БИРОВНИНГ ҲАҚИ ЮҚМАЙДИ
3.2.2018 3287

Ғарб олимларидан бири:

«Агар Ислом дини бўлмаганида, инсон зотининг ҳайвондан фарқи қолмаган бўларди», деган экан. 
Дарҳақиқат, агар Ислом бўлмаганда инсониятни ёмон ва разил иллатлардан ҳимоя қилишга бирорта қонуннинг кучи етмас эди.

Азизлар, динимиз инсониятни ҳамиша хайрли ишга буюриб, ёмонликлардан қайтарган.

Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда:

90] إِنَّ اللَّهَ يَأْمُرُ بِالْعَدْلِ وَالْإِحْسَانِ وَإِيتَاءِ ذِي الْقُرْبَى وَيَنْهَى عَنِ الْفَحْشَاءِ وَالْمُنْكَرِ وَالْبَغْيِ يَعِظُكُمْ لَعَلَّكُمْ تَذَكَّرُونَ [النحل 

«Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюради ҳамда бузуқчилик, ёвуз ишлар ва зулмдан қайтаради. Эслатма олурсиз, деб (У) сизларга (доимо) насиҳат қилур», деб марҳамат қилган.

Динимиз қоралаган ишлардан бири бу – бировнинг ҳақига тажовуз қилиш, яъни, ўзига тегишли бўлмаган молни ўзлаштиришга уринишдир.

Раббимиз Ўз Каломида нопок йўл билан кун кечиришдан қайтариб бундай марҳамат қилган: 

188] وَلَا تَأْكُلُوا أَمْوَالَكُمْ بَيْنَكُمْ بِالْبَاطِلِ [البقرة :

«Молларингизни ўрталарингизда ботил (йўллар) билан емангиз!». 
“Ботил йўллар билан ейиш” деганда, шариат ман қилган ишлар назарда тутилади. Қуйидаги улардан айримларини санаб ўтамиз:

1. Порахўрлик

Бировнинг ишини битказиб бериш учун хизмат вазифасини суиистеъмол қилиб, ундан пора талаб қилган, таниш-билишчилик ёки бошқа қинғир йўллар ила кимсанинг молига чанг солган киши порахўр бўлади. Бундай йўл билан ризқ топиш мутлақо ҳаромдир. 
Бугун, минг афсуслар бўлсинки, «Мен мусулмонман, охиратга ишонаман», деган одамлар бошқаларнинг озгина иши тушадиган амалга ўтириб қолгани заҳоти порахўрликка ружу қўйиб, ноҳақ йўллар билан бировнинг молини ўзлаштирмоқда. 
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам порахўрлик ёмон иллатлигидан буни ўзига касб қилиб олганларни лаънатлаганлар.

Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган ҳадисда бу ҳақда шундай дейилган:

عَنْ ثَوْبَانَ قَالَ: "لَعَنَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ الرَّاشِيَ وَالْمُرْتَشِيَ وَالرَّائِشَ يَعْنِي الَّذِي يَمْشِي بَيْنَهُمَا" رواه أحمد.

Савбон розияллоҳу анҳу айтадилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пора берувчи, пора олувчи ва уларнинг ўртасидаги воститачини лаънатладилар». 

Мана азизлар, пора борасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уч тоифани лаънатладилар. Улар: порахўр, воситачи ва берувчидир.

2. Золимлик

Динимиз қоралайдиган катта жиноятлардан бири бу – бировларнинг молини зулм йўли билан ўзлаштиришдир.

Ҳадиси қудсийда бундай дейилади:

يَا عِبَادِي إِنِّي حَرَّمْتُ الظُّلْمَ عَلَى نَفْسِي وَجَعَلْتُهُ بَيْنَكُمْ مُحَرَّمًا فَلَا تَظَالَمُوا

«Эй бандаларим, Мен зулмни ўзимга ҳаром қилдим ва, шунингдек, сизларга ҳам уни ҳаром қилдим. Шундай экан, асло бир бирингизга зулм қилманг!».

Шундай экан, ўзини мўмин санаган киши бу ҳаром амалдан йироқ бўлмоғи керак!

3. Тарозидан уриш

Тарозидан уриб қолиш деганда, кўп нарса тушунилади: биринчи навни олий нав, деб сотиш; 900 гр. маҳсулотга 1 кг. деб ёзиб сотиш; нарсани олаётганда бошқа тарозида, сотаётганда бошқа тарозида ўлчаш ва ҳоказолар.

4. Фирибгарлик

Ҳозирги кундаги жиноятларнинг энг кенг тарқалган тури фирибгарлик бўлса керак.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларида:

مَنْ غَشَّنَا فَلَيْسَ مِنَّا

«Ким бизга фирибгарлик қилса, у биздан эмас», деганлар.

5. Хиёнаткорлик

Минг афсуски, бу иллат ҳам бугун орамизда кенг тарқалган жиноятлардан бири. 
Бугун хиёнат йўли билан бойлик орттираётган учарлар эртани – охиратни ҳам ўйласинлар. Чунки у жуда ҳам тез келиб қолади. Зеро, хиёнаткор кимсаларнинг қиёмат куни махсус белгиси бўлади.

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда бу ҳақда шундай дейилган.

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: سَمِعْتُ النَّبِيَّ صَلَى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: لِكُلِّ غَادِرٍ لِوَاءٌ يُنْصَبُ لِغَدْرَتِهِ

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Қиёмат куни ҳар бир хоин учун унинг хиёнати сабабидан байроқ ўрнатилади», деяётганларини эшитдим».

Кишининг ҳақига тажовуз қилишнинг яна бошқа кўринишлари ҳам бор. Биз ҳозирча ибрат учун бугунги кунда кенг тарқалганларини зикр этиш билан кифояландик.

Аллоҳ таоло барчамизни ҳалолдан ризқлантирсин ва бировларнинг ҳақидан ҳазар қилишни насиб айласин!

 

Одилхон қори ЮНУСХОН ўғли

Кун ҳадиси

Ўзига алоқаси бўлмаган нарсалар билан шуғулланмаслик кишининг Исломи гўзаллигидан даракдир (Имом Термизий ривояти, ҳасан ҳадис). Изоҳ: Ушбу ҳадиси ша…

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 217622
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24649