Арафа - дуолар ижобат бўладиган кун
22.9.2015 5833

    Зулҳижжа ойининг 9-куни Арафа куни бўлиб, бунда қилинадиган амаллар, тутиладиган рўза ва айтиладиган зикр-тасбеҳлар бошқа вақтдагидан кўра фазилатлироқ саналади. Масалан, бу кунги рўза икки йиллик гуноҳларга каффорат бўлади. Бундан ташқари, мазкур кунда қилинадиган дуонинг ҳам ўзига хос жиҳати бор. Қуйида шу хусусда айтилган баъзи ривоятлар билан танишиб чиқамиз.

 

عَنْ عَمْرِو بْنِ شُعَيْبٍ عَنْ أَبِيهِ عَنْ جَدِّهِ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: خَيْرُ الدُّعَاءِ دُعَاءُ يَوْمِ عَرَفَةَ وَخَيْرُ مَا قُلْتُ أَنَا وَالنَّبِيُّونَ مِنْ قَبْلِي لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللهُ وَحْدَهُ لاَ شَرِيكَ لَهُ لَهُ الْمُلْكُ وَلَهُ الْحَمْدُ وَهُوَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَالْبَيْهَقِيُّ وَسَنَدُهُ حَسَنٌ.

 

    Амр ибн Шуайб отасидан, отаси бобосидан ривоят қилишича, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Дуонинг энг яхшиси Арафа куни қилинган дуодир. Мен ва мендан олдинги пайғамбарлар айтган (зикр)нинг энг яхшиси “лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳув лаа шарийка лаҳ, лаҳул-мулку ва лаҳул-ҳамду ва ҳува ъалаа кулли шайъин қодийр”дир” (Термизий ва Байҳақий ривояти. Ривоят санади ҳасан).
    Банда Аллоҳга юзланиб қиладиган дуонинг ҳаммаси яхши, барчасида хайр-барака бор. Аммо биронтаси Арафа куни қилинадиган дуога тенг келолмайди. Сабаби Расули Акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам дуонинг энг яхшиси Арафа куни қилинадиган дуо эканини маълум қилганлар. Демак, ҳаж амалларини бажараётган, Арафотда туриш шарафига муяссар бўлган ҳожилар имкон қадар кўпроқ дуо-илтижо ва зикр-тасбеҳларни кўпайтиришлари керак бўлади. Ҳажга бормаган кишилар ҳам ҳадисда келган башоратдан умид қилиб, дуоларда бардавом бўлсалар, дунё ва охиратлари учун яхшилик сўрасалар, мақсадлари ҳосил бўлади, иншааллоҳ.


وَعَنْ طَلْحَةَ بْنِ عُبَيْدِ اللهِ بْنِ كَرِيزٍ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: أَفْضَلُ الدُّعَاءِ دُعَاءُ يَوْمِ عَرَفَةَ وَأَفْضَلُ مَا قُلْتُ أَنَا وَالنَّبِيُّونَ مِنْ قَبْلِي لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللهُ وَحْدَهُ لاَ شَرِيكَ لَهُ. رَوَاهُ مَالِكٌ وَعَبْدُ الرَّزَّاقِ وَسَنَدُهُ حَسَنٌ مُرْسَلٌ.

 

    Талҳа ибн Убайдуллоҳ ибн Карийздан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Дуонинг энг афзали Арафа куни қилинган дуодир. Мен ва мендан олдинги пайғамбарлар айтган (зикр)нинг энг афзали “лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳув лаа шарийка лаҳ”дир” (Молик ва Абдураззоқ ривояти. Ривоят санади ҳасан мурсал).
     Демак, дуонинг энг афзали, дуонинг энг сараси ва яхшиси Арафа куни қилинган дуодир. Бу кунда Аллоҳ таоло фаришталарга Арафотда турган ҳожи бандалари билан мақтанади. Бу ўринда улар дуо ва истиғфорда қоим бўлсалар, Аллоҳ уларнинг устларига раҳмат ва мағфиратларини ёғдиради.
    Уламолар Арафа куни қилинган дуонинг савоби улуғ, баракаси кўп ва бошқа вақт ва маконда қилинган дуолардан кўра ижобат бўлиши яқинроқ эканини таъкидлашган. Яна бу кунда ривоятнинг иккинчи қисмида келган зикрни кўпроқ айтиш яхши эканини эслатиб ўтишган.

 

عَنْ عَطَاءٍ قَالَ: قَالَ أُسَامَةُ بْنُ زَيْدٍ: كُنْتُ رَدِيفَ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بِعَرَفَاتٍ فَرَفَعَ يَدَيْهِ يَدْعُو فَمَالَتْ بِهِ نَاقَتُهُ فَسَقَطَ خِطَامُهَا فَتَنَاوَلَ الْخِطَامَ بِإِحْدَى يَدَيْهِ وَهُوَ رَافِعٌ يَدَهُ الأُخْرَى. رَوَاهُ النَّسَائِيُّ وَأَحْمَدُ وَابْنُ خُزَيْمَةَ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.

 

    Ато Усома ибн Зайд розийаллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Мен Арафотда Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам орқаларига мингашиб кетаётгандим. У зот икки қўлларини кўтариб дуо қилдилар. Туялари юриб кетиб, тизгин тушиб кетди. У зот шунда ҳам бир қўллари билан тизгинни ушлаган ҳолда иккинчи қўлларини кўтариб (дуо қилишда давом этдилар)” (Насоий, Аҳмад ва Ибн Хузайма ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).
    Ушбу ривоятда Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Арафотда дуога қанчалик эътибор берганлари, уловнинг тизгини тушиб кетиши ҳам у зотни дуо қилишдан тўхтатиб қолмагани айтилмоқда.

 

عَنْ عِكْرِمَةَ عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ قَالَ: رَأَيْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَدْعُو بِعَرَفَةَ يَدَاهُ إِلَى صَدْرِهِ كَاسْتِطْعَامِ الْمِسْكِينِ. رَوَاهُ الْبَيْهَقِيُّ فِي السُّنَنِ الْكُبْرَى وَالطَّبَرَانِيُّ فِي الأَوْسَطِ وَسَنَدُهُ ضَعِيفٌ.

 

     Икрима Ибн Аббос розийаллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Арафа куни худди таом сўраётган мискин каби икки қўлларини кўкракларигача кўтариб дуо қилаётганларини кўрганман” (Байҳақий “Ас-сунанул кубро”да ва Табароний “Авсат”да ривоят қилган. Ривоят санади заиф).
     Демак, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Арафа куни ўзларини жуда хокисор тутиб Аллоҳга юзланиб, дуо қилганлар. Биз умматлар ҳам у зотдан ўрнак олиб, камтар бўлишга, Аллоҳга чин дилдан дуо қилиш, бутун қалбимиз билан юзланишни ўрганишимиз лозим. Агар Аллоҳга чин дилдан дуо қилишнинг лаззатини бир бор татиб кўрсак, бу лаззат дунёдаги ҳар қандай маишатдан-да тотлироқ эканига амин бўламиз!

 

عَنْ عَمْرِو بْنِ شُعَيْبٍ عَنْ أَبِيهِ عَنْ جَدِّهِ قَالَ: كَانَ أَكْثَرُ دُعَاءِ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَوْمَ عَرَفَةَ لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللهُ وَحْدَهُ لاَ شَرِيكَ لَهُ لَهُ الْمُلْكُ وَلَهُ الْحَمْدُ بِيَدِهِ الْخَيْرُ وَهُوَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ. رَوَاهُ أَحْمَدُ وَالْبَيْهَقِيُّ وَسَنَدُهُ حَسَنٌ لِغَيْرِهِ.

 

    Амр ибн Шуайб отасидан, отаси бобосидан ривоят қилади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Арафа куни энг кўп қиладиган дуолари “лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳув лаа шарийка лаҳ. Лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду бийадиҳил хойру ва ҳува ъалаа кулли шайъин қодийр” эди” (Аҳмад ва Байҳақий ривояти. Ривоят санади ҳасан лиғойриҳий).
    Ривоятда айтилган зикрлар одатда беш вақт намоздан кейин айтилади. Арафа куни бу ишга алоҳида эътиборли берсак, мақсадга мувофиқ бўлади. Сабаби бу зикрни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳамда аввал ўтган пайғамбарлар айтишган. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам Арафа куни айнан шу зикрни айтиш яхши эканини маълум қилмоқдалар.

 

عَنْ عَلِيِّ بْنِ أَبِي طَالِبٍ قَالَ: أَكْثَرُ مَا دَعَا بِهِ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَشِيَّةَ عَرَفَةَ فِي الْمَوْقِفِ: اللَّهُمَّ لَكَ الْحَمْدُ كَالَّذِي نَقُولُ وَخَيْرًا مِمَّا نَقُولُ اللَّهُمَّ لَكَ صَلاَتِي وَنُسُكِي وَمَحْيَايَ وَمَمَاتِي وَإِلَيْكَ مَآبِي وَلَكَ رَبِّ تُرَاثِي اللَّهُمَّ إِنِّي أَعُوذُ بِكَ مِنْ عَذَابِ الْقَبْرِ وَوَسْوَسَةِ الصَّدْرِ وَشَتَاتِ الأَمْرِ اللَّهُمَّ إِنِّي أَعُوذُ بِكَ مِنْ شَرِّ مَا تَجِيءُ بِهِ الرِّيحُ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَابْنُ خُزَيْمَةَ وَالْبَيْهَقِيُّ وَسَنَدُهُ ضَعِيفٌ.

 

     Али ибн Абу Толиб розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Арафа куни тушдан кейин энг кўп қиладиган дуолари “аллоҳумма, лакал-ҳамду каллазий нақувлу ва хойром-миммаа нақувл. Аллоҳумма, лака солаатий ва нусукий ва маҳйаайа ва мамаатий ва илайка маъаабий ва лака роббий туросий. Аллоҳумма, инний аъувзу бика мин ъазаабил қобри ва васвасатис-содри ва шатаатил амр. Аллоҳумма, инний аъувзу бика мин шарри маа тажийъу биҳиррийҳ” эди” (Термизий, Ибн Хузайма ва Байҳақий ривояти. Ривоят санади заиф).
   Бошқа ривоятларда бу кунда ўқиладиган бошқа шаклдаги дуолар келтирилган. Улардан хулоса қиладиган бўлсак, Арафа куни кун давомида дуо ва истиғфор айтиш, айниқса тушдан кейин шомгача дуога алоҳида эътиборли бўлиш тавсия қилинади.

 

Одилхон қори Юнусхон ўғли  

Кун ҳадиси

Ўзига алоқаси бўлмаган нарсалар билан шуғулланмаслик кишининг Исломи гўзаллигидан даракдир (Имом Термизий ривояти, ҳасан ҳадис). Изоҳ: Ушбу ҳадиси ша…

Китоблар
Энг кўп ўқилган мақолалар
Истихора дуоси

Истихора сўзи луғатда яхшилик сўраш маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Ал…

8.112015 217765
Энг кўп ўқилган савол-жавоблар
“Никоҳимиз бекор бўлмаганми?” 07.05.2018

Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар. Сизларга саволим шуки, аёлим билан қарийб икки йилдан буён алоқаларим яхши эмас. Жинсий яқинлигимиз ҳам йўқ. Ҳозирги кунда аёлим менга ҳалолми ёки номаҳрамми? Унга яқинлашишим жоизми ёки қайтадан никоҳлаб олайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат!

24663