Бадиий асарда миллий колорит
7.4.2016 5543

    Шоир ва адиб асарларида миллий тил бойлиги, товланишлари акс этади. Қолаверса, қаҳрамонлар портрети, пейзаж, удумлар китобхонда ўша халқ, ўша миллат ҳақида тасаввур уйғотади. Асарда замон ва макон тушунчаси бўлмоғи табиий. Ҳозирда ер юзида 1600 дан ортиқ миллат яшайди. Ҳар бирининг ўз тили, либоси, урф-одатлари бор. Дейлик, ўзбек дўппи кийса, мексикалик сомбреро кияди. Марказий Осиё деҳқони қовун экса, Жанубий Америка фермери шакарқамиш ўстиради... Булар ҳам “колорит”. Бироқ миллийликнинг ташқи – зоҳирий кўриниши миллий характер теран тасвирланган асарда, аввало, одамнинг ўзига хос руҳий олами акс этади. Буниси энди, анча мушкул юмуш...
    Бошқалар қаторида ўзбек адабиётида ҳам миллатнинг ўзига хос олами, чуқур ва ишонарли тавсирланган асарлар доим бўлган ва бугунги авлод вакиллари – ёш, истеъдодли шоир, адиблар ижодида ҳам давом этаётир.
     Устозлар асарларидан баъзи мисоллар келтириш мумкин. Менимча, ўзбек халқининг бетакрор оламини энг гўзал ва ишонарли тасвирлаган адиб – Абдулла Қодирийдир! “Ўткан кунлар” романининг бошида шундай тасвир бор. Марғилонда, Отабек қўнган карвонсарой ҳужрасига Раҳмат билан Ҳомид кириб келади. Бироздан кейин хонага Ҳасанали ҳам киради. Отабек унга “ота” деб мурожаат қилади, ҳол-аҳвол сўрайди. Шундай сўнг “баъзи юмушлар буюрсам майлими... бизга чой қайнатиб берсангиз”, деб илтимос қилади. Ҳасанали чиққач, Раҳмат Отабекдан бу киши кимлигини сўрайди.
     Адибнинг кейинги тасвирига эътибор беринг. “Отабек Раҳматнинг саволига жавоб бермай, эшикка қаради. Ҳасаналини ҳужрадан узоқлатиб, сўнгра жавоб берди: – Қулимиз...” Қизиқ, Отабек нима учун ўзининг қулига салом беради. “Ота” деб мурожаат қилади? Юмуш буюришдан олдин “майлими” деб рухсат ҳам сўрайди? Бу ҳам етмаганидек, Раҳматнинг саволига “чолни узоқлатиб”, шундай кейин жавоб беради? Бошқа адабиётда, дейлик Европа адибининг асарида шундай вазият тасвирланса, хўжайин қулига “ота” деб мурожаат қилиш у ёқда турсин, “сен”лаб гапирган, бояги саволига эса унинг ўзини олдида “буми, бу менинг қулим”, деб жавоб берган бўларди. Отабек эса ундай қилолмайди. Негаки, у – ўзбек.
     Бир эмас, минг карра қул бўлган тақдирда ҳам Ҳасаналининг ёши улуғ. Оиланинг ўз аъзосидек бўлиб қолган. Отабек унинг дилини оғритишни хаёлига ҳам келтирмайди... Романда бир қарашда унчалик эътиборни тортмайдиган тасвир бор. Отабек фарзандли бўлди. Ўзбек ойим билан унинг орасида шундай диалог бор. Ўзбек ойим айтяпти.

 

– Ўғил муборак бўлсин, болам!

 

Отабек сўраяпти:
– Ўзи тетикми?

 

– Тетик!

 

– Олдига кирайми?

 

– Йўқ, – деди Ўзбек ойим. – Чиллалик уйга кечаси кўчадан келиб кириш яхши эмас...”

 

     Майли, буни миллийликнинг ташқи кўриниши дейлик. Шу ўринда адиб тағин бир жумла ишлатади. “Отабек кетига бурилиб, ташқари йўлакдан кирувчи дадаси билан Ҳасанали шарпасини олди ва ўйланиб тўхтади. Айниқса, ҳозирги пайтда отаси билан тўқнашиш унинг учун бироз ўнғайсизроқ туюлган эди”. Мана шу жумлада ўзбек халқига хос бўлган истиҳола, андиша, уят, ҳаё каби теран маънолар ётибди.
    Миллий характер тасвирини Саид Аҳмаддан ҳам ўрганиш керак. “Уфқ” романида қизиқ эпизод бор. Ҳамма урушда жон олиб, жон бериб юрибди, Иноят оқсоқол исмли имонсиз чол эса чайқовчилик қилиб, бойлик тўплаш билан овора. Кунлардан бирида уни мелиса бир тўп газлама билан қўлга туширади. Ҳибсхонага олиб кетаётганида чол айтади: “Мени қўйиб юбормасанг, қарғайман. Боланг ўлсин, дейман. Қўйиб юборсанг, дуо қиламан”.
     Мелисанинг ҳам ёши ўтиб қолган. Яқинда урушда юрган катта ўғлидан “қорахат” келган. Олдида кичик ўғли – ёш боласи қолган, холос... Мелиса ўйлаб туради-да, чайқовчини сўкиб-сўкиб қўйиб юборади. Балки бошқа миллат вакили бу тасвирга ишонмаслиги, ҳатто мелисани қоралаши мумкин. Аммо болажон ўзбек китобхони воқеа тагида ҳақиқат ва айнан ўзбекона феъл-атвор борлигига ишонади...
     Романда Азизхон деган ўт-олов йигит яхши кўрган қизи Лутфинисани тўй бўлаётган жойидан олиб қочади. Албатта, бу – ўзбек халқи учун бегона ҳолат. Бундай воқеа мингтадан битта бўлса – бўлади, бўлмаса – йўқ. Бироқ, ёзувчининг маҳорати шундаки, асар давомида китобхон бутунлай бошқача манзарага дуч келади. Икки ошиқ-маъшуқ, икки қочоқ неча ойлаб пана-пастқам жойларда юришади, бировларникида ётиб қолади, канал қазишда ишлашади... Азизхон бирон марта севиклиси Лутфинисанинг билагидан ҳам ушламайди: никоҳ ўқитмасдан бировнинг қизига қўл текказиш мумкин эмас!..
       Миллий колорит шунчаки “экзотика” эмас, халқнинг асрлар давомида шаклланган дунёқараши, тафаккури, феъл-атвори, борингки қисматини кўрсатувчи воситадир. Бундай асарлар узоқ умр кўради.

 

Ўткир Ҳошимов

Кун ҳадиси

Ўзига алоқаси бўлмаган нарсалар билан шуғулланмаслик кишининг Исломи гўзаллигидан даракдир (Имом Термизий ривояти, ҳасан ҳадис). Изоҳ: Ушбу ҳадиси ша…

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 217223
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24616