинг «Тиб қонунлари» китоби ўша даврда Европа шифокорлари учун асосий қўлланма ҳисобланган. Университетларда тиббиёт фани шу асар буйича ўқитилган. Ибн Синонинг илмий мероси жаҳон маданияти тараққиётида муҳим рол ўйнайди. “Уйғониш даври” минатюра ва суратларида Ибн Сино Аристотел, Гален, Гиппократ, Птолемей, Эвклид билан бир қаторда тасвирлангани ҳам шундан далолатдир.
    Мирзо Улуғбек бобомизнинг бой илмий мероси ҳам юксак эътирофга лойиқ. Амир Темурнинг набираси Мирзо Улуғбек мамлакатга 40 йил ҳукмронлик қилди. Унинг астрономия, математика ва тарих илмидаги хизматлари эса бутун дунёда юксак ҳурмат билан тилга олинади. Улуғбек Самарқанд яқинида обсерватория барпо этди ва ўз шогирдлари билан кўплаб астрономик тадқиқотлар олиб борди. “Зижи Кўрагоний” номли асар ёзиб, 1018 юлдузнинг самовий жадвалини тузди ва бу асар дунё астраномия илми ривожига улкан улуш қўшди.
    Юртимиздан дунё адабий хазинасини дурдона асарларга тўлдирган буюк шоиру адиблар етишиб чиққан. Ана шундай шахслардан бири буюк шоир ва давлат арбоби Алишер Навоийдир! Олимлар ҳисоб-китобларига кўра, Пушкин ўз асарларида 21197 та бетакрор сўз ишлатган, Шекспир салкам 20 мингта, Сервантес 10 мингтага яқин. 15- аср жаҳон маънавиятининг буюк сиймоси Алишер Навоий эса 1 миллион 378 минг 660 та бетакрор сўз ишлатган. Боиси, буюк бобомиз фақат туркий эмас, форсий, арабий, урду, хитой, мўғул ва бошқа тиллардаги сўзлардан ҳам маҳорат билан фойдаланган. Навоий ижоди умуминсоний ғоялар билан суғорилгани боис, асарларини ўқиган ҳар қандай инсон ўзига таниш тушунчалар билан тўқнаш келади. Ҳар сатридан олам-олам маънолар уқади. Шоир ўз асарларида адолат, эзгулик, оқибат, тинчлик, илм ва бошқа умуминсоний тушунчаларни тараннум этганки, мана неча замонлар ўтса-да, бу ғоялар муҳимлигини йўқотгани йўқ.
    Ўзбекистон 1991 йилда мустақилликка эришгач, Президент Ислом Каримов раҳбарлигида халқнинг азалий қадриятларига, буюк аждодлар сиймосига, улар қолдирган оламшумул меросга муносабат ва эътибор тубдан ўзгарди. Кўп асрлик улкан ва бебаҳо тарихий, илмий, маданий хазинани тиклаш, ўрганиш, тарғиб ва ташвиқ этиш, сақлаш ва сайқаллаш – давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

 

Хуршид Далиев

Кун ҳикмати

Келинига зулм қилаётган қайноналар "Ҳаргиз Аллоҳ золимлар қилаётган амаллардан ғофил, деб ҳисоблама!" (Иброҳим сураси: 42) оятини ёдига келтирсин ва …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 217194
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24614