БАХТИМИЗ ҚОМУСИ
16.10.2015 4611

    Ислом дини омилининг халқимиз маънавияти ва руҳиятидаги муҳим ўрнини тўғри англаган Юртбошимиз: “Биз боболаримизнинг муқаддас дини бўлган ислом динини қадрлаймиз, ҳурмат қиламиз, одамзод руҳий дунёсида иймон-эътиқодни, инсоний фазилатларни мустаҳкамлашда унинг ўрни ва таъсирини юксак баҳолаймиз” шундай деганлар. Улар истиқлолнинг илк йилларидаёқ, даҳрийликка асосланган коммунистик тузум бошқа динлар қатори Ислом динига етказган ситамкорлик ва зулм сиёсати асоратларини бартараф қилишга, диннинг маънавий ҳаётда тутган ўрнига холисона баҳо беришга ва уни тиклашга киришдилар.
   Натижада ҳукуматимизнинг дин ва диндорларга бўлган муносабати тубдан ўзгарди. Кўплаб масжид ва мадрасалар очилди. Ислом динига мансуб бир қанча тарихий ёдгорлик обидалари мусулмонлар ихтиёрига қайтарилиб берилди.
   Бу йил Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинган куннинг 23 йиллик байрамини нишонлаш арафасида турибмиз. Зеро, Асосий Қонунимизда фуқароларнинг виждон эркинлиги, барча миллат ва элатларнинг урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилиниши кафолатланган. Хусусан, ўтган йиллар давомида ислом динининг ривожи йўлида ҳам ғоят улкан ишлар амалга оширилди. Президентимиз ташаббуси билан 1999 йил 7 апрель куни Тошкент ислом университети очилди. Бугунги кунда Имом-Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ва ўнга яқин ўрта махсус ислом билим юртлари фаолият юритиб келмоқда. Уларда ёшларимизга замон талаблари ва миллий қадриятларга мос тарзда диний ва дунёвий билим берилмоқда. Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг 2008 йил 23 майда қабул қилинган қарорига асосан ташкил этилган Самарқанд вилоятидаги Имом Бухорий халқаро марказида юртимиздан етишиб чиққан алломалар ҳаёти ва ижодини ўрганиш, диний ходимларнинг билими, тажрибаси ва касбий маҳоратини амалга ошириш кабилар Марказ фаолиятида муҳим ўрин тутади. Истиқлол шарофати ила мамлакатимизда жаҳон илм-фани ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган Имом Бухорий, Имом Термизий, Аҳмад Фарғоний, Абу Мансур Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд каби улуғ аллома ва азиз-авлиёларимизнинг номи тикланди, меросини чуқур ўрганиш ва тарғиб этиш йўлга қўйилди, уларнинг юбилейлари кенг нишонланди.
    Мустабид тузум даврида коммунистик мафкура диёримиз халқлари онгида Ислом ақидасини сиқиб чиқаришга тиш-тирноқлари билан курашган эди. Бир қанча диний уламолар қатағон қалиниб, кўплаб масжид ва мадрасалар эшикларига қулфлар осилишига қарамай, Ислом дини халқимиз қалбида абадий сақланиб қолди. Коммунистик мафкура ўзининг қабиҳ мақсадларига эриша олмади.Президентимизнинг янги”Она юртимтиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш – энг олий саодатдир” номли асарларида шундай пурмаъно сўзлар бор,”Тарихни унитган халқ, жамият ўз йўлини йўқотади. Бундай халқ ва жамиятнинг келажаги йўқ.”
    Собиқ мустабид тузум даврида жумҳуриятимизда фақатгина саксондан зиёд масжид фаолият кўрсатар эди. Аллоҳга шукрлар бўлсинким, Буюк Истиқлолдан сўнг масжидларимизнинг сони икки мингтадан ошди. Ҳар бир вилоятда мадрасалар очилди ва албатта Имом Бухорий халқаро маркази ҳам биз диндорлар учун яна бир туҳфа бўлди десак, муболаға қилмаган бўламиз.
   Бугунги кунгача мингдан зиёд имом-хатибларимиз ўз малакаларини оширдилар. Илгари жумҳуриятимиздан ҳар йилги муборак Ҳаж сафарига 2-3 нафар кишигина борган бўлса, бугунги кунга келиб минглаб диёримиз фуқаролари умра ва ҳаж ибодатини амалга ошириш бахтига муяссар бўлмоқдалар.
     Ислом ақидасига биноан яшаган инсон, мансаб, моддий манфаатни кўзлаб эмас, балки Аллоҳнинг розилиги йўлида жамият бахт – саодати учун сидқидилдан меҳнат қилмоғи лозим.
   Инсон эрки дахлсиздир. Бу халқаро тамойил Конституциямизда ҳам ўз аксини топган. Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида “Дин ва виждон эркинлиги” масалаларига катта эътибор қаратилган. Унда халқимиз руҳига мос келадиган имон-эътиқод, адлу инсоф, диёнат, меҳру оқибат, ор-номус, иффат ва ҳаё каби энг эзгу фазилатлар ўз аксини топган. Бундан ташқари, Бош қомусимизда Ўзбекистон ҳудудида яшовчи ҳар бир фуқаронинг манфаатлари, ҳуқуқ ва бурчлари қонун асосида кафолатланган. Унинг 31-моддасида “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динига эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди” деб ёзилган. Шунингдек, 61-моддасида “Диний ташкилотлар ва бирлашмалар давлатдан ажратилган ҳамда қонун олдида тенгдирлар”, дейилган.
    Асосий қонунимизнинг муҳим бандларидан бири – Яратган томонидан берилган улуғ неъмат – инсоннинг ҳаёти ва ҳуқуқлари ҳақидадир. Унда фуқароларнинг манфаатлари қонуний равишда мустаҳкамланган ва қатъий кафолатлангандир.
    Диёримиз мустақилликка эришгандан сўнг, ҳаётимизнинг барча жабҳаларида улкан ўзгаришлар рўй берди. Кишиларимизнинг ислом динига нисбатан қизиқиши янада ортди.
    Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси марказини ташкил этиш тўғрисидаги, Шоҳи Зинда ёдгорлик мажмуасида қайта тиклаш ва ободонлаштириш ишларини ташкил этиш тўғрисидаги, Ҳазрати Имом (Хастимом) жамоатчилик жамғармасини қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги Қарорларнинг қабул қилиниши, буюк алломаларимиз меросларини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш, уларнинг эзгулик, маънавий комилликка чорловчи ғояларини юртдошларимиз, айниқса, ёш авлод қалби ва онгига сингдириш ҳамда ёдгорлик мажмуаларини асраб-авайлаш, ободонлаштириш борасидаги ишларни янада такомиллаштиришга замин яратди.
    Юртимиз мўмин-мусулмонлари манфаатларини кўзлаб қабул қилинган мазкур қарорлар уламо ва имом-хатибларимизнинг ўз зиммаларидаги шарафли вазифани сидқидилдан бажариш, ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказиш, халқимиз, айниқса, ёшларни диний ақидапарастлик ва экстремизм хатаридан асраш йўлида астойдил ҳаракат қилишга ундамоқда.
    Диёримиз мусулмонлари Истиқлолнинг йигирма бешинчи йилига қадам қўйган ҳолда мустақиллик неъматидан баҳра олаётганликларидан чексиз миннатдордирлар.
   Республикамиз ҳукумати фуқароларимизга диний маросимларини камоли ҳурмат билан адо этишлари учун лозим бўлган барча шарт-шароитларни яратиб бермоқда. Жумладан, муборак умра ва ҳаж сафарига борувчи ҳожилар учун катта қулайликлар яратилиши Республикамиз мусулмонларига кўрсатилаётган беқиёс ғамхўрлик намунасидир. Бош Қомусимизда фуқароларнинг манфаатлари қонуний равишда мустаҳкамланган ва қатъий кафолатлангандир. Шундай экан, бу муқаддас заминда яшаётган ҳар бир инсон азиз она Ватанимиз олдидаги фуқаролик бурчларини яхши англаб олмоқлари лозим. Ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиш билан бирга зиммамизда бурч ва мажбуриятлар борлигини ҳам унутмаслигимиз керак бўлади.
   Ислом тинчлик динидир. Бу борада Қуръони каримда: “... Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз!” – дейилади (Моида, 2). Тинчлик Аллоҳ таолонинг улуғ неъмати бўлиб, уни бутун дунёда сақлаш ҳар бир кишининг олий даражадаги вазифаси бўлмоғи лозим. Ислом дини тинчлик тушунчасини ўзининг бош ғояси ва муҳим шиорига айлантиргани ҳам бежиз эмас. Аллоҳ таоло Қуръони каримда баён қиладики: “Эй, имон келтирган бандалар! Барчангиз тамомила тинчлик ва тоат йўлига киринглар” (Бақара, 208).
  Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом тинчлик ва хотиржамлик ҳақида шундай деганлар: “Тинчлик ва хотиржамлик икки улуғ неъматдирки, бундан кўп одамлар бебаҳрадирлар” (Имом Бухорий ривояти).
    Бугунги кунда Ўзбекистонда турли дин вакиллари учун барча шарт-шароитлар яратилган.
   Турли миллат ва конфессия вакиллари ўртасида тенглик Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгилаб қўйилган. Жумладан, унинг 18-моддасида шундай дейилади: “Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар қонун олдида тенгдирлар”.



Абдураззоқ ЮНУСОВ, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

Кун ҳикмати

Келинига зулм қилаётган қайноналар "Ҳаргиз Аллоҳ золимлар қилаётган амаллардан ғофил, деб ҳисоблама!" (Иброҳим сураси: 42) оятини ёдига келтирсин ва …

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 218557
  • Саййидул-истиғфор дуосини ўрганамиз

    Аллоҳумма анта Роббий ла илаҳа илла анта холақтаний ва ана ъабдука ва ана ъала аҳдика ва ваъдика мастатоъту. Аъузу бика…

    17.12017 98097
  • Аллоҳ лаънатлаган пардоз

    Аллоҳ таоло Ўзи яратган барча жонзотлар ичида инсонни энг гўзал суратда яратганини таъкидлаб, Қуръони каримда шундай ха…

    19.32017 47136
  • ҚУРЪОН тиловати

    Қуръон ўқишдан аввал покланиб олинг. "Уни (Қуръонни) таҳоратли кишилардан ўзгалар ушламаслар" (Воқеа, 79). Қуръон ўқи…

    18.82016 45549
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24730